Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:57

Ун очиқ савдода. "Буханка" ортидан бошқа турдаги нон ва озиқ-овқат ҳам қимматлаб кетди


Ғаллани фермерлардан бозор нархида сотиб олиш амалиёти нафақат ун ва қолипли (буханка) нон, балки бошқа турдаги ун-дон маҳсулотлари нархи ошишига олиб келди.

1 июндан Тошкент бозорларида қолипли нон 1600 сўмдан 2800 сўмга, яъни 80 фоизга кўтарилди. Ун ва дон маҳсулотларининг аксар қисми ўртача 30-40 фоизга қимматлади.

Ўша куни ун ҳам биринчи марта биржада очиқ савдога қўйилди. Расмий маълумотга кўра, 1-навли уннинг 1 тоннаси 4 минг 241 сўмдан савдога қўйилган, 4 минг 497 сўмдан сотилган. Савдо дўконларида эса 8900 сўмгача чиққан.

Фермерлар буғдойга давлат нархи ошганидан хурсанд: 1 июндан давлат буюртмасидаги 1 килограмм буғдойни фермер 3 минг сўмдан давлатга сотади, ўтган йили 1850 сўмдан сотган. Ошганини эса биржа нархида сотиши мумкин. Деҳқонлар ҳосилнинг чўғи ҳам юқори эканини айтишмоқда.

Россиянинг Украинага босқини оқибатида, ҳозирда дунё бўйлаб буғдой ва дон маҳсулотлари тақчиллиги, бунинг ортидан озиқ-овқат ва бош товарлар нархининг кескин ошиши кузатилмоқда.


Буғдой учун давлат нархи 3 минг сўм

Андижонда 25 йилдан бери буғдой ва пахта етиштираётган фермернинг айтишича, бу йил 1 гектар ердан ўртача 5 тоннадан буғдой олишни режаламоқда.

Бунинг 2 тонна 930 килограммини буюртма асосида давлат белгилаган нарх - тоннасини 3 миллион сўмдан сотиши керак. Қолганини эса биржада эркин нархда сотишидан умидвор.

“20-25 июндан ўримни бошлаймиз, деб турибмиз. Давлат буюртмаси учун тоннасига 3 миллион сўмдан нарх берганидан хурсандмиз албатта. Ўтган йили 2 миллион 850 минг сўм тўлашганди, ҳаражатни ҳам қопламаган. Аслида, мен учун буғдойга давлат буюртмаси, бу йилги ёқилғи ва бошқа ҳаражатлар ошгани ҳисобига, 3 ярим минг сўм нарх қўйилса - ўшанда кўнгилдагидай даромад ҳам қилардим. Чунки, ҳозир буғдойнинг бозор нархи 4 - 4 ярим сўм бўлди Андижонда. Лекин, шунисига ҳам мингдан минг шукр, деб турибмиз”, дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан гаплашган фермер.

Фемернинг ҳисоб-китоби

Бу фермер, бозорда 80 фоизга қадар қимматлаган нон ва 40 фоизгача ошиб улгурган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, шунингдек деҳқончилик учун кетадиган ҳаражатлардан сўнг яна даромад кўра олмаслигидан хавотирда.

Унинг ҳисобича, 1 гектар ерда ўртача 5 тонна буғдой етиштириш учун 11 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган.

Агар бу ҳосилнинг 3 тоннасини буюртма нархда - 3 миллион сўмдан давлатга сотса, яна 2 тоннасини биржа нархида - ўртача 3 ярим миллион сўмдан сотган тақдирда, жами 16 миллион сўм даромад қилиши мумкин.

Яъни, 1 гектар ерга қилган 11 миллион сўм харажатидан ташқари 5 миллион сўм соф даромад қолиши мумкин.

“Шунда ҳам агар ҳукумат гапида турса. Чунки, неча йилдан бери ваъда қилишарди, бажаришмаётганди. Энди бошқа томони ҳам бор. Бугун Шаҳрихон деҳқон бозорига тушиб, айланиб чиқдим. Нархлар ўта қимматлаб кетган. Уйда тандирда ёпиладиган нон 2 ярим минг - 3 минг сўмдан 5 минг сўмгача чиқиб кетибди. 2 минглик нонвой ёпган нон 2 ярим - 3 минг сўм бўлган. Банан 17 минг сўм эди ўтган жума, бугун 29 - 28 минг бўпти. “Энди бозорда”, деяпти сотувчи. Оддий ўзимизнинг пахта ёғи 74 мингдан 81 минг сўмга чиқипти. Гуруч 7 мингдан 12 минг сўмга чиқиб олибди. Ҳалиги гектарига олган 5 миллион сўм билан бозордаги нарх-наво ўртасидаги баланс яна учма-учда, бундай олганда. Ҳатто, даромад қилмасак ҳам керак”, дейди фермер.

Буғдой ўримида нарх тушмаслиги мумкин

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти Самарқанд вилоятида ишлайдиган мулозим тахминича, бу йилги ҳосил ўрими пайтида буғдой нархининг кескин пастлаши эҳтимоли кам.

Унинг айтишича, жамият омборлари 2 июндан давлат буюртма қилган буғдойни янги нархларда фермерлардан қабул қилишни бошлаган.

“Ҳозир Сурхондарёда ўрим бошланди. Бизда 10-15 июндан бошланади. 5 июлгача давлат буюртма қилган буғдойни фермерлардан сотиб олиб, “Ўздонмаҳсулот” омборларида сақлаймиз. Кейин босқичма-босқич биржага чиқарамиз, талабга кўра. Аслида буғдой ўрими пайтида, нарх тушиши керак. Лекин, бу йилги ҳосил биржага ўртача 3 ярим мингдан чиқади, деб турибмиз. Биринчидан, буғдойни сақлаш, ташиш ва бошқа хизматлар нархи қўшилади. Иккинчидан, дунёдаям буғдой кам, импорт кесилган. Шунинг устига, ҳозирданоқ бозорда буғдой 4 ярим минг сўмга чиқиб кетган”, дейди Самарқанд вилоятидаги дон корхоналаридан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда.

Унинг айтишича, ҳозир у ишлайдиган туман корхонаси омборида 2 ойга етадиган буғдой захираси бор.

“Ўздонмаҳсулот” бу йил камроқ буғдой олади

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, бу йил деҳқонлардан давлат буюртмаси асосида 1 миллион 800 минг тоннага яқин буғдой сотиб олиш режаланмоқда.

“Бу йил 1 миллион 783 минг тонна буғдой кутиляпти. “Ўздонмаҳсулот” бу буғдойнинг бир қисмидан ун ишлаб чиқаради, бир қисми заҳирага қолади. Бундан ташқари, 266 минг тонна уруғлик буғдой келади. Ҳозир акциядорлик жамияти омборларида захира етарли. Тармоқларда хабарини бердик. Биздан ташқари хусусий сектор буғдой ва ун олиб киряпти. Лекин, уларда бироз чеклов бор, чунки ташқарида сотишда чеклов қўйишган”, деди матбуот котиби Ғофуржон Қаршибоев.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, ўтган йили 2 миллион 533 минг тонна буғдой жамият омборларига тўкилган. Яъни бу йил давлат белгилаган паст нархда сотиб олинадиган буғдой ҳажми камайган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, бу йил июнь-июль ойларида 7 миллион 679 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Ўтган йили 6 миллион 656 миллион тонна ҳосил олинган.​

Ун очиқ савдога чиқарилди

1 июн куни Республика товар-хомашё биржасида ун илк бор очиқ биржа савдосига қўйилди.

Биржанинг маълум қилишича, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти таркибидаги 44 та корхона 10 минг тонна 1-навли унни савдога қўйган ва бунинг 8 минг 300 тоннаси сотилган.

“Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 млн 497,8 минг сўмни ташкил қилган. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 241,9 минг сўм)га нисбатан 6 фоизга ўсган”, деб маълум қилди биржа.

Биржа савдоларини кузатган мутахассисларга кўра, очиқ савдода унга берилган дастлабки 4 минг 241 сўмлик нарх ва ишлаб чиқариш харажи ҳисобланса, бугун бир дона қолипли ноннинг таннархи 2550 сўмга етиши мумкин.

"Шундан қийматнинг ичида:

  • ун 1641 сўм;
  • 4 сўмлик туз;
  • 18 сўмлик ўсимлик ёғи;
  • 38 сўмлик дрожж;
  • 37 сўм - ун ташиш.

Қолгани нонни пишириш учун газ, электр сарфи ишчиларга тўланадиган меҳнат ҳақи (иш ҳақи), нонни савдо дўконига етказиб бериш харажатлари, солиқлар ва корхона фойда нормаси”, деб ёзди ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров.

Бу иқтисодчи уннинг эркин савдога чиқишини 30 йилдан бери кечиккан бозор ислоҳоти, деб атади.


Мамлакат бўйлаб нон қимматлади

Озодлик мобил мухбирларининг хабар қилишича, 2 июнга келиб, Тошкентда қолипли нон - халқ тилида “буханка” деб аталадиган нон 2 минг 800 сўмдан сотилган.

Юнусобод тумани деҳқон бозоридаги нархни ўрганган мобил мухбирга кўра, қолипли нон ортидан бошқа турдаги нон маҳсулотлари нархида ҳам 50 фоизга қадар ўсиш бор.

“Халқ тилида “лепёшка” дейиладиган тандирда ёпилган ноннинг энг арзони 2 минг 400 сўм бўпти. Икки кун олдин 2 минг сўм эди. 3 - 3 ярим синг сўмлик ҳажми сал каттароқ ёпилган нон 4 минг - 4 ярим минг сўмгача. 10 минг сўмлик патирлар 14 минг сўмга чиққан. 1 навли ун “Корзинка”, “Хавас”га ўхшаган супермаркетларда килосига 8 минг 998 сўм бўпти бугун. Энг муҳими, шакар йўқ. Фақат арзонлаштирилган расталарда 16 минг сўмдан, у ҳам ҳамма жойда эмас. Энди бу ёғига ҳадемай ёғ нархи ошишини кутиш мумкин. Одатан бозорда ун ва нон ошса, орқасидан шакар ва ёғ ҳам қимматлайди”, деб тахмин қилади мобил мухбир.

Самарқанд вилоятида эса аҳоли нисбатан кўп сотиб оладиган уйда ёпилган нон 2 ярим минг сўмдан 3 ярим минг сўмга ошгани қайд этилди.

Андижонда ҳам халқ кўп сотиб оладиган - уйда тандирда ёпилган нон 2 ярим минг - 3 минг сўмдан 5 минг сўмгача чиққани хабар қилинмоқда. 2 минглик нонвой ёпган “лепёшка” нон нархи 1 минг 800 сўмдан 2 ярим - 3 минг сўмга чиққан.

Ҳукумат нарх тушишига ишонтиряпти

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги бир неча йилдан бери фермерлардан буғдойни бозор нархида сотиб олишни ваъда қилаётган, аммо ортга суриб келаётган эди.

Бу амалиёт, Россиянинг Украинага босқини ортидан буғдой етиштирувчи ва сотувчи бу икки асосий давлатдан ташқи дунёга экспорт кескин чекланган пайтда бошланди.

2 июнь куни бу ҳақда баёнот берган Молия вазирлиги мулозими, бозорларда нон ва ун нархининг ошганини ана шу сиёсий вазиятга боғлади ҳамда “бозор ўпкасини босиб олса” нарх тушишини башорат қилди.

“Нарх ошишининг асосий сабаби - Россия ва Украина ўртасидаги сиёсий инқироз туфайли жаҳон бозора юзага келган ҳолат ҳамда импорт қилинаётган ун нархи қимматлиги билан бевосита боғлиқ. Аммо Ўзбекистонда етарли равишда ун захираси мавжуд. Яқин кунларда бозорга қўшимча 50 минг тонна маҳаллий ун киритилади. Шу орқали нарх барқарорлашади. Ун нархининг эркинлашиши - рақобат муҳитини юзага келтиради. Нархлар ошмайди, фақатгина Тошкент шаҳрида қолипли нон (буханка) нархида ўзгариш бўлишини кутяпмиз. Бозорларда эса, аксинча, нарх тушиши прогноз қилиняпти. Қўпол қилиб айтганда, бозор ўпкасини босиб олишини кутяпмиз”, деди Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев.


Дунёдаги ривожланаётган 55 давлатдан камида 36 таси Украина ва Россиядан экспорт қилинадиган буғдойга қарам.

Давлат статистика қўмитасининг 10 майдаги хабарига кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонга қиймати 28,8 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 92,6 минг тонна буғдой уни импорт қилинган. Бунинг 91 минг 200 тоннаси Қозоғистон, 1 минг 300 тоннаси АҚШдан импорт қилинган.

Аммо, буғдой ва ун маҳсулотлари тақчиллаши ортидан қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистонга ун борадиган асосий давлат бўлмиш Қозоғистонда ҳам буғдой ва ун экспорти кескин чекланди.

Нон ва буғдой нархи бир кунда қарийб 100 % кўтарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:45 0:00

XS
SM
MD
LG