Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Прокурор блогер Олимжон Ҳайдаровга 9 йилу 6 ой қамоқ жазоси тайинлашни сўради


Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.
Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинганди.

Фарғона вилоятида ўтаётган суд жараёнида давлат айбловчиси тармоқларда танқидий чиқишлари билан танилган блогер Олимжон Ҳайдаровга 9 йилу 6 ой қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.

Бу ҳақда Озодликка суд жараёнида қатнашаётган адвокатлардан бири маълум қилди.

Шу йилнинг 29 июлида ҳибсга олинган Олимжон Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 2-қисми (Оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш)да айбланган.

Шунингдек, блогер ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) ва 165-моддаси 2-қисми “а” “б” бандлари (Такроран ёки хавфли рецедивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда ҳам айбланади.

Фарғона вилояти Фарғона тумани Жиноят ишлари судида (Водил шаҳарчасида) душанба куни ўтган томонлар музокарасида прокурор Мирзоҳид Эрматов Олимжон Ҳайдаровни Жиноят кодексининг унга нисбатан қўлланган барча бандлари бўйича айбдор деб топиш ва 9 йилу 6 ойга озоликдан маҳрум қилиш, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ ва "жабрланувчилар" фойдасига 50 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундиришни сўраган.

"Ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман". Олимжон Ҳайдаров устидан тергов тугаб, иш судга оширилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00

"Касбий фаолияти билан боғлиқ"

Исмини очиқламасликни сўраган адвокатлардан бири Озодликка блогерга қўйилган айблар "мутлақо асоссиз" экани ва суд терговида биронта айб ўз исботини топмаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳимоя томони Олимжон Ҳайдаров устидан тергов ва суд жараёни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ деб ишонишини таъкидлади.

"Тергов органининг ҳимоямиз остидаги Ҳайдаровга нисбатан илгари сураётган иддаолари уйдирма. Албатта, суднинг бу айбловни тўла рад этиб, оқлов ҳукми чиқаришига ишонамиз. Негаки, суд мажлисларида биронта эпизодда Ҳайдаровга қўйилган айблов ўз исботини топмади", деди Озодлик билан суҳбатда адвокатлардан бири.

Судда асосан, Олимжон Ҳайдаров ўз чиқишларида танқид қилган маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, жумладан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими ҳамда Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси Ҳайдаровга қарши кўрсатма берган.

Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июлида салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан 10 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган. У Фарғона вилояти ИИБ ва Қўқон шаҳар прокуратураси қошидаги Департамент ходимлари иштирокидаги махсус амалиёт даврида махсус кимёвий ишлов берилган пул билан ушланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборотлаш ва оммавий коммуникациялар агентлиги август ойида мамлакатдаги ОАВ раҳбарларига унинг қўлга олиниши акс этган видео лавҳани намойиш қилган.

Бироқ маҳкама жараёнини кузатаётган Озодлик манбасига кўра, махсус амалиёт борасидаги бу видео лавҳалар жиноят иши материалларида мавжуд эмас.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

"Сиёсий сабаблар"

Олимжон Ҳайдаровнинг ўзи ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди.

Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий- профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.

Аввалроқ Озодлик билан эксклюзив суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек расмийларини сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган эди:

“Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман”.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG