Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:45

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

16:24 25.12.2023

Ғарбий соҳилда оғир жанглар бормоқда

Исроил матбуоти Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрида оғир жанглар бўлаётгани ҳақида хабар бермоқда – исроиллик аскарлар мазкур ҳудудда рейдлар ўтказиш чоғида қуролли гуруҳлар билан бир неча бор тўқнашганлар.

Шаҳарда олинган тасвирларда осмонни ёритаётган ўт чақинлари кўринади, гумбурлаган портлаш садолари эшитилади.

Исроил Мудофаа армияси Жениндаги жанглар хусусида бирон изоҳ берганича йўқ.

Бу орада ҲАМАС қуролли гуруҳи ЦАХАЛнинг “Ал Мағозий” қочқинлар лагерига зарбалари натижасида 68 киши қурбон бўлгани ҳақида баёнот берди. Озодлик ҳарбий ҳаракатлар шароитида ушбу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконига эга эмас.
ЦАХАЛ эса ушбу маълумотни текширишини билдирди.

Исроил, шунингдек, Ливан билан чегара ҳудудлардаги “таҳдидларни бартараф этиш мақсадида” “Ҳизбуллоҳ”нинг ушбу мамлакатдаги объектларига зарбалар йўллаганини маълум қилмоқда.
Исроил ҳукуматига кўра, ҳарбий амалиёт бошланган кундан бери 700 нафар жангари қўлга олинган.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС эса исроилликлар асосан аёллар ва болаларни ўлдираётганини иддао қилмоқда.

15:22 25.12.2023

Ғазо бўлгасидаги ерости йўлакларида гаровда сақланганлардан беш нафарининг жасади топилди

Исроил Мудофаа армияси Ғазо бўлгасида АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг ерости йўлакларида гаровда тутилган беш киши, жумладан, уч ҳарбий жасади топилгани ҳақида баёнот берди.

“Аскарлар 7 октябрда ўғирлаб кетилган беш кишининг жасадларини топишди, улар дафн этиш учун Исроилга жўнатилди”, дейилади хабарномада.

Исроил ҳарбийлари гаровдагилар жасадларини Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида назорат ўрнатиш амалиёти чоғида кўриб қолганлар. Ушбу амалиёт доирасида ЦАХАЛ “стратегик туннеллар тармоғи”ни ҳам топган бўлиб, у ҲАМАС учун штаб вазифасини бажаргани айтилмоқда. Туннеллар икки қаватли: биринчиси қарийб 10 метр, иккинчиси эса "ўнлаб метр" чуқурликда жойлашган. Ерости йўлакларида қурол, ишлаб чиқариш ускуналари ва ҳалокат чоғида жон сақлаш жойлари ҳам топилган.

Жиҳодчилар 7 октябрь куни, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми вақтида ушланган 130 га яқин кишини ҳануз тутқунликда ушлаб туришибди. Яна 110 кишини озод этишга муваффақ бўлинган. Камида 30 киши асирликда вафот этган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу якшанба куни ҳукумат йиғилишида мамлакат ўз мақсадига эришмагунча, яъни ҲАМАСни маҳв этмагунча курашда давом этади, деди. Айни чоғда бош вазир Исроил бунинг учун катта товон тўлашига тўғри келишинини тан олди.

Бу орада Миср тутқунларни айирбошлаш учун ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича янги таклифини муҳокамага қўйди. The Times of Israel ёзишича, Исроил ҳукумати ушбу режани қатъиян рад этаётгани йўқ ва Миср таклифи бўйича музокаралар бўлиши мумкин.

Режа икки ҳафтага оташкесим ўрнатиш ва ҲАМАС гаровда ушлаб турган 40 киши (аёллар, болалар ва кексалар)ни Исроил қамоғидаги 120 нафар фаластинлик маҳкумга айирбошлашни назарда тутади. Кейин эса, Миср режасига кўра, Фаластин ўтиш даври ҳукумати тузилиб, у Ғарбий соҳилни ҳам, Ғазо бўлгасини ҳам назоратга олиб, парламент ва президент сайловлари учун замин ҳозирламоғи лозим.

Режанинг учинчи бандида эса исроиллик барча тутқунлар, шу жумладан ҳарбийларни ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди”га алоқадор муайян миқдордаги фаластинлик маҳкумларга айирбошлаш кўзда тутилган. Ушбу босқичда Исроил Ғазо бўлгасидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиб, бошқа ерларга кўчиб кетган аҳолининг қайтишига имкон беради.

13:46 21.12.2023

ҲАМАС Исроилнинг бир ҳафталик оташкесим таклифини рад қилди

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС Исроилнинг Ғазода бир ҳафталик оташкесим эълон қилиш таклифни рад этди. Исроил оташкесим эвазига гаровда қолаётган 130 кишидан 40 нафари бўшатилишини талаб қилаётган эди.

The Wall Street Journal нашри бу ҳақда Миср расмийларидан бирига таянган ҳолда хабар берди. Миср ва Қатар ҲАМАС билан музокараларда воситачилик қилмоқда.

Хабарда айтилишича, 20 декабрда ҲАМАС лидерларидан бири Исмоил Хания Қоҳирада Миср вакиллари билан Ғазода оташкесим ўрнатиш масаласини муҳокама қилган, аммо музокаралар натижасиз якунланган.

Газета манбасининг айтишича, Исроил гаровга олинганлардан 40 нафарини бўшатишни талаб қилган ва бунинг эвазига ўт отишни бир ҳафтага тўхтатишни ҳамда Ғазога гуманитар ёрдам олиб киришга рухсат беришни ваъда қилган.

ҲАМАС делегацияси мисрлик воситачиларга Ғазо масаласида қандайдир таклифни киритишдан олдин Исроил ҳужумларни тўхтатиши ва аскарларини олиб чиқиб кетиши шартлигини билдирган. Бундан ташқари ҲАМАС Исроил қамоқларидаги фаластинликларни бўшатишни ҳам талаб қилган.

The Wall Street Journal манбасининг билдиришича, Исроил Ҳазода ҳарбий амалиётни тўхтатишдан бош тортган.

ҲАМАСнинг 7 октябрда Исроилга қилган ҳужуми оқибатида 1200 исроиллик ҳалок бўлганди. 250 киши эса гаровга олинган.

Ноябрь охирида эришилган оташкесим доирасида ҲАМАС гаровга олинганлардан 105 нафарини бўшатди. Исроил эса қамоқлардан 210 фаластинликни озод қилди.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, шу кунгача Исроил ҳужумларидан 20 мингдан кўпроқ фаластинлик ҳалок бўлган.

12:22 21.12.2023

АҚШ Исроил Ғазодаги уруш кўламини қисқаритиришидан умид қилмоқда

Вашингтон Исроил Ғазодаги амалиёт интенсивлигини камайтаришини ва АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСнинг аниқ нишонларигагина ҳужумлар уюштиришини умид қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен йил якунлари юзасидан Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унга кўра, аниқ нишонларга ҳужум қилиш орқали тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сони сезиларли даражада озаяди.

Исроил зарбалари ортидан аҳоли зич яшайдиган Ғазонинг катта қисми вайрон бўлгани ва кўплаб тинч аҳоли ўлгани ортидан Ғарбдаги иттифоқчилари босими остида қолди.

Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Вашингтон сўнгги ҳафта мобайнида Ғазодаги уруш кўламини қисқартириш талабини қўйиб келмоқда.

Блинкен матбуот анжуманида бошқа давлатлар ҲАМАСни таслим бўлишга чақирмаётганидан ҳайратда эканини таъкидлади. “Агар ҲАМАС таслим бўлса, эртага ҳаммаси тугайди”,- деди Блинкен.

Ғазодаги жиҳодчилар гуруҳлари ҳалигача 130 кишини гаровда сақлаб турибди. Агентликлар ўз манбаларига таянган ҳолда Исроил Қатар ва Миср воситачилигида уларни гаровдан озод қилиш масаласини муҳокама қилаётганини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG