Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

"Фойдали шартнома". Ўзбекистон электрдан қарздор Афғонистонга 2,2 млрд кВт энергия етказади


Da Afghanistan Breshna Sherkat Афғонистоннинг электр энергия монополисти
Da Afghanistan Breshna Sherkat Афғонистоннинг электр энергия монополисти

Ўзбекистон ва Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолади.

Ўзбекистон Афғонистон толиблар томонидан ишғол этилганидан кейин мамлакатга электр энергияси етказиб бераётган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

100 млн долларга 2,2 млрд кВт энергия

Афғонистоннинг “Da Afghanistan Breshna Sherkat” давлат энергетика компанияси маълумотига кўра, шартнома Афғонистон “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) компанияси бош ижрочи директори Ҳофиз Муҳаммад Амин ва Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари раҳбари Дадажон Исақулов ўртасида имзоланган.

- Бу келишув икки кун давом этган музокаралардан сўнг имзоланди. Ушбу контракт ҳажми 2 миллиард кВт/соатни, унинг қиймати эса йилига тахминан 100 миллион долларни ташкил этади, дейилади ширкатнинг расмий сайтидаги хабарномада.

Бундан бир йил олдин Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистон томони билан келишувга асосан йиллик 2 миллиард 200 миллион киловатт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутувчи шартномани имзолаганди.

Лекин Ўзбекистон расмийлари ўша шартноманинг қиймати бораси бирор маълумот бермаган.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакировнинг ҳисоб-китобича, Афғонистонга сотилажак 1 квт. соат энергиянинг қиймати 5 центга тенг бўлади.

“Битимнинг қиймати 100 миллион доллар. Демак, 1 квт. соат энергиянинг қиймати 5 центга тенг бўлади. Тўлов шакли, усули ва муддатлари ҳақида ҳеч қандай қўшимча маълумот берилмаган”, деб ёзди Бакиров ўзининг Телеграм-каналида.

Хабарларга кўра, музокаралар чоғида “Сурхон - Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини охирига етказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. “Сурхон-Пули - Хумри” тармоғи қурилиши якунланиши ортидан Ўзбекистон Афғонистонга сотадиган электр қуввати ҳажми кўпайиши кутилади.

Тармоқнинг барпо этилиши лойиҳа йўналишида Толибон ва Афғонистон ҳукумати ҳарбийлари ўртасида жанглар бошланиб кетгани муносабати билан 2021 йилнинг ўрталарида тўхтатиб қўйилган эди.

Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими Афғонистон энергетика тизимига фақат Ўзбекистон орқали уланган ва ягона энергия тизими мамлакатларида ишлаб чиқарилган электр энергияси фақат Ўзбекистон орқали транзит қилиниши мумкин.

"Икки тарафлама фойдали шартнома"

Икки давлат ўртасида имзоланган янги шартнома Афғонистоннинг электр энергия учун олдинги қарзларини тўлаганини англатадими? Озодлик ушбу савол билан Энергетика вазирлигига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олганича йўқ.

Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаинов шартномага мувофиқ 1 квт. соат энергиянинг 5 центга сотилишини “яхши нарх” дея баҳолади.

- Советлар давридан буён Ўзбекистондан Афғонистонга электр экспорт қилинади. Ўзбекистондан Афғонистонга электр линиялари СССР вақтида тортилган. Марказий диспетчерлик хизмати Тошкентда жойлашган “Ягона Электр тармоқлари” тизимига Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг бир қисми бирлашган эди. Бу тизимга Афғонистон ҳам киритилган ва Ўзбекистонга чегарадош ҳудудлар электр токи билан таъминланарди. Бу давлатга ток узатишдан Ўзбекистон кўп фойда олмаса ҳам, гуманитар ёрдам сифатида бериб келиняпти. Бундай олиб қарасангиз, ўзимизда ҳам етишмовчилик бор-ку. Лекин 5 центдан сотилиши – бу жуда яхши нарх, қиммат деса ҳам бўлади. Қолаверса, Take-or-Pay принципи олдиндан тўловни англатади. Яъни икки тарафлама фойдали келишув. Ўзбекистон ҳам гуманитар ёрдам бераётгани, ҳам фойда олаётганини ҳисобга олсак, шартномани олқишласа бўлади,-дейди Анвармирзо Ҳусаинов.

Собиқ энергетика вазири Ўзбекистон Ягона тизимни тиклаши ва Каримов кўр-кўрона қаршилик кўрсатиб келган Роғун ГЭСига ҳисса қўшиши лозим, деган фикрда.

- Роғун ГЭСида 6 та агрегат бўлади ва улар эксплуатацияга туширилганидан кейин бир йилда 17 млрд кВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу нафақат Тожикистонни арзон электроэнергия билан таъминлайди, балки қўшни Афғонистон ва Покистонга электрэнергия экспорт қилиш имконини беради, деди энергетика эксперти Анвармирзо Ҳусаинов.

Мутахассис мавжуд шартномада афғон тарафининг олдинги қарзлари масаласи ҳам акс эттирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ўтган йилнинг 28 декабрь куни Тожикистон ва Афғонистон энергетика компаниялари 2022 йилда Тожикистон электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганди. Ўзбекистон орқали транзит қилинувчи Тожикистон электр энергиясини етказиб бериш ҳажми ва сотиб олиш нархи ҳам эълон қилингани йўқ.

Олдинроқ Энергетика вазирлиги Ўзбекистондаги техник муаммолар туфайли Афғонистоннинг 15 провинциясига электр энергияси етказиб беришни икки бараварга қисқартиргани, жумладан, Кобулда электр таъминотида узилишлар кузатилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берганди.

Октябрь ойида Афғонистон энергетика компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга электр энергияси учун 51 млн доллардан ортиқ қарзи борлиги хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов эса 23 октябрда Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни “бир соатга ҳам тўхтатган эмас”, Кобул “ўз эҳтиёжига кўра электр энергиясини Ўзбекистондан тўла ҳажмда олмоқда”, - деб баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG