Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:30

Блог: Путиннинг поччаси куёвидан нега ранжиди?


Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари.
Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари.

Миразиз деган дўстимиз бор.

Сал бодилигини айтмаса, билимдон мутахассис, анча-мунча тарих китобларини элакдан ўтказган.

Кўп йил мактабда тарихдан дарс берган.

Яқин-яқингача “Путиннинг поччаси”, “Путиннинг адвокати”, “Дмитрий Песков” деган лақаблари бор эди.

Дўстимиз қурмагур ўлгудек путинпараст эди-да.

Ўтирса ҳам, турса ҳам ўрис президенти номини тилидан қўймасди.

“Путин билан Алина Кабаева ошиқ-маъшуқ экан” деган овоза тарқаган пайтда дўстимизнинг мухлислиги фанатликка айланди.

“Мана, оғайнилар, Путин ўзбекка куёв бўлди, билардим бизга меҳри бошқача эканини”, деди оғзининг таноби қочиб.

Шу-шу, дўстимизга “Путиннинг поччаси” деган “ёрлиқ” чиппа ёпишди-қолди.

Россия бултур Қримни қўшиб олганда ҳам Миразиз арзанда байтали эгиз қулунлагандек хурсанд бўлиб кетди.

“Мана, тарихий адолат қарор топди!” деди синфдошлар гапида ҳаммани оғзига қаратиб.

Миразиз саккиз ойча бурун мактабдан бўшадию эран-қаран Россияга жўнаворди.

Ўзи айтмоқчи, “Ўрусияга юриш қилди”.

Бу ёғини сўрасангиз, оғайнимизнинг тили узун бўлгани билан қўли калтароқ эди.

“Майли, уч-тўрт танга ишлаб топсин, кам-кўстини тўлдирсин”, дедик.

Миразиз саккиз ойлик “юриш”дан яқинда қайтиб келди.

Йўқловга бордиг-у, уни танимай қолдик.

Аввалги путинпарастдан асар йўқ, машқи ҳам паст.

“Қайси шаҳарда бўлдинг, нима иш қилдинг, оғайни?” деб сўрадик.

“Маскопда жорубкашлик қилдим”, деди бепарволик билан.

Адабиётдан кандидатлик қилган дўстимиз қулоғимизга шипшиганидан билиб олдик: жорубкашлик фаррошлик дегани экан.

“Мустамлакачидан ҳам ёлчимаган эканмиз ўзи. Қайтанга, бизни ўрислармас, инглиз босиб олса бўларкан”, деди Миразиз ҳаммани ҳайрон қолдириб.

“Йўғ-е, ахир ўрислар бизга маданият олиб келган-ку?” деди қитмирроқ синфдошимиз Рустам Миразизнинг эски “қўшиғи”ни эслатиб.

“Маданияти қурсин, инглиз барибир инсофлироқ эди. Ана, ҳиндлар Лондонда катта холасининг уйида юргандек юрибди!”

Миразиз боёқиш Маскопда анча қийналган кўринади.

“Ўзбек ўрис мирғазабларини (муаллим дўстимиз милицияни шундай атайди) боқса, корчалону гумашталарини тўйдирса, яна тақирбошлардан қўрқиб, юрак ҳовучлаб юрса! Шуям инсофданми?!”

“Ношукр бўлма, Миразиз, миллионлаб юртдошимиз ўша ерда нон топяпти-ку”, дея Рустам яна Миразизнинг эски “қўшиқ”ларидан бирини “хиргойи қилди”.

Мусофирлик дўстимизни анча “мусулмон” қилиб қўйибди.

“Нон топаётган бўлса, пешона тери билан топяпти. Қолаверса, ўзбекнинг ишлаши ўзидан ҳам кўра ўрисга кўпроқ фойда келтиряпти. Бизга берган чой-чақасига ҳатто ўрис мужигиям ишламайди”, деди куйиб-пишиб.

“Миразиз, Путин Ғалаба парадида Ўзбекистонни тилга олмабди, шу ростми?” дея кандидат дўстимиз билиб-билмай ёниб турган оловга мой сепди.

Путиннинг собиқ поччаси куёвболани болохонадор қилиб сўкинди.

Унинг етти аждоди гўрига ғишт қалади.

Баққолнинг халтасидан ҳам топилмайдиган сўкишлар билан сийлади.

Чапани муаллимнинг оғзидан чиққан гапларни ёзиб бўлмайди.

Гуппифеъл почча оқибатсиз куёвидан қўлини ювиб қўлтиғига ургани ростга ўхшайди.

Собиқ поччанинг дўсти

XS
SM
MD
LG