Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:12

"Ободонлаштириш" қурбони - Диана Еникеева ўлимида айбланганлар устидан ҳукм ўқилди


23 яшар Диана Еникеева ортида унинг эри Егор кичкина ўғли билан қолди.
23 яшар Диана Еникеева ортида унинг эри Егор кичкина ўғли билан қолди.

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг ўлимига алоқадорликда айбланганлар устидан ҳукм ўқилди.

14 март куни кўча тозалашга чиқарилган 23 ёшли Диана Еникеевани уриб кетган юк машинаси ҳайдовчиси Акрам Элмуродов Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди ҳукми билан Жиноят Кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Диана ўлимига сабаб бўлган ҳалокат айбдори¸ шунингдек¸ уч йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳаққидан ҳам маҳрум этилди.

Бу ҳақда Газета.уз нашри Олий суд матбуот хизматига таяниб хабар қилди. Ҳозирча бу янгилик Олий суд расмий сайтида йўқ.

Акрам Элмуродов устидан ҳукм 1 май куни ўқилган¸ айни пайтда¸ унинг адвокати мазкур ҳукм устидан шикоят аризаси билан Самарқанд вилоят судига мурожаат қилган.

Диана Еникееванинг отаси Александр¸ фожиа юзасидан Каттақўрғонда иккита алоҳида маҳкама бўлиб ўтгани ва иккинчи суд бу фожиага билвосита масъул амалдорлар устидан ўтказилганини айтди.

- Иккинчи судда Каттақўрғон ҳокимининг ўринбосари ва Халқ таълими бўлими расмийси судланди. Уларга шартли жазо берилди¸ деди Диананинг отаси Александр Еникеев 14 май куни Озодлик билан суҳбатда.

Газета.уз нашрининг ëзишича¸ Каттақўрғон туман ҳокимининг ëшлар сиëсати ва ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Мусахон Музафффаров ва Каттақўрғон туман Халқ таълими бўлими раҳбари Алишер Жуманазаровлар Жиноят Кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) да кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва икки йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Суд ҳукмига кўра¸ иккала собиқ масъул ўз иш ҳақининг 20 фоизини давлатга тўлайди ва уларнинг бир йил давомида раҳбарлик лавозимига тайинланиши тақиқланади.

Диананинг отаси Озодлик билан суҳбатда¸ ҳайдовчи устидан апелляция суди қандай ҳукм чиқариши номаълум бўлиб қолаëтгани боис¸ бу ҳукмларга аниқ муносабат билдиришга қийналишини айтди.

- Жараëн ҳали тугамади. Масъуллар тегишли жазосини олди деб ўйлайман. Ҳайдовчига ҳам тўғри ҳукм чиқди¸ аммо у бундан норози. Кўрамиз¸ вилоят суди қандай ҳукм чиқаришини¸ деди Еникееванинг отаси Александр.

Айни пайтда¸ Диананинг яқинлари 42-мактаб собиқ директорининг маҳкамага тортилмаганидан ҳайратда эканларини яширмадилар.

- Дианани ўлдирган ҳайдовчи бизга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаши керак ва суд шундай ҳукм чиқарди. Умид қиламиз¸ аппеляция суди дастлабки суд қарорини кучда қолдиради. Расмийларга келсак¸ бу бардак учун жавобгарларнинг ҳаммаси жазосини олди¸ деëлмайман. Лекин ҳали жараëн тугамади¸ бошқаларнинг ҳам гали келиб қолар¸ деди Диананинг отаси.

Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг президентнинг Самарқанд вилоятига сафари арафасида катта магистраль йўл ўртасидаги бетон тўсинларни оқлаëтган пайтда юк машинаси уриб юборгани ҳақида биринчи бўлиб Озодлик 15 март куни хабар қилган эди.

Диана Еникееванинг вафоти Махсус текшириш комиссияси хулосасига биноан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топилди.

Айни пайтда¸ Еникееванинг ўлими Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат¸ хусусан¸ таълим соҳаси хизматчиларининг ҳокимият ҳаммолига айлантирилганини кўрсатувчи фожеий мисолга айланди.

Озодлик ортидан маҳаллий матбуотда ҳам кенг ëритилган бу фожиага ўтган ой Сирдарëга қилган сафари давомида муносабат билдирган президент Шавкат Мирзиëев¸ ëш ўқитувчининг ўлимидан изтиробга тушганини билдирди.

“Мен вилоятларга сафар олдидан 2-3 кун олдин қайсидир вилоятга боришим ҳақида эълон қилинади. Бирон бир вилоятга кўринмас одамдек келиб-кета олмайман. Мен шароити оғир туманларни танлашга ҳаракат қиламан. Мана Самарқандда бир ўқитувчи вафот этди. Президент ташрифигача уч кун олдин рўй берган бу, лекин менинг юрагимда бу мен туфайли бўлгандек қолди", деди Сайхунобод туманида вилоят фаоллари билан учрашган президент.

Диананинг яқинлари¸ маҳаллий ва халқаро матбуотда кенг ëритилганига қарамай¸ унинг етим қолган боласига нафақа ва пенсия тайинлаш каби молиявий масалалар ечимининг ҳозирга қадар якунига етмаганини билдирдилар.

XS
SM
MD
LG