Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:52

Кластер фермерлардан биринчи навга қабул қилган пахтага паст нархда ҳақ тўлаяпти


“Сайёра фаввораси” МЧЖ ўтган йили ҳам фермерларнинг пахтасига кам ҳақ тўлаган эди.
“Сайёра фаввораси” МЧЖ ўтган йили ҳам фермерларнинг пахтасига кам ҳақ тўлаган эди.

Андижон вилоят, Бўстон туманилик фермерларнинг айтишича, тумандаги кластер корхона - “Сайёра фаввораси” МЧЖ фермерлар пахтаси нархини сунъий равишда пасайтириб, ҳақ тўламоқда.

Бу ҳолат, Озодликка шикоят қилган фермерларга кўра, иккинчи йил давом этмоқда, яъни кластер пахтани биринчи нав, иккинчи синфга қабул қилиб олган, аммо иккинчи нав, биринчи синф сифатида ҳақ тўлаган.

Кластер раҳбарлари Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Бўстонлик фермерларнинг иддао қилишича, улар кластернинг бу “ўйини”дан ўнлаб миллион сўм зарар кўряпти.

“Ойбек” фермер хўжалиги раҳбари Йўлчибой Турсуновнинг айтишича, президент фермерларнинг меҳнати самарадорлиги ошиши ва уларнинг кўпроқ манфаатдор бўлиши ҳақида қайғуриб, бир қанча қарор чиқарган, аммо кластер деҳқонларнинг меҳнат ҳақидан уриб қолишда давом этмоқда:

150 тонна пахта топширган бўлсам, 60 миллион сўм зарар кўряпман

“Сайёра фаввораси” кластери 2019 йилдан буён пахта пулини тўлиқ бермайди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан эълон қилинган нархларга тупириб қўйган. Ҳар йили бир кило пахтамизнинг нархидан 350-400 сўмдан йўқотяпмиз, бу йил ҳам шундай бўлди. Белгиланган нархга кўра, 1 нав, 2 синф, “Андижон-35” пахтанинг харид нархи 6850 сўм. Пахта пункти худди шундай сифатда қабул қилиб олган ва бунга ҳужжат ҳам берган. Аммо кластер 2 нав, 1 синфдаги “Андижон -37-36” да қабул қилиб оляпти. Бу хил пахтанинг нархи эса 6512 сўм. Ҳар кило пахтадан 338 сўм йўқотдим. 150 тонна пахта топширган бўлсам, 60 миллион сўм зарар кўряпман”.

Фермернинг айтишича, туманда 108та пахтачилик фермер хўжалиги бор. Агар улардан ҳам асоссиз камайтирилган пахта пули ҳисобланса астрономик маблағ ҳосил бўлади.

“Амрилло” фермер хўжалиги раҳбари Ҳикматилло Қодировнинг айтишича, сув танқислигига қарамай қаттиқ азоб билан етиштирган пахтасига кам ҳақ тўланган:

Меҳнатга яраша ҳақ тўланмаса одамга оғир ботади экан

“Килосига 6512 дан берди. 180 тонна топширдик. Менинг ерим “Янги ҳаёт”деган жойда, охирида, сув бормайди. Зовурдан ариққа ташлайман сувни, пахта пайтида моторларим куйиб кетди. 100 миллион сўм пул сарфладим. Кластерга ҳам, сув хўжалигига ҳам айтганман, ҳеч қандай ёрдам йўқ. Айниқса пахтани шунчалик қийинчилик билан яратаман, молим ўт ейдиган жойга ҳам пахта экаман, тўғриси. Меҳнатга яраша ҳақ тўланмаса одамга оғир ботади экан”.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасдиқлаган пахта харид нархи.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасдиқлаган пахта харид нархи.

Озодлик суҳбатлашган яна тўрт нафар фермер ҳам пахтасини биринчи нав иккинчи синфга топширгани, аммо кластер иккинчи нав биринчи синф ҳақини тўлаганини айтди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг пахта нархи ҳақида вилоят ва туманларга юборилган мактубида минимал нарх ҳақида шундай ёзилган:

“Ўзбекистонда етиштирилган тўртинчи тип иккинчи нав биринчи синф 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 6 512 минг сўмни ташкил этади”.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг пахта нархи ҳақидаги мактуби
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг пахта нархи ҳақидаги мактуби

Бўстонлик фермерлардан эса пахта бешинчи тип, биринчи нав иккинчи синфда қабул қилиб олинган ва бунда вазирлик тақдим қилган рўйхатга кўра бир тонна пахтанинг нархи 6 850 минг сўм қилиб кўрсатилган.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, “Сайёра фаввораси” МЧЖ кластер корхонаси раҳбарлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаб берган нархларга “тупуриб қўйиб”, ўзи хоҳлаган нархда пул тўлаяпти:

“Кластер раҳбари Ботир Қодиров пахта пулини кам тўлашдаги 300-400 сўмлик фарқдан биргина Бўстон туманида 2020 йилда 7 миллиард, 2021 йилда 10 миллиард сўм уриб қоляпти. Кластердан ҳамма норози, лекин қўрққанидан ҳеч ким эътироз қилолмайди. Ботирбойни Олтинкўл туманида ҳам кластери бор, олтинкўлликларга ҳам ўтган йили пахта пулини кам тўлаган эди, бироқ олтинкўллик фермерлар кластер билан судлашиб ютиб чиқишди ва кластер уларга эълон қилинган минимал нархда тўлашга мажбур бўлди. Ботирбой вилоят кенгаши депутати, ўзи депутат бўла туриб Президент қарорларини, ҳукумат топшириқларини бажармаяпти. Фермерларни ҳар томондан эзмоқда”.

Озодлик “Сайёра фаввораси” МЧЖ раҳбари Ботир Қодировга қўнғироқ қилди, аммо унинг телефони ўчирилгани боис боғланишнинг имкони бўлмади.

“Сайёра фаввораси” МЧЖнинг Бўстон туманидаги вакили Акмал Раҳмонов Озодликнинг саволини эшитиши билан, “бу телефонда гаплашадиган гап эмас”, деб алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Кластер корхонаси юристи Комил исмли шахс, Озодликка "юрист эмас, балки корхонада оддий оператор бўлиб ишлаши ва саволларга жавоб бериш ваколати йўқ"лигини айтди.

“Сайёра фаввораси” МЧЖ кластер корхонаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаган нархдан паст нархда ҳақ тўлагани ҳақида Озодлик 2020 йилнинг декабрь ойида ҳам хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG