Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:56

"Деҳқоннинг пешона терини берсин!" - Андижондаги кластер фермерларнинг пахта пулини тўламаяпти


Кластерларнинг пахта пулини вақтида бермаслиги Ўзбекистонда тизимли муаммо экани айтилади.
Кластерларнинг пахта пулини вақтида бермаслиги Ўзбекистонда тизимли муаммо экани айтилади.

Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги ягона кластер корхонасига пахта сотган фермер хўжаликлари 2020 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Туман ҳокимлигининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича мулозими кластернинг фермерлардан қарзи 1 миллиард сўм атрофида эканини айтди.

Озодлик пахтани фермерлардан шартнома асосида сотиб олган “Sof Tex” МЧЖ кластер корхонаси раҳбари билан боғлана олмади.

Корхона иш юритувчиларидан бири пул кечикаётганига коронавирус пандемиясини сабаб эканини даъво қилди.

Улуғнор туманидаги “Собитхон ота” фермер хўжалиги “Sof Tex” МЧЖ кластер корхонасига ўтган йили 138 тоннадан зиёд пахта сотган.

Олинган ҳосилни толага айлантириб сотишга мўлжалланган кластер корхонаси шартнома бўйича фермерларга 2020 йилги ҳосил пулини 31 декабргача тўлаб бўлиши керак эди.

“Собитхон ота” фермер хўжалиги раҳбари Элёрбек Ҳакимов кластернинг 36 миллион сўмлик қарзи борлигини айтади.

“Март ойи бошланяпти, кластер ўтган йилги ҳосил учун пулни тўлиқ тўламаган. Ўтган йил режадагидан 10 миллион тоннага кўп қилиб сифатли пахта топширдик. Шартнома бўйича 4520 сўм ҳар бир кило пахта учун бериши керак. Президент қарорига кўра, ёқилғи нархи кўтарилгани ҳисобига қўшимча 260 сўмдан ҳар кило пахта учун бериши керак эди. 138 тоннадан ошиқ пахта топширган бўлсак, 36 миллион сўмдан ортиқ пулни бермаяпти. Янги ойга ўтдик иш бошлай олмай турибмиз. Ишчиларга аванс сифатида пул берилиши керак, ойликларини беролмаяпмиз”, - дейди Элёрбек Ҳакимов.

Озодлик Улуғнор туманидаги яна икки фермер билан гаплашди. Улар ҳам ҳосил пулини ололмай, сарсон бўлаётганларини айтишди.

"Кластер ўғит ва суғурта учун ҳосил пулидан ушлаб қолмоқда"

“Шердор” фермэр хўжалиги раҳбари Шохруҳ Мамажоновга кўра, кластер билан боғлиқ муаммо фақат ҳосил пулининг кечикаётгани эмас.

“Кластер пахтани эски нархда қолгани етмагандай, ўғит учун ҳосил пулидан 7 фоиз устама ҳам ушлаб қоляпти. Пахтамизни пули ҳисобидан ушлаб қоляпти. Биржадан 2 минг сўмдан олинган бўлса бизга устига етти фоиз қўшилиб келяпти. Омборда, сақлаганимиз учун, деб. Лекин, фурада тўғри бизга олиб келади. Бундан ташқари суғуртага, деб ҳосил пулидан ушлаб қоляпти. Суғуртага пул ўтказган, қайси суғуртага кетганини билмаймиз. Арзимаган пул қоляпти, шуни ҳам кечиктиряпти. Ерга қўшимча ўғитлар соляпмиз, ҳосилдорликни оширяпмиз, пахтани сифатини ҳам яхшилаяпмиз. Ўтган йили ўртача 35 центнердан пахта олдик. 2019 йилги ҳосил учун ўтган йили февралгача тўлаб берганди, бу йил энди мана бунақа бўляпти. Пулни тўламаса агротехника ишларини бошлай олмаймиз, ишимиз кечикади - дейди Мамажонов.

Исми очиқланишини истамаган фермерлардан бири кластерни судга бериш ниятида.

“Чунки имзоланган шартномада агар вақтида тўламаса 4 фоиз пеня билан тўлайди, деган банди бор. Уч ой кечикяпти, биздан 74 миллион қарзи бор, кунига 4 фоиздан пения минса ҳисоблайверасиз”, - деди Улуғнор туманидаги фермер хўжалигининг исми очиқланмаслигини истаган раҳбари.”

"Пандемия сабаб муаммо бўлиб қолди"

Фермерларга ўтган йилги ҳосил пули кечикаётгани сабабини сўраб Озодлик Sof Tex” кластер корхонаси раҳбариятига қўнғироқ қилди.

Корхона раҳбари Иқболжон Раимжоновнинг кўл телефонига қилинган қўнғироқларга кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзини Нодиржон деб таништирган корхона иш юритувчиси пандемия туфайли ип-калавага ҳаридор йўқлигидан тўловлар кечикаётганини айтди.

“Пандемия сабаб муаммо бўлиб қолди, шу ҳафта ҳал бўлади ”, - деди кластер иш юритувчиси.

Кластернинг фермер хўжаликларидан жами қанча? Бу саволга иш юритувчи 10 дақиқада қайта телефон қилинг, кейин айтаман, деб жавоб қилди.

Лекин, унга 10 дақиқа ва ундан кейин ҳам қайта боғланиб бўлмади.

Улуғнор туман ҳокимлигининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича мулозими кластернинг фермерлардан қарзи 1 миллиард сўм атрофида эканини айтди.

“Биз ҳам баҳорги ишларни бошлаш учун фермерларга шу пулини ундириб беришга ҳаракат қиляпмиз. Кеча шу масалани гаплашувдик. Аҳир буларни (таҳр.фермерларни) кредит олиб қўйгани бор, техникадан қарзи бор”, - дейди ҳокимлик мулозими.

Мирзиёев кластери

Озодлик суҳбатлашган фермерларга кўра, кластерларнинг ҳосил учун пул тўламаслиги ёки кечикиб тўлаши тизимли муаммога айланиб улгурган.

“2020 йилги ҳосил пули кечикишига пандемия сабаб бўлган бўлса, ундан олдинги йиллари нима сабаб бўлди экан. Булар пахтани қайта ишлаб, сотиб бўлишган. Шуни пули қаерда? Меҳнат қилган деҳқонни пешона терисини бериши керакку. Олдин деҳқонни рози қилиши керак. Бу фақат бу йил бўлаётган нарса эмас. 2019 йилги ҳосил пулини феврал ойи оҳирида икки ой кечикиш билан олган эдик, кечиккани учун 4 фоизлик пеня бермаганди ўшанда ҳам.. Бу биргина бизни туманда эмас, бошқа туман ва вилоятларда ҳам шу аҳвол. Кластерга ўтилди, пул кечикишни бошлади. Илгари давлатга топширар эдик, вақтида олар эдик. Пулни кечикиши кейинги ҳосилга таъсир қилади. Чунки ҳозир пул йўқлигидан баҳорги ишларни бошлай олмай турибмиз. Ерни текислаш керак, тракторга саляркани нақд пулга оламиз. Қўлдан 5 800 сўмдан оламиз. 38 гектар ерим бор, пул бўлмаса трактор жойидан жилмайди”, - дейди фермер.

Ўзбекистонда пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан уч йил аввал бошланган эди.

Британиядаги Ulster университетининг криминология профессори Кристиан Ласслетт ўтган йилги тадқиқотида Ўзбекистондаги кластерлар фаолиятида шаффофликнинг деярли йўқлигига эътибор қаратганди.

“Биз кластерларга¸ шартли равишда уч хил рангдаги байроқ бериб чиқдик. Яшил - фаолияти очиқ ва шаффоф ¸ зарғалдоқ -жамоатчилик учун очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ¸ қизил эса бошқарув фаолияти нафақат ахлоқ¸ балки пул ювиш бўйича гумонларга элтувчи жиҳатлар туфайли ҳам ëмон деб топилган кластерларга берилди. Ҳайратланарли жиҳати¸ Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида ташкил этилган кластерларнинг 49 фоизи зарғалдоқ¸ 41 фоизи эса¸қип-қизил бўлиб чиқди. 90 фоиз кластерга оид маълумот ëки умуман йўқ¸ ëки борлари ниҳоятда шубҳалидир”, - деган тадқиқотчи Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка мунтазам хабар йўллаëтган ўзбекистонлик фермерлар¸ кластер тизими жорий қилиниши ортидан ўзларининг яхши ишлов берилган ерлари ҳокимиятга яқин шахс ва гуруҳларга ноқонуний равишда олиб берилганидан шикоят қилишган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев жорий қилган кластер тизими ҳақидаги тахлилий мақолани бу ерда ўқинг.

XS
SM
MD
LG