Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:51

Диний блогер Мубашшир Аҳмад Туркияда қўлга олинди


Мубашшир Аҳмад нимада гумонланаётгани очиқ айтилмади.
Мубашшир Аҳмад нимада гумонланаётгани очиқ айтилмади.

Ўзбекистонда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер Алишер Турсунов 28 декабрь куни Истанбулда Туркия полицияси томонидан қўлга олинган.

Бу ҳақда 9 январь куни Мубашшир Аҳмад асос солган “Azon Global” ахборот таҳлилий портали хабар берди.

Аввалроқ Мубашшир Аҳмадга яқин шахслар унинг турк полицияси томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқишганди. Мубашшир Аҳмаднинг қандай гумон билан қўлга олингани ва нима учун ҳануз ушлаб турилгани сабаби маълум эмас.

"Azon Global" ахборот портали тарқатган баёнотда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмайди. Айни пайтда портал ўзининг Мубашшир Аҳмад қўлга олингани ҳақида нима учун орадан 11 кун ўтиб хабар қилаётганини оқлашга уринган.


“Дастлаб қандайдир англашилмовчилик бўлгани, шу боис оммани беҳуда ташвишга солиш керак эмаслиги каби мулоҳазалар билан бу ҳақда кенг оммага хабар берилмади”, дейилади баёнотда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Azon Global” ходимларининг Мубашшир Аҳмад қўлга олингаи ҳақидаги хабарларни рад этишга уринганини танқид қилишмоқда.


Порталнинг ёзишича, дастлабки суриштирувларда Мубашшир Аҳмадга қўйилган айблов ўз исботини топмаган. Аммо блогер озод қилиниш ўрнига депортация марказига жойлаштирилган. “Azon Global” Мубашшир Аҳмад қайси депортация марказида сақланаётганига оид маълумотни очиқламаган.

“Албатта, бу ҳодиса содир бўлган куниданоқ адвокатлар ҳаракатларини бошлашган ва бошқа барча керакли чора тадбирлар кўрилмоқда”, дейилади баёнотда.

Мубашшир Аҳмад қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси бу воқеага муносабат билдирди:

“...Ҳақиқатдан ҳам 2023 йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1974 й.т. Турсунов Алишер Аҳмадович (тахаллуси “Мубашшир Аҳмад”) Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилган ва Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирилган.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Бош консулхонаси томонидан ватандошимизга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганлигини маълум қиламиз”,
дейилади Бош консулхона муносабатида.

2023 йилнинг 6 август куни “Азон медиа” гуруҳи раҳбари бўлган Мубашшир Аҳмад гуруҳга кирувчи барча лойиҳаларининг тўхтатилганини эълон қилганди. “Азон медиа” 2017 йилда диний-маърифий йўналишда фаолият юритувчи онлайн медиа тармоғи сифатида ташкил қилинганди.

Ижтимоий тармоқларда 1,2 миллион обуначисига эга бўлган “Азон медиа” таъсисчиси ўз фаолиятининг якунланганига оид сабабларга изоҳ бермаган. Унинг таъкидлашича, кейинчалик бу сабаблар очиқланиши мумкин.

Ўтган йил ноябрида Мубашшир Аҳмад раҳбарлигида ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида фаолият юритувчи “Azon Global” ахборот таҳлилий портали ишга туширилганди.

2021 йил июнь ойида “Азон медиа” гуруҳининг 4 нафар раҳбари бир қанча диний контент ва материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси назоратидан ўтказмай чоп қилгани учун суд томонидан йирик миқдорда жаримага тортилган эди. Бош муҳаррир Абдулазиз Муборак буни “сайт овозини ўчиришга уриниш” деб атаганди.

2018 йилнинг апрелида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Котибият бўлими мудири Улуғбек Султонов ва унинг ëрдамчиси Мубашшир Аҳмад эгаллаб турган лавозимидан бўшатилганди. Ўшанда диний идора бунинг сабабларини ошкор қилмаган.

Ўшанда Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган тошкентлик имомга кўра¸ Мубашшир Аҳмад “матбуот ва тармоқдаги диний чақириқларидан кейин исталмайдиган шахсга” айлангани ҳақида айтган эди.

2018 йилнинг апрелида Озодлик билан суҳбатда Мубашшир Аҳмад ўзининг ишдан бўшатилиши ДХХ раисининг баëнотидан кейин юз берганлигини “шунчаки тасодиф”, деб атаганди:

- Мен ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаевнинг баëноти ортидан диний эътиқод чекланганига гувоҳ бўлмадим. Азон.уз сайтида ëзганимдек, Ихтиëр Абдуллаевга ишонаман. Унинг диний эътиқодни чекламаслигига ишонаман. Абдуллаевнинг баëнотидан кейин ишдан бўшатилганим - фақат тасодиф. Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги борасида муаммо йўқ. Мен мусулмонлар идорасидаги ишимдан бўшатилганим билан¸ Тошкент Ислом институтида ўқитувчилик ва ноширлик фаолиятим давом этмоқда. Диний идора Котибият мудири Султонов ва имом Шермурод Тоғайнинг ишдан бўшатилиши ортида ҳам сиëсий сабаб йўқ, деб биламан. Шермурод Тоғай диний идорани танқид қилган бўлса, бу унинг фикри. Айнан танқид қилгани учун имом ишдан олинди деб айта олмайман¸ - деганди Мубашшир Аҳмад Озодлик билан суҳбатда.

Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонда ўтган йил апрелида ўтган зиддиятли конституцион референдумни дастаклаган, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ўзбекистонликларни овоз беришга даъват қилувчи постлар чоп этганди.

Унинг бу постлари айрим тармоқ фойдаланувчилари томонидан "ҳукуматга ёқиш ҳаракатлари" сифатида танқид қилинган.

Мубашшир Аҳмад Наманган шаҳрида туғилган. 1991-1996 йилларда Тошкент ислом институти ва Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетларида таълим олган. “Ўзбекистон мусулмонлари” (ҳозирги “Ҳидоят”), “Fikrat” журналларида ва “Ислом нури” газетасида ишлаган.

У 1996 йилдан бошлаб бир муддат Тошкент ислом институтида фиқҳдан дарс берган.

Форум

XS
SM
MD
LG