Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:35

“Минтақада ташвиш уйғотаётган битта чегара қолди”. Эксперт ўзбек-қирғиз чегара битимининг аҳамияти ҳақида


Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров. Бишкек, 27 январь, 2023
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров. Бишкек, 27 январь, 2023

Ўзбекистон президентининг ўтган ҳафта Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида, ниҳоят, узоқ кутилган икки давлат чегарасини делимитация қилиш жараёни ниҳоясига етгани эълон қилинди. Мирзиёев ва Жапаров Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини бир-бирларига топширдилар.

Ўзбекистон билан чегара Қирғизистоннинг энг узун ташқи чегараси ҳисобланади. Унинг узунлиги 1314 километрга тенг. Чегарадаги баҳсли участкалар тўқнашувларга сабаб бўлар, баъзида инсон ўлимига олиб келарди. Ўтган йилнинг ноябрида Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари 30 йилдан зиёд давом этган чегара можароларига чек қўйилганини эълон қилишди.

Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов “Настояшчее время” телеканалининг ушбу чегара битимлари ва уларнинг аҳамияти тўғрисидаги саволларига жавоб берди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара делимитацияси якунланди. Ушбу битимни қандай баҳолайсиз, жараён 30 йил давом этди ҳарқалай?

– Мен буни фавқулодда ижобий баҳолайман, гапим рост. Президентлар фикрига қўшилмай иложим йўқ: кўп йиллик ихтилофлар, ўзаро иддаолар, тушунмовчиликларга барҳам берган чинакам тарихий аҳамиятга молик воқеа бу. Шу тариқа Марказий Осиёда икки қўшни давлат ўзаро чегарасини узил-кесил қонунийлаштирди ва легитимлаштирди. Энди, менимча, минтақада катта хавотир уйғотадиган битта чегара қоляпти – бу Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараси давлатлараро, тан олинган чегара бўлди, бу воқеа мен учун қанчалик муҳимлигини таърифлашга сўз тополмайман. Дарвоқе, шу ўринда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фикрига қўшиламан – дарҳақиқат, сиёсий ирода намойиш қилинди, айниқса Қирғизистон томонидан. Айни чоғда, – буни ҳам қайд этмасак бўлмайди, – Кампиробод сув омбори масаласи норозилик кайфиятини сезиларли даражада оширди. Қирғизистонда митинглар жуда қаттиққўллик билан бостирилганидан афсусдаман, ишонаман, шунга умид қиламанки, бу иш бўйича ҳибсга олинганлар тез орада озодликка чиқарилади, акс ҳолда норозилик бадтар чуқурлашиши мумкин. Қолаверса, ҳаддан ортиқ қаттиққўллик қилиш ақлли одамларнинг иши эмас.

Ўзингиз шу мавзудан гап очганингиз яхши бўлди. Қирғизистонда фаоллар Кампиробод сув омбори ҳудудини Ўзбекистонга бермаслик керак эди, бу номутаносиб айирбошлаш, деб ҳисоблашади. Бу хусусда нима дейсиз? Ерга сув алмашиш тўғрими?

– Мен бунақа масалалар бўйича мутахассис эмасман, ушбу муносабатларнинг сиёсий характери бўйича мутахассисман холос. Айирбошловга норози бўлганлар, назаримда, ушбу муаммонинг чинакам муқобил ечимини таклиф қила олганлари йўқ, бирон жиддийроқ нарса таклиф қилиб бўлмасди ҳам. Ҳамма гап шундаки, лимитизация қилинмаган чегара уларга мерос қолган эди, ўша сув хўжалиги объектлари ҳам уларга Совет Иттифоқи давридан мерос қолган ва у пайтлар ҳамма нарса умумий эди. Нима бўлган тақдирда ҳам, иккала мамлакатда иқтисодиёт, айниқса унинг сув билан боғлиқ тармоқлари бир текис ривожланиши учун муаммони ҳал этишнинг бирон чорасини топиш керак. Норози бўлаётганларга нима ёқмаяпти? Қирғизистоннинг бир парча ери қирғизларнинг ўзи ҳам фойдаланадиган сув омборини қуриш учун берилганими? Улар ўзларига айнан нима муҳимлигини аниқлаб олишлари керак. Бир парча ерни намойишкорона қизғанишми ёки ўз мамлакатлари равнақи ва яхши қўшничилик алоқаларими?

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:36 0:00

– Сиз “минтақада биргина муаммо қолди, энди Қирғизистон билан Тожикистон ҳам шунақа чегара битимини имзолаши керак”, дедингиз. Ўзбекистон билан имзоланган битим бу жараённи тезлаштиришига ишонасизми?

– Айни шу масалада оптимист бўла олмайман, ўз позициямни бир неча марта билдирганман ҳам. Назаримда, токи Душанбеда мамлакатдаги ва чегарадаги барча жараёнларни пешвойи миллат жаноб Эмомали Раҳмон бошқарар экан, Қирғизистон билан чегара бўйича иккала томонни ҳам қониқтирадиган қарор ҳали-бери қабул қилинмайди. Сўнгги пайтларда мен Душанбе ўз позициясини оқлаш мақсадида намойиш этаётган ҳужжатларга яна бир бор кўз югуртирдим, бироқ ушбу муаммони конструктив ва муроса йўсинида ҳал этишга интилишни кўрмадим. Афсуски, воқелик шундай, можаро яқин орада бартараф бўлади, деб ўйламайман.

Форум

XS
SM
MD
LG