Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:47

Таҳлилчи: Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ўта қийин эканини тушуниб етмоқда


Афғонистон доим ўзбек жангарилари учун хавфсиз бошпана бўлиб келган (иллюстратив сурат).
Афғонистон доим ўзбек жангарилари учун хавфсиз бошпана бўлиб келган (иллюстратив сурат).

Тинчликни мустаҳкамлаш – мураккаб жараён ва Ўзбекистон яқинда яхши ният номақбул ҳаракат сифатида талқин этилиши мумкинлигига оид кучли мужда олди.

Тошкент Афғонистонда бошқа томонлар қатори тинчлик ўрнатишга кўмаклашишга интилмоқда. Афғонистондаги воқеалар Ўзбекистонга ҳам таъсир қилмай қолмайди, чунки унинг бу жанубий қўшниси билан 160 километрча умумий чегараси бор.

Ўзбекистон 2017 йил ноябрида асосан Афғонистон масаласи муҳокама қилинган минтақавий хавфсизлик ва ривожланиш конференциясига мезбонлик қилди, яна 2018 йил мартида Афғонистон бўйича алоҳида конференция ўтказди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон ҳукумати расмийлари ҳамда “Толибон” вакиллари билан учрашиш учун Кобул билан Қатар пойтахти Доҳа ўртасида серқатнов бўлиб қолди. Бундан мақсад ҳар иккала томонни Ўзбекистонда тинчлик музокараси ўтказишга кўндириш эди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани март охирида шунга рози бўлган.

‒ Агар “Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳукумати билан бевосита музокарага ҳозир бўлса, Ўзбекистон унга мезбонлик қилишга тайёр, ‒ деди Комилов кўҳна Самарқандни музокара жойи сифатида тилга олар экан.

Кейинги қадам “Толибон”ни ушбу музокарага вакилларини юборишга кўндиришдир.

8 август куни “Толибон”нинг Доҳадаги сиёсий идорасидан унинг раҳбари ўринбосари Мулла Биродар Охунд бошчилигидаги делегация А. Комилов билан Тошкентда учрашди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги 10 август куни тарқатган баёнотида расмий Кобул халқаро ва минтақавий ҳамкорликни юксак қадрлашини урғулаш билан бирга: “Ўзбекистон Республикасининг “Толибон” вакилларини расмий қабул қилиши ва музокара динамикаси Афғонистон Ислом Республикасининг “Толибон” билан тинчлик музокараси ўтказишига ёрдам бермайди”, дея билдирди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентни мамлакат ҳукуматининг тинчлик музокараларидаги етакчилигини ҳурмат қилишга чақирди.

“Толибон” делегациясини Тошкент аэропортида А. Комилов кутиб олган. Кейин улар билан Ташқи ишлар вазирлигида музокара ўтказилган.

Делегация 9 август куни Самарқанд ва Бухородаги қадамжоларни зиёрат қилди. Расмий Кобул ўзи билан курашаётган “Толибон”га кўрсатилмиш бу иззат-икромни ортиқча, деб билди.

Лекин Ўзбекистон нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши керак бўлган айрим масалалар бор. Тинчликка эришилиш-эришилмаслигидан қатъи назар, “Толибон” яқин келажакда Афғонистон сиёсий саҳнасида қолиши тайин.

90-йилларда “Толибон” Ўзбекистоннинг қўшниси бўлган. Ўшанда у Тошкент ўзининг Афғонистон шимолидаги Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудларни қўлга киритишига қаршилик қилганини иддао қилганди. 2001 йили АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари “Толибон”га ҳужум қилган пайтда Ўзбекистон ҳарбий базаларини коалиция кучларига берган Марказий Осиё мамлакатлари қаторида бўлганди.

“Толибон” Афғонистон шимолини назорат қилган бир неча йил давомида “Ўзбекистон ислом ҳаракати”га (ЎИҲ) мамлакат ҳудудидан жой берган. Мазкур ҳаракатнинг мақсади Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматини ағдариб ташлаш эди. Шу сабабли Ўзбекистон ҳукумати “Толибон” билан ўша ҳаракат вакилларини Тошкентга топшириш юзасидан мулоқот юритган.

Ҳозир Афғонистондаги вазият 90-йиллар охиридагидан кўра мураккаброқдир. Энди ЎИҲ йўқ, аммо унинг жангарилари Шимолий Афғонистонга тарқалиб кетган. Айримлари “Толибон”, баъзилари эса бошқа гуруҳлар , жумладан, “Хуросон Ислом Давлати” сафига қўшилганлар.

Ўзбекистон “Толибон” билан бундан 20 йил олдингидан кўра бошқачароқ муомалада бўлиши табиий. Расмий Тошкент Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” вакиллари Самарқанд шаҳрида тинчлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилишидан умидвор. “Толибон” делегацияси ҳам Ўзбекистонга сафари чоғида бунга қизиқиш билдирган эди.

Кобул “Толибон” делегациясининг яқинда Ўзбекистонга қилган сафарини расмий Тошкент ўз хавфсизлигини толиблар билан муносабатларни яхшилаш ҳисобига мустаҳкамлашга интилаяпти, деб ҳисоблаши мумкинлиги ҳам тушунарли.

Брюс Панниер,

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича таҳлилчиси

XS
SM
MD
LG