Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:00

Қирғизистон Олий суди умрбод қамалган Азимжон Асқаров ишини яна қайта кўра бошлади


Азимжон Асқаров 2010 йилдаги Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамалган эди.
Азимжон Асқаров 2010 йилдаги Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамалган эди.

25 февраль куни Қирғизистон Олий суди 2010 йилги Ўш қирғинига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўришни бошлади.

Олий суднинг биринчи йиғини “ишни қайта биринчи инстанцияга юбориб, жараённи чўзмаслик учун уни кўриб чиқиш 6 апрелда давом эттирилсин” деган қарорга келди.

Азимжон Асқаров иши Олий судда учинчи марта қайта кўрилмоқда. Халқаро ташкилотлар 2010 йилда қамалган Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини таъкидлаб, Қирғизистон ҳукуматидан уни зудлик билан озодликка чиқаришни сўраб келмоқда.

Учинчи марта қайта кўрилаётган иш

Азимжон Асқаров ишини яна бир маротаба қайта кўриб чиқишга киришган Олий суд мажлисига халқаро ҳуқуқ ташкилотлари, АҚШ ва Европа давлатлари элчихоналари вакиллари келди. Суд залига журналистлар киритилмади. Олий суд ходимлари буни залнинг торлиги билан изоҳлади.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, давлат қораловчиси Асқаровнинг ишни қайта кўриб чиқиш аризасига жавобан жиноят ишини биринчи инстанциядаги судга қайтариш тўғрисида илтимоснома киритган.

Суд прокурор илтимоси бўйича маслаҳатлашиб, “ишни қайта биринчи инстанцияга юбориб, жараённи чўзмаслик учун уни кўриб чиқиш 6 апрелда давом эттирилсин”¸ деган қарорга келди.

“Мен Асқаров ноқонуний ўтирганини исботлашга ҳаракат қилдим. Бу аризани барча томонларга тақдим этишим керак¸ беришим керак. Суднинг ҳозирги қарори “формал тарзда тўғри” бўлди. Негаки, мен ёзган аризани жабрланувчи томон ва прокурорлар ўрганиб чиқиши керак”¸ деди бу қарорга муносабат билдирган Асқаров адвокати Валерьян Вахитов​

Хадича Асқарова: Турмуш ўртоғим айбсиз айбдор бўлиб қолди!

Жараёнда Асқаровнинг турмуш ўртоғи Хадича Асқарова ва фарзандлари қатнашди. Улар суд адолатли қарор чиқаришига умид қилишмоқда.

“Турмуш ўртоғим Азимжон айбсиз. У ҳақиқатни гапириб, халққа ёрдам бериб милицияга, судга, прокурорларга ёмон кўрингани учун июнь воқеаси унинг қамалиб кетишига сабаб бўлди. Турмуш ўртоғимнинг соғлиғи яхши эмас, мен яқинда бориб келдим. У 68 га¸ мен 63 ёшга кираяпман, у айбсиз айбдор бўлиб, қамалиб ўтирибди”, деди Хадича Асқарова.

Жорий йил 19 февралида Азимжон Асқаров ҳалқаро ташкилотлар ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларига очиқ хат йўллаган эди. Ҳуқуқ фаоли ўз мактубида қўлга олинганидан бошлаб тергов, суд жараёнларининг бориши тафсилотларини ëзган. Азимжон Асқаров мактубида ўзининг айбдор эмаслиги, қирғиз ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро мажбуриятларини бажармаётганини ёзган.

Асқаровга қаршилар ҳукмни ўзгартирмасликни талаб қилмоқда

Асқаров ишини Олий судда кўриб чиқиш бошланган айни 25 февраль куни Жалолобод шаҳрида 2010 йилги июнь воқеасида жабрланганларнинг яқинлари матбуот анжумани ўтказди. Анжуманда Асқаров иши судда кўриб чиқилаётганига норозилик билдирилди.

«Азимжон Асқаров 2010 йилги воқеаларда айбдор. Биз норозимиз, уни чиқармасин. Судлар аввалги ҳукмни ўз кучида қолдирса тўғри бўларди”, деди "Санпа шаҳидлари" жамияти раиси Сирдаш Мамарасулов.

Асқаров иши – халқаро жамоатчилик кузатиб бораётган баҳсли суд жараёнларидан бири. У қамалган кундан бошлаб дунёдаги етакчи халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар хавотир билдириб, Асқаров ишини холис кўриб чиқишга чақириб келади.

Ҳуқуқ фаоли: Асқаров иши яна сиёсийлаштирилса, у ҳеч қачон қамоқдан чиқарилмайди

Ҳуқуқ ҳимоячиси, “Қилим шами” нодавлат ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова Олий суд Азимжон Асқаров ишига сўнгги нуқтани қўйиши керак¸ деб ҳисоблайди:

“2010 йили оғир тўқнашув бўлган, халқ жароҳати ҳали ҳам битмаган. Азимжон Асқаровни тушунган –тушунмаганлар бор. Кўпчилик унинг жуда яхши ҳуқуқ ҳимоячиси эканини билади. Билмаганлар¸ уни ваҳший сифатида кўришмоқда. Шу сабабли битган ярани қайта янгиламай, 10 йил ўтирган муддатини ҳисоблаб чиқарса бўлади. Сиёсатлаштирилса¸ ҳеч қачон қамоқхонадан чиқмайди. Ишни сиёсатга айлантирмай, ҳуқуқий майдонда кўриб чиқиб, уни озод қилиш керак”.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганликда айбланиб қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йил апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини Асқаров ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровнинг оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Ўтган йилнинг 2 декабрида Қирғизистон Олий суди иккинчи марта Асқаровнинг кассация аризасини кўриб чиқиб, “Оммавий тартибсизликни уюштириш” айблови асосида жазо муддатини қисқартириб, “Миллий нафрат асосида одам ўлдириш” айбловини “Одам ўлдириш”, айбловига алмаштирган.

XS
SM
MD
LG