Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:52

Давлат аралашуви ва банкларга босим. Ўзбек сўми яна қадрсизланмоқда


 Бир доллар курси 10 600 сўмдан ошди.
Бир доллар курси 10 600 сўмдан ошди.

Охирги 10 кунда АҚШ доллари ва евронинг ўзбек сўмига нисбатан курси сезиларли даражада кўтарилишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон билан қўшни давлатларда долларнинг маҳаллий валюталарга нисбатан қадрсизланиши кузатилаётир. Молия мутахассислари ўзбек миллий валютасининг хориж валюталарга нисбатан қадрсизланишини инфляция ва давлатнинг бозор механизмларига аралашуви юқорилигича қолаётгани билан тушунтирмоқда.

Нархлар барқарорлиги

Ўзбекистонда ўтган ҳафта давомида АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси ўсиб бораётгани кузатилди.

2021 йилнинг 20 майидан Ўзбекистон Марказий банки хориж валюталарининг сўмга нисбатан курсини янгилади. Марказий банк маълумотига кўра, 20 майдан АҚШ доллари курси сўмга нисбатан 9 сўмга кўтарилиб, 10 586 сўмни ташкил этди.

Ўтиб бораётган 10 кун давомида кузатилаётган ўзбек валютаси қадрсизланиши оқибатида 26 май куни 1 АҚШ доллари 10 616 сўмга баҳоланди.

Мутахассислар сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланишини турли омиллар билан изоҳламоқда.

Хусусан, айрим кузатувчилар сўм билан боғлиқ ўзгаришларни Ўзбекистон Марказий банкининг миллий валюта барқарорлигини таъминлашдан нархлар барқарорлигига ўтишга бошлагани билан боғламоқда. 2017 йилда эълон қилинган ва 2021 йилгача режалаштирилган иқтисодиёт либераллашуви сиёсати доирасида Ўзбекистонда Пул-кредит сиёсатини амалга ошириш Концепцияси қабул қилинган эди.

Мазкур сиёсатнинг кейинги қадамларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши бўлди.

Мазкур фармонда нархлар барқарорлигини таъминлаш вазифаси Марказий банкнинг бош мақсади этиб белгиланиб, Марказий банкнинг мустақиллиги ва институционал ривожланишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар назарда тутилган.

Яъни шу даврдан бошлаб Ўзбекистон Марказий банки валютани сотиб олиш ва сотишга нархларни белгилашни тўхтатди. Энди нарх бозорда эркин тартибда шаклланиши кўзда тутилган.

Қўшниларда нима гап?

Ўзбекистон билан қўшни давлатларда долларнинг маҳаллий валюталарга нисбатан қадрсизланиши кузатилаётгани эътиборга молик.

Озодлик саволларига жавоб берган Остонадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги вазиятга баҳо берди.

- Узоқ муддат давомида Қирғизистоннинг ҳам, Қозоғистоннинг ҳам, ҳатто Россия пул бирлиги қадри тушиб бораверади. Аммо қисқа вақтлар давомида, масалан Қозоғистонда, баъзан нефть, буғдой, бизга экспорт қилинадиган ёғ баҳоси ошиши кузатилади. Қозоғистонда эркин долларга сота оладиган корхоналар тушуми ошади, доллар сотувга чиқади ва ичкарида тангага талаб кучаяди. Шунда доллар тушади. Ҳозир бизда 427 танга бўлди, бирой олдин 432-га чиқиб кетганди бир доллар. Солиқ тўлаш, ойлик бериш керак.

Қирғизистон масаласи жиддийроқ... Бу ерда экспорт қилинадиган нарса йўқ бўлгани учун давлат қаттиқ монетар сиёсатни олиб боряпти. Нарх фақат талаб-таклиф бўйича белгиланаяпти. Улар ўзларида ишлаб чиқарилган товарларни аҳолига сотиб, шунга долларга нарса сотиб олади. Қирғизистон оз бўлса ҳам товарлари ва хизматлари экспорти, инвестициялар келиши, чет элга пул маблағларини ўтказишидан курс баланси келиб чиқиб туради. Ўзбекистонда шу баланс бузилган: масалан, имкониятларга қарамасдан экспортни кўпайтириб юборамиз.

Яъни бизда давлатнинг бозор механизмларига аралашуви жуда кучли. Қирғизистон банкларга президенти ё амалдори “Ҳўв, валютани сотгин, кредит бергин”, деб айтолмайди. Қозоғистонда эса миллий заҳиралари кўп бўлгани учун “стабилизация резервидан” ёрдам кўрсатилиши мумкин. Ўзбекистонда резервлари кам бўлгани билан банкларни мажбурлаш сиёсати мавжуд, деди иқтисодчи олим.

Суҳбатдош ҳокимларнинг бизнес ва молия тизимига экспортни кўпайтириш, инвестицияни оширишга мажбурлаётгани ҳам ҳукуматнинг миллий валюта қадрини сақлаб қолишга уриниш, деб билишини айтди.

"Одамлар барқарорликни доллардан излайди"

Исмини ошкор қилмаган Ўзбекистон Марказий банк тизими ходимларидан бирининг фикрича, охирги 10 кунда долларнинг ўсиб боришига, энг аввало инфляция таъсир ўтказмоқда.

- Сўмга инфляция босими сезилмоқда. Импорт қилинадиган кўплаб товарлар нархлари ошиб кетди, шу сабабли сўм долларга нисбатан қадрсизланиб бормоқда. Қолаверса, Путин ҳукуматининг мигрантларни сиқиб чиқаришга қаратилган миграция қонунчилиги валюта бозорини бироз саросимага солди - Ўзбекистон ичкарисига пул жўнатмалари камайиши хавфи бор.

Марказий банк қўйиб берса, доллар курси 12 минг сўмга чиқиши мумкин. Шунчалик долларга талаб катта! Одатда инқироз пайтида ёки давлат ғалати қарорларни чиқара бошлаганда, одамлар барқарорликни доллардан излайди. Ўзбекистонда бунинг ортидан давлат банкларига аҳоли ишончи пасайса пасайябтики, ортмаяпти, деди банк ходими.

Айни дамда, бу кунда евронинг расмий курси ҳам ошиб, 12 973 сўмни ташкил этмоқда.

Йил бошидан ҳисоблаганда, сўм АҚШ долларига нисбатан 1,19 фоизга қадрсизланди. Жорий йилнинг март-апрель ойлари давомида сўм курси нафақат барқарорлашгани, балки мустаҳкамлангани ҳам кузатилган эди.

Пандемия ва олтин экспорти

Айрим экспертлар ўзбек сўми қадрсизланишига коронавирус пандемияси билан боғлиқ товарлар импорти ва экспорти кескин камайганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳисоб-китобича, 2021 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айирбошлаши ўтган йилга нисбатан 23,8 фоизга камайиб, 4,5 млрд долларни ташкил этди.

Айни дамда, миллий валюта қадрини сақлаб турувчи мамлакатнинг олтин заҳиралари олди-сотдиси жорий йилнинг биринчи чорагида кескин камайгани доллар курсига ҳам таъсир қилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон, котировкалари 2020 йилнинг сентябрида 1950 доллардан пастга тушгач, олтин сотишни тўхтатган эди. Бу йил март охирида олтин курси 1670 долларгача қулаган эди.

Иқтисодий блогер Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида олтин котировкалари йил бошидан буён илк бора яна 1900 доллардан юқори коридорга қайтганини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG