Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:02

Қорақўтанда ўнлаб ғайриқонуний олтин қазувчи кон остида қолди, камида 1 киши ўлди


Пахтачи туманидаги ғайриқонуний олтин ювиш қўлбола цехларидан бири
Пахтачи туманидаги ғайриқонуний олтин ювиш қўлбола цехларидан бири

16 январь куни Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қорақўтан олтин конининг Пахтачи туманидаги ташландиқ шахтасида ғайриқонуний олтин қидириш билан машғул бўлган бир неча ўн одамни тош босиб қолди, камида 1 киши ҳалок бўлди.

Воқеадан хабардор пахтачиликлардан бири Озодликка юборган бу хабарни Пахтачи туман ҳокимлиги мулозими тасдиқлади.

Хабарларга кўра, айни пайтда кон остида қолган бошқа одамларни қидириш ишлари давом этяпти.

Қорақўтанда ўнлаб ғайриқонуний олтин қидирувчини тош босиб қолди, бир киши ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:51 0:00
Бевосита линк

Пахтачи туманининг Тома маҳалласида яшаган 24 яшар йигитнинг олтин қидириш чоғида тош босиб ҳалок бўлганини, исми сир қолишини сўраган ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган мулозим тасдиқлади:

“Бу йигитнинг исмини билмайман. Тома қишлоғидаги Фарҳод ака деган одамнинг 1984 йилда туғилган ўғли экан. Бугун жанозаси бўлди. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотга кўра, бошқа тумандан бўлган яна бир одамнинг ўлигини ҳам олиб чиқишган. Мен суҳбатлашган одамларнинг айтишларича, ташландиқ конда қарийб эллик нафар ғайриқонуний олтин қазувчилар бўлган. Шулардан қарийб ўттиз нафари қочиб чиқишга муваффақ бўлган. Ҳозир одамларнинг ўзлари қолганларни қутқариш билан машғул экан. Бу ҳақда милицияга хабар берилмаган. Расмий мурожаат бўлмагани учун милиция эшитса ҳам, бу ишга аралашмаяпти”, деди мулозим.

Пахтачи туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабари йўқлигини айтди:

“Бизга бу ҳақда хабар келмаган, мурожаат ҳам қилишмаган”, деди навбатчи инспектор.

Пахтачи туман ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими эса бу хабарни тасдиқлади:

“Биз ҳам эшитдик бу воқеани. Бундай воқеалар бўлиб туради. Одамлар ғайриқонуний иш қилгани учун ўлим ҳолати бўлса ҳам индамай олиб кетишади, милицияга ёки қутқарувчиларга хабар беришмайди. "Маҳалла" жамғармаси фаолларидан бирининг менга айтишича, ҳақиқатан ҳам бугун Тома маҳалласида тош босиб ўлган йигитнинг жанозаси бўлган экан. Мен олган маълумотга кўра, яна тўрт киши касалхонага олиб кетилган, уларнинг икки нафарининг аҳволи оғир, дейишяпти”, деди ҳокимлик мулозими.

Унинг айтишича, бу ташландиқ конга олтин қидиргани Ўзбекистоннинг ҳамма минтақасидан одам келади:

“Пахтачининг ярми ўша ерда ҳозир. Қўшни туманлардан, Навоийдан, ҳатто водийдан ҳам келади одамлар. Ҳеч ким эплай олмаяпти. Милиция ҳам ташлашди бўлмади, қора маска ҳам босди бўлмади, товар бор, харидор бор. Ишсиз одамларнинг ҳаммаси ўша ерда”, деди мулозим.

Ғайриқонуний олтин қазувчилар билан таниш бўлган пахтачиликлардан бирининг айтишича, бундан тўрт йил аввал Қорақўтанга туташ қишлоқлардаги ғайриқонуний олтин ювадиган цехларни “қора ниқобли”лар босганидан сўнг, бир муддат бу иш тўхтаган эди:

“Ўшанда автоматлар билан қуролланган қора маскалилар элликдан ортиқ одамни ушлаб кетган, уйларидаги олтин ювиш қўлбола ускуналарини мусодара қилишган эди. Кейин тахминан 3-4 ой одамлар қўрқиб, олтин қазишга чиқмай қўйган эди. Лекин яна аввалги ҳолат қайтди. Одамлар қўрқмай 80-100 метр чуқурликдаги шахтага тушиб кетишади. У ердан руда қазиб олишади ва бу рудани махсус қўлбола цехларда ювиб, ичидан олтинни ажратиб олишади. Бу олтиннинг махсус харидорлари бор. Айтишларича, асосий харидорлар Тошкентдан келар экан”, деди манба.

Қорақўтан олтин кони Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб,илгари у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинган.

Айни пайтда бу шахталарнинг эксплутацияси тўхтатилган бўлиб, шахталарнинг кириш йўллари ёпиб ташланган.

Лекин, ғайриқонуний олтин қидирувчилар бу шахталарни ўзлари очиб, қўлбола усулда руда қазиб олиб чиқадилар.

Бу руда конга яқин бўлган, Зиёвуддин шаҳарчаси, Черёмушка посёлкаси ва Қарноқ ота деган қишлоқларда қўлбола цехларда ювилади ва номаълум шахсларга сотилади.

Озодлик радиоси Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Қорақўтан конида ғайриқонуний гуруҳлар олтин қазиётгани ҳақида аввал хабар қилган эди.

2014 йилнинг сентябрь ойида Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конида ғайриқонуний равишда олтин қазиб олувчиларни қора ниқоблилар босган эди.

XS
SM
MD
LG