Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:43

2022-Минтақа: ​​​​​​​Қонли низолар ва кўрпага яширилган болалар


Якунланаётган 2022 йилда, Марказий Осиё муқаддам мисли кўрилмаган қонли воқеаларга гувоҳ бўлди:

  • Танклар, ўқотар қуроллар, болаларини кўрпага ўраб яширишга уринган аёллар йиғиси, юзга яқин қурбон - тожик-қирғиз чегараси, куз.
  • Лиқ тўла майдон, минглаб одам йиғилган тинч намойиш, сўнгра яна ўқотар қурол овози, қизилга бурканган ерлар, ўнлаб қурбон - Қорақалпоғистон, ёз.
  • Яна минглаб одам кўчада, яна ўқотар қурол, яна дубинкалар, яна юзи кўзи қонга беланган намойишчилар - Қозоғистон, қиш.

Қозоғистон, январь воқеалари

2022 йил Қозоғистонда мисли кўрилмаган намойишлар билан бошланди.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳри аҳолиси суюлтирилган газ нархининг оширилишидан норози бўлиб, намойишга чиқди.

4 январга келиб намойишлар, энергетик тақчиллик кузатила бошлаган мамлакатга ёйилди. Олмаотада тартибсизликлар бошланиб кетди. Ўқ отилди.

Ҳукумат газ нархи туширилишини эълон қилишига қарамай, норозиликлар тўхтамади - намойишчилар сиёсий талабларни илгари сура бошлади.

Улар ҳукумат истеъфоси ва мамлакат биринчи президенти, ўша кезда Хавфсизлик кенгаши раиси Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан кетишини талаб қила бошладилар.

Намойишлар манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 5 январь куни фармон имзолади.

Тинч намойишлар қандай қилиб тартибсизликка уланди, тартибсизликлар қисқа муддатда қандай қилиб бутун мамлакатга ёйилди - бу каби саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Аммо, Қозоғистон президенти ўша кезда бу воқеани “мамлакатга нисбатан террорчилар, хорижлик жангарилар иштирокидаги агрессия” деб баҳолади.

Расмий маълумотларга кўра, воқеаларда айбланиб, 10 мингга яқин одам ушланган, 1112 киши судланган ва уларнинг 128 нафари озодликдан маҳрум қилинган.

Бу воқеа - минтақадаги қўшни республикаларни ҳам жиддий таҳликага солди.

Ўзбек расмий матбуоти воқеани ёритмади. Маҳаллий мустақил Интернет нашрлари, жумладан Daryo.uz, Gazeta.uz қисқа хабарлар билан чекланди.

Аммо, бу воқеани ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари диққат билан кузатди. Тармоқларда ҳодисага оид видеолар қўлма-қўл улашилди.

Натижада, воқеаларнинг тўртинчи кунига келиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, бу тартибсизликларни Қозоғистон ҳукумати ички имконлари билан тўхтатишига ишонч билдирди:

“Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонамиз”.

2022 йилнинг 25 январида эса Марказий Осиёнинг уч давлати - Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда бирдан чироқ ўчди - блэкаут содир бўлди.

Бу ҳам мисли кўрилмаган ҳодиса эди. Зотан, сўнгги йиллардан бу уч давлат аҳолиси энергетик тақчиллик ва энергоресурслар нархи ошишидан азият чекиб келади.

Бу азиятнинг катта қисми - Ўзбекистоннинг 36 миллионлик аҳолиси зиммасига тушган.

Ўзбекистонда, нафақат газ ва электр токи тақчил ёхуд нархи ошмоқда, балки йиллардан буён қишда деярли газ ва свет кўрмайдиган қишлоқлар, туманлар бор.

Ҳатто, пойтахт Тошкентда 2022 йилнинг қиши янада масштаби кенгайган энергетик коллапс билан бошланди.

Аҳвол ҳануз ўнглангани йўқ. Қишнинг аёзи эса ҳали олдинда.

ZIMISTON-UZ. 7-qism: Кўчага ҳайдалган аёл Вазирлар Маҳкамасига борди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:22 0:00

Қорақалпоғистон, июль воқеалари

2022 йил давомида минтақани ларзага солган яна бир воқеа - Ўзбекистон таркибидаги суверен республика - Қорақалпоғистонда бўлди.

Шу йил июнда, Ўзбекистон конституциясига киритилажак ўзгаришлар сирасида Қорақалпоғистоннинг суверенлик мақомини бекор қилиш таклифи ҳам эълон қилинди.

Бу таклиф Қорақалпоғистонда катта норозилик билан қарши олинди.

1 июлга келиб, Нукус кўчаларига минглаб одам чиқди. 2 июлда зўравонликлар акс этган видеолар тарқалди.

Президент Қорақалпоғистон олий ҳокимият органи - Жўқорғи Кенгесдаги чиқишида, масуълиятни маҳаллий қонун чиқарувчиларга юклади ва Қорақалпоғистонга оид ўзгаришлар бекор қилинишини билдирди.

Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилди. Расмийларга кўра, 21 киши ўлган, 243 киши яраланган.

Лекин ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга ўқ узганини рад этган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, жами 516 киши ушланган. Илк 22 киши Бухорода судланди. Тартибсизликлар бўйича 171 шахс айбланувчи сифатида жалб этилган.

Бу воқеалардан сўнг Қорақалпоғистон - мақоми ҳуқуқ нормаларига зид, Украинадаги уруш фонида эса, бўлгинчилик таҳликасига яқин мухтор минтақа сифатида кун тартибига чиқди.

Европа Иттифоқи, БМТ ва АҚШ томони Ўзбекистон ҳукуматини Нукус воқеалари юзасидан мустақил ва очиқ суриштирув ўтказишга чақириб келмоқда.

  • "Қорақалпоғистонда июль ойида кўп одам ҳалок бўлган ва юзлаб одам яраланган – баъзилари ўта даҳшатли жароҳат олган. Камида 21 киши нобуд бўлган, жумладан, 4 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими; 270 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ўзбекистон ушбу ҳодисалар, жумладан, хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари бўйича мустақил тергов ўтказиши керак". Хью Уильямсон, Human Rights Watch
Шавкат Мирзиёев ҳукумати мустақил суриштирув чақириқларига ҳануз очиқ жавоб бергани йўқ.

Аммо, Ўзбекистон президенти ҳам, худди январь воқеаларида Қозоғистон президенти қилгани каби, воқеаларнинг келиб чиқишида “ташқи кучлар”ни айблади:

  • "Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган". Мирзиёев, 6 июль, 2022.

Қорақалпоғистондаги воқеалар, айниқса қўши Қозоғистонда жиддий шов-шувларга сабаб бўлди.

Воқеалардан сўнг Қозоғистонга қочган қорақалпоқ фаоллари дунёга мурожаат қилиб, куч ишлатар тузилмалар қонунбузарликларидан шикоят қилишда давом этди.

Сентябрь – октябрь ойларида Қозоғистонда яшаб келган қорақалпоғистонлик фаоллардан 4 нафари - Зиуар Мирманбетова, Раиса Худайбергенова, Жангелди Жаксимбетов ва Қошкарбай Торемуратовлар, Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинди.

Халқаро ташкилотлар Қозоғистонни бу фаолларини Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган. Озодликка маълум бўлишича, улар ҳануз Қозоғистонда, ҳибсда.

  • “Намойишчиларга куч қўллашга ким буйруқ берган? Куч қўлланилгани аниқ. Маҳаллий ҳокимият Тошкент билан бемаслаҳат ҳеч нарса қилмаслигини ҳам биламиз. Буйруқ қаердан берилган? Бу савол ҳам очиқ қолмоқда. Қамоққа олинганлар қаерда? Беш юздан ортиқ киши ҳибсга олинган. Улар қандай сўроқ қилинди? Маҳаллий лидерлар қаерда, қандай шароитда ушлаб турилибди? Воқеаларни ёритган маҳаллий журналистлар қаерда? Саволлар кўп. Воқеаларни ўрганаётган аксари ҳукумат аъзоларидан ташкил топган комиссия вазиятга холис баҳо беришига ишониш қийин”, дейди Брюс Панниер, Марказий Осиё бўйича эксперт.

Қирғиз-тожик чегараси, сентябрь воқеалари

2022 йилнинг 14 сентябрь тонгида қирғиз-тожик чегарасида отишма овози эшитилди.

Отишма тўлиғича Қирғизистон ҳудудида жойлашган Тожикистоннинг Ворух қишлоғи билан Қирғизистоннинг Булоқбоши қишлоғи ўртасидаги чегарада рўй берди.

Қирғиз-тожик чегараси нисбатан нотинч, жорий йил давомида бир неча қуролли тўқнашувлар бўлганди. Аммо, бу сафарги тўқнашув ҳарбий техника ва аскарлар аралашган бир неча кунлик қонли низога айланиб кетди.

Қирғиз ва тожик тарафидан жами 100га яқин одам ўлгани айтилди. Ўтган йилнинг апрелида ҳам Ворухда шундай низо бўлган, икки тарафдан жами 55 киши ўлганди.

Ўша мисли кўрилмаган тўқнашувлар пайтида, минтақа раҳбарлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига йиғилганди.

Саммитда лиерлар бу низо бўйича алоҳида баёнотлар берди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан чегарани алоҳида муҳокама қилди. Уларнинг қуролли низони тўхтатиш бўйича келишувга эришгани ҳам айтилди.

Аммо, бу музокаралар ҳам ўша кезда чегарадаги қуролли тўқнашувни дарҳол тўхтата олмади. Шу ҳолатнинг ўзиёқ, минтақа ҳукуматлари учун баҳсли чегара ҳудудлари муаммосини ҳал қилиш нақадар мушкул масала бўлиб қолаётганини яна бир бор яққол кўрсатди.

Аслида чегара масаласи - Марказий Осиёдаги 5 давлатдан 3 таси - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида - бу республикалар мустақилликка эришганидан буён кескин муаммо бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара 970 километрга узанган бўлиб, унинг 519 километри аниқланган, қолган қисми эса шу кунгача аниқланмай қолмоқда.

Аниқланмаган ҳудудда бир неча баҳсли участка мавжуд.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан алоқани узиб қўйган президенти Ислом Каримов 2016 йилда вафот этиши ортидан ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев ишни қўшнилар билан чегараларни очишдан бошлаганди.

Аввалига Тожикистон, кейин Қирғизистон билан муҳим чегара ўтказиш пунктлари очилди, гўёки аҳоли қатнови эркинлашди. Аммо, чегара муаммолари ҳануз тўлиқ ечилгани йўқ.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси узунлиги 1378 километр. Бунинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланган.

Қирғизистон расмийлари 2022 йил февралда, баҳсли бўлиб қолаётган сўнгги 2 фоиз ҳудуд бўйича ҳам келишилгани маълум қилган.

Аммо, жорий йилда сўнгги баҳсли ҳудудлардан бири бўлган Кампиробод ёки Андижон сув омбори яна мунозараларга сабаб бўлди.

Шу йилнинг октябрида Қирғизистонда, Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга бериб юборилмасин, деган талаб билан бир неча намойиш бўлди.

24 октябрь куни ўнлаб фаол Бишкекда чегара бўйича сўнгги ойларда Бишкек расмийлари айтаётган келишувдан норозилигини билдирди, 20 дан ортиғи ҳибсга олинди.

Намойишлар, Қирғизистон томонидан сув омборига энг яқин Ўзган туманининг Қизил октябрь аҳоли пунктида ҳам кузатилди.

Кампиробод сув омбори ҳамда чегаранинг қатор баҳсли ҳудудлари бўйича Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув лойиҳасига кўра:

  • - Чегара чизиғи бўйлаб тушган Кампиробод сув омборининг 19 минг гектар ери Қирғизистонда қоладиган, 4485 гектари эса Ўзбекистонга ўтадиган бўлган.
  • - Сув омборини, Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида тузилган ва ҳар икки тарафдан 4 (12) нафардан вакил киритилган қўшма корхона бошқаради.
  • - Сув ҳажми горизонтал даражаси 908 метрдан 900 метрга туширилади, бунинг ортидан 1246 гектар жой бўшайди ва бу ерлар ҳам Қирғизистонга ўтади.

Мазкур келишувни 18 ноябрь куни Ўзбекистон Сенати ҳам маъқуллади.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 12 декабрда Вашингтонда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ўтган музокаралардан сўнг Вашингтон Тошкент ва Бишкек ўртасида эришилган чегара шартномасини қўллаб-қувватлашини билдирди.

2022 йил якунланган ушбу кунлар - ўзбекистонликлар, қисман минтақадаги қолган республикалар аҳолиси учун ҳам йил бошига ўхшаш манзарага гувоҳ бўлмоқдалар.

Хусусан, Ўзбекистонда яна газ-свет йўқ, йил бошида Жанаўзен аҳлини қўзғатган энергоресурслар нархи нафақат минтақа, балки дунёда ошиб бормоқда.

Аммо, Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва хусусан, энергоресурслар таъминотини яхшилашни ваъда қилмоқда.

2023 йилда ҳам Ўзбекистон ва дунёда содир бўлаётган бошқа муҳим воқеаларни Озодлик билан бирга кузатинг, хайр, омон бўлинг!

Форум

XS
SM
MD
LG