Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Ҳоким бир фермерни уриб, ўттиз фермерни 3 соатга қаматгани иддао қилинди


Сайхунобод тумани ҳокими мактаб директорини ҳам калтаклаган эди
Сайхунобод тумани ҳокими мактаб директорини ҳам калтаклаган эди

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитов 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси соат 12да бошланган мажлисда пахта топширмаган фермер Қурбонали Жўраевни бўғиб ургани ва унинг устидан жиноят иши очиш ҳақида туман прокурорига кўрсатма берганлиги айни мажлисда қатнашган баъзи фермерлар томонидан иддао қилинди.

Фермерларнинг Озодликка айтишларича, бу воқеага туман прокурори ва ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари томошабин бўлиб қараб турган.

Уларга кўра, 6 ноябрь куни пахта топширолмаган ўттиздан ортиқ фермер ички ишлар бўлимида соат 03.30гача ушлаб турилган ва сўнгра қўйиб юборилган.

Аммо, туман ҳокимининг ёрдамчиси Йўлчивой Боййигитовнинг фермерни ургани ҳақидаги иддаони рад қилди.

Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитовнинг мажлисда Қатортол ҳудудида фермерлик қилаётган 60 яшар Қурбонали Жўраевни урганини туманнинг турли ҳудудларида яшовчи уч нафар фермер Озодликка тасдиқлади.

Маълумот бергани учун жазоланишидан чўчиб¸ исми очиқланмаслигини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, ҳоким ва фермер ўртасида бошланган жанжалга фермернинг ўша куни пахта топширмагани сабаб бўлган:

“Фермер Қурбонали ака билан ҳоким тортишиб кетди. Ҳоким аризангни ёз ва ерни топшир, фақат кўп нарса ёзма, фақат еримни олинг деб ёз, деди. Фермер эса, пахта планини тўлдираман, тўлдирмасам, еримни олишларига розиман, деб ёзган экан, шунинг орқасидан жанжал чиқди. Аризани ўқиган ҳоким, нега сен пахта планини бу ерга қўшасан, деб асабийлашиб, тепадан югуриб тушиб келдида, фермернинг бўйнига чанг солиб бўға бошлади. Кейин ёқасидан ушлаб, ҳақорат қилиб силтаб-силтаб ташлади. Прокурор ҳам, милиция бошлиғи ўринбосари ҳам томошабин бўлиб қараб турди”, дейди воқеага гувоҳ бўлган фермерлардан бири.

Хавфсизлиги учун исми сир қолишини сўраган, йиғилишда иштирок этган бошқа фермернинг айтишича, Қурбонали Жўраевни милиция ходимлари олиб чиқиб кетганидан сўнг, ҳоким унинг орқасидан яна ҳақорат қилган:

“Қурбонали акани олиб чиқиб кетишганидан сўнг, ҳоким уни яна анча ҳақорат қилди. Бугун билишимча, уни эрталабгача милиция бўлимида ушлаб туришган ва кейин жавоб беришган”, дейди фермер.

Озодлик фермер Қурбонали Жўраев билан боғланишга муваффақ бўлди. Шундай воқеа бўлганини инкор қилмаган фермер, воқеа тафсилотларини айтишдан бош тортди:

"Мендан хафа бўлмай турасиз, мен бир фикрга келиб олай, кейин гаплашамиз", деди Қурбонали Жўраев.

Исми сир қолишини сўраган, туманнинг Қатортол ҳудудида ишлайдиган фермернинг айтишича, ҳоким 6 ноябрь куни пахта топширолмаган 30дан ортиқ фермерни ички ишлар бўлимига олиб бориб қамаб қўйишни шу мажлисда иштирок этган ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарига буюрган:

“Буларни ҳаммасини олиб бориб қаманг, тушунтириш хатларини ёзиб олинг, деди. Кейин тахминан 200 метр нарироқдаги ички ишлар бўлимига олиб боришди. У ерда соат 3 яримгача қолиб кетдик. Ҳаммамизнинг исм-шарифимизни рўйхат қилиб ёзиб олишди-да, боринглар энди пахталарингни теринглар деб қўйиб юборди”, дейди фермер.

Ўттиздан ортиқ фермернинг ички ишлар бўлимига олиб борилиб соат 3 яримгача ушлаб турилганини яна икки нафар ёзёвонлик фермер Озодликка тасдиқлади.

Аммо, Ёзёвон тумани ички ишлар бўлимининг навбатчиси фермерларнинг ички ишлар бўлимига олиб келиниб, ушланиб турилганини Озодликка инкор қилди.

Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитовнинг мобиль телефони ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Туман ҳокимининг ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда бу воқеалардан хабари йўқлигини айтди.

Озодлик ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига сўров юборди.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаш ва калтаклаш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Оққўрғон туманида 6 мулозим ва фермернинг сувга бўктирилиши ва машина олдига солиб чоптирилиши воқеасидан кейин бу ҳаракатни содир этган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинган эди.

Қашқадарë вилоят, Нишон туманида 7-8 октябрь кунлари ëмғир ëғиши сабабли пахта заводига белгиланган нормани топширмаган 30 га яқин фермер, 10 октябрь куни вилоят ҳокими ўтказган мажлисдан сўнг, туман Ички ишлар бўлимига олиб келинган ва бу ерда 11 октябрь саҳарга қадар оч ҳолда ушлаб турилган эди.

2017 йилнинг сентябрида Сайхунобод тумани ҳокими пахта теримига кам одам чиқарган мактаб ва коллеж директорларини калтаклаган эди.

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев 2016 йил 19 октябрь куни эрталаб 8-мактабнинг маънавият бўйича директор ўринбосари, 36 яшар Шуҳрат Шоймардоновни фермерларнинг олдида дўппослаган эди.

2016 йил июнь ойида Қарши туманига янги ҳоким бўлиб тайинланган Асрор Бойқораев пахтазорини ўт босган фермерларни бир сидра уриб чиққанидан сўнг, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғига қўл кўтарганди.

Бир-биридан мустақил Озодлик манбаларига кўра, ободонлаштириш ишларини олиб боришда бош врач ишидан хато топган ҳоким уни икки мушт уриб ағдарган эди.

XS
SM
MD
LG