Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:39

АҚШ Россия разведка хизматлари ва компанияларига қарши янги санкциялар жорий қилди


АҚШ Молия вазирлиги (суратда) эълон қилган санкциялар Россиянинг “тролль фабрикаси” деб аталган ташкилотга ҳам тегишли.
АҚШ Молия вазирлиги (суратда) эълон қилган санкциялар Россиянинг “тролль фабрикаси” деб аталган ташкилотга ҳам тегишли.

АҚШ ҳокимият идоралари Россиянинг етакчи разведка агентликлари, ўндан ортиқ Россия ватандошига қарши янги санкциялар жорий қилди. Улар орасида Россиянинг “тролль фабрикаси” деб аталган ташкилот ҳам бор.

15 мартда Оқ Уй ва Молия вазирлиги эълон қилган чоралар Россиянинг АҚШ сайлов тизимлари, жумладан, 2016 йилги президент сайлови кампаниясига аралашиш борасидаги хатти-ҳаракатларига жавобан кўрилди.

Расмийлар ушбу чора яна кенг қамровли “бадният кибер-фаолият”га жавобан кўрилаётганини ҳам билдирди. Айтилишича, россиялик ҳакерлар АҚШнинг энергетика тизими ва инфратузилмасининг бошқа қисмлари, жумладан, тўғонлари электрон тизимларини бузиб киришга уринган.

16 март куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Серей Рябков Россия АҚШнинг янги санкциялар туркумига америкаликлар “қора рўйхати”ни кенгайтириш билан жавоб қайтаришини билдирди.

Унинг айтишича, Россия санкцияларга уларнинг қамровига яраша жавоб қайтаради, аммо Москва қўшимча чоралар кўришни ҳам истисно қилмайди.

Дастлаб АҚШ расмийлари санкциялар Британияда пенсиядаги рус ҳарбий жосуси ва қизининг заҳарланишига бевосита алоқадор эмаслигини айтди. Аммо АҚШ молия вазири Стив Мнучин ушбу нохуш ҳодисани Россия шафқатсиз хатти-ҳаракатларининг кўриниши, деб атади.

АҚШнинг янги чоралари Россиянинг Қўшма Штатлар ва Европадаги хатти-ҳаракатларига қанчалик таъсир кўрсатиши маълум эмас. Тилга олинаётган идоралар, ташкилотлар ва шахсларга қарши олдин ҳам санкциялар қўлланган ёки АҚШ ҳукумати баёнотларида уларга қарши аввал ҳам айбловлар эълон қилинган эди. Бунга АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллернинг ўтган ойда эълон қилинган айблови ҳам киради.

Ушбу чоралар Москва билан ўртадаги тангликни янада мураккаблаштириши турган гап.

Янги жазо чоралари АҚШ Конгресси ўтган йили Россияни сайлов жараёнига аралашгани учун жазолаш мақсадида қабул қилган қонун доирасида илк марта қўлланмоқда.

Молия вазирлиги Россиянинг ҳарбий разведка бошқармаси ГРУ ва Россия ҳарбий хизматчиларини 2016 йилги сайловга аралашганликда айблади. Вазирликка кўра, улар “NotPetya” киберҳужуми учун бевосита жавобгардир, июнь ойида рўй берган ҳужум вақтида Европа компаниялари ва бошқа интернет фойдаланувчилари миллиардлаб доллар зарар кўрди.

АҚШ миллий хавфсизлик хизмати расмийларининг журналистларга маълум қилишича, ФҚБ, Ички хавфсизлик вазирлиги ва разведка идоралари АҚШнинг энергетика сектори, жумладан, тармоқлар, тўғонлар ва заводларнинг электрон тизимларига ҳужумлар ортида Россиянинг разведка ва бошқа хизматлари турган деб ҳисоблайди.

Молия вазирлиги баёнотида Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган ва “Россиянинг тролль фабрикаси” деб ном олган Интернет тадқиқот агентлиги тилга олинди. Марказ Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда сохта аккаунт – ҳисоб қайдномалари яратиш ва сохта хабарлар тарқатиш билан шуғулланган.

Мюллернинг ўтган ойдаги ҳисоботида ўша компания ва унинг молиявий таъминотчиси Евгений Пригожинни фитна уюштирганлик ва бошқа жиноятларда айблаган эди.

Қўшма Штатлар Британия, Франция ва Германиянинг Россия Скрипаль ва қизини заҳарлагани тўғрисидаги кескин айбловларга қўшилди. Ота-бола асабни фалажловчи модда билан заҳарлангандан сўнг Британияда шифохонага ётқизилган эди.

Президент Владимир Путин Скрипаль билан қизи заҳарлангандан сўнг Лондон билан муносабатлар таранглашиб кетаётгани ортидан мамлакат Хавфсизлик Кенгаши мажлисини ўтказди.

XS
SM
MD
LG