Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:10

Тошкентда қарийб 3000 (уч минг) тонна пиёз бепул тарқатилмоқда


Тошкентдаги мактаблардан бирига ҳокимлик бепул берган пиёз. 2018, 5 апрель.
Тошкентдаги мактаблардан бирига ҳокимлик бепул берган пиёз. 2018, 5 апрель.

5 апрель куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 100-мактаб 186 кг, Шайхонтоҳурдаги 102-мактаб 41 та тўрхалтада бепул пиёз олди.

Бу ва бошқа мактабларга, тиббиёт ва коммунал хизмат муассасаларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга бепул пиёз Тошкент шаҳар ҳокимлиги 4 апрель куни тегишли идоралар билан қабул қилган қўшма қарорга биноан тарқатилмоқда.

Ҳокимлик расмий сайтида 4 апрель куни эълон қилинган пиёзга оид қарор тўғрисидаги хабар бир қатор саволларни пайдо қилдики, Озодлик уларни 5 апрель куни ҳокимлик расмийсига берди.

Пиёзнинг бепул тарқатилаётганини Тошшаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати 4 апрель кунги қарорида бундай изоҳлаган:

“(Пиёз) баҳор фасли эрта келганлиги, ҳаво харорати кескин исиб кетиши оқибатида тегишли мутасадди идораларнинг захирага ғамланган пиёзнинг сифати ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларини инобатга олиб, шунингдек ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида (бепул тарқатилади)”.

Озодлик саволларига Тошкент шаҳар ҳокимлигининг исми очиқланмаслигини истаган мутахассиси жавоб берди.

Унинг айтишича, Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот ва муассасаларга (Ободонлаштириш, Тошшаҳархизмат, Тошшаҳаргаз, Электр тармоқлари, Сувсоз ва шу кабилар) - 1810 тонна; соғлиқни сақлаш муассасаларига - 724 тонна; “Меҳрибонлик” уйлари ва махсус мактаб-интернатларга - 192 тонна; ҳарбий қисмлар ва муассасаларга - 166 тонна пиёз ажратилган.

Мутахассис келтирган шу тўртта рақамнинг ўзи, қўшиб ҳисоблаганда 2792 тонна бўлади. Қиёслаш учун: битта юк вагонига 60 тонна пиёз сиғади.

Ҳокимлик мутахассисининг айтишича, шунингдек, мактаблар, маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар учун ҳам бир неча тоннадан пиёз ажратилган.

Озодликни пиёзнинг эгаси кимлиги ҳам қизиқтирди. Мулозимнинг айтишича, пиёзнинг эгаси давлатдир.

"Бозор хавфсизлигини таъминлаш, нарх-наво маромини ушлаб туриш учун давлат озиқ-овқат захираси ғамлайди ва бу пиёз ўша захирадаги пиёз эди", деди ҳокимлик вакили.

Пиёз нега бепул тарқатиб-тугатмаса бўладиган даражага етиб қолди? Бу ҳолатга уни сақлашни билмаган масъулиятсиз мутасаддилар айбдорми ёки баҳоргача сақлаш учун етарли шарт-шароит, совуқ омборлар йўқми? Бу саволларга жавобан Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозими бундай деди:

- Пиёзнинг ўз сифатини йўқота бошлаганига баҳор эрта ва иссиқ келгани сабаб бўлди. Бу ерда масъулиятсизлик ҳақида гапириш ортиқча. Пиёзни сақлашга масъул бўлганлар ўз ишини тўғри бажарган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимига кўра, бепул пиёзни тарқатиш "4 апрелдаёқ, қарор қабул қилиниши биланоқ бошланган".

Озодлик шаҳардаги бир неча мактаб, хусусан, 100-, 102-, 206- мактаблар билан боғланиб, 5 апрель куни бу мактаблар ҳовлисига бепул пиёз туширилганини аниқлади.

Бу йил пиёз хор бўлди

Ўтган йили мамлакатда пиёз жуда кўп (балки, мутлақо режасиз?) экилгани ҳосилнинг захирага ғамланган қисми чирий бошлаганда билиниб қолди.

Пиёз муаммоси нафақат Тошкент шаҳри, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани Озодликка келаётган хабарлардан маълум.

Масалан, Қашқадарёда ўқитувчи ва врачлар эски пиёзни бозор нархидан қиммат сотиб олишга мажбурланаётгани тўғрисида Озодлик 23 мартда хабар қилган эди.

Кўкариб кетган пиёз Тошкентда ҳам ўқитувчиларга пулланаётгани тўғрисида Озодлик 3 апрелда хабар қилди ва эртасига Тошкент шаҳар ҳокимлиги пиёзни бепул тарқатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Бозорда нима гап?

Уй бекаси Гулнора опанинг 5 апрель куни Озодликка айтишича, у ўзи яшайдиган Себзор маҳалласи (Тошкент шаҳри) гузаридаги баққолдан яхши, кўкармаган пиёзни бир ҳафта олдин килосини 1500 сўмдан сотиб олган эди.

Бозор-ўчарини Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида қиладиган 38 яшар қассоб Шуҳратнинг 5 апрель куни Озодликка айтишича, шу кунда тоза, кўкармаган пиёз 800 сўмдан 1200 сўмгача, кўкариб кетгани эса, 200 дан 500 сўмгача сотилмоқда.

Мамлакат бўйлаб қанча пиёз ғамланган эди?

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси маълумотларига таяниб, ЎзА ахборот агентлиги 2017 йилнинг 29 ноябрида, тизимдаги ҳудудий улгуржи базаларда қарийб 200 минг тонна картошка, 130 минг тоннадан ортиқ пиёз, 84 минг тонна сабзи ва 60 минг тоннага яқин гуруч ғамлангани тўғрисида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG