Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:23

156 фермер "Мирзиёевларга қариндош" кластердан норози. Аммо танлаш ҳуқуқи йўқ


"Сангзор Текстил" МЧЖнинг пахта тозалаш корхонаси. Жиззах вилояти, Дўстлик тумани.
"Сангзор Текстил" МЧЖнинг пахта тозалаш корхонаси. Жиззах вилояти, Дўстлик тумани.

Жиззах вилоят, Дўстлик туманидаги 156 фермер улар билан уч йилдан бери ишаётган “Сангзор Текстил” кластеридан норози бўлиб бошқа ташкилот, “Жиззах Кентекс” кластери билан январь ойида шартнома тузган.

Фермерларнинг айтишларича, “Сангзор Текстил” кластер корхонасининг шартномадаги шартларни бажармагани, фермерларнинг ҳақини ҳар томондан уриб қолаётгани уларни бошқа кластер билан шартнома тузишга мажбур қилган.

Аммо “Жиззах Кентекс” билан тузилган шартномалар бекор қилдирилган ва фермерлар Мирзиёевнинг қудасига тегишли эканлиги айтилаётган “Сангзор Текстил”дан бошқасини танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Фермер хўжаликлари ўз вилоятидаги исталган кластер билан ихтиёрий шартнома қилиш мумкинлиги ҳақидаги 2021 йил 16 ноябрдаги президент фармони ҳам иш бермаган.

Ўтган йилнинг 16 ноябрь куни президент “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Бу фармонга кўра, фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилди.

“Сангзор Текстил” билан уч йил ишлаб ундан рўшнолик кўрмагани, ҳақ-ҳуқуқлари мунтазам поймол қилиб келинганини айтган фермерлар, ана шу имкониятдан фойдаланиб, январь ойидан бошлаб вилоятдаги бошқа кластер “Жиззах Кентекс” билан шартнома тузишга киришди.

Дўстлик туманидаги 156 фермер хўжалиги бу кластер билан жорий йилнинг январь ойида шартнома имзолади.

Исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, "Жиззах кентекс" “Сангзор Текстил”га нисбатан қулай вариантларни фермерга таклиф қилган:

“Жиззах Кентекс” вакиллари туманимизга келди, фермерлар билан йиғилишлар ўтказди. Улар берган таклифлар бизга жуда маъқул келди. Масалан, “Сангзор” берган кредитига 14 фоизгача биздан оларди, бу умуман фоиз олмайман, деди. “Сангзор” ёнилғи берса ўндан бир қисмини уриб қоларди. Масалан, бир тонна олсангиз, юз литр конкрет устига минади. “Сангзор” дориларни жуда қиммат ўтказади. Масалан, бултур кўсак қуртига қарши ўзи олиб келган дорини қиммат нархида мажбурлаб ўтказдирди. Ишонасизми у доридан битта ҳам кўсак қурти ўлмади. Ҳосил хавф остида қолди. Ўзимиз Бекободдан нақд пулга ўзимиз дори сотиб олиб келдик ва ҳосилни сақлаб қолдик”.

Фермернинг айтишича, “Сангзор Текстил” пахтани қабул қилишда 8-10 фоизгача скидка уриб қолган. Фермерлар пахтани топшириб бўлганидан сўнг, пахтани қуритиш баҳонасида яна уларнинг ҳисобидан пул ушлаб қолганидан ҳам норози бўлган.

Исми сир қолишини сўраган фермерга кўра, улар “Сангзор Текстил” билан уч йил ишлаб, "бўғизларигача қарзга ботиб қолган":

“Бизнинг бошқа кластерга ўтишимизнинг сабаби, пахта планини бажарсак ҳам, ғалла планини бажарсак ҳам, "Сангзор" бизни товонимизгача эмас, бўғзимизгача қарзга ботириб ташлади. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва ҳокимимиз йиғилиш ўтказди. Мен ўша ерда айтдим, бераётган соляркасининг устига ўн фоиз олса, банк хизматларига катта пул олса, кредитни улар олсаю, унинг фоизи бизнинг бўйнимизда бўлса, оддий процентшиклар бўлса, биз шартномани бошқа билан қиламиз, дедим. Кўрамиз, ўрганамиз дейишдию, бирор натижа бўлмади. Яна "Сангзор" билан шартнома қилишга мажбурлашяпти”.

Озодлик яна ўнга яқин фермер билан гаплашди. Уларнинг ҳаммаси ҳам кластер танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилаётганини айтди.

Фермерларнинг айтишларича, улар бу ҳолатга жим, қўлини қовуштириб қараб турмаган. Ҳуқуқлари поймол бўлаётгани ҳақида Ўзбекистон президентига, Бош прокуратурага шикоят аризаси ёзишган.

Март ойининг бошида Дўстликдаги маданият саройида Жиззах вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов ва туман ҳокими Шавкат Дарвишев фермерларни йиғиб мажлис ўтказган.

Бу йиғилишда муаммони ўрганиш учун Шокир Саидов бошчилигида ишчи комиссияси тузилгани ва ўрганиб чиқилиши айтилган.

Аммо орадан бир ой ўтиб бораётган бўлса ҳам фермерлар аросатда қолмоқда.

Фермерларнинг “Сангзор текстил” билан ишлашга маҳкум этилгани, уларнинг бошқа кластер танлаш имкони йўқлиги раҳбарлар томонидан айтилган.

Фермерларнинг иддао қилишича, бунга вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ойбек Ашурматов тўсқинлик қилмоқда. У президент оиласига қуда бўлган кластернинг тарафини олиб, фермерларнинг кластер танлаш ҳуқуқини бузмоқда.

Озодлик олган маълумотларга кўра, расмийлар “Жиззах Кентекс”га фермерлар билан шартнома қилишга имкон берилмаганини Дўстлик туманидаги ерлар “Сангзор Текстил”га бўлиб берилганини баҳона қилмоқда.

Дўстлик туманида йигирмадан ортиқ фермер яна бир кластер - “Силвер Лайв” билан мустақил шартнома тузган. Бу кластер фермерларга ҳеч қандай устамасиз ёнилғи ҳам етказиб берган.

Аммо улар тузган шартнома туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлимида тасдиқланмаган ва бу фермерлар яна “Сангзор Текстил”га қайтарилишидан хавотирда.

“Сангзор Текстил” кластер корхонаси ҳаиқда Озодлик илгари ҳам ёзган эди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида “Сангзор текстил МЧЖ” кластер корхонаси Дўстлик тумани фермерларига томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатиб бериш мақсадида уларнинг номига ҳар гектар ер ҳисобига 25 миллион сўмдан кредит расмийлаштирган эди.

Фермерларнинг айтишларича, ускуналар келтирилиб фермерлар шийпонларига қўйилган, лекин шартнома бўйича уларни ўрнати ва ишлатиб бериш вазифаси бажарилмаган.

Фермерлар эса ишлатилмаган бу тизим учун кредит ва унинг фоизини тўлашга мажбур бўлаётганликлари ҳақида шикоят қилган эдилар.

Хўш, фермерларни ўзида олиб қолиб қилишга мажбур қилаётган “Сангзор текстил” кластер корхонаси кимга тегишли?

Реестрдаги маълумотларга кўра, “Сангзор текстил МЧЖ”нинг таъсисчиси Жиззах вилоят, Ғаллаорол туманидан бўлган тадбиркор Диёр Бозоров.

Дўстлик туманидаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган мулозимнинг айтишича, Диёрнинг отаси, Бахмал туманининг Сангзор қишлоғида туғилган марҳум Ғофирбой Бозоров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қудасидир.

Унинг сўзларига кўра, Президент амакисининг ўғли, айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган Мухтор Мирзиёевнинг қизи Бозоровлар хонадонига келин бўлиб тушган.

Бозоров ва Мирзиёевлар қуда эканлигини Жиззах вилояти ҳокимлигида ишлайдиган бошқа манба ҳам тасдиқлади.

“Сангзор текстил МЧЖ” ижрочи директори Отабек Хўжаметов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Озодлик Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Ашурматовнинг қабулхонасига қўнғироқ қилиб, ундан бу масалага муносабат олмоқчи бўлди. Аммо Озодлик қўнғироқлари жавобсиз қолди.

Жиззах вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидовнинг қабулхонаси котиби Турсунбой Суяров “Дўстлик” тумани фермерлари муаммосидан хабари борлигини ва бу масалани яна бошлиққа етказиши ва ўзлари Телеграм канали орқали боғланишини айтди, аммо ҳеч ким боғланмади.

Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев ёрдамчиси Камолиддин Наилев ҳам ҳоким билан маслаҳатлашиб, ўзлари қўнғироқ қилишларини айтди. Аммо қўнғироқ бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёев пахта-тўқимачилик кластерларини қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг муҳим бир қисми сифатида тақдим этиб келади, аммо фермерларнинг ўзларига кўра, тизим деҳқонни ер эгасига айлантирмаган.

Озодлик фермерларнинг шикоят ва иддаолари юзасидан барча томонларнинг фикрига очиқ.

XS
SM
MD
LG