Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Кооперация тузган 44 фермер кластерга қайтишга мажбурланмоқда


"Олтин тола Бўстон" кооперативи чигит экишни бошлаб юборди.
"Олтин тола Бўстон" кооперативи чигит экишни бошлаб юборди.

Қорақалпоғистондаги Элликқалъа туманининг 44 нафар фермери “Бўстон Кластер” МЧЖ фаолиятидан норози бўлиб, мустақил қишлоқ хўжалиги кооперацияси тузиб, ишни бошлади.

Кооперацияга уюшган фермерлар, давлатдан бирор сўм кредит олмасдан, ўз имкониятлари билан пахта етиштириш ва уни биржада мустақил сотишни мақсад қилганлар.

Аммо фермерларнинг айтишларича, туман ҳокимлиги мулозимлари уларни алоҳида-алоҳида чақириб, кластер билан шартнома қилишга мажбурламоқда.

Туман ҳокими Сейдамат Авезов Озодлик билан суҳбатда фермерлар мажбурланаётганини инкор қилиб, уларнинг “муваффақиятли ишлашини таъминлаш мақсадида” кластер билан шартнома имзолаш тавсия қилинаётганини айтди.

Элликқалъа туманидаги 44 фермер жорий йилнинг февраль ойида ўзлари мустақил кооперация ташкил қилиб, унга “Олтин тола Бўстон” ишлаб чиқариши кооперативи деган ном берди.

“Олтин тола Бўстон” ишлаб чиқариши кооперативи
“Олтин тола Бўстон” ишлаб чиқариши кооперативи

Кооператив 2022 йилнинг 4 февраль куни Элликқалъа тумани Давлат хизматлари агентлиги томонидан рўйхатга олинди.

Фермерлар “Бўстон Кластер” МЧЖ пахтани жуда арзон нархда олганидан норози бўлиб мустақил ишлаш мақсадида кооперативга бирлашганини айтмоқдалар.

Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш фондидан бир сўм олмай, ўзларининг маблағлари билан чигит экишни бошлаган фермерларнинг иддао қилишларича, туман ҳокими ва унинг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари, фермерларни кластерга қайтариш учун босим ўтказмоқда:

“9 апрелдан 10 апрелга ўтар кечаси туман ҳокими ва унинг ўринбосари кооперативга бирлашган 7-8та фермерни чақириб, бошқа бир кластер “Элликқалъа олтин толаси кластер” МЧЖ билан шартнома қилишга мажбурлашган. “Кооперацияни тўхтатинг бу ишларингиз бўлмайди, Ғаниев йиғилиши қарори чиққан, сводкада кетиб қолди, Ғаниев селекторда мени ёмон қилди, туманнинг номи ёмон бўлиб чиқмасин, мана янги кластер билан шартнома тузинглар", деб ҳокимимиз дўқ урди. Кейин ўринбосарига ва туман Агроинспекция бошлиғи Давлат оғага бизнинг олдимизда, ўз кабинетида топшириқ берди: "эрталабгача Кооперацияга аъзо булган барча фермерларга кластер билан шартнома туздиринглар!”

Фермерларнинг айтишларича, туман ҳокими Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг тумандаги фермерларни кластерларга биркитиб бериш ҳақидаги ғайриқонуний фармойишини бажараман деб, онгли равишда президент фармонини бузмоқда:

“Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомнинг 9-бандида "давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишига ҳақли эмас", деб ёзилган. Аммо бизнинг ҳокимлар президент имзолаган фармондан эмас, Шуҳрат Ғаниевнинг ноқонуний буйруқларидан қўрқади”.

Фермерлар нега кооперативга бирлашди?

Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишларича, кластер билан ишлаб, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаверганидан безгач, кооперативга бирлашиш қарорига келишган:

“2020 йил 6 мартдаги президент қарори билан учтадан ортиқ фермер мустақил кооператив тузиши мумкинлиги ёзилган. Аввалига 3 киши, кейин тўрт ва бир ойда 44 фермер бирлашдик. Бирор сўм кредит олмадик. Кимдир мошинасини сотиб пул қўйди, кимдир молини сотиб, кимдир қарзга олиб. Хуллас, ўз кучимиз билан ишни бошладик. Ўғит, ёнилғи муаммосини ечиб олдик, пахта экяпмиз. Шахсий маблағимизни кооперацияга йиғиб пахта тозалаш заводи ва чигитни қайта ишлаш заводи қурамиз, пахтамизни биржада сотамиз, деган режаларимиз бор. Аммо бизни тинч қўйишмаяпти”.

Фермерларнинг “Бўстон Кластер” МЧЖ фаолиятидан норози бўлишининг сабаблари бундай:

“Шартномадан ортиқча етиштирилган пахта хом ашёси учун қўшимча ҳақ тушмади, кўпчилик кластерлар 30% устама ҳақ тўлади.

-пахтани ташиб келтириш харажатларини 3 маротаба кам, 2019 йилнинг калкуляцияси билан тўлаган;

- 2021 йилда ёнилғининг бир литри йил бошида 5 ярим минг бўлган бўлса сентябрга бориб 10 минг сўмдан ошди. Аммо пахта харид нархи эскилигича қолди;

- тушириб бериш харажатларига бир сўм ҳам тўламади, пахтани қуритиш ва тозалаш учун шартномада йўқ нарсага пул ушлаб қолинган. Ундан ташқари кондицион оғирлик ва физик оғирлик ўртасида катта фарқ бор;

- халққа мурожаат қилди қўшимча ҳақ тўлаймиз, кунжара, пахта ёғини берамиз деб, лекин беришмади;

- шартномада пахта миқдори ВМнинг 2014 йилги 235-сонли қарорига зид равишда кўп ёзиб қўйилади ва шартомадан ортиқча пахта етиштириш имконияти қолмайди, яъни ернинг балл банитетига нисбатан ҳосилдорликни жуда юқори қилиб ёзиб, шартномани бажармасдек даражада қилиб қўйишади”.

“Мен мажбурлаганим йўқ, тавсия қиляпман”

Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов Озодлик билан суҳбатда фермерлар мажбурланаётганини инкор қилиб, уларнинг муваффақиятли ишлаши мақсадида кластер билан шартнома имзолаш тавсия қилинаётганини айтди:

“Уларнинг ўзини ихтиёри, мен уларга туман ҳокими сифатида иккита кластер бор, бири ёқмаса иккинчисига аъзо бўлишингиз мумкин, деб таклиф қилдим. Кооперацияни ёпинг, қўйинг, деган гап бўлгани йўқ. Қонун доирасида рўйхатдан ўтказишган. Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев иштирокида ўтказилган йиғилиш баённомаси асосида бизда яна бир янги ташкил қилинган “Элликқалъа олтин толаси” МЧЖ кластерига фермерларни таклиф қилдим. Чунки кластерларга имтиёзли кредитдан пул ажаратилади, эртага қийналиб қолманглар, дедим. Кооперация эса биз умуман кредит олмаймиз, деяпти. Энди буларнинг орасида маблағи йўқ, кластердан қарздор фермерлар ҳам бор. Эртага улар қийналиб, пахтани қилолмай қолса, туман ҳокими сифатида мен жавоб бераман. Туманнинг 165 минг халқи бор, деҳқончилиги бор, сув муаммоси бор, ери экилмай қолса, ёқилғи, ўғит ололмай қоладими, кейин хафагарчилик бўлса бўлмайди. Шунинг учун таклиф қиламан, чақираман, лекин мажбурламайман”.

Қарор ва фармон нима дейди, Ғаниев нима дейди?

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилнинг 22 июнида “Пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш” ҳақида қарор қабул қилди.

Бу қарорга кўра, фермерлар ўзлари уюшиб кооперация ташкил этиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонуннинг 34-моддасига асосан Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари деҳқон ва фермер хўжаликларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан ушбу хўжаликларнинг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашиши мумкин эмас .

2021 йил 16 ноябрида эса президентнинг фермерлар ўз вилоятида кластер танлаш ҳуқуқига эга бўлганлиги ҳақидаги фармони чиқди.

Бу қарор ва фармондан англашинишича, фермерлар энди ўзлари мустақил тарзда кооперация ташкил қилиб ишлаши ёки ўз вилоятидан бошқа кластерни эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлди.

Аммо 2022 йилда ўзбекистонлик фермерларнинг кооперация ташкил қилишда ёки кластер танлашда маҳаллий ҳокимлар тўсиқ бўлаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори ва президент фармонининг тўла-тўкис ижро этилишда, фермерларнинг айтишича, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг 2022 йил 18 мартда ўтказган йиғилиши баённомасининг иловаси тўсиқ бўлмоқда.

Шуҳрат Ғаниев ўтказган мажлис баённомаси
Шуҳрат Ғаниев ўтказган мажлис баённомаси

Бу иловага кўра, ҳар бир тумандаги ерлар маълум кластерларга бириктириб берилган ва фермер ўз туманидан ташқаридаги бошқа кластер билан шартнома қилиш ҳуқуқи йўқ.

Қорақалпоғистонда кластерга биркитилган туманлар
Қорақалпоғистонда кластерга биркитилган туманлар

Ғаниевнинг идораси ҳозиргача туман ҳокимлари томонидан “қатъий фармойиш” сифатида қабул қилинган ва президент фармонига зид ушбу баённома юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG