Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:50

Диананинг ўлими юзасидан вилоят ҳокими раддия берди. Туман ҳокимлиги “раддия”сини рад қилди


Диана Еникеева эри ва боласи билан
Диана Еникеева эри ва боласи билан

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман ҳокимлиги машина уриб юборган ўқитувчи аёлнинг ўлими юзасидан олдин берган “раддия”сини рад қилди.

18 март куни туман ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаси Диана Еникеева йўл тозалашга чиқарилганини инкор қилганди.

19 март куни эса, ҳоким ўринбосари, "инкор хати"ни имзолаган Мусахон Музаффаров, Озодлик саволларига жавоб бераркан, "ҳозирча Диананинг иш пайтида тозалаш ишларига чиқарилгани масаласи ўрганилаётгани ва унинг натижаси ҳали маълум эмаслигини" билдирди.

Шу куни кечга яқин эса, вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ўқитувчилар йўл тозалашга ҳеч қачон чиқарилмагани тўғрисида баёнот берди.

Рад этилган "раддия"

Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси, кўча тозалашга чиқарилган 23 ёшли Диана Еникеевани юк машинаси уриб юборгани ҳақида Озодлик 15 март куни хабар қилган эди.

18 март куни қатор маҳаллий нашрлар, жумладан, Kun.uz нашри бу ҳодисага Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги раддия берганини хабар қилди.

Маҳаллий нашрлар "раддия" сўзини ишлатиб эълон қилган хабар матнида ҳокимлик ва халқ таълими бошқармаси билдирувидан мана бу иқтибос келтирилган: “мактаб ўқитувчилари, жумладан, Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супиришга чиқарилмаган”.

Маҳаллий нашрлар ўз хабарини тайёрлашда таянган ҳужжат нусхаси Озодликда ҳам мавжуд. Уни икки киши - Каттақўрғон туман ҳокимининг ўринбосари Мусахон Музаффаров ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ.Саидов имзолаган.​

19 март куни Каттақўрғон туман ҳокими ўринбосари Мусахон Музаффаров Озодлик билан суҳбатда Диана Еникеева бўйича ҳокимлик раддия берганини инкор қилди:

- Йўқ улар (нашрлар - таҳр.) нотўғри талқин қилишган. Биз раддия берганимиз йўқ. Ҳаммаси ўрганилаяпти. Тегишли мутахасислар орқали ўрганилиб, кейин жавобимизни берамиз. Просто ўша куни маълумот бердик биз. Бу раддия эмас,- деди Мусахон Музаффаров.

19 март кунги Озодлик билан савол-жавоб давомида Мусахон Музаффаров Диана Еникееванинг кўча тозалашга олиб чиқилган-чиқилмагани масаласи ўрганилаётгани ва бу борадаги якуний натижа ҳали маълум эмаслигини билдирди:

- Бу жараён кетаяпти ҳозир. Вилоят меҳнатни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари, прокуратура буни охиригача ўрганиб, сўнг охирида хулосаларимизни берамиз, Худо хоҳласа,- деди Мусахон Музаффаров 19 март куни туш пайти.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:06 0:00
Бевосита линк

Вилоят ҳокими инкори

19 март куни кечки пайт Озодликка Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраевнинг Диана Енекеева ўлимига муносабати акс этган расмий ҳужжат етиб келди.

Туробжон Жўраев ўқитувчи аёл ўлими билан боғлиқ ҳодиса холис суриштирилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига сўз беради. Айни пайтда Жўраев "Ижтимоий соҳа ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқармалар томонидан ҳудудларни ободлаштириш ишларига чиқарилмаган"ини таъкидлаган:

"Бахтсиз ҳодисанинг Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи билан боғлаб оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар ва муносабатлар билдирилаётгани нохолис талқин ҳисобланади ва ҳақиқатга мос келмайди", дейилган Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг баёнотида.

Ҳокимлик тергов якунлари бўйича баёнот беради

Каттақўрғон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Диана Еникееванинг ўлими бўйича Жиноят кодексининг 266- моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.

- Шу бўлган воқеа қандай жараёнда содир бўлган? КамАз русумли ҳайдовчининг ўта эҳтиётсизлиги оқибатида, йўлда кетаётган КамАзни қувиб ўтиши натижасида содир бўлган. Шу бўйича ҳозир тергов ишлари бошланган. У ҳибсга олинган. Бу бўйича экспертиза жараёнлари кетаяпти. Мана шу нарсаларни ҳаммасининг охирига етамиз. Сўнг Худо хоҳласа баёнотимизни берамиз,- деди Каттақўрғон туман ҳокими ўринбосари Мусахон Музаффаров 19 март куни Озодлик билан суҳбатда.

Каттақўрғон туман марказидаги 42- умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани 14 март куни Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборган.

Бу ҳақда хабар қилган манба ўқитувчиларнинг кўча тозалашга мажбурлангани акс этган бир қанча фотосуратларни Озодликка тақдим этди:

Расмийлар илк бор мажбурий меҳнатни қоралади

Мажбурий меҳнат қурбони сифатида талқин қилинаётган Диана Еникеева воқеаси маҳаллий нашрларда ҳам ёритилди ва бу мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Илк бор расмийлар ҳам мажбурий меҳнат қурбонлари мавзусини тилга олди.

Жумладан, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев рўй берган фожиага ўз муносабатини билдирди:

"Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари, келинглар, бир меъёрий ҳужжат ишлаб чиқайлик. Миллат тақдири-ку ахир!", деб ёзди жумладан Саъдуллаев ўз Фейсбук саҳифасида.

19 март куни Алишер Саъдуллаев бу борада, албатта, ижобий натижага эришиш учун ҳаракатлар кетаётганини таъкидлади Озодликка.

Куни кеча Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов ҳам Диана ўлими билан боғлиқ ҳодиса ўрганилишини билдирган эди.

"Бўлиб ўтган ҳодиса, албатта, жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман", деб ёзди 17 март куни баёнот тарқатган Комил Алламжонов.

"Меҳнат кодексини бузганлар ҳокимликда ишламасин"

Мажбурий меҳнатга қарши курашаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Диана Еникееванинг ўлимига айбдор раҳбарлар ҳам жазоланишини лозимлигини таъкидлайди:

"Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 7-моддасида мажбурий меҳнатни тақиқлаш кўзда тутилган. Унда айтилишича, қандайдир жазо таҳдиди билан кимнидир меҳнат қилишга мажбур қилиш ман этилади. Бизнинг мамлакатимизда таълим ходимлари ўзларига тааллуқли бўлмаган, ҳақ тўланмайдиган ишларни қилишга муттасил мажбур қилиб келинади. Бу эса, меҳнат кодексининг тўғридан-тўғри бузилишидир. Бироқ мулозимлар, шунингдек, оддий одамлар ҳам, ёзилган қонунларга риоя қилиш шарт эмаслигига кўникиб қолишган. Гарчи ҳокимлик, Дианани кўча тозалашга жўнатганини рад этсада, уларнинг бу тарзда ўзларини оқлашига кимнингдир ишониши даргумон. Диананинг вафоти мажбурий меҳнат билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. Аммо бу ҳақда маҳаллий матбуот биринчи бор ёзмоқда ва афтидан бизнинг мамлакатимизда илк бор мажбурий меҳнат муаммоси муҳокама этилмоқда. Бироқ вазиятни реал ўзгартириш учун холис суриштирув ўтказилиши, айбдорлар жазоланиши керак. Биз бу иш натижаларини кузатмоқдамиз, меҳнат кодексини бузаётган ҳокимлар ҳокимият тизимида ишламасликлари керак", дейди Умида Ниёзова.

Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан кейин ҳам у бориши эҳтимоли бўлган жойлардаги ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини мажбуран жалб қилиш давом этяпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб ободонлаштириш ва дала ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўтган йили пахта мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилоят ҳокимлари ҳам пахта мавсумида ўқитувчиларни теримга чиқармаслик ҳақида ваъда берган бўлса-да, лекин тез орада бу ваъдаларини бузган ва ўқитувчилар пахта тергани жўнатилган эди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг йил давомида ободончилик ишларига ҳам жалб қилинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG