Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:26

Таҳлил: Тошкент Толибон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор


Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон ва Покистон раҳбарлари билан Тошкентдаги анжуманда - 16 июль, 2021
Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон ва Покистон раҳбарлари билан Тошкентдаги анжуманда - 16 июль, 2021

Толибон Афғонистоннинг деярли бутун ҳудудини ўз назоратига олганига бир ойдан ошди.

Баъзи давлатлар ҳануз Толибон бошчилигидаги ҳукуматга нисбатан эҳтиёт ёки мужмал позиция эгаллаб турибди. Лекин Афғонистон билан 160 километрлик чегарага эга Ўзбекистон Толибон билан мулоқот ва савдо қилишга ҳозирлигини кўрсатмоқда.

Озод Европа-Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, айримлар Ўзбекистоннинг Толибон билан мулоқот қилишга тайёрлигини прагматик қарор, деб ҳисоблайди.

Афғонистонда Ўзбекистоннинг турли экстремистик гуруҳларга қўшилган фуқаролари бор. Уларнинг айримлари Толибон билан иттифоқчи, бошқалари иттифоқчи эмас ёки мухолиф.

Ўзбекистон ҳукумати бу шахсларнинг Ўзбекистонга ҳеч қачон қайтмаслигини афзал кўради. Толибон ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга ҳужум уюштириш йўлида фойдаланишга йўл қўймасликка кафолат берган.

Қўшни Тожикистонда худди шундай хавфсизлик хавотирлари бор, аммо мамлакат ҳукуматининг Толибон билан мулоқот қилиш нияти йўқ.

Ҳокимиятда ким бўлишидан қатъи назар, Афғонистон билан алоқаларни узиш Ўзбекистонга қимматга тушади. Аслини олганда, икки мамлакатни боғлаб турадиган алоқалар 20 йил аввалгидан кўра анча мустаҳкам. Бундан фақат Ўзбекистон ва Афғонистон манфаат кўрмайди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Ўзбекистон Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл қатновини тиклашини маълум қилди. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл алоқалари 2001 йил охирида толибларнинг олдинги тузуми ҳокимиятдан четлатилганидан кейин анча яхшиланган.

Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (CAREC) ёки Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси (Belt and Road Initiative, BRI) каби лойиҳалар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги мавжуд алоқаларни яхшилади. Шунингдек, улар Хитой ва Европага етиб борадиган янги транзит йўлларини яратди.

Ўзбек линияси орқали НАТО Европадан Афғонистонга юк ва асбоб-ускуна олиб борган ва қайта олиб кетган.

Ўзбекистонни Афғонистон билан 1982 йилда Амударё бўйлаб қурилган «Дўстлик» кўприги боғлаб туради. Кўприк орқали совет қўшинлари Афғонистонга олиб кирилган ва олиб чиқилган. Ҳозирги кунда кўприк орқали кўплаб Европа ва Осиё мамлакати Афғонистон билан савдо қилади.

«Дўстлик» кўприги ўртасидан темир йўл ўтади. Аммо 10 йил олдин темир йўл Афғонистон ичида, Ҳайратонда тўхтар эди.

2010 йилда линияни 75 км масофада жойлашган Мозори Шариф шаҳригача узайтириш ишлари бошланди. Мозори Шариф Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳардир.

Янги темир йўл 2011 йилда ишга туширилди. Лойиҳа қарийб 170 миллион долларга тушди. Унинг 165 миллион долларини ОТБ қоплади. Линия ёрдамида ташиладиган юк ҳажмини тахминан 4 минг тоннадан 25 – 40 минг тоннагача оширишни кўзланди. Аммо ҳозирга қадар бу кўрсаткичга эришилгани йўқ.

Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» лойиҳаси ушбу темир йўл линиясидан фойдаланади. Линия Хитойни Афғонистон билан тўғридан-тўғри боғлайдиган ягона йўл бўлиб қолмоқда. Хитой юклари ортилган илк поезд 2016 йилнинг сентябрь ойида Афғонистонга етиб борган.

Бу орада Хитой Афғонистонга гуманитар ёрдам юборишга ваъда берди. Бу юкларнинг бир қисми, эҳтимол, Ўзбекистон орқали поездда юборилади.

Қозоғистон ҳам Афғонистонга Ўзбекистон орқали буғдой экспорт қилиб келади. Бир ҳисоботга кўра, Қозоғистон 2020 йилда экспорт қилган уннинг учдан икки қисми Афғонистонга юборилган.

Афғонистондаги шиддатли ўзгаришлар ва Афғонистон марказий банки захиралари музлатиб қўйилгани учун Қозоғистондаги дон ишлаб чиқарувчилар 3 миллион тоннага яқин буғдойга янги харидор топишга қийналмоқда.

Бунга қарамасдан, 21 сентябрь куни Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашукеев Қозоғистон Афғонистонга буғдой ва ун экспортини давом эттиришини айтди.

Ўзбекистон Хитой, Қозоғистон ва бошқа жойлардан Афғонистонга бундай юк транзити учун тўлов олади.

Айни пайтда Ўзбекистон Афғонистон билан бундай алоқага эга ягона мамлакатдир.

Туркманистон Афғонистон чегарасидан унчаузоқ бўлмаган шаҳарларга борадиган иккита темир йўлга эга. Иккаласи ҳам Туркияни Кавказ орқали Афғонистон билан боғлайдиган «Афғон ложуварди» (Lapis Lazuli) транспорт коридорига уланган. Аммо бу маршрут янги: у 2018 йилда очилган. Туркманистон линиялари оз ривожланган ва яқин келажакда улар такомиллашишини кутмаса ҳам бўлади.

Тожикистонни Афғонистон билан фақат тоғлар орқали ўтадиган йўллар боғлаб туради. Шундай экан, Ўзбекистоннинг темир йўл йўллари Афғонистон билан савдо қилиш учун энг қулай йўлдир. Тез орада Ўзбекистон орқали юк ташиш янада фаоллашиши мумкин.

Ўзбекистон 2021 йил февраль ойида Покистон билан Мозори Шарифдан Кобулгача ва ундан нари Пешоваргача чўзиладиган 573 км узунликдаги темир йўлни қуриш тўғрисида шартнома имзолади. Бу линия Ўзбекистонни ва бутун Марказий Осиёни (Хитойни айтмаса ҳам бўлади) Араб денгизидаги портлар билан боғлайди.

"Янги Ўзбекистон"-"Янги Толибон": Аёллари тан олмаган Толибонни илк Тошкент қутлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:37 0:00

Покистон Бош вазири Имрон Хон июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Жанубий Осиё форумида иштирок этди. У Тошкентга эрта бориб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди ва икки мамлакатни Афғонистон орқали боғлайдиган темир йўлни ётқизиш масаласини муҳокама қилди.

Хон 17 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (СЖҲТ) саммитида таклиф қилинаётган темир йўл линиясини яна муҳокама қилди.

Покистоннинг Толибон билан узоқ йиллик муносабатлари ҳамда Ўзбекистон жангари гуруҳ билан дўстона алоқа ўрнатаётганини ҳисобга олсак, айни дамда Мозори Шариф – Пешовар темир йўли лойиҳасининг амалга ошиш эҳтимоли июль ойидагидан ҳам баландроқ.

2016 йилда Ўзбекистон Афғонистон чегарасидан 2 км масофада жойлашган Термиз юк марказини очди. Бу мажмуа тахминан 40 квадрат гектар майдонни эгаллаган. Мажмуа Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасида қуруқлик йўллари орқали савдо-сотиқ транзити учун мўлжалланган. Хабарларга кўра, Афғонистонда толиблар ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг, кенг кўламли марказ фаолияти сустлашган.

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга гуманитар ёрдам юбормоқчи бўлган давлат ва ташкилотларга Термиздаги юк марказидан фойдаланишни таклиф қилди. Одатий савдо қайта тиклангунча бу қадам мажмуани ишлатиб туриш имконини беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури аллақачон Термиз юк марказида логистика марказини ташкил қилмоқда.

2001 йилда Толибоннинг олдинги тузуми ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Афғонистонга Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергияси экспорт қилинади. Лекин Ўзбекистоннинг улуши шу кунгача энг кўп бўлиб келмоқда.

ОТБ ҳисоботида қайд этилишича, Афғонистон ишлатадиган электр энергиянинг 73 фоизи импорт қилинади. Унинг 57 фоизи Ўзбекистон, 22 фоизи Эрон, 17 фоизи Туркманистон, 4 фоизи Тожикистондан келади.

2009 йилда Ўзбекистондан Кобулга 500 киловольт қувватга эга электр узатиш линияси ишга тушар экан, ОТБ Афғонистон пойтахтига илк маротаба «турғун электр энергияси» етказиб берила бошлаганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини юбориш учун қурган Гузар – Сурхон электр линиясини қуришга тахминан 93 миллион доллар сарфланган. Бу харажатларнинг бир қисми Ислом тараққиёт банки кредитлари ҳисобидан қопланган. Айни дамда Ўзбекистон электр энергияси Афғонистон учун жуда зарур.

2018 йилда Сурхондарёдан Кобул шимолидаги Пули Хумрига борадиган 500 киловольт қувватли электр узатиш линиясининг 260 кмлик қисмини қуриш ишлари бошланган. Келишувга биноан, тахминан 150 миллион долларга баҳоланган лойиҳа учун Ўзбекистон 32 миллион доллар ажратади, қолган қисми эса Афғонистон ОТБдан олинган 110 миллион долларлик ссуда билан қоплайди.

Сурхондарёдан Пули Хумрига электр линияси қуриб битирилгач, Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергияси экспорти қарийб 70 фоизга ошиши кутилмоқда. Лойиҳа якунланишига қанча қолаётгани аниқ эмас.

Афғонистон электр энергияси импорти учун қанча тўлаётгани ҳақида турли тахминлар мавжуд. Аксар тахминларга кўра, мамлакат йилига 300 миллион доллар сарфлайди. Бу тўловларнинг ярмидан кўпини Ўзбекистон олади.

2020 йил август ойида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергиясини етказиб бериш бўйича 10 йиллик янги шартнома имзоланди. Толибон бошчилигидаги ҳукумат буни қандай тўлаши катта савол бўлиб қолмоқда. ШҲТнинг сентябрь ойида Душанбеда бўлиб ўтган йиғинида Мирзиёев Афғонистон марказий банкининг чет эл банкларидаги активларини эритишга чақиргани ажабланарли эмас.

Агар Ўзбекистон Толибонга кескин муносабатда бўлса ва Афғонистон билан савдо-сотиқни тўхтатса ёки кескин камайтирса, сўнгги 20 йил ичида сарфланган вақт ва пул зое кетади. Бундан нафақат Ўзбекистон молиявий зарар кўрган, балки бошқа давлатлар ҳам Афғонистон билан Ўзбекистон орқали савдо қилиш имкониятидан маҳрум бўлган бўларди.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишиш мумкин.

XS
SM
MD
LG