Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:40

Фермерларни урган ИИБ собиқ бошлиғи 2 йил тунда уйида бўлади, кафе-барга боролмайди


23 ноябрь куни Самарқанд вилояти Ургут тумани жиноят ишлари бўйича суди Қашқадарё вилояти Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабовга икки йил озодликни чеклаш ва уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ургут тумани жиноят ишлари судининг сайёр мажлиси Қарши тумани Жиноят ишлари суди биносида бўлиб ўтди.

Жаҳонгир Ражабов буғдой режасини бажаролмаётган фермерларни бир сафга қўйиб, аёвсиз калтаклаб келганлиги ҳақида Озодлик жорий йилнинг 27 июнида хабар берган эди.

Бу хабардан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати шу йилнинг 9 июлида Қарши туман Ички ишлар бўлимининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилганди.​

Жабрланувчиларнинг баъзиси суд ҳукмидан рози эмаслиги ҳақида Озодликка айтди.

Озодлик қўлга киритган суд ҳукмида айтилишича, “Ражабов Жаҳонгир Ғаппорович Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин. Ражабов Жаҳонгирга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 206-моддаси биринчи қисми билан Жиноят Кодексининг 45-моддасига тадбиқ этилиб, уч йил муддатга корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва ички ишлар органлари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин”.

Суд ҳукмига кўра, Жаҳонгир Ражабов озодликни чеклаш жазо муддатини икки йил мобайнида ўз яшаш жойи, Қашқадарё вилояти Қарши тумани Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғини Манғит қишлоғидаги рақамсиз уйда соат 22.00 дан 06.00га қадар ўтайди.

Бундан ташқари, собиқ ИИБ бошлиғига ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ҳукмни ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, муайян жойлар, кафе ва барларга бормаслик, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, Қашқадарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмасликдан иборат чекловлар ҳам юклатилган.

Судда жабрланувчи сифатида қатнашган фермер Нафиса Қурбонованинг Озодликка айтишича, прокурор Жаҳонгир Ражабовга 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган эди, лекин суд унга енгил жазо тайинлаган:

- Мени профилактика инспектори Руҳиддин Абдуллаев урганидан сўнг, Жаҳонгир Ражабов ҳам уриб, милисахонага қамаб қўйган эди. Ўшанда соғлиғимни йўқотиб, касалхонага тушдим. Ўтимни операция қилиб олиб ташлаш жараёнида “Гепатит Б” юқтирдим. Бу бошлиқнинг дастидан роса азоб чекдим. Лекин суд, мени урган инспекторни жазоламади, Жаҳонгир Ражабовга эса жуда енгил жазо берди. Прокурор уни беш йилга қамаш керак деб, тўғри талаб қилган эди”, дейди Нафиса Кенжаева.

Фермер суд ҳукмидан норози бўлиб вилоят суди ва Олий судга шикоят ёзишини айтади:

- Шуни орқасидан ярим жон бўлиб қолдим. Биргина дорининг ўзига саккиз ярим миллион сўм сарфладим. Мен Жаҳонгир Ражабовдан моддий ва маънавий зарарни ундириб олиш учун энди фуқаролик судига шикоят қиламан. Суд ҳукмидан ҳам норози бўлиб, юқори судларга кассация ёзаман, дейди фермер Нафиса Кенжаева.

Жаҳонгир Ражабов томонидан калтаклангани судда исботини топган фермер Раҳматулло Хўжамуродов эса суд ҳукмидан хурсанд эканлигини айтади:

- Мен судьяга “менга маънавий зарар учун товон керак эмас, унинг ифлос пулига зор эмасман, ўзим ишлаб топаман”, дедим. Фермерлар адолат қарор топганидан, жиноят жазосиз қолмаганидан хурсанд бўлиб юришибди, дейди Раҳматулло Хўжамуродов.

Фуқароларга зўравонлик қилган ИИБ бошлиқлари ва зобитларининг жазо олгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди 21 ноябрь куни ўғриликда гумонланган аёлни қип-яланғоч қилиб ечинишга мажбур қилган Самарқанд вилоят, Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг собиқ тезкор ходими Санъат Умаровни 6,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Октябрь ойи охирида Самарқанд вилояти Ургут туманининг тоғли Ғўс қишлоғидаги новвойни уриб тепкилаган милиция лейтенанти ишдан олинди ва унга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 19 июль куни хабар беришича¸ Жиззах вилоят, Янгиобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов устидан Ўзбекистон ЖКнинг 206-моддаси(Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

7 июль куни ҳокимлик томонидан ғалла ўримидаги комбайнга бириктирилган деҳқон бозори паттачиси Сардор Қурбонбоевнинг бурнини уриб синдиргани ҳақида Озодлик 18 июль куни хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG