Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Бахти Ташкентский учун Москвадаги СИЗОда ўзбек маҳбусларидан "тўёна" йиғилди


Бахти Ташкентский октябрь ойи охирида ўғлини уйлантирди.
Бахти Ташкентский октябрь ойи охирида ўғлини уйлантирди.

Москвадаги 5-тергов изоляторида жиноят оламининг бир гуруҳ вакиллари 17 нафар ўзбек маҳбусидан "вор в законе" рутбасига эга бўлган Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаевга тўёна учун 100 минг рубль йиққан.

Бу ҳақда Озодликка айни СИЗОда сақланаётган ва хавфсизлик боис шахси сир тутилишини сўраган ўзбекистонлик маҳбуслардан бирининг аёли маълум қилди.

Бахтиёр Қудратуллаевга яқин одамлардан бири Озодликка бу иддаони криминал авторитетга қарши уюштирилаётган "фитна," дея рад этди.

"5 минг рублга болаларимни 1 бир ой боқаман"

Озодликка шикоят қилган ўзбекистонлик аёлга кўра, Москвадаги 5-тергов изоляторида жиноят оламининг бир гуруҳ Кавказ ва ўзбекистонлик вакиллари "Бахти Ташкентскийга тўёна" дея ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўзбек маҳбусларидан камида 5 минг рублдан йиғиб олган.

Аёл ўз сўзининг исботи сифатида афтидан жиноят олами вакилларининг 5-тергов изолятори камерасидан туриб, Бахти Ташкентскийни табриклаётгани тасвирланган видеони Telegram орқали Озодликка йўллади.

Видеотасвирда камерадаги маҳбуслар рус ва ўзбек тилларида Бахти Ташкентскийни ўғлининг уйлантириши муносабати билан бирин-кетин табриклашади.

Видеода гапирганлар шунингдек "Азиз" ва "Феруз" исмли шахсларга салом йўллашади.

Москвадаги СИЗО камерасидан Бахти Ташкентскийга табрикнома
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:44 0:00

Ўзбекистонлик аёл тўй баҳона айни СИЗОда ушлаб турилган турмуш ўртоғи дохил жами 17 маҳбусдан 100 минг рубль йиғиб олинганини даъво қилди.

"Бахтини номидан ҳар куни кимдир телефон қилади. Қизил спортивкали Гирихан камеранинг смотрящийcи. Сизодагилар "Бахти билан связдаман" деган видеода ўзбек тилида гапирган Бобирмирзо Ғуломовга айтганини йиғиб бериб ўтиришибди. Ҳаммаси бўлиб, 100 минг рубль йиғилган. Мен 5 минг рубль бердим. Бундан кўпроқ берганлар ҳам бор. Мен 5 минг рублга болаларимни бир ой боқаман, ахир", дея шикоят қилади ўзбекистонлик аёл.

"Бахти Ташкентскийга қарши фитна"

Бахтиёр Қудратуллевга (БахтиТашкентский) яқин одамлардан бири Озодликка Москвадан туриб, Бахти Ташкентскийга пул йиғиб олинаётгани ҳақидаги иддаоларни криминал авторитетга қарши уюштирилаётган “фитна” деб атади.

"Бу Бахти Ташкентскийга қарши фитна-ку. Москвадаги турмаларга Бахти қарамайди. Жиноят олами қонунлари бўйича Бахтининг ҳаққи йўқ. Москванинг ўз ўғрилари бор," – деди у микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдош Бахтиёр Қудратуллев, ҳақиқатан ҳам, октябрь ойи охирида Ихтиёр исмли ўғлини уйлаганини тасдиқлади.

Аммо унинг илова қилишича, Бахти Ташкентский унга Бобирмирзо Ғуломовни "умуман" танимаслиги ва Москвадан "ҳеч қанақа тўёна" олмаганини айтган.

Тошкент ва Москва рақобати

Бахти Ташкентский тўйига тўёна йиғилаётгани ҳақидаги иддао Тошкентда жиноят оламининг ўнлаб аъзолари ҳибсга олингани ҳақидаги Озодлик хабаридан бир неча ҳафта ўтиб янграмоқда.

Хабарда ҳибсга олинганлар орасида Тошкент шаҳри “смотрящий”си (жиноят дунёсининг ҳудуд бўйича фавқулодда вакили) Аббос Ходжаевнинг ҳам борлиги таъкидланган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, Аббос Ходжаев ҳибсга олиниши ортидан Россия жиноят оламининг юқори вакиллари Тошкент "смотрящий"си этиб, ўзларига "содиқ бўлган одамларини" тайинлашга ҳаракат қилмоқда.

"Россиядаги "вор"лар Тошкентга "смотрящий" қилиб, ўзларига содиқ бўлган одамларини қўйишга ҳаракат қилаяпти. Лекин, бунга Бахти Ташкентский қарши. У ўзбекларга Россиядаги жинояти олами вакилларининг келиб эгалик қилишини истамайди. Шунинг учун Бахти Ташкентский обрўсини тушириш ҳаракати кучайган," деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходими.

Бахти Ташкентский
Бахти Ташкентский

Бахти Ташкентский 26 ëшида “вор в законе” тожини кийган Ўзбекистондаги ягона криминал авторитет ҳисобланади.

Ўзбекистонликлар орасида 46 яшар Бахти Ташкентский ҳақида "ўзбеклар ҳимоячиси" деган фикр шаклланган.

Бахтиёр Қудратуллаев 2014 йил ноябрида "Жаслиқ" қамоқхонасидан Тошкентдаги маҳкумлар шифохонаси - Сангородга келтирилган ва айни йилнинг 27 декабрида саломатлиги ëмонлашгани боис озод қилинган эди.

Бахти Ташкентский турли айблар, жумладан гиёҳванд моддаларни ташиш ва истеъмол қилиш, қурол-яроқ сақлаш ва қамоқхона ички тартибини бузиш айбловлари билан бир неча бор судланган.

XS
SM
MD
LG