Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Мажбурий аъзолик. Мирзиёев яна "ЎзЛиДеП"дан президентликка номзод бўлиши мумкин


 2016 йилги президентлик сайловида "ЎзЛиДеП" Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурганди.
2016 йилги президентлик сайловида "ЎзЛиДеП" Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурганди.

Ўзбекистонда оддий ишчилардан тортиб давлат хизматчиларигача 2016 йилги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракатиЎзбекистон Либерал-демократик партияси - “ЎзЛиДеП”га аъзо бўлишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Фарғона, Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидан исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган завод ишчилари, банк ходимлари ва ҳатто ҳокимлик расмийлари ҳам босим ва пўписалар билан “ЎзЛиДеП” аъзосига айлантирилганликлари”ни айтишди.

Улардан партияга ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир фоизи (7 минг сўм атрофида) миқдорида аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида тилхатлар олинган.

Озодлик билан суҳбатда бўлганлар уларнинг энг катта эътирози ҳам ҳар ой тўланадиган ана шу тўловлар эканини айтишди.

“ЎзЛиДеП”нинг Тошкентдаги идораси ходими Озодликка жойларда партияга аъзолик бўйича ташвиқот ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади, аммо партияга аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий эканлигини таъкидлади.

Аъзолик кампанияси ЎзЛиДеп партияси расмий сайтида ҳам эълон қилинди.
Аъзолик кампанияси ЎзЛиДеп партияси расмий сайтида ҳам эълон қилинди.

“Партия Низоми ва мамлакат қонунчилигига зид ҳаракат”

Фарғона вилоятидаги давлат идораларидан бирида ишловчи, исми очиқланмаслигини истаган мулозим Озодлик билан суҳбатда "ЎзЛиДеП"га янги аъзоларни жалб қилиш партия Низоми ва мамлакат конституциясига зид тарзда амалга оширилаётганини айтди:

“Президент сайлови арафасида “ЎзЛиДеП” Фарғона вилоят Кенгаши буйруғи билан вилоятдаги ҳамма туман, шаҳарларда партияга аъзо бўлишга мажбурлаш бошланди.

Вилоят ходимларини туманларга куратор қилиб бириктириб худди партияга аъзо қилишни вилоят ҳокими буюрган, деб уни номини сотиб иш қиляпти.

Энди вилоятдан куратор қилинган ходимлар бизнинг бошимизда туриб, мажбурий аъзо тўплатяпти.

Биз иложсиз сохта маълумот тайёрлашга мажбур бўляпмиз. Одамларни мажбурий аъзо қилдириш адолатданми?

Ахир, бу партия уставига ҳам мамлакат қонунчилигига ҳам зид-ку”, - дейди фарғоналик мулозим.

“ЎзЛиДеП” Фарғона вилоят Кенгаши қарори экани айтилаётган ҳужжат.
“ЎзЛиДеП” Фарғона вилоят Кенгаши қарори экани айтилаётган ҳужжат.

“Партияга аъзо бўлаверамиз, лекин ҳар ой взнос тўлаш ёқмаяпти”

Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводининг Озодлик билан суҳбатда бўлган ишчиси “ЎзЛиДеП”га эътирози йўқлиги, аммо аъзолик бадали ўзлари учун оғирлик қилишини айтди.

“Бошлиғимизни ўртага қўйиб, бизни ҳаммамизни аъзо қилдиришяпти. Хоҳламаганларни рўйхат қилиб, раҳбарнинг столига қўйишар экан. Бизга қолса, хоҳлаган партияга аъзо бўлаверамиз, лекин ҳар ой взнос тўлаш ёқмаяпти кўпчиликка”, - дейди бухоролик ишчи.

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига мажбуран аъзо қилинмоқда.

Улардан энг кам иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида ЎзЛиДепнинг Самарқанд вилояти Пастадрғом тумани Кенгаши ҳисоб рақамига “ҳар ой пул ўтказиб боришга розиман” деган мазмунда тилхатлар ҳам олинган.

Ўз иддаосига исбот сифатида у Озодликка ЎзЛиДеПга аъзолик ва партияга тўлов аризалари нусхаларини юборди.

ЎзЛиДеп партиясига ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир фоизи (7 минг сўм атрофида) миқдорида аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида тилхат.
ЎзЛиДеп партиясига ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир фоизи (7 минг сўм атрофида) миқдорида аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида тилхат.

“ЎзЛиДеП” Марказий кенгашининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими партия сафини кенгайтириш учун барча вилоят ва туманларда янги аъзоларни жалб этиш ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

Айни пайтда мулозим партияга янги аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий асосда амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Ҳозир партия сафларини кенгайтириш учун жойларда ишлар кетяпти. Лекин ҳеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ, одамларнинг ўзлари истаб қўшиляпти”.

“ЎзЛиДеП” Марказий Кенгаши мулозими партияга нега одамлар аъзо бўлишга интилаётгани ва уларга партияга аъзолик қандай наф бериши ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Аммо партиянинг Озодлик билан аноним тарзда суҳбатда бўлган бошқа бир ходими бу ишлар Мирзиёев номзодини президентликка илгари суришга тайёргарлик ишлари билан боғлиқлигини айтди.

”ЎзЛиДеП” бу йилги сайловда ҳам Мирзиёев номзодини президентликка кўрсатади, ана шунга тайёргарлик бўляпти”, - деди партия ходими.

Ўзбекистонда 1 мартдан шу йил октябрида ўтадиган президент сайловларига расман старт берилган эса-да, ҳозирга қадар рўйхатдан ўтган партияларнинг биронтаси ўз номзодини илгари сурганича йўқ.

"ЎзЛиДеП" уставида аъзолик якка тартибда, ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши айтилган.

2003 йилда таъсис этилган партиянинг расмий сайтида қанча аъзоси борлиги ҳақида маълумот йўқ.

"ЎзЛиДеп" 2016 йилда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевни ўша йили декабрда ўтказилган президент сайловида президентликка номзод сифатида кўрсатган эди.

“7 минг сўмлик взносга қийналяптими, демак халқ “ЎзЛиДеП”га баҳосини бериб қўйибди”

Мамлакат бош вазири Абдулла Арипов ҳам “ЎзЛиДеП” аъзоси.

Ўзбекистон парламентидаги беш сиёсий партиянинг ҳаммаси ҳукумат сиёсатини дастаклаб келади.

“ЎзЛиДеП”га мажбуран янги аъзоларни жалб қилиш кампанияси Ўзбекистонда илк мухолифат партияси давлат рўйхатидан ўтиш учун имзоларни топширган пайтда кузатилмоқда.

7 апрель куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясининг бир гуруҳ фаолари Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган имзоларни топшириш учун боришган.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода партия етакчиси, профессор Хидирназар Аллақуловнинг имзоларни қабул қилаётган вазирлик вакили билан сиёсий мунозараси акс этган.

Адлиа вазирлигига тўплаган имзоларини топшириш учун борган Аллақулов вазирликнинг Аваз исмли мулозимидан "нега партия ташкилий қўмитасининг 76 нафари рўйхатини ИИВ ва ДХХга топширдингиз, сизларга ким бундай ҳуқуқни берди", дея саволга тутади.

“Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси раҳбари Адлия вазирлиги мулозимидан қайси қонун асосида ўз партиядошлари рўйхатини куч ишлатар тизимларига берганини ҳам сўрайди.

Ўз навбатида Адлия вазирлиги мулозими Аллақуловни провокацияда айблайди.

Хидирназар Аллақулов 20 мингга яқин имзо тўплаб келганини айтар экан "амалда шундай имзолар асосида бирор бир партия йўқ Ўзбекистонда, шундай имзо тўпланганини исботлаб бера оласизми?", дейди.

Хидирназар Аллақулов.
Хидирназар Аллақулов.

Янги тузилаётган мухолифат партияси фаолларидан Баҳром Ғойиб “ЎзЛиДеП”га одамлар аъзоликка мажбурланаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдираркан, “7 минг сўмлик взнос тўлашга қийналяптими, демак халқ “ЎзЛиДеП”га ўзини баҳосини бериб қўйибди”, - деб айтди.

5 апрель куни Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона мухолифат партияси "Эрк" октябрь ойидаги сайловларда президентликка номзодини илгари суриш режасини эълон қилди.

"Қарийб 30 йилдир тазйиқ ва таъқиблар остида фаолиятини давом эттириб келаётган ва 1991 йил Ўзбекистон Адлия Вазирлигидан қонуний рўйхатдан ўтган мамлакат тарихидаги илк мустақил партия – Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ҳам яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришга қарор қилди",дейилади 5 апрел куни партиянинг uzerk.org веб-сайтида эълон қилинган.

Баёнотда, "амалдаги ҳукуматнинг янги қурилаётган партиялар рўйхатга олинишига тўсқинлик қилаётгани ва уларга қарши зўравонлик ишлатилиб, Конституцион ҳуқуқларини топтаётгани" қораланган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди.

2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG