Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:40

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

16:54 18.12.2023

БМТ Хавфсизлик кенгашининг оташкесимга доир янги резолюцияси

БМТ Хавфсизлик кенгаши душанба, 18 декабрь куни Исроилдан Ғазо бўлгасига гуманитар ёрдамни етказиш учун ҳаво, денгиз ва қуруқлик йўлларини очишни талаб қилиши мумкин. Бу ҳақда ўз дипломатик манбаларига таяниб, Reuters агентлиги хабар бермоқда. БАА тайёрлаган резолюция лойиҳасида юклар фақат БМТ кучлари томонидан кўздан кечирилиши назарда тутилган.

Агентлик манбаси лойиҳа тақдири вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган АҚШ билан резолюция муаллифи БАА ўртасида кечадиган музокаралар натижасига боғлиқлигини урғулаган.

Reuters хабарига кўра, резолюция матнида томонлар гуманитар ёрдам хавфсиз ва тўсқинликларсиз етказилишини таъминлаш учун зудликда ва барқарор оташкесим ўрнатишга ҳамда “барча гаровдагиларни дарҳол ва ҳеч қандай шартларсиз озод этишга” чақирилган.

Таъкидланишича, 9 декабр куни Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилган резолюцияда бўлгани каби, янги матнда ҳам ҲАМАС қуролли гуруҳи тилга олинмаган, балки “тинч аҳолига жабр келтирган пала-партиш ҳужумлар” қораланган, холос.

10:00 18.12.2023

Исроил гаровдагиларни бўшатиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гаровга олинганларни Ғазодан қайтариш бўйича музокаралар давом этаётганини билвосита тасдиқлади, деб хабар берди Reuters.

Сўнгги хабарларда қайд этилишича, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ҳамда бошқа "жиҳодчи"лар яна камида юз нафар исроилликни гаровда ушлаб турибди.

ҲАМАС Ғазода эълон қилинган вақтинчалик оташкесим доирасида 7 октябрда Исроил ҳудудига ҳужум қилган вақтда гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилган эди. Бунинг эвазига Исроил ҳам террорчиликда айбланиб қамоқларда сақланаётган фаластинлик аёллар ва ўсмирларнинг бир қисмини бўшатган.

15 декабрда Исроил ҳарбийлари Ғазода гаровдан бўшатилган уч исроилликни англашилмовчилик оқибатида отиб ўлдирганидан сўнг бир кун ўтиб, яъни 16 декабрда қилган чиқишида Нетаняҳу бу воқеани "фожиали ўлим ва ҳалокат" деб баҳолади.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Исроил махсус хизмати - "Моссад" раҳбари Давид Барнеа Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон ал Тани билан Европа давлатларидан бирида учрашган. Агентлик манбасининг таъкидлашича, томонлар учрашувда Ғазода яна вақтинчалик оташкесимга эришиш ва гаровда қолаётганларни бўшатиш масаласини муҳокама қилган.

Қатар Исроил ва ҲАМАС ўртасида АҚШ ва Миср каби воситачилик қилаётган давлатлардан биридир.

Аввалроқ The Wall Street Journal ҳам Исроил Қатар ва Миср билан Ғазода гаровда қолаётган исроилликларни бўшатиш юзасидан мулоқот қилаётгани тўғрисидла хабар берганди.

Нашрнинг ёзишича, Қатар ва Миср ҲАМАСга гаровда сақланаётганларни озод қилиш эвазига Исроил ўз қамоқларидан Ғазода нуфузга эга бўлган маҳбусларни чиқариши мумкинлигини етказган.

Хабарларда билдирилишича, ҲАМАСга Исроил армиясининг юқори лавозимдаги уч зобитини озод қилиш эвазига Иордан дарёси Ғарбий соҳилини назорат қилувчи ФАТХ лидерларидан бири Марван Баргутийни қамоқдан бўшатиш таклифи ҳам киритилган.

Баргутий Исроилда беш кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт ташкилотчиси сифатида айбланиб, беш марталик умрбод қамоқ жазосига ва қотилликка уруниш айблови бўйича 40 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган.

09:59 16.12.2023

Европада Ҳамасга алоқадор кўрилган етти киши ҳибсга олинди

Европа мамлакатларида АҚШ ва ЕИда террористик деб тан олинган ҲАМАС ташкилотига алоқадорликда гумонланган шахслар ҳибсга олинган. Би-би-си қайдича, улардан уч нафари Данияда, уч нафари Германияда ва бири Ҳолландияда қўлга олинган. Полиция уларни яҳудий муассасаларига ҳужумга ҳозирликда гумонламоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида Европа мамлакатлари фуқаролари ҳам. Ливан ва Миср фуқаролари ҳам бор.

Германия федерал прокуратурасининг тергов маълумотларига таянган ҳолда билдиришича, Германия ва Ҳолландияда ушланганлар Берлинда яширин қурол-аслаҳа омбори ташкил этиб, у ердан Европанинг турли мамлакатларидаги шерикларига қурол етказиб туришни режалаганлар.

Иддаога кўра, улар ҲАМАСнинг жанговар қаноти – «Ал-Қассам бригадаси»га алоқадор бўлишган, йўл-йўриқни эса Ливандан олиб туришган. Улар хавфсизлик кучлари назарига ўтган йил ёзида, яъни ҲАМАС гуруҳи шу йил 7 октябрида Исроил жанубида ҳужум уюштирганидан анча олдин тушгани айтилмоқда.

Дания бош вазири Метте Фредериксен Европада ҲАМАС иштирокидаги террорчилик хатарини “анча жиддий” дея баҳолаган. Дания Адлия вазири Петер Хуммельгаард ҳам бу фикрга қўшилиши айтган.

“Муҳтамал фитна Даниядаги яҳудийлар хавф остида эканининг фожиавий тасдиғидир”, деган вазир айни пайтда террор хавфининг расмий даражасини ошириш учун ҳозирча асос йўқлигини қўшимча қилган.

22:21 13.12.2023

Исроил халқаро ёрдам қандай бўлишидан қатъи назар, Ҳамасга қарши урушни давом эттиришга ваъда бермоқда

Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коеннинг айтишича, Ғазо секторида бу босқичда ўт очишни тўхтатиш хато бўлади ва Исроил халқаро қўллаб-қувватлов қандай бўлишидан қатъи назар, Ҳамас билан урушни давом эттиради.

"Исроил халқаро кўмак бўлса ҳам бўлмаса ҳам Ҳамасга қарши урушни давом эттиради", - деди Коен. "Ҳозирги босқичда ўт очишни тўхтатиш - Ҳамас террор ташкилотига тухфа бўлиб, унинг қайтиши ва Исроил халқига таҳдид солиши мумкин. "

Коен, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни глобал юк ташиш йўлларини ҳимоя қилиш учун "самарали ва агрессив" ҳаракат қилишга чақирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG