Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:54

Чириган картошка сотишга мажбурлангаан дўконлар 3 000 000 сўмдан зарар кўрди


"Наманган шаҳар озиқ-овқат агро-экспорт" ширкати ўзига қарашли ўнга яқин дўконнинг ҳар бирига бир тоннадан чириган картошка ва икки тоннадан айниган пиëз сотиш мажбурияти юкланди.

Озодлик билан суҳбатлашган дўкончилар маҳсулотлар чиригани боис, сота олмасдан зарар кўрганлигини айтишди.

"Наманган шаҳар озиқ-овқат агро-экспорт" ширкати вакиллари эса, «дўкончилар билан шартнома тузилгани ва шу шартнома асосида пиëз ва картошка етказиб берилганини» таъкидлашди.

Мавзуни ўрганиш жараëнида Озодлик мухбири мамлакат омборларида «захира» сифатида сақланаëтган картошка ва пиëзнинг кунлар исиши билан чирий бошлагани боис, дарҳол сотувга чиқарилганини аниқлади.

"Наманган шаҳар озиқ-овқат агро-экспорт" ширкати базасида ишловчи ходимнинг Озодликка айтишича¸ «чириган маҳсулотларни зудлик билан сотиб, ўрнига тозасини қўйиш жараëни бошланган».

Озодликнинг ўрганишича¸ чириган картошка ва пиëзни база раҳбарлари маъмурий босим билан чакана савдо муассаларига ўтказмоқда.

"Намангандаги озиқ-овқат агро-экспорт" ширкатига қарашли дўкон ходимининг айтишича¸ чириган картошка ва пиëз ширкат раҳбарияти тарафидан мажбуран тарқатилган:

“Агро-экспорт" бизга мажбурлаб картошка-пиёз сотасан, деб ҳар бир дўконга 2 тонна пиез, 1тонна картошка мажбуран берди. Ҳар бир дўкон ўртача уч миллион сўмдан бир ҳафта ичида зарар кўрди. Энди эса бошлиқ захирада турган ва алмаштириш керак бўлган сифатсиз картошкаларини ҳар бир дўконга мажбурлаб яна бир тоннадан тарқатди. Биздан картошкани килосига 2500 сўмдан пул олди. Берган картошкаси ҳозирги кунда бозорда 1500 сўмдан зўрға сотилмоқда. Бу картошка сотилмай чириб битди. Ҳар бир дўкон яна бир миллиондан зарар кўрди. Олмаймиз десак аризангни ëз, ишдан бўша деб пўписа қилди¸ қаерга мурожат қилсанг қилавер, деб таҳдид қилди”, дейди наманганлик дўкончи.

Унинг яна айтишича¸ база шартномада белгиланган ҳаридоргир ун ва ëғ махсулотлари ўрнига ҳам чириган картошка ва пиëз бермоқда:

“Аслида биз халққа давлат томонидан фиксированний нарх қўйилган ун ва ëғ маҳсулотларини сотишимиз керак. Аҳолига бериладиган ун ва ëғ маҳсулотларини ҳам тўлиғ бермайди. Аслида биз бириктирилган аҳоли пуктидаги киши бошига 2кг дан ун ва ëғ бериши керак. Шу унни хам 1кг ëки 500 граммдан беради. Қолган қисмини талаб қилсак ишдан бўшайсан дейди. Хатто ойлигимизни ҳам бирор марта бермаган. База ҳисобчиси ҳар бир қоп унга 2000-4000 сўмдан устама олади¸ агар устама бермасак маҳсулот бермай қийнайди. Яна ҳар-ҳил ярмарка ва чиқимларга пул талаб килади'¸- деган дўкончи ўз сўзларига исбот сифатида ҳужжатлар тўплами ва фотосуратларни Озодликка жўнатди.

Ҳужжатларда картошка ва пиëзнинг нархи килоси 2500 сўмдан экани (дўкончиларнинг айтишича, бу бозор нархларидан қиммат) ва биринчи нав экани ёзилган.

Дўкончи юборган фотосуратларда қоп-қоп чириган картошка ва пиëзлар акс эткан.

Озодлик бу иддаолар ортидан "Наманган шахар озиқ-овқат агро-экспорт" ширкатига қўнғироқ қилди.

Ўзини таништирмаган мулозим “Дўкончилар билан тузилган шартномага кўра картошка ва пиëз етказиб берилганлигини” Озодлик мухбирига айтди. У “Давлат заҳирасида муддати тугаëтган картошка ва пиëзнинг чакана тарзда давлат дўконлари орқали сотилаëтганлигини” тасдиқлади. Унга кўра¸ бу ҳолат ҳам дўкончилар билан тузилган шартномада ëзилган. Озодликнинг “Чириган картошка-пиëз” сотишга дўкончилар мажбурми? деган саволига мулозим “ҳеч ким уларни мажбурлагани йўқ”, деб жавоб берди.

Тошкентда ҳам чириган картошка сотилмоқда

Тошкентлик ҳаридор Сергелидаги “Регистон” супермакетидан килосига 4190 сўм тўлаб олган картошканинг ичи чириб кетганлигидан Озодликка арз қилди. Харидор ўртасидан кесилганида ичи чириб кетгани кўриниб турган картошка ва тўлов қоғози расмини Озодликка юборди.

“Регистон” супермаркетининг Озодлик суҳбатлашган маъмури “Давлат заҳирасида туриб қолган картошка сотилаëтганлигини” маълум қилди.

- Харидор картошкани ўзи танлаб олади. Картошканинг орасида бир иккита чиригани борлигини тан оламиз. Маҳсулот Тошкент шаҳри ҳокимлигининг халқни арзон картошка билан таъминлаш мақсадидаги захира базасидан келди. Йўлда урингандир балки. Лекин агар тўлов чеки сақланган бўлса пулини қайтариб берамиз¸ ëки сифатли маҳсулот билан алмаштириб берамиз¸ - деди “Регистон” супермаркетининг Озодлик суҳбатлашган маъмури.

Озодлик 5 апрель куни Тошкент шаҳрида туманидаги заҳира қилинган ва чириб кетиш хавфи бўлган пиёзнинг бепул тарқатилгани ҳақида ëзган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ”Тегишли мутасадди идораларнинг захирага ғамланган пиёзнинг сифати ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларини инобатга олиб, шунингдек ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида” бепул тарқатилганлигини 4 апрель куни очиқлаган эди.

"Наманган шахар озиқ-овқат агро-экспорт" ширкати вакили Озодлик билан 9 апрель кунги суҳбатда “захирадаги картошкага ҳам пиëзнинг куни тушганлигини” айтди.

XS
SM
MD
LG