Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Кейинги 20 йил ичида илк марта Тошкентда ўғрибошилар “сходкаси” бўлиб ўтди


Тошкентдаги ўғрилар "сходка"сига Бахтий Ташкентский (суратда) мезбонлик қилгани айтилмоқда.
Тошкентдаги ўғрилар "сходка"сига Бахтий Ташкентский (суратда) мезбонлик қилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳрида собиқ совет ҳудудидаги “вор в законе” рутбасидаги криминал авторитетларнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда криминал дунëга яқин бир-биридан мустақил икки киши ва уларга транспорт хизмати кўрсатган ҳайдовчилардан бири Озодликка маълум қилди.

МДҲга аъзо давлатлардаги жиноятчилар ҳақида тадқиқот олиб борадиган ва хавфсизлик юзасидан исми ошкор бўлишини истамаган москвалик таҳлилчининг 29 август куни айтишича¸ 20 август кечқурун бўлиб ўтган бундай “сходка” Тошкентда кейинги 20 йил давомида илк бора ўтказилган:

- Марҳум президент даврида Ўзбекистондаги криминал авторитетларнинг аксари қамалган¸ оз қисми ҳукумат назоратида ишлашга ўтган эди. Бу сходка кейинги 20 йилда илк бора ўтказилди.

Озодлик бу борада суҳбатлашган барча суҳбатдошларнинг айтишича¸ “сходка”га Ўзбекистон ҳудудидаги “вор в законе” рутбасига эга бўлган Бахтий Ташкентский лақабли 46 яшар Ўзбекистон ватандоши Бахтиëр Қудратиллаев мезбонлик қилган.

Тошкентлик ҳайдовчининг Озодликка айтишича¸ йиғилиш “Янгиободдан Панельнийга кетадиган йўлдаги машҳур шоу-бизнес вакилига тегишли уч қаватли виллада ўтказилган".

Айни “сходка” ҳақида Озодликка хабар берган “криминал дунëга мансуб шахс”га кўра¸“ўғрилар йиғилишида” Ўзбекистон “криминал дунëси ва жазони ўташ зоналарини Россиядаги ўғрилар дунëси назоратига қайтариш масаласи” кўрилган:

- Сўнгги 20 йил мобайнида Ўзбекистон “воровской понятие”лардан узоқлашди. Зоналарнинг деярли ҳаммаси “красний”га айланди (жиноятчилар назорат қилмайдиган зона "қизил зона" дейилади - таҳр.) Ўзбекистондаги “братва” (жиноятчилар жамоаси - таҳр) “обшчакка” (жиноятчиларнинг ўзаро ëрдам кассаси -таҳр) пул бермай қўйди. Бундан буëғига Ўзбекистон мана шу масалаларда Россиядаги жиноят олами билан маслаҳатли иш қилишга келишилди. Бахтий Ташкентскийнинг “сходнякларда” доимий қатнашиш мажбурияти ҳам эслатилган.

Суҳбатдошга кўра¸ “сходка”да қатнашган қозоғистонлик “вор в законе” 60 яшар Маймушев Айткали Мукашевич (Маймиш Леха Семипалатинский) Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан сходка ўтиб бўлганидан кейин бир муддат ҳибсга олиб, қўйиб юборилган. Суҳбатдошнинг ишонишича¸ Маймушев ўзбекистонлик тадбиркор Салим Абдувалиевнинг “аралашуви” ортидан қўйиб юборилган. Аммо бу факт ҳақида Озодлик тасмий тасдиққа эга эмас.

“Сходка”да “Беслан чечен” лақаби билан танилган криминал авторитет Беслан Мусаев ва яна исми Озодликка маълум бўлмаган “вор в законе” рутбали икки россиялик шахс ҳам қатнашган.

Ички ишлар вазирлигининг хабари бор

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирининг ўзини "Жиноят қидирув бошқармаси ходими", деб таништирган мулозими Қозоғистон ватандоши, 1958 йилнинг 10 апрелида туғилган Айткали Маймушев 21 август куни сўроқ қилиниб, ўша куннинг ўзида қўйиб юборилганини ва шу кунларда бу шахс Ўзбекистон республикаси ҳудудида эмаслигини айтиш билан кифояланди.

Мезбон ҳақида

“Сходка”га мезбонлик қилган Бахти Ташкентский 26 ëшида “вор в законе” тожини кийган Ўзбекистондаги ягона криминал авторитет ҳисобланади.

Ўзбекистонликлар орасида Бахти Ташкентский ҳақида "ўзбеклар ҳимоячиси", деган фикр шаклланган.

Бахтиёр Қудратуллаев (Бахти Ташкентский) 2014 йил ноябрида "Жаслиқ" қамоқхонасидан Тошкентдаги маҳкумлар шифохонаси - Сангородга келтирилган ва айни йилнинг 27 декабрида саломатлиги ëмонлашгани боис озод қилинган эди.

Бахти Ташкентский турли айблар, жумладан гиёҳванд моддаларни ташиш ва истеъмол қилиш, қурол-яроқ сақлаш ва қамоқхона ички тартибини бузиш айбловлари билан бир неча бор судланган.

Ўтган йили Тошкент шаҳри “смотряшчий”си (жиноят дунёсининг ҳудуд бўйича фавқулодда вакили) Аббос Ходжаевнинг ҳибсга олингани ортидан ўғрилар дунëсида Бахти Ташкентскийнинг обрўси тушиб кетгани айтилган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, Аббос Ходжаев ҳибсга олиниши ортидан Россия жиноят оламининг юқори вакиллари Тошкент "смотряшчий"си этиб, ўзларига "содиқ бўлган одамларини" тайинлашга ҳаракат қилган, лекин бунга Бахти Ташкентский қарши чиқиб келган

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги 20 йил ичида Тошкентда ўтказилган илк “сходка” Россия жиноят оламининг Ўзбекистондаги криминал авторитетлар билан муросага келгани нишонасидир.

XS
SM
MD
LG