Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:36

Петербургдан Фарғонага учаётган учоқ двигатели парвоз пайтида ишламай қолди


Якшанба куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Фарғонага учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га қарашли Boeing-757−200 учоғи парвоз пайтида битта двигатели ишламай қолгани туфайли Пулково аэропортига қайтди. Расмийлар учоқдаги 179 йўловчидан бирортаси шикастланмаганини айтмоқда. Аэропорт расмийси Озодлик радиосига ўзбек учоғи 8 август куни Пулковода таъмирлаш учун олиб қолинганини, унинг ўрнига резервдаги самолётлардан бири учирилганини айтди.

Петербургдан Фарғонага учаётган учоқнинг парвоз пайтида двигатели ишламай қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Санкт-Петербургнинг Пулково аэропорти ахборот хизмати ходимининг Озодлик радиосига билдиришича, бортида 179 нафар йўловчи бўлган учоқ якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 14.58 да ҳавога кўтарилган, аммо кўп ўтмай унинг битта двигатели ишламаётгани маълум бўлган.

Ёнилғисини битириш учун Boeing-757 Петербург аэропорти узра 7 марта айланишига тўғри келган, кейин эса соат 16.32 да Пулковога шикастсиз қўнган. Россия нашрларининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, учоқ ҳавога кўтарилаётган пайтда бортда қаттиқ овозлар эшитилган, улар двигателдан олов чиққанини кўрганлар.

Петербург аэропортидаги фавқулодда қўниш ҳодисаси бўйича Россия тергов идоралари текширув бошлаганлар.

-Кеча аэропортга қайтган рейсни айтаётган бўлсангиз 8 август соат ўндан кейин учиши режалаштирилган. Лекин яхшиси соат 9дан кейин телефон қилинг. Ҳозирча самолётнинг қачон учиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Балки рейс яна бир неча соатга ушланиб қолиши мумкин, -деди аэропртнинг ўзини Валерия деб таништирган ходими.

Бу орада РИА Новости агентлиги “Ўзбекистон ҳаво йўллари”даги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, 7 август куни HY636 қатнови билан Санкт-Петербургдан учолмай қолган учоқ душанба куни эрталаб Фарғонага учиши ҳақида хабар қилди.

“Кичик таъмирдан кейин учоқ душанба куни Москва вақти билан соат 9.30 да Фарғонага учади, янги учоқ юборишга ҳожат йўқ”, деган агентлик манбаси техник носозлик сабаби аниқлангани ва Пулково аэропорти базасида бартараф этилаётганини қўшимча қилади.

Айни пайтда Озодлик радиосининг “Фарғона рейси “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг якшанба куни техник носозлик туфайли Пулково аэропортига қайтган учоғида амалга ошириладими?” деган саволига Пулково аэропорти матбуот хизмати бошлиғи Влад Косигирин “Йўқ, резервдаги самолётлардан бири парвозга қўйилади”, деб жавоб берди.

Унга кўра, кечаги техник носозлик туфайли юз берган фавқулодда ҳолатдан йўловчилар азият чекмаган.

-Йўқ, йўловчилардан ҳеч қандай шикоятлар бўлмади. Ҳамманинг руҳий ҳолати ва саломатлиги барқарор. Қандайдир фавқулодда ҳолатлар биз томонимиздан кузатилмади. Ҳолбуки, биз бу ерда аэропортга қайтишга мажбур бўлган самолёт йўловчиларига хизмат кўрсатиш учун шифокорларни тайёрлаб қўйган эдик. Бироқ йўловчилардан ҳеч кимиси уларга мурожаат қилгани йўқ, -деди Влад Косигирин.

Унинг айтишича, резервдан олинган учоқ Фарғонага Москва вақти билан соат 10дан 50 дақиқа ўтганда учиб кетган. Двигатели ишдан чиққан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing-757−200 учоғи эса техник таъмир учун Пулковода қолдирилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширакти расмийлари Озодлик радиосининг Пулково аэропортига қайтишга мажбур бўлган Boeing-757−200 учоғи юзасидан саволларига жавоб беришдан тийилдилар. Ширкат матбуот хизматининг ўзини таништиришни истамаган ходими “Ҳозир бу масала раҳбарият йиғилишида муҳокама қилинмоқда. Сайтимизни кузатиб боринг. Агар қандайдир янгилик пайдо бўлса уни сайтимизда эълон қиламиз. Ўша ердан билиб оласиз”, деб гапни қисқа қилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Европа ва АҚШда ишлаб чиқарилган 33та самолётга эга.

Ҳозирда ширкат самолётлари Европа, Америка, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 21та, шунингдек, МДҲнинг 22та шаҳрига парвозларни амалга оширмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётлари маҳаллий йўналиш бўйича Республиканинг 11та шаҳрига йўловчи ташийди.

XS
SM
MD
LG