Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:37

Кабаева Тошкентда: Саида Мирзиёева "Путин маъшуқаси"га мезбонлик қилди


Алина Кабаева (марказда) ва Саида Мирзиёева гимнастика мусобақасида Тошкентда.
Алина Кабаева (марказда) ва Саида Мирзиёева гимнастика мусобақасида Тошкентда.

Тошкентда 14−16 апрель кунлари бўлиб ўтган гимнастика бўйича жаҳон кубогининг навбатдаги босқичига собиқ гимнастикачи, "Путиннинг маъшуқаси" сифатида танилган асли ўзбекистонлик собиқ Дума депутати, ҳозирда эса Ғарб санкциялари остида қолган Алина Кабаева ташриф буюрди.

У тадбирда Ўзбекистон Президенти администрацияси маъмури Саида Мирзиёева ҳамроҳлигида пайдо бўлди.

14−16 апрель кунлари Тошкентда гимнастика бўйича жаҳон кубогининг 3-босқичи ўтказилди. Мусобақанинг охирги кунида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та бронза медалини қўлга киритди. Аммо бу тадбир жамоатчилик назаридан четда қолган яна бир ҳодиса билан эътиборлидир.

Мусобақанинг сўнгги кунидаги финал босқичида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ва Путинга яқинлиги туфайли ғарб санкцияларига тушган Алина Кабаева иштирок этди.

Кабаева ўтмишда гимнастика бўйича жаҳон чемпиони, Олимпия чемпиони Россия давлат думасининг собиқ депутати бўлган.

“Газета уз” эълон қилган ягона фотосуратда Саида Мирзиёева ва Ғарб санкциялари рўйхатига киритилган Алина Кабаева билан бирга ўтиргани акс этган.

Президент отасининг администрациясида коммуникациялар ва ахборот сиёсати шўъбаси бошлиғи бўлган Саида Мирзиёевага оид бу хабарни бошқа нашрлар четлаб ўтди.

2022 йилнинг 7 мартидан кучга кирган Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) Қарорига кўра, Россиянинг Украинага ҳарбий тажовузи туфайли россиялик гимнастикачилар халқаро турнирлардан четлаштирилган. Бу ҳақда Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) сайтида хабар берилган.

“FIG ушбу фавқулодда ва шошилинч чоралар бўйича қарор юқорида айтиб ўтилган фавқулодда вазиятларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинганлигини таъкидламоқчи. Улар гимнастиканинг яхлитлигини, аъзолари ва барча спортчилар ва иштирокчиларнинг даҳлсизлиги ва хавфсизлигини сақлашга, зўравонлик ва спорт адолатсизлигининг барча шаклларига қарши курашишга қаратилган профилактик чора-тадбирлардир,”- дейилади расмий хабарда.

Спортчиларга Халқаро гимнастика федерацияси шафелигида ўтказиладиган мусобақаларда қатнашиш тақиқланди. Шунингдек, Россиядан ҳакамлар ва амалдорлар қабул қилинмайди.

28 февраль куни Халқаро олимпия қўмитаси халқаро спорт федерацияларига Россия ва Украина атрофидаги вазият туфайли россиялик ва беларуслик спортчиларни халқаро мусобақаларда иштирок этишига тўсқинлик қилишни тавсия қилган эди. Ташкилот баёнотига кўра, мамлакатлар Олимпия сулҳини бузган.

Бундан чиқди, Ҳаага суди томонидан халқаро қидирувга берилган Владимир Путинга яқинлиги учун Ғарб санкциялари остида қолаётган Алина Кабаева Ўзбекистон президенти тўнғич қизи, президент администрацияси амалдори Саида Мирзиёеванинг хос меҳмони бўлган.

Ўзбекистон спорт жамоатчилиги вакилларидан бири Кабаеванинг мусобақада пайдо бўлганини бундай изоҳлади:

- Ғарбга киролмаётган Кабаева Тошкентга меҳмонга келган бўлиши ва мусобақани томоша қилгиси келган бўлиши мумкин. Шу боис Саида Мирзиеёва унга ҳамрохлик қилган. Аммо бир нарса аниқки, Кабаева ташкилотчилар томонидан мусобақага таклиф қилинмаган, у шунчаки бир томошабин сифатида Жаҳон Кубоги мусобақалари финалини томоша қилган.

Кабаева 2017 йилда ва ундан кейин ҳам Ўзбекистонга келиб кетиб юрган.

Алина Кабаева 2022 йилнинг ёзида Европа Иттифоқи, Британия ва АҚШнинг санкциялар жорий этилган шахсларнинг “қора рўйхати”га киритилган эди. ЕИ, Британия ва АҚШ ҳукуматлари расман Алина Кабаева Россия президенти Владимир Путин билан “яқин муносабатда” экани ортидан санкцияга тушганини билдирган. Жаҳон ОАВлари Путин ва Кабаеванинг умумий фарзандлари борлиги ҳақида ёзган эди.

Жумладан, Швейцариянинг SonntagsZeitung газетаси 2022 йилнинг 1 майда нашр этилган сонида Владимир Путиннинг 2015 ва 2019 йилларда туғилган икки ўғли борлиги ва улардан бири Швейцарияда истиқомат қилиши ҳақида ёзган эди.

Адвокат ва мухолифатчи Навальний жамоаси аъзоси Любовь Соболь Путиннинг атрофидаги барча шахсларга нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этишни давом эттириши керак, деган фикрда:

- Кабаеванинг Путин билан оилавий алоқалари ва никоҳи расман тасдиқланмаган. Аммо бошқа фикрлар тасдиқланди: Кабаева узоқ вақт давомида Миллий медиа гуруҳини бошқарган. У асосий пропаганда ресурси ва тузилмаси ҳисобланади. Кабаева Давлат Думаси депутати ва Жамоат палатаси аъзоси эди. Сиз унинг хизматларини узоқ вақт санаб ўтишингиз мумкин. Шунинг учун, тарғиботчи сифатида у ушбу санкциялар остида бўлиши керак. Ахир Алина, унинг синглиси, онаси ва момоси нафақат унинг оила аъзолари, балки “ҳамёнлари” ҳамдир.

Қатор нашрлар олиб борган журналистик суриштирувлар натижаларига кўра, болаларни таги тошкентлик собиқ гимнастикачи Алина Кабаева дунёга келтирган. Кабаева Путиннинг яқинларидан бири сифатида сўнгги пайтларда Ғарб ОАВларида кўп тилга олинмоқда.

Бир ҳафта олдин Сочида Алина Кабаева хайрия фонди томонидан ташкил этилган “Алина-2023” бадиий гимнастика фестивали якунланганди. Бу йил ўн иккинчи бор ўтказилаётган фестивалда Россия, Беларус, Қозоғистон, Хитой, Куба ва Ўзбекистондан 350 дан ортиқ гимнастикачи иштирок этди.

Фестивал меҳмонлари ва журналистлар спортчининг ўнг қўлининг ҳалқа бармоғидаги никоҳ узугига эътибор беришди.

Машҳур гимнастикачи Ғарб санкциялари остида қолиб, ниҳоят яширин ҳаёт тарзидан воз кечган кўринади. "Можем объяснить" канали олиб борган суриштирувга кўра, "Миллий медиа гуруҳи"нинг барча имкониятлари энди Алина Кабаеванинг лойиҳалари "пиар"ига қаратилган. Собиқ гимнастикачи билан доимий равишда тайинланган ҳатто шахсий журналист юргани жамоатчилик эътиборига тушди. Илгари мутлақо панада юрган Алина хоним ҳақида охирги пайтларда қатор нашрларда уни мақтовчи мақола ва репортажлар пайдо бўлди.

Путин машуқасининг моддий қўллови билан Россиянинг энг йирик давлат нефт-газ компанияси - "Газпром" ширкати фаол ёрдам бераётгани аниқланди. "Можем объяснить" журналистлари "Газпром" тузилмалари Алина Кабаевага Краснодар ўлкасидаги нархи 2,2 миллиард рублдан ортиқ бўлган бепул бино совға қилганини аниқлади.

Шунингдек, асли тошкентлик Кабаева бу бинодан узоқ масофада бўлмаган жойда майдони Россияда энг катта бўлган квартира - нархи 120 миллион долларга баҳоланган хусусий пентхаусга ҳам эгалик қилади.

Суриштирувчиларга кўра, Алина Кабаевага совға қилинган бундай бинолар ва мулк Россия ва унинг ташқарисида жуда кўп бўлиши мумкин.

Пахтакор командасининг собиқ капитани Марат Кабаевнинг қизи Алина Кабаева Алишер Усмоновнинг рафиқаси Ирина Винер кўмагида Россия спорт оламида катта ютуқларга эришган: Алина Кабаева Винернинг энг машҳур шогирдлари ва ҳамкорларидан биридир.

Асли ўзбекистонлик рус олигархи Алишер Усмоновнинг рафиқаси, айни дамда Путиннинг асосий таянчи саналган “Единая Россия” партияси олий кенгаши аъзоси, асли самарқандлик Ирина Винер ҳам шу йил мартида Халқаро гимнастика федерацияси санкцияларига киритилган, Латвия эса уни ўз ҳудудига номаълум муддатга киритмаслик тўғрисида қарор чиқарган. Уруш бошланганидан кейин, 2022 йилнинг 4 май куни 30 йил бирга яшаган Алишер Усмонов бирдан Винер билан ажрашаётганини маълум қилган ва июл ойида улар расман ажрашган. Ажрашиш сабаблари ҳозиргача номаълум қолмоқда.

Собиқ спортчи Кабаева эса ҳозирда Россиянинг ”Миллий Медиа Груп” холдинги директорлар кенгаши раиси, 2016 йилдан эса ЗАО Спорт-Ехпресс директорлар кенгашини ҳам бошқариб келади.

Кузатувчилар муаммо Алина Кабаеванинг ўзида ҳам эмаслиги, балки чуқурроқ муносабатларда эканини айтишади. Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари, ҳуқуқ фаоли Надежда Атаева фикрича, Алина Кабаеванинг Ўзбекистонда Саида Мирзиёева олдида пайдо бўлиб қолиши кўплаб сабаблар билан эътиборни тортади.

-Ўзининг тарихий Ватанини ёдга олганига Ўзбекистон у учун хатарсиз бўлиб қолаётган саноқли мамлакатлардан бири бўлиб қолаётгани, у Кремлнинг “юмшоқ куч” вакиласи сифатида бу ерда пайдо бўлгани бўлиши мумкин. Энг аввало, ҳарбий жиноятчи Владимир Путиннинг ишонган одами ҳамдир. “Ева” Кабаева ва “бункердаги бобой” номи билан танилган бу икковлон Россия имиджи ва таъсир доирасини сақлаб қолиш учун Путинга хайрихоҳлик билдираётган барча ҳудудлардаги алоқаларни ишга солмоқда. Иккинчидан, Кабаева россиялик сиёсатчи ва унинг Тошкентга ташрифи ушбу тадбир билан боғлиқ эмас. Учинчидан эса Алина Кабаева русийзабон мамлакатларда Россиянинг манфаатларини олға сурувчи “Ватандош” дастури иштирокчисига айланган, кўринади, деди Надежда Атаева.

Ўзбекистон расмийлари ва спорт мулозимлари Алина Кабаеванинг Тошкентда пайдо бўлишини шарҳламади. Саида Мирзиёева ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу борада бирон пост қўйгани йўқ.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG