Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Кон остида қолган 30 олтин изловчи қутқарилди, ФВВ шахтани ёпиб ташлади


Таркибида олтин бўлган руда тегирмонда ун қилиниб ана шу тарзда ювилади
Таркибида олтин бўлган руда тегирмонда ун қилиниб ана шу тарзда ювилади

Самарқанд вилоят, Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конида тош босиб ҳалок бўлган ғайриқонуний олтин изловчи йигитнинг ўлими ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси ходимлари воқеа жойига бориб вазиятни ўрганди.

Озодлик 17 январь кунги материалида кон остида 30 дан ортиқ олтин қазувчи қолиб кетгани, уларни яқинлари қутқаришга уринаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси расмийсига кўра, вазирлик қутқарувчилари воқеа жойига етиб боргач, конда ҳеч ким қолмаганини аниқлаган.

Кон остида қолган 30 олтин изловчи қутқарилди, ФВВ шахтани ёпиб ташлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармасининг ўзини таниширмаган мулозимига кўра, ғайриқонуний олтин қазувчиларнинг ўлими содир бўлган Қорақўтан олтин конининг давлат томонидан фойдаланиб бўлинган шахтаси оғзи ёпиб ташланган:

“Ноқонуний олтин изловчиларнинг шахта босиб қолгани ҳақидаги хабарни биз кейин эшитдик ва ходимларимизни ўша ерга юбордик. Чунки, улар жавобгарликдан қўрқиб, ноқонуний иш қилишгани учун бизга хабар бермаган. Бизнинг ходимлар етиб борганда, 17 январь куни бир кишининг ўлиги кавлаб олиниб, дарҳол кўмилганини, 3 киши турли жароҳатлар олганини, лекин улар шифокорга мурожаат қилмаганини аниқлаган. Ходимларимиз шахтада бошқа одам қолмаганини аниқлагандан сўнг, кирадиган жойни бульдозер билан ёпиб ташлаган”, деди мулозим.

Пахтачи туманининг Тома қишлоғидаги маҳалла фаолларидан бири милиция ва ФВВ ходимлари воқеа содир бўлганидан сўнг бир кун ўтиб воқеа жойига борганини айтди:

“Милиция ходимлари ва МЧС бир кундан сўнг у ерга боришган. Айтишларича, тош босиб шахта йўлини ёпиб қўйганларнинг яқинлари ўзлари йўл очиб қолганларни чиқариб олишган. Қарийб ўттиз киши қутқарилган”, деди маҳалла фаоли.

Қутқарилган йигитлардан бири дўстининг Озодликка айтишича, олтин қидирувчиларнинг ҳалокатига тўсинлардан бирининг қулаши сабаб бўлган:

“Ўртоғимнинг айтишича, улар 200-300 метр узунликдаги, лабиринтдай бўлиб ётган шахтанинг ичига кириб, руда қазишга киришишган. Бу фойдаланиб, ишлаб чиқариш тўхтатилган ва ташлаб кетилган шахта. Унинг ичига кўзни ачиштирадиган қандайдир нарса сепиб кетишади экан. Булар эса, ҳимоя воситаларини тақиб киришган. Давлат ишчилари, шахтани томи тушиб кетмаслиги учун ҳар жойда тоғ жинсларидан табиий устун қолдиришади экан. Булардан қайси бири ана шу устунлардан биттасини синдириб руда олмоқчи бўлган экан, тепа тушиб кетибди. Тошу тупроқ йўлни ёпиб қўйибди. Кимнидир босиб қопти, кимдир қочишга улугурибди, қолганларни кейин чиқариб олишибди. Унинг айтишича, икки киши ўлган. Улардан бири Тома қишлоғидан, иккинчиси Султонобод қишлоғидан”, дейди пахтачиликлардан бири.

Унинг айтишича, ўша пайтда ичкарида ўттиздан ортиқ одам бўлган.

Пахтачи туманида яшайдиган Озодликнинг бошқа манбаси ҳам қурбон бўлганлар икки нафар бўлганини айтди:

“Бугун маҳалладошларим билан гаплашдим. Улар кеча кондан яна бир йигитнинг жасадини олиб келишганини ва 18 январь куни жанозаси бўлганини айтишди”, дейди манба.

Аммо, Тома қишлоғидан бўлган 24 яшар йигит ўлганини тасдиқлаган расмий манбалар, яна бир киши бу воқеада ўлганини тасдиқламади.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, ғайриқонуний олтин изловчилардан икки нафари қўлга олиниб, ушбу воқеа юзасидан сўроқ қилинаётганини айтди.

Қорақўтан олтин кони Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб, илгари у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинган.

Айни пайтда бу шахталарнинг эксплутацияси тўхтатилган ва шахталарнинг кириш йўллари ёпиб ташланган.

Лекин, ғайриқонуний олтин қидирувчилар бу шахталарни ўзлари очиб, қўлбола усулда руда қазиб олиб чиқадилар.

Бу руда конга яқин бўлган, Зиёвуддин шаҳарчаси, Черёмушка посёлкаси ва Қарноқ ота деган қишлоқларда қўлбола цехларда ювилади ва номаълум шахсларга сотилади.

Озодлик радиоси Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Қорақўтан конида ғайриқонуний гуруҳлар олтин қазиётгани ҳақида аввал хабар қилган эди.

2014 йилнинг сентябрь ойида Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конида ғайриқонуний равишда олтин қазиб олувчиларни қора ниқоблилар босган эди.

XS
SM
MD
LG