Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:27

Бухородаги 300 йиллик масжид новвойхонага айлантирилди


Бухородаги масжид
Бухородаги масжид

Бухоро вилояти Бухоро тумани “Хонобод” МФЙ ҳудудида 1717 йил масжид ва хонақо учун қурилган бино жорий ҳафта новвойхонага айлантирилди.

Хонобод” МФЙ вакилининг Озодликка айтишича¸ бино шу пайтгача маҳаллий аҳоли тарафидан “Файзихон” масжиди дея аталиб¸ у ерда асосан жума нaмозлари ўқиб келинган.

Ўзбекистонда қадимий обидалар билан Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти шуғулланади.

Маданий мерос департаментининг Бухоро вилоят бошқармаси раҳбари Шерзод Маҳмудов бинонинг 1717 йил қурилганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра¸ бу бино¸ унга боғлиқ бўлмаган сабаб билан Маданий мерос обидалари рўйхатига кирмай қолган:

- Бино маданий мерос рўйхатига кирмаган. Бизнинг рўйхатда бўлмагани боис бино эксплуатациясига аралаша олмаймиз. Энди бориб рўйхатга оламан.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вакили эса Бухоро туманида “Файзихон” деган номдаги масжиднинг қайддан ўтмаганини айтди.

- Бухоро туманида тўртта масжид фаолият кўрсатади. “Имом Бухорий” жоме масжиди¸”Чор Бакр” “жоме масжиди¸”Хитоён” жоме масжиди¸ “Имом Аъзам” жоме масжиди. Аммо “Файзихон” деган масжид расман қайддан ўтмаган.

Маданий мерос департаментининг қадимий обидалар рўйхатига кирмаган¸ Мусулмонлар идорасида эса масжид сифатида рўйхатга олинмаган бу бино Хонобод МФЙ балансидаги кўчмас мулк сифатида қайд қилинган.

- Халқни нон маҳсулотлари билан таъминлаш ва туманда ишчи ўринлари очиш учун МФЙ ўзига қарашли бинода новвойхона очди. Барибир карантин пайтида масжид сифатида ҳеч ким фойдаланмай ëтувди¸ деди Озодлик гаплашган МФЙ вакили.

Озодлик тасарруфида 300 йил олдин масжид ва хонақо учун қурилган мазкур бинонинг жорий ҳафтада олинган суратлари бор.

Бухородаги масжид
Бухородаги масжид

Суратлардан бирида¸ бино пештоқига “Хонобод МФЙ новвойхонаси” деб ëзилган кўк рангдаги лавҳа осилган.

Яна бир расмда эса “Файзихон” масжиди ва “Хонақо” деб ëзилган икки мармар лавҳанинг деворга маҳкамлангани акс этган. Мармар лавҳаларда бинонинг маҳалла аҳли кўмаги билан таъмирлангани тожик тилида ëзилган. Мармар лавҳада бинонинг ҳижрий 1138 (милодий 1717) йилида қурилгани ва ҳижрий 1345 йили (милодий 1924) йилда таъмир қилингани кирилл ëзувида ëзилган.

Рўйхатларда йўқ..

Маданий мерос департаменти Бухоро вилоят бошқармаси вакилига кўра¸ бу мармар лавҳани давлат ўрнатмаган:

- Маҳаллий аҳоли ҳашар қилиб ўзлари ўрнатган. Давлат ўрнатса¸ лотин ëзуви ва давлат тилида ëзилган бўлар эди. Аммо биз бу қадимий бинони ўрганиб¸ унга белгиланган шаклда белги ўрнатамиз.

Масжид жойлашган маҳалла посбонининг Озодликка айтишича¸ ўтган йили маҳаллий аҳоли тарафидан таъмирланган бинода жума намозлари¸ йилда икки марта ҳайит намозлари диний идора изни бўлмаса ҳам ўқиб келинган.

Телеграмдаги маданий обидаларни асраш гуруҳи фаоллари ва Troll.uz саҳифасида “масжид биносининг новвойларга сотилгани” ҳақида ëзилди. Озодлик билан суҳбатлашган мулозим бу маълумотни тасдиқламади.

Уларга кўра¸ МФЙ мулки бўлган бинода МФЙ новвойхонаси ишламоқда.

Маданий мерос департаментининг яна бир мулозими Сундар Қорабоевнинг Озодликка айтишича¸ бино ҳақиқатан ҳам 300 йил олдин қурилган.

Қорабоев Озодликка тақдим қилган суратларда масжид ичида устига арабий хат нақш қилиб ўйилган қадимий ëғоч устунлар акс этган.

Бухородаги масжид
Бухородаги масжид

Қорабоевга кўра¸ бино тарихи шу устунлардаги ëзувларга қараб аниқланган ва яқин кунларда бу обида департамент назоратига олинади.

Ўзбекистон Маданият вазири матбуот хизмати раҳбари Озодлик билан суҳбатда¸ қадимий бинонинг новвойхонага айлантирилганидан хабардорлиги ва нон пишириш билан боғлиқ жараëн обидага зарар берадими ë йўқми¸ деган саволга жавоб топиш учун мутахассисларга топшириқ берилганлигини таъкидлади.

Ибодатхоналарнинг иккинчи умри

Дунëда бўшаб қолган ибодатхоналар биноларидан самарали фойдаланиш тажрибаси мавжуд.

АҚШнинг Питтсбург шаҳридаги бўшаб қолган авлиë Жон черкови 1993 йили ëпилиб¸ пиво пиширадиган корхонага айлантирилган эди.

Францияда йилига 20 дан зиëд католик черковлари сотувга қўйилади. Франция қонунларига кўра¸ маҳаллий ҳокимият ўз ҳудудидаги қавмсиз қолган ибодатхоналарни сотиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда ҳам бўшаб қолган масжидлардан мақсадли фойдаланиш йўлга қўйилган. Озодлик 2017 йилда Фарғона вилояти Данғара туманидаги "Кичик бойбуча" қишлоғида жойлашган икки асрлик масжиднинг мебель ишлаб чиқариш цехига айлантирилгани ҳақида ëзган эди.

XS
SM
MD
LG