Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:54

900 йил черков, 500 йил масжид, 100 йил музей бўлган Ayasofya можароси


31 май куни тонгда Ayasofya музейи ҳовлисида бомдод намозини ўқиётган мусулмонлар.
31 май куни тонгда Ayasofya музейи ҳовлисида бомдод намозини ўқиётган мусулмонлар.
Туркияда 6 асрда қурилган Ayasofya музейини масжидга айлантириш ташаббуси яна мунозаралар марказига кўтарилди. Айни талабни қувватлаган 10 миллион ортиқ одам имзоси ўтган ҳафтада ҳукуматга тақдим қилинди. 31 май куни тонгда эса минглаб мусулмон музей ҳовлисида намойишкорона бомдод намозини ўқиди.


Ayasofya масжид бўлишини истаган 10 миллион киши имзоси йиғилди

Замонавий турк давлатчилигининг дунёвий бошқарув тизими ва Туркиядаги мусулмон ҳамда насроний жамоалари учун бирдек муқаддас манзил сифатида қадрланган Ayasofya музейини яна масжидга айлантириш ташаббусини қувватлаган 10 миллиондан ортиқ одам имзоси ҳукуматга тақдим этилди.

Имзоларни тўплаган “Анадоли ёшлари уюшмаси” нодавлат ташкилоти матбуот хизмати вакили Муаммар Билгич имзо чекканлар Туркия ичкариси ва ташқарисидан эканини айтмоқда.

- Бу талабни қувватлаган 10 миллионга яқин одамнинг имзосини тўпладик ва халқнинг ихтиёрини ҳукуматга етказдик. Гап шундаки, Ayasofya - бу нафақат Туркия, балки дунё мусулмонлари учун фотиҳ Султон Меҳмет тортиқ қилган вақфдир. У бу бинони 500 йил аввал сотиб олган ва уни масжидга айлантирган. Бу бино, албатта, масжид учун берилиши керак. Ҳукумат аниқ жавоб берар, деган умиддамиз. Аммо, шу кунга қадар ҳукумат бу масалада олдинга бир одим бўлса-да, отмади ва биз бундан афсусдамиз, - дейди Муаммер Билгич.

Айни фикрда бўлган жамоат фаоллари бир неча йиллардан буён бу талабни такрор ва такрор ҳукуматга етказиб келмоқда.


Музей ҳовлисида ўқилган бомдод намози

31 май куни минглаб мусулмон Истанбул марказидаги яна бир йирик масжид - Султон Аҳмет масжидининг яқинида жойлашган Ayasofya музейи ҳовлисида бомдод намозини ўқиди.

Намозда дуога қўл кўтарганлар 5 аср давомида масжид вазифасини ўтаган бу муҳташам бинонинг музейга айлантирилиши тарихий хато бўлгани, унинг яна масжид ўлароқ очилиши эса адолатнинг тикланиши бўлиши ҳақида сўзладилар.

Бу намойишкорона ўқилган намоз айни талаб илгари сурилган биринчи оммавий тадбир эмас. 2012, 2013 йилларда ҳам бу музей ҳовлисида бир неча бор намойишкорона жамоат намозлари ўқилган.


"Ayasofya - фотиҳ Султон Меҳметдан қолган вақф"

“Анадоли ёшлари уюшмаси” нодавлат ташкилоти матбуот хизмати вакили Муаммар Билгич Ayasofya нафақат Туркия, балки дунё мусулмонлари учун қолдирилган вақфдир, деб таъкидлайди.

- 1453 йилда Истанбул фотиҳ Султон Меҳмет томонидан эгаллангач, Ayasofya ибодатхонаси сотиб олинган ва нафақат Туркия мусулмонлари, балки дунё мусулмонларига масжид сифатида тортиқ қилинган. Шундан то 1934 йилгача бу бинодан масжид сифатида фойдаланиб келдилар. 1934 йилда Туркияда бир партиялик тизим ҳукмрон эди ва халққа маълум қилинмаган бир шаклда бу масжид музейга айлантирилди. Орадан бир йил ўтиб, бу ҳаракат қонунийлаштирилди. Яъни, 1935 йилда бу қарорни қувватлайдиган қонун қабул қилинган. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси халқнинг иродасига қарши амалга оширилган, - деб ҳисоблайди туркиялик фаол.

Бу ибодатхонадаги илк намоз 1453 йилнинг 1 июлида ўқилган.


"Ният насроний ҳаққини чеклашмас, мусулмон ҳаққини тиклаш"

500 йил масжид бўлган мажмуани яна масжидга айлантириш талаби – Туркия ёки дунёдаги насроний жамоалари ҳақларининг чекланиши ёхуд уларга тегишли мулкниннг эгалланиши, мазмунидаги танқидларни ҳам туркиялик фаоллар инкор қилиб келади.

- Усмонлилар даврида бирор черков ёки яҳудий ибодатхонаси ёпилмаган эди. Аммо, сўнгги асрда булар ёпилди ва мана ҳозир шу ибодатхоналар бир-бир очилмоқда. Агар бунга эҳтиёжи бўлган диний жамоалар бўлса, албатта ибодатхоналари очилиши керак! Такрор айтаманки, инсонлар ўз эътиқодида эркин ибодат қилиш ҳаққига эга, қайси динда бўлишидан қатъий назар. Аммо, бу ерда Ayasofyaнинг ўрни бошқа. Чунки, у Султон Меҳметдан қолган мерос ва вақфдир. Бунга тарихда ҳужжатлар бисёр. Шу маънода, айнан шу мажмуанинг масжидга айлантирилиши, аниқроғи масжид ҳолига қайтарилиши мусулмонлар учун муҳимдир, - деб ҳисоблайди Муаммер Билгич.


"Масжидни музейга айлантириш ҳақидаги ҳужжат сохта"

2013 йилда бир неча тадқиқотчи Ayasofya масжидини музейга айлантириш қарорига Туркияда дунёвий давлатчилик асосичиси ҳисобланган Мустафо Камол Отатурк имзолаганига оид иддаолар ёлғон, деган даъво билан чиқдилар.

Бу даъволарни қувватлаган нодавлат ташкилотлар вакиллари ва хусусан, Туркиядаги Миллиятчилар партияси етакчиларидан бири Юсуф Ҳалачўғли Туркия парламентига Ayasofya масжидини масжидга айлантириш тўғрисидаги ҳужжатни тақдим қилди.

Аммо, бу даъволарга Эрдўғон ҳукумати томонидан жиддий муносабат билдирилмади.


"Ayasofya можароси сайловолди кампанияси бир қисми"

Туркиядаги жараёнлар, хусусан, бу муҳташам ибодатхона атрофидаги баҳсдан бохабар ўзбекистонлик фаол, шу кунларда Истанбулда яшаётган журналист Камолиддин Йўлдош бу масалани ўта мунозарали ва нозик масала, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, қарийб 77 миллион аҳолиси бўлган Туркияда айнан Ayasofyaнинг масжидга айланишини истовчилар аҳолининг 50 фоизини ҳам ташкил қилмайди.

- Мана бугун ҳам мен бир турк билан гаплашдим. "Истанбулдаги ҳар битта кўчада масжид бор, олдин уларни тўлдирайлик, агар шунда ҳам жой етмаса, кейин Ayasofyaни очсак бўлади", деяпти. Мен шу йил августда мамлакатда бўладиган президентлик сайлови олдидан яна кўтарилган бу талаб остида аслида диндорларнинг манфаати ёки миллат манфаатидан кўра кўпроқ Эрдўғоннинг сиёсий манфаатлари ётибди, деб биламан, - дейди ўзбекистонлик журналист.

Қуйида у билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00
Бевосита линк


Муқаддас София ибодатхонасини насронийларга қайтариш талаби

Бу улкан ибодатхона 1453 йилда масжидга айлантирилганида ҳам христиан олами норозиликларига сабаб бўлган ва ҳозирга келиб унинг яна масжид ҳолига келтириш ҳақидаги талаблар ҳам норозиликлар уйғотмай қолмади.

2007 йилда АҚШдаги бир гуруҳ таниқли бизнесмен ва сиёсатчилар Free Hagia Sophia Council – Муқаддас София ибодатхонасини озод қилиш кенгашини тузганлар. АҚШ Конгрессининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси йиғилишида ўша йили 20 июнда эшитувлар бўлиб ўтган ва Аясофини яна ибодатхона сифатида очиш талаби янграган эди.

Муқаддас София ибодатхонасини озод қилиш кенгаши ортидан пайдо бўлган халқаро ҳаракат президенти Крис Спиру йиллардан буён бу муҳташам ибодатхонанинг насроний диний жамоаси вакилларига қайтарилишини талаб қилиб келади.

Шунингдек, насроний диний жамолари бу ибодатхонанинг сотиб олингани ҳақида турклар илгари сурган даъволарни ҳам инкор қилиб келади.

Ғарбдаги баъзи тарихий манбаларда бу қадим ибодатхона биноси Усмонлилар томонидан аёвсизларча тортиб олингани, ундан жонини сақлаш учун қўрғон ўлароқ фойдаланган насроний эркаклар ўлдирилгани, аёл-қизлар жория ва канизак қилиб сотилганини ҳикоя қилади.

2013 йилда Муқаддас София ибодатхонасига айнан ўхшаш ва айни номда, аммо кичикроқ ҳажмда қурилган Трабзондаги музей ибодатхона суд қарори билан мсжидга айлантирилганида ҳам христаиан оламида норозилик кўтарилган эди.

31 май куни Истанбулда ўқилган бомдод намози Туркиянинг тақводор мусулмонларига суянган Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон президент сайлови арафасида сайловчиларига тортиқ ўлароқ Муқаддас София ибодатхонасини масжидга айлантириб юбориши мумкин, деган хавотирларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.

Туркияда президентлик сайлови шу йилнинг 10 августида бўлиб ўтади.


Ayasofya - 1 минг 500 йиллик нодир санъат асари

Бир неча турдаги мармар тошлардан қурилган ва турли рангдор, қимматбаҳо тошлар билан ишлов берилган, дунёда такрори бўлмаган Ayasofya мажмуаси ўз ўрнида 3 бора қайта қурилган энг қадимий ибодатхоналардан бири ҳисобланади.

Бинонинг баландлиги 55 ярим метр ва марказдаги қубба диаметри 31 метрдир.
Илк кез 324-327 йилларда – Византия империясининг энг йирик намоёндаларидан бири, буюк Рим императори Константин I томонидан қурилган ва Византия империяси пойтахти Константинополдаги энг муқаддас ибодатхоналардан бири ҳисобланган. Аммо, орадан 100 йилга яқин вақт ўтгач, халқ қўзғалонида ибодатхонани ёқиб юборишган.

Яна бир карра пойдевордан кўтарилган ибодатхонани 532 йилдаги ғалаёнда яна ёқиб юборишган.

532- 537 йиллар оралиғида эса Византия империяси олин даври давомчиси ўлароқ бу ибодатхона қурилишига киришган Юстиниан I ибодатхонани мармар тошлардан қуришга кўрсатма берган ва уни бугунги ҳолида қурдирган. Шундан сўнг қарийб 1000 йил давомида бу муҳташам бино насронийларнинг дунёдаги энг катта ибодатхонаси ўлароқ фойдаланилган.
XS
SM
MD
LG