Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:54

Цензура ва босимлар - Ўзбекистондаги интернет нашрларнинг етакчи журналистлари ишдан кетяпти


Илёс Сафаров (чапда) олиб борган давра суҳбатларидан бири.
Илёс Сафаров (чапда) олиб борган давра суҳбатларидан бири.

Ўзбекистондаги энг йирик интернет нашрлардан Kun.uz журналисти Илёс Сафаровнинг ишдан кетиши мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволига доир янги хавотирларни пайдо қилди.

Сафаровнинг тармоқларда эълон қилган истеъфоси қатор блогер ва журналистлар устидан суд ва тергов жараёнлари давом этаётган паллага тўғри келмоқда.

Илёс Сафаров Kun.uz ни сўнгги бир неча ой ичида тарк этган тўртинчи журналистдир. Аввалроқ Gazeta.uz va Qalampir.uz нашрларининг етакчи журналистлари ҳам ишдан кетганликларини эълон қилишганди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлигига оид сўнгги рейтингида Ўзбекистон аввалги йилга нисбатан 4 поғона пастлаб 137-ўринни эгаллади.

"Жуда оғир ва мураккаб давр"


Kun.uz нашрида 6 йил ишлаган таниқли журналист Илёс Сафаров ишдан кетиш сабабини “вақти келган экан”, деб изоҳлади.

У Озодлик билан қисқа мулоқотда Ўзбекистонда “журналистика жуда оғир ва мураккаб даврга кириб бораётгани"ни айтди.


Илёс Сафаров Ўзбекистонда сўнгги йилларда долзарб мавзулар - сўз эркинлигига чекловлар, танқидчи блогер ва ижтимоий тармоқ фаолларига босимларни ёритаётган, Ўзбекистон ҳукумати сиёсати ва раҳбарларини очиқ танқид қилаётган кам сонли журналистлардан биридир.

Ҳамкасблари Илёс расмий тадбирларда юқори лавозимдаги амалдорларни саволга тутиши, халқнинг тил учида турган саволларини вазминлик билан аниқ-лўнда ва дадил бериши билан ажралиб турганини айтишади.

Бундан ташқари, у сўнгги ойларда Kun.uz платформасидан туриб актуал мавзуларда қилаётган давра суҳбатлари билан аудиториянинг эътиборини қозонган эди.

Цензура ва босимлар

Илёс Сафаровнинг ишдан кетишини, фаоллар ҳамда ҳамкасблари, унинг касбий фаолияти билан боғлашмоқда.

“Ilyos Safarov кеча қолдирган пост Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида жиддий муаммолар борлигининг яна бир тасдиғидирдеб ёзди ёш ижодкор ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулноз Мамарасулова.

Гўзал Бегим га кўра, “Илёс Сафаров каби журналистлар қалами билан миллатнинг қон томирига адашмай туша олишади. Илёс мен учун миллий колоритнинг, маънавий контентнинг, ортга юрмайдиган журнализмнинг овозидир!"

Ижтимоий тармоқ фаоли Фаррух Самарқандий эса: Илёснинг цензура ва босимлар туфайли ишдан кетганига заррача шубҳам йўқ. Кун.уз раҳбариятини ҳам умуман айбламайман. Улар учун бу бир бизнес ва бу бизнесни сақлаб қолиш, боласини сақлаб қолишдек гап”, деб ёзди.

Ишдан кетаётганлар

Бир неча кун муқаддам мамлакатда энг кўп ўқиладиган яна бир Интернет нашри - Gazeta.uz да қарийб 8 йил ишлаган Санжар Саид “масофадан туриб ишлагани” таҳририятдан кетишига сабаб бўлганини ёзган эди.

“Масофадан туриб ишлаганлар билан ҳамкорликни тўхтатишганини айтишди. Бу шунчаки сайт хавфсизлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин”, деди Санжар Саид Озодликка жавобан.


Бундан аввал Kun.uz ни яна икки журналист - Элмурод Эрматов ва Аброр Зоҳидовлар ҳам тарк этган эди.

Ҳар икки нашр таҳририятлари таниқли журналистларнинг бирин-кетин ишдан кетишини изоҳлагани йўқ.

"Ишдан бўшатишга мажбур бўляпти"

Интернет нашрлари фаолияти билан таниш мустақил журналистлар бу вазиятни мамлакатда нисбатан эркин ёзаётган журналистларга нисбатан босимнинг кучайгани билан изоҳламоқда.

“Бир нарса аниқ, вазият кун сайин оғирлашиб боряпти. Шундай тушунингки, нашриётлар яшаб қолиш учун кескин ёзадиган мухбирларини ишдан бўшатишга мажбур бўляпти”, деди Озодликка осмини очиқламаслик шарти билан гапирган маҳаллий журналистлардан бири.

Яна бир мустақил журналист эса, сўнгги ойлар ичида ўзи ишлаб турган Интернет нашри раҳбарияти томонидан огоҳлантирилганини айтди.

“Охирги пайтларда жуда қаттиқ босим бўляпти. Интернет нашрларига: “Тирноқ остидан кир излаяпсизлар”, деб эътироз қилиш кўпайган. Шунга бизни кўп огоҳлантиришяпти: “Кузатувда турибсизлар, эҳтиёт бўлинглар!” деб. Ваҳолангки, ҳамма журналистлар очиқ манбалардан маълумот олиб ёзяпмиз. Кейинги пайтда ўзи умуман мамлакатда босим кучайиб боряпти. Ижтимоий тармоқларда ёзганлар суҳбатларга чақириляпти”.



Ўтган ой Qalampir.uz нашрини тарк этган журналист Ҳулкар Муртазоева эса ишдан кетишига матбуотга бўлаётган босим сабаблилигини очиқ билдирганди.

У ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихи ҳақида ҳозирлаётган материали чоп этилмаслиги боис ишдан кетишга қарор қилганини билдирган ва “Аслида бу сўнгсиз босимларнинг бири, холос” деб ёзганди.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов Илёс Сафаровнинг Kun.uz дан кетишини "матбуот учун катта йўқотиш" деб атади.

"Мамлакатдаги етакчи медианинг етакчи ходими ишдан кетиши сўз эркинлигига берилган каттагина зарбадир. Зарбанинг таъсирини яқин бир неча ойда кўрамиз. Йўқотган фақат Kun.uz эмас, матбуотда катта йўқотиш бу", деб ёзди Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида.

"Блогер, журналистларнинг айримларини саводсиз дедик, бир қисмини ғаламисга чиқардик. Қамалганларга кўз юмдик, қочиб кетганларнинг ортидан тош отдик. Мана навбат энди профессионалларга етди".


Журналистларнинг бирин-кетин етакчи Интернет нашрларини тарк этиши Фарғонада таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров устидан суд давом этаётган паллага тўғри келмоқда.

Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 2-қисми (Оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш)да айбланмоқда.

Товламачиликда айбланаётган блогер Фарғона вилояти Фарғона тумани Жиноят ишлари судида судланмоқда. Судни кузатаётган фаоллар шу кунга қадар блогерга қўйилган айблов ўз исботини топмагани, бироқ одил судловдан умид кам экани ҳақида ёзишмоқда.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда турли нашрлар босган мақолалар остида қолдирган изоҳи ёки ижтимоий тармоқлардаги пости учун блогер ва фойдаланувчилар ИИБ ва ДХХга чақирилгани, айримлари жаримага тортилгани ҳақида ёзган эди.

Бу орада Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) матбуот эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро Ўзбекистонга беш кунлик ташриф якунларини эълон қилди.

Тереза Мария Рибейро Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашувлар ўтказган, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ҳамда президент ёрдамчиси ва қизи Саида Мирзиёева, АОКА раҳбари Асад Хўжаевлар билан учрашган.

21 ноябрь куни ЕХҲТ сайтида эълон қилинган ҳисоботида Рибейро: “Оммавий ахборот воситаларининг очиқ ва холислиги назорат қилинаётган бир даврда медиа майдон жамиятдаги хилма-хилликни акс эттириши - кенг қатламдаги овозларни эшиттириши, турфа фикрларни инобатга олиши ҳамда кенг тажрибани қамраб олиши жуда муҳимдир", деб ёзди.

Аммо, ЕХҲТ матбуот эркинлиги бўйича вакилининг сафар натижаларига доир баёнотида Ўзбекистондаги мустақил журналистлар, Интернет нашрлари ҳамда блогерларга нисбатан босимлар, тергов ва суд жараёнлари ҳақида ҳеч гап айтилмади.

Аввалроқ Озодлик билан эксклюзив суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек расмийларини сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган эди:

“Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман”, деган АҚШнинг Тошкентдаги юқори мартабали дипломати.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлигига оид сўнгги рейтингида Ўзбекистон аввалги йилга нисбатан 4 поғона пастлаб 137-ўринни эгаллади.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият "мураккаб" бўлиб қолмоқда, ОАВ тўғрисидаги "репрессив" қонунлар амалда ҳамда "кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш" ҳукмрон.

Форум

XS
SM
MD
LG