Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:49

Зоминда президент келишига 45 даража иссиқда бюджетчилар йўл тозалашга чиқарилди(ВИДЕО)


Даштобод-Зомин автомобиль йўлидаги тозалаш ишлари
Даштобод-Зомин автомобиль йўлидаги тозалаш ишлари

Жиззах вилоят, Зомин туманидаги бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотларнинг ходимлари 17 июль куни, ҳаво ҳарорати 45 даражадан баланд эканлигига қарамай, Даштобод - Зомин автомобиль йўлининг икки четини ўт-ўландан тозалаш учун мажбуран чиқарилди.

Озодликка тиббиёт ходимларидан келган бу хабарни туман ҳокимлиги мулозими тасдиқлади.

Зомин туман тиббиёт бирлашмасига қарашли қишлоқ врачлик пунктларидан бирида ишлайдиган, ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, исми сир қолишини сўраган фаррошлардан бирининг айтишича, 17 июль куни эрталабдан улар йўл тозалашга мажбуран чиқарилган:

“Кеча ҚВП мудиримиз менга ва қоровулга эртага йўл тозалашга чиқасизлар деди. Бугун эрталаб ўроқ ва кетмон олиб чиқдик. Касалхонадан, бошқа ҚВПлардан ҳам юзга яқин санитаркалар, техник ходимлар бор эди. Ҳаммани катта йўл бўйлаб бўлиб чиқишди. Биз Лайлакуя деган посёлканинг олдидан ўтадиган катта йўлнинг икки четидаги ўт-ўланларни ўрдик, чопдик”.

Даштобод-Зомин автомобиль йўлидаги тозалаш ишлари
Даштобод-Зомин автомобиль йўлидаги тозалаш ишлари

Исми сир қолишини сўраган, туман касалхонасида ишлайдиган санитарканинг айтишича, ҳаво ҳарорати жуда баланд эканлигига қарамасдан улар ўт ўришга чиқишга мажбур бўлган:

“Кун жуда ҳам иссиқ, яна асфальт йўлнинг бўйи ёндираман дейди. Интернетда Зоминда 41 даража кўрсатяпти. Албатта, бу соядаги ҳарорат. Энди тасаввур қилинг, асфальт йўлдаги ҳароратни, камида 55-60 бор. Ёниб кетяпмиз, йўқ десак, ишдан кет дейишади. Нима, фақат ушоқдай маош оладиган санитаркаю қоровуллар балога қолганми? Йўл бўйига жавоб берадиган ташкилотлар борку.?! Нега уларнинг ишини биз қилишимиз керак? Ахир президентимиз ўзи менга кўзбўямачилик қилманглар, мен ҳамма жойдаги шароитни яхши биламан, деган эдиларку?! Ёки президентимиз туғилган юртни чиройли қилиб кўрсатиш учун пахта қўйишми бу?”

17 июль куни Даштободдан Зоминга борган, исми сир қолишини сўраган ҳайдовчилардан бири Озодликка ўзи олган бир қанча расмларни тақдим этди.

Бу расмларда одамларнинг йўл бўйида ўт ўраётгани, чопаётгани акс этган лаҳзаларни кўриш мумкин.

Даштобод-Зомин автомобиль йўлидаги тозалаш ишлари
Даштобод-Зомин автомобиль йўлидаги тозалаш ишлари

Ҳайдовчининг айтишича, йўл бўйлаб юзлаб одамлар ишламоқда.

Зомин туман тиббиёт бирлашмасининг ўзини таништирмаган мулозими, касалхона ва ҚВПлардан санитаркалар ва бошқа техник ходимлар мажбурий хашарга чиқарилганини тасдиқлади:

“Биздан ҳам анча одам чиқарилган. Бу ҳокимнинг буйруғи. Биз бир нарса деёлмаймиз”.

Зомин тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар йўл тозалашга чиқарилганини тасдиқлади:

“Ҳудудни тозалаяпмиз. Ҳамма ўз ташаббуси билан чиққан. Ён-атрофни, йўлларни тозалаш бу ёмон нарса эмаску?!”

Озодликнинг “нега энди ташкилотлар ходимлари иш вақтида, жазирама иссиқда тозалашга чиқарилди?” деган саволидан сўнг мулозим “аниқлаштириб, ўзим телефон қиламан”, деди-да алоқани узди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида қилган чиқишида, унинг ташрифи учун олдиндан тайёрланган кўзбўямачилик ишларини танқид қилиб шундай деган эди:

“Мен тайёргарлик қилмасин деб атрофимдаги каттаконларга ҳам топшириқ бераман, лекин кўп жойларда кўзбўямачилик бўляпти. Очиқ гап, бу менда нафрат пайдо қиладиган нарса. Бир пайтлар ўзим шунга қаршилик қилган ишларга бугун кўзбўямачилик қилиш, одамларни, айниқса ижтимоий соҳа одамларини, мактаб, ўқувчиларни мажбурлаб ободонлаштиришга, тайёргарликка чиқриб қўйишларинг бу фақат менга эмас, балки сиёсатга хиёнат.

Мен деворнинг орқасида нима борлигини, қайси кўча супирилганини, қайси дарахт йиқилиб ётганини жуда яхши биламан. Мен юрадиган йўлдаги нарсаларни бўяб қўйганларинг билан одамлар раҳмат демайди. Сизлар ана шу ишларинг билан душманларингнинг тегирмонига сув қуяяпсизлар.

Барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантирмоқчиман. Агар бундан буён ташриф олдидан бирорта ҳудудда врач, ўқитувчи, талабани ободонлаштришга жалб қилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Қонун олдида мен сизларни ҳаммаларингни жазолайман”.

XS
SM
MD
LG