Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:02

Аллақулов партиясига имзо йиққан талаба сазойи қилинди. Фаолларга “босим давом этмоқда”


Наманганлик талаба Абдураҳмон Икромов “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига имзо йиққани учун муҳокама қилинмоқда, 13 апрель, 2021
Наманганлик талаба Абдураҳмон Икромов “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига имзо йиққани учун муҳокама қилинмоқда, 13 апрель, 2021

Ўзбекистонда янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига имзо йиққани учун сазойи қилинган наманганлик талаба босим остида қолмоқда.

24 яшар Абдураҳмон Икромов, Озодлик билан қисқа мулоқотда маҳалладошларини алдаб имзо йиққанига оид айбловларни тўлиқ рад этди, аммо босим остида шундай кўрсатма бериб, кечирим сўрашга мажбурланганини айтди.

Янги партияга тарафдор бошқа наманганлик фаоллар ҳам маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу партияга имзо йиғиш ҳаракатини қаттиқ назорат қилаётгани, тарафдорларни воз кечтиришга уринаётганини айтмоқда.

Партия фаоли Муҳаммадамин Эрматовга кўра, фаоллар рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлигига ҳужжат топширгани ортидан Наманган, Самарқанд, Хоразм ва Навоий вилоятларидан имзо чеккан ва йиққанларга босим бошлангани ҳақида хабарлар кела бошлаган.

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган. Унда профессор Аллақулов партия раиси этиб сайланган.


Намангандаги сазойи

Партия фаоли Муҳаммадамин Эрматовга кўра, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган 24 яшар талаба Абдураҳмон Икромов янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига 300 та имзо йиққан.

13 апрель куни Телеграм канали ва Фейсбук ижтимоий тармоқларида бу талаба имзоларни алдаб йиққани иддао қилинган ва бунинг учун маҳалладошлари сазойи қилаётгани акс этган видео тарқалди.

Видеода маҳалладошлари Икромовни, Хидирназар Аллақуловнинг “ҳали расман рўйхатдан олинмаган партияси учун уларни алдаб, сохта имзо йиққанлик” ва шу ҳаракати билан уларни ҳам “тупикка тиққанлик”да айблайди.

Ўзини маҳалла фаолиман, деб таништирган шахс 24 яшар талабани маҳалла обрўсини тўкканликда айблайди, бир неча аёл эса “фамилиямизни ўша рўйхатдан ўчиртириб қўйгин!” деб талаб қилади.

Шунингдек, видеода ўзини “Бирлашган” МФЙ раиси, деб таништирган шахс Икромовнинг “адашишида ҳаммамизнинг айбимиз бор, беэътибор қолдик”, дейди. Сўнгра талабани кафилликка олганини билдириб, маҳалла аҳлидан уни кечиришни сўрайди, маҳалладошлар уни қабул қилади.

Ёпиқ бинода 50 га яқин одам иштирокида ўтган сазойи муҳокама акс этган видеосига Икромовнинг видеомурожаати ҳам тиркалган. Унда Икромов Х. Аллақулов бошчилигидаги партия ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали маълумот олгани, тармоқлар орқали Муҳаммадамин Эрматовга боғланиб, имзо йиғиш учун бланкалар олганини айтади.

Сўнгра 300 га яқин одамдан аввалига қуруқ қоғозга имзо қўйдириб олгани, сўнгра бу рўйхатга тепасига партия ҳақидаги маълумотларни қўшиб қўйганини айтиб, маҳалладошларидан узр сўрайди.


Талабадан раддия

14 апрель куни Озодлик билан қисқа мулоқотда Абдураҳмон Икромов, маҳалладошларини алдаб имзосини олганига доир айбловларни рад этди.

Икромов 300 га яқин одамга янги таъсис қилинган партия ҳақида маълумот бергани, уларга тушунтиргани ва улар “ўз истаги билан имзо чеккани”ни таъкидлади. Имзоларни қуруқ қоғозга чектиргани ҳақидаги кўрсатмасини эса “босим остида беришга мажбур бўлганини” айтди.

Аммо Икромов Озодликка бу ҳақда батафсил интервью беришдан тийилди. Бундан ташқари, унинг оила-аъзолари ҳам маҳалла босимидан ҳайиқиб, унинг Озодлик билан гаплашишига қаршилик кўрсатди.

Абдураҳмон босим остида

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига ўз ихтиёри билан аъзо бўлиб кирганини айтган наманганликлардан бири Икромовнинг ўзи ва оиласи қаттиқ босим остида қолганини таъкидлади.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган наманганликка кўра, 13 ва 14 апрель кунлари “Бирлашган” МФЙ фаоллари ва бир неча аёллар талабанинг уйига бостириб боришган:

“Бизни фамилиямизни рўйхатдан ўчиртириб бер, болаларимизни Россияга чиқармаймиз, дейишяпти”, деб роса жанжал қилишган. Ота-онасиниям маҳалла роса сиқувга олган ҳозир: “Болангизга қарамайсизми, қанақа ноқонуний, президентга қарши ишларга қўшилиб юрипти”, деб. ИИВ, маҳалла имзо қўйган оилаларга бориб, имзони қайтариб олмасангиз ўғлингиз четга чиқолмайди, ўзингизга қийин бўлади, деган гаплар билан қайтаряпти. Муҳими, ўша 300 та имзони йўққа чиқариш буларнинг нияти. 40 йилда бир халқни ёнини олган партия чиқди, ўшани йўқ қилиш, буларнинг нияти”.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшайдиган ва янги партияга ўз ихтиёри билан аъзо бўлганини айтган Абдуқодир Жабборов ҳам, 24 яшар талабанинг сазойи қилинишини қоралади:

- Мен бу йигитни шахсан танимайман. Лекин бир кишини, 3-4 кишини алдаш мумкиндир, наҳотки 300 кишини алдаб, имзосини йиғиш мумкин бўлса?! Мен бунга ишонмайман. Кейин, бу боланинг қайси ҳаракати ноқонуний? Сайлов йилида партия тузиш ва имзо йиғиш мумкинлиги Конституцияда ёзилган-ку?! Бу талабанинг қайси иши ноқонуний? Бу партияга имзо йиғишнинг нимаси “адашиш”? Маҳалладошларидаги нафрат, ғазабни ҳам мен тушунмадим тўғриси.

Жабборовга кўра, сўнгги кунларда уни ҳам ИИБга чақиришган ва партия ҳақида маълумот сўрашган:

- Менга босим қилишмади, тазйиқ ҳам қилишмади. Бошқа бир ўғирлик масаласида чақиртиришди, лекин борганимдан кейин партия ҳақида сўрашди. Мен борини айтдим: “Бунинг ҳаммаси қонуний жараён, партия тузиш мумкинлиги Конституцияда кўрсатилган”. Шу билан қўйиб юборишди. Мен халқ шунча йилдан бери 5 та партияни кўриб келяпти. Бу янги партия уларга рақиб бўлади ва шу билан рақобат муҳити пайдо бўлади, бундан халқимизга яхшилик бўлади, деб ишонаман.

Партия раҳбариятидан баёнот

Наманганлик талабага имзо йиғиш учун бланкаларни йўллаган Муҳаммадамин Эрматов Икромовни шахсан танимаслиги ва у билан фақат телефон орқали мулоқотда бўлганини айтди.

Эрматов, Абдураҳмон Икромовга бўлган бу босим, партия фаолларининг Адлия вазирлигига имзолар рўйхатини топширганидан кейин кузатилаётганига эътибор қаратди.

“Бу партия таъсис этилганидан бери турли вилоятлар ва Россиядан юзлаб одам боғланди. Улар билан фақат интернет тармоғида кўрсатилган телефон орқали боғланиб, имзо бланкаларини жўнатяпмиз. 3 хил бланкамиз бор. Абдураҳмон ҳам имзо йиғишга ёрдам бераман, деб 300 та имзо берган бола шу. У болага ҳам бланкаларни жўнатиб бердим. Лекин шу воқеадан 2 кун олдин менга телефон қилиб, “ҳаммаси ўз ихтиёри билан қўйишган, ҳаммасига тушунтирганман. Ҳозир менга тазйиқ бўляпти, телефонда гапиролмайман”, деб телефон қилганди”.

Эрматовнинг айтишича, шу кунларда Хоразм ва Самарқанд вилоятидаги партия аъзоларига ИИВ органларидан қўнғироқ қилишаётгани, босим ўтказишаётгани ҳақида шикоятлар келмоқда.

“Мана, ҳозиргина Самарқанддаги фаолимиз телефон қилди: “Мен ноҳақ имзо йиққанман, нотўғри имзо йиққанман, деб видеомурожаат қиласан”, дейишяпти экан. “Биз нима қилдик, Ўзбекистон Конституциясини буздикми, нимага бунақа босим?!” деб шикоятлар келяпти”.

Адлия вазирлигидаги мунозара

7 апрель куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясининг бир гуруҳ фаоллари Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган имзоларни топшириш учун боришган.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода партия етакчиси, профессор Хидирназар Аллақуловнинг имзоларни қабул қилаётган вазирлик вакили билан сиёсий мунозараси акс этган.

Адлия вазирлигига тўплаган имзоларини топшириш учун борган Аллақулов вазирликнинг Аваз исмли мулозимидан "нега партия ташкилий қўмитасининг 76 нафари рўйхатини ИИВ ва ДХХга топширдингиз, сизларга ким бундай ҳуқуқни берди", дея саволга тутади.

“Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси раҳбари Адлия вазирлиги мулозимидан қайси қонун асосида ўз партиядошлари рўйхатини куч ишлатар тизимларига берганини ҳам сўрайди.

Ўз навбатида Адлия вазирлиги мулозими Аллақуловни “провокация”да айблайди.

Хидирназар Аллақулов 20 мингга яқин имзо тўплаб келганини айтар экан: "Амалда шундай имзолар асосида бирор бир партия йўқ Ўзбекистонда, шундай имзо тўпланганини исботлаб бера оласизми?" дейди.

Ўзбек муҳожири: Аллақулов партияси учун имзо кампаниясига қўшилганлар "25-30 мингга етди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:55 0:00

Яна бир партиядан номзод

5 апрель куни Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона мухолифат партияси "Эрк" октябрь ойидаги сайловларда президентликка номзодини илгари суриш режасини эълон қилди.

"Қарийб 30 йилдир тазйиқ ва таъқиблар остида фаолиятини давом эттириб келаётган ва 1991 йил Ўзбекистон Адлия Вазирлигидан қонуний рўйхатдан ўтган мамлакат тарихидаги илк мустақил партия – Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ҳам яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришга қарор қилди",дейилади 5 апрел куни партиянинг uzerk.org веб-сайтида эълон қилинган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG