Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Банклар ёшларга кредит беролмаяпти, ходимлар уйма-уй юриб қарз ундирмоқда


Наманган вилоятининг Норин туманида имтиёзли кредит ваъда қилинган 30 йигит-қиз сўрови, маҳаллий банклар томонидан “заҳира йўқ” деган сабаб билан қайтарилмоқда.

Бу ёшлар гуруҳи номидан келган мурожаатга кўра, кредит беришга масъул "Микрокредитбанк" ва "Халқ банки" уларни 2 ойдан буён оввора қилмоқда.

Президент Мирзиёев шу йил 21 январдаги селектор йиғинида 30 ёшгача бўлган ишсиз-уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларга тадбиркорлик учун ўқув курси очиш ҳамда сертификат асосида имтиёзли кредит бериш вазифасини қўйганди.

Сўнгги пайтларда, бундай ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлардан, ҳақли бўла туриб ваъда қилинган кредитни ололмаётгани ҳақида Озодликка келаётган шикоятлар кўпаймоқда.

“Микрокредитбанк” ва “Халқ банки” ходимлари, муаммоли активлар - қайтарилмаган кредит қарзи кўлами ортиб кетгани, бу эса янги кредитни ажратишга тўсиқ бўлаётганини тан олмоқда.

Айни пайтда, аҳолининг кредит тўловидан қарзини ундириш учун, маҳалла ва сектор раҳбарлари уйма-уй юришни давом эттирмоқда. Май ойида бу ҳақда йиғилиш қилган президент ҳокимлар, сектор ва банк раҳбарларини унмаган қарз учун шахсан жавоб беришидан огоҳлантирган.

Марказий банкка кўра, 2021 йилнинг биринчи ярмида аҳолига тадбиркорлик учун берилган кредит ҳажми 11,8 трлн. сўмни ташкил қилади. Имтиёзли ва бошқа турдаги жами кредитларнинг муаммоли - қониқарсиз, шубҳали ёки натижасиз, деб топилган қисми эса 5 фоиз атрофидадир. Аммо, аксар таҳлилчилар асл қарз ҳажми бундан ортиқ, деб ишонмоқда.


Наманган вилоятининг Норин туманида 30 ёш йигит-қиз март ойидан буён ваъда қилинган имтиёзли кредитни ололмаётганидан арз қилди.

Ўзини Робия, деб таништирган 25 яшар қизнинг айтишича, у шу кредитни олиш учун, 15 кунлик махсус курсда ўқиган:

“Маҳалладан бизни чақириб, айтишди. Шунақа тадбиркорликни қандай бошлаш мумкин, қандай юргизиш мумкин - шу ҳақда курсда ўқисангиз, имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик бошлашингиғ мумкин, деб. Менинг оиламда ҳамма ишсиз, мен энг каттасиман. Шунга банкка бордим, курсига 400 минг сўм тўладим, ўқидим. Кейин сертификат беришди ва ўша сертификат билан банкдан имтиёзли кредит олиб, чеварчиликни бошлашим керак эди. Лекин, "Микрокредитбанк" ҳам, "Халқ банки" ҳам “ресурс йўқ”, деб бир ойдан бери оввора қиляпти”.

Робия билан бирга ҳужжат топширган яна бир норинликнинг яқин қариндоши ҳам айни маълумотни тасдиқлади.

Исми сир қолиши шарти билан гаплашган бу 25 яшар норинликка кўра, 2021 йилнинг январида унинг ўзи имтиёзли кредит олган.

“Мен февраль ойида биринчилардан бўлиб курсда ўқидим, кейин банк менга биринчи мурожаатимдаёқ 30 миллион кредит ажратганди. Ўзлари ҳамма ускуналарни ўрнатиб бериб кетишди, ўша пулга. Ҳозир устачиликни бошладим. Энди даромадга киряпман. Лекин, биздан кейин ўқиганларнинг кўпчилигига шу кредитни беришмаётган экан. Заҳира йўқмиш, менинг қариндошим ҳам ололмаяпти”, дейди ёш тадбиркор.

Норинлик ёшлар шикоятида тилга олинган Наманган вилояти “Микрокредитбанк” ва “Халқ банки” раҳбариятидан бу борада ҳозирча бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, “Микрокредитбанк”нинг Самарқанддаги филиалларидан бирида ишладиган мулозимга кўра, айнан сертификат асосида ёшларга бериладиган кредитлар учун “ресурс бор”:

“Наманганда хатолик ўтганга ўхшайди. Чунки, бу сертификатга бериладиган имтиёзли 33 миллионлик кредитга ресурс бор, у яқинда ажратилган. Буни олишни истаганлар онлайн ҳужжат топшириб олиши мумкин, бунинг устидан назорат қаттиқ”.

Ўтган йилнинг 13 октябрда президент Мирзиёев “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомилаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4862-сонли қарорни имзолаган.

Бу қарорга асосан, 30 ёшгача бўлган ишсиз ва уюшмаган ёшлар ҳамда хотин-қизларга аввал билим, сўнгра 3 йилгача гаровсиз имтиёзли кредит бериш белгиланган.

Бу қарор билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси жойларда ишсиз юрган ёшларни аниқлаб, уларга ўқув курсларини таклиф қилмоқда. Улар учун “Ёшлар 1+1” дастури асосида 6 кун, яъни 48 соат давомида махсус курслар ташкил этилган.

Президент қарорида кредит миқдори тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга бизнес бошлаши учун 33 миллион сўмгача миқдорда, 6 ойгача имтиёзли муддати билан, 3 йиллик кредит ажратилиши айтилган.

Микрофирма ёки кичик корхона таъсис этган шахсларга эса, 7 йиллик мудатга, 3 йилгача имтиёзли давр билан, 225 миллион сўмгача кредит ажратиш кўзда тутилган.

“Микрокредитбанк”нинг Самарқанд вилоятидаги филиалларидан бирининг млозимига кўра, бу аҳолига имтиёзли равишда кредит бериш учун йўлга қўйилган 8 та дастурнинг сўнггисидир.

Бунга қадар оилавий тадбиркорлик қилувчилар, “Темир дафтар” ёки “Аёллар дафтари”га киритилганлар, таълим олишни истовчилар ва ҳоказо ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун имтиёзли равишда бериладиган ижтимоий кредит дастурлари йўлга қўйилган.

Аммо банк мулозими, кетма-кет жорий қилинаётган бу дастурлар орқали аҳолига берилаётган кредитларнинг ойма-ой тўловини ундириш ва кредитни сўндириш муаммоли бўлиб қолаётганини эътироф этди.

Унинг айтишича, шу йил февралдан бошлаб ҳар бир тумандаги 4 та сектор, маҳалла ва банк масъуллари уйма-уй юриб, унмаган кредитларни ундиришни бошлаган.

“Шундан бери, кредитдан қарздорлик кўлами камайди. Лекин муаммоли активлар ҳалиям бор. Ўтган йили пандемия бўлиб, кредит олганлар пулларини бошқа нарсаларга ишлатиб юборган ҳолатлар бор. Уларнинг ишини судга ошириб беряпмиз, Мажбурий ижро бюроси ундиряпти”.

Бу банк ходимидан олинган маълумотга кўра, аҳолига имтиёзли кредит ажратишдаги биринчи жавобгар маҳалла раиси, иккинчиси эса сектор раҳбари, учинчиси банк раҳбаридир:

“Биринчи бўлиб, маҳалла тавсия беради, уни сектор раҳбари тасдиқлайди. Кейин банк кўриб чиқиб, кафолатга қўйлган мулкни текшириб, кейин кредит беради. Шунинг учун, маҳалла раиси билан сектор раҳбарлари, банк ходимлари билан уйма-уй юрипти. 2-3 ой олдин аҳвол оғир эди, ҳозир бироз яхшиланди. Чунки, шу пулни тўғри, мақсадли сарфлаганлар секин-секин даромадга киришни бошладида. Карантин ўтган йилни октябридан енгиллашишни бошлади - кредит олганларни ҳам иши юришишни бошлади”.

Президент қарори билан 30 ёшгача бўлган ёшлар ва аёллар учун бундай кредитни ажратишга “Микрокредитбанк” ва “Халқ банки” масъул қилинган.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳам имтиёзли кредитлар берилади ва бунда, юқоридаги 2 банкка қўшимча, “Агробанк” ҳам иштирок этади.

Президент қарорида, тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган 30 ёшгача бўлган аҳолига бериладиган имтиёзли кредитлар учун “100 миллион АҚШ доллари”, оилавий тадбиркорлик учун эса “1,3 трлн сўм миқдорида” маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Марказий банк тизимида ишлаган собиқ мулозимнинг айтишича, бу 3 та банкка имтиёзли кредит учун бериладиган маблағлар асосан “ички маблағлар” ҳисобидан шакллантирилади:

“Молия вазирлиги ажратади. Бу пул, асосан солиқ ва тижорат банкларида кредит фоизларидан йиғилган пулдан ажратилади. Марказий банк ҳисоботини кўрган бўлсангиз, ўша ерда 11 триллион 800 миллион сўм ажратилгани айтилди. Бу аҳолига тадбиркорлик учун имтиёзли шаклда берилган жами кредит миқдори. Ўтган йил давомида берилган жами кредитлар - имтиёзли, тижорий ва мақсадли кредитларнинг 5 фоизга яқини қайтмаган. Албатта, бу расмий статистика. Бировлар бу рақам камайтириб кўрсатилган деяпти, бировлар тўғри, деяпти. Менинг назаримда, 50/50. Лекин, муҳими крим йўқ”.

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатига берган ҳисоботга кўра, жисмоний шахсларга банклар томонидан ажратилган кредитлар қолдиғи йил бошига нисбатан 5,4 трлн.сўмга ошиб, 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатига 60,3 трлн сўмга етган:

  • ипотека кредитлари – 30,2 трлн.сўм;
  • микроқарз – 6,5 трлн.сўм;
  • истеъмол кредитлари – 11,8 трлн.сўм;
  • аҳоли тадбиркорлиги учун ажратилган кредитлар – 11,8 трлн.сўм.

Айни пайтда Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлари улуши 4,7 фоизгача ўсган.

Марказий банк ҳисоботида келтирилишича, муаммоли кредитлар (NPL - Non-performing loan - ишламайдиган кредитлар), яъни келишувда белгиланган муддатдан 90 кундан ортиқ муддат ўтган, бу вақт оралиғида қониқарсиз, шубҳали ёки натижасиз, деб топилган кредитлар улуши “1 июнда 4,7 фоиз ёки 14 трлн. сўмга етган”.

Муаммоли кредитлар билан боғлиқ аҳволга бағишланган 12 май кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев муаммоли кредитлар:

  • саноатда — 3 трлн сўм,
  • савдо ва хизмат кўрсатишда — 2,1 трлн сўм,
  • қишлоқ хўжалигида — 1,8 трлн сўм,
  • қурилишда — 978 млрд сўм,
  • транспорт ва коммуникацияда — 547 млрд сўмга етганини айтганди.

Президент бу маблағларни қайтарилмаса, бош вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари шахсан жавоб беришидан огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG