Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

17:09 19.12.2023

Остин: АҚШ Исроилни дастаклашда собит

Тел-Авивга ташриф буюрган Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ Исроилни дастаклашда собитлигини тасдиқлади.

“Исроил кичик ва аҳил мамлакат эканини биламан, ҲАМАС бунёд қилган улкан ёвузлик барча исроилликларга азият етказганини ҳам. Шунинг учун ҳам бу ердаман, 7 октябр орангиздан юлиб олган бегуноҳ инсонларга сиз билан бирга аза тутиш учун келдим. Қолаверса, ҳанузгача Ғазо бўлгасида бедарак йўқолган инсонлар, шу жумладан АҚШ фуқароларинг оилалари ёнида бўлиш учун ҳам бу ердаман”, деди Остин.

Пентагон раҳбарига кўра, АҚШ Исроилга ҳарбий кампанияни тугатиш бўйича бирон муддат ёки шарт қўймоқчи эмас. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант, ўз навбатида, тез орада “бошқача интенсивликдаги ҳаракатлар”га ўтиш кутилаётганига ишора қилди.

17:05 19.12.2023

HRW: Исроил очарчиликдан “уруш қуроли” сифатида фойдаланмоқда

Human Rights Watch ташкилоти Исроил очарчиликдан “уруш қуроли” сифатида фойдаланаётгани ҳақида баёнот берди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳи Исроил ҳарбийларини Ғазо бўлгасига сув, озиқ-овқат ва ёқилғи етказиш йўлларини тўсиб қўйишда айблади.

Исроил ушбу айбловларни қатъиян рад этмоқда.

18 декабрда ўтган ойда тузилган етти кунлик сулҳдан сўнг илк бор гуманитар ёрдам ортилган қарийб 200 та юк машинаси Ғазо бўлгасига етиб келди, дея маълум қилди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби.

Шундан 80 та юк машинаси – “Керем-Шалом” НЎМ орқали, яна 120 та фура эса Мисрнинг “Рафаҳ” назорат-ўтказиш маскани орқали Ғазога кирган.

Бу орада ҲАМАС қуролли гуруҳи назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги суткаларда Исроил билан урушда 151 киши ҳалок бўлганини билдирди. Бу ҳисобга Жабалияга йўлланган авиазарбалар қурбонлари ҳам киради, дейилади хабарда.

16:15 19.12.2023

АҚШ Қизил денгизда кемаларни ҳимоя қилиш амалиётини бошлади

Вашингтон Қизил денгизда кемаларни Ямандаги хусий шиа исёнчилар ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида коалиция ташкил қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди. У, шунингдек, минтақада кемалар хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида “Фаровонлик посбони” амалиёти бошланганини ҳам билдирди.

Мазкур халқаро ташаббусда АҚШдан ташқари Британия, Бахрайн, Канада, Франция, Италия, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Испания иштирок этмоқда, деб таъкидлади Остин.

Ўтган ҳафтада АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан матбуот анжуманида Вашингтон “Қизил денгизда кемаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун” бошқа давлатлар билан тезкор денгиз гуруҳлари ташкил этиш масаласида музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.

Кемаларда юк ташувчи йирик ширкатлар хусий шиа гуруҳлари ҳужумлари ортидан Қизил денгиз орқали ўтган маршрутларни ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. 18 декабрда хусийлар яна иккита кема: Норвегия танкери ва Панама байроғи остидаги кемага ҳужум қилди. Ҳужумлар учун масъулиятни хусийларнинг “Ансаруллоҳ” гуруҳи ўз зиммасига олди.

18 декабрда жаҳондаги энг йирик нефтни қайта ишловчи British Petroleum Баб ал Мандаб бўғози орқали юк ташишни вақтинча тўхтатганини билдирди. Контейнерларда юк ташишга ихтисослашган йирик Evergreen ширкати ҳам кемалар йўналишини ўзгартиргани ҳақида маълум қилди.

Хусийлар ҳужумлари ва кемалар йўналишининг ўзгартирилиши оқибатида Brent маркали нефть нархи икки фоизга кўтарилди ва бир баррель учун 78 долларга етди.

Яманнинг шимолий қисмини назоратига олган хусий шиалар гуруҳлари Исроил-ҲАМАС урушига қўшилишларини ва Исроилга кетаётган ёки қайтаётган кемаларни ўққа тутишларини билдирганлар. Кемаларга ҳужумлар ҳар куни амалга оширилмоқда. Хусийлар Исроилга алоқаси бўлмаган кемаларга ҳам ҳужум уюштирмоқда.

16:57 18.12.2023

ЦАХАЛ Ғазода ҲАМАСнинг энг катта туннелини топди

Исроил армияси ҲАМАС қуролли гуруҳининг тарихда энг катта ерости йўлагини топди, дея хабар бермоқда The Times of Israel.

Исроил ҳарбийлари уни Ғазо бўлгаси шимолида, “Эрец” ўтказиш маскани яқинидан топишган. Туннелнинг узунлиги қарийб 4 километрга, чуқурлиги эса баъзи жойларда 50 метрга тенг. Ерости йўлаги шу қадар кенгки, ундан автомобил ҳаракатланиши мумкин, дейилади хабарда.

ЦАХАЛ бунинг исботи сифатида, туннелдаги хоналардан биридан топилган видеоёзувни эълон қилган: кадрларда ҲАМАС раҳбарларидан бири машинада туннел бўйлаб ҳаракатланаётгани акс этгани айтилади.

Исроил ҳарбийларига кўра, туннелни қуришга кўп йиллар ва миллионлаб доллар керак бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG