Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:51

Бош прокуратура ёғ нархларини текширмоқда. Истеъмолчиларга кўра муаммо монополияда


Ўзбекистонликлар Рамазон ойини ўсимлик ёғи кескин қимматлаб кетган шароитда кутиб олди. Нархлар, айниқса, сўнгги ҳафта ичида осмонга ўрлади: бир ҳафта олдин 1 литри 21 минг сўм бўлган кунгабоқар ёғ 14 апрелда 24 минг сўмга чиқди. Умуман эса, мутахассислар айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 34 фоизгача кўтарилганини айтмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фикрича, жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари, шу жумладан ёғ нархи кўтарилгани маҳаллий савдо ташкилотлари учун нархлар паст даврда олиб келинган маҳсулотни ҳам қиммат сотишга баҳона бўлмоқда. Федерация вакили, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бир кеча-кундуздаёқ нархларни кескин кўтариб олаётганини айтаркан, "уларнинг нархни ошириб олишига асос йўқ", деди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси фикрича эса, "ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши" сабаб бўлмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаб кетгани айтилмоқда. Бироқ умумий фонда, айниқса, ўсимлик ёғининг кескин қимматлагани сезилади. Бу Озодликка келаётган хабарлардан ҳам кўриниб турибди.

Жойлардаги нархлар

10 апрелда келган хабарлардан бирида мана бундай дейилган:

Тошкент вилоятидан мурожаат қиляпман. Вилоят туманларининг дехқон бозорларида ўсимлик (кунгабоқар) ёғининг нархи кескин ошиб 4 кг ёғ нархи 96 минг сўмдан сотилмоқда. Рамазон ойи арафасида нархларнинг бундай сунъий оширилишини камайтиришнинг наҳот иложи йўқ?! Мутасадди ташкилот раҳбарлари ишларига беписанд қарашмоқдами?”

14 апрель куни Озодлик мамлакатнинг яна икки ҳудудидаги нархларни суриштириб кўрди.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани марказидаги дўконлардан бири мудирининг айтишича, шу кунларда бир литр писта ёғи нархи 22 минг сўм, пахта ёғи 20 минг сўмдир.

Қашқадарёнинг Косон туман деҳқон бозорида ҳам худди шундай нарх шаклланганини Озодлик шу бозордаги сотувчиларнинг биридан сўраб билди. Айни пайтда Қарши шаҳрининг “Орзу“ бозорида бир литр писта ёғи 23 минг сўмдан сотилди.

Ёғ қаерда арзонроғу қаерда қимматроқ?

Бозордаги вазиятни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳам ўргангани маълум бўлди. Федерация 12 апрель куни эълон қилган маълумотларга қараганда, энг баланд нархлар Самарқанд вилоятида қайд этилган: кунгабоқар 26 минг сўм, пахта 22 минг сўм .

Энг паст нархлар эса, Қорақалпоғистонда: кунгабоқар 21 минг сўм, пахта 18 минг сўм.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати бу маълумотларни эълон қилар экан, “бозорлардаги нарх-наво қимматлиги, хусусан, ўсимлик ёғи нархларининг ошиб кетиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётганини” писанда қилган, холос. Вазиятни таҳлил қилмаган.

Бироқ федерация раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев 14 апрелда журналистларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бир кеча- кундуздаёқ нархларни кескин кўтариб олаётганини айтаркан, "уларнинг нархни ошириб олишига асос йўқ" деди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси нима деди?

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мулозими Озодликнинг ёғ нархларига оид саволини эшитибоқ “Бу масала билан бош прокуратура шуғулланмоқда, қўмита позициясини билиш учун матбуот хизматимизга мурожаат қилинг”, деди.

Бош прокуратуранинг масъул мулозими ёғ нархлари билан боғлиқ вазият билан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шуғулланаётганини билдириш билан чекланди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати қўнғироқларга жавоб бермади, бироқ қўмита расмий сайтидан “Ички бозорда ўсимлик ёғи маҳсулотлари нархлари ўзгариши ҳақида маълумот” топдик.

Қўмитага кўра, “санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ республика бўйича йилига 300 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи талаб этилади. 2020 йилда аҳоли истеъмоли учун 450 минг тоннадан зиёд ўсимлик ёғи муомалага чиқарилган бўлиб, шундан ярмидан ортиқроғи импорт қилинган”.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати фикрича, “ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши” сабаб бўлган ва “нархларини барқарорлаштириш мақсадида барча мутасадди вазирлик ва идоралар биргаликда барча зарур чораларни кўрмоқда”.

Ёғнинг завод нархи қанча?

Ўзбекистонда ёғ-мой ишлаб чиқарувчилардан бири – Қўқон ёғ-мой комбинати раҳбарияти вакили қимматчиликни ёғ хом ашёси нархи ўтган йилдан бери “100 фоизга ҳамда жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари 30 фоизга ошиб кетгани” билан изоҳлади:

“2020 йили кунгабоқар ва зайтун ҳосилининг бутун дунё бўйлаб кам бўлгани сабабли жаҳон мамлакатларида ёғ кескин қимматлаб кетди. Ўзбекистонда эса, чигит қимматлаб кетди”.

Қўқон ёғ-мой комбинати раҳбариятининг ўзини таништиришни истамаган вакили комбинат ўз маҳсулотини савдо ташкилотларига неча пулдан беришини очиқлашдан бош тортди.

Қўқонда ёғ 13400 сўм!

14 апрель куни Қўқон шаҳар ҳокимлиги Телеграм-каналида қуйидаги хабар пайдо бўлди:

  • "Қўқон шаҳрида пахта ёғи 13400 сўмдан аҳолига етказиб берилмоқда
  • Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов Музаффар савдо комплекси ҳудудида пахта ёғини аҳолига ҳамёнбоп нархларда етказиб бериш чораларини кўрди".

13400 сўмдан неча тонна ёғ сотувга чиқарилди? Ёғнинг бозор нархи билан шаҳар ҳокими белгилаган нарх ўртасидаги тафовут ким ва қандай маблағ ҳисобидан қопланади? Бу саволлар жавоби хабарда йўқ.

“Ўзёғмойсаноати” импортни қисқартириш ҳисобига нархни барқарорлаштирмоқчи

“Мамлакатдаги энг йирик, замонавий технологиялар билан жиҳозланган 80 дан ортиқ корхона" аъзо бўлган “Ўзёғмойсаноати” уюшмаси расмий сайтида 13 апрелда эълон қилган материалда мана бундай маълумотлар келтирилган:

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти берган маълумотларига кўра, дунёда 2019-2020 йил мавсумида 586,5 млн. тонна хом ашё етиштирилган. Бу 2018-2019 йилдагидан 24,5 млн. тоннага кам. 233,6 млн. тонна ўсимлик мойи олинган, бу 2018-2019 йилдагидан 8,1 млн. тонна кам. Дунё аҳолиси истеъмоли учун 241,3 млн. тонна ўсимлик мойи талаб этилади, ўтган йили 7,7 млн. тонна кам ўсимлик ишлаб чиқарилган.

Уюшма бу оғир вазиятдан чиқиш учун чоралар кўрилмоқда ва бу чоралар ўсимлик мойи импорти ҳажмининг 80-85 фоиз қисқаришига ва нархлар барқарорлигига замин яратади, деган.

Айни пайтда...

Россияда ёғ арзонлай бошлагани хабар қилинди

Дон ва ёғли ўсимликлар бозорига ихтисослашган “СовЭкон” нашрининг хабар қилишича, Россияда кунгабоқар ёғининг улгуржи нархи 5 -11 апрель кунлари 4825 рублга арзонлаб, бир тоннаси 113 359 рублгача тушган. Жорий ой бошида бир тонна ёғ баҳоси 118 175 рубль эди.

Нашрнинг хабар қилишича, нарх бир йилда 40 фоизга ошган.

Айтилишича, нархнинг тушишига бир томондан соя ва пальма ёғи бозорининг заифлашуви, иккинчи томондан Россия ўтган йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўсимлик ёғи экспорти учун ўзгарувчан бож киритгани сабаб бўлган.

“СовЭкон”, шунингдек, Россия ҳукумати олдинроқ шакар ва кўнгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчиларига 9 миллиард рубль миқдорида субсидия ажратганини ҳам эслаб ўтган. Россия ҳукумати кўрган бу чора, нашрнинг ҳисоб-китобича, шакарнинг чакана нархини 46 рубль, ёғнинг чакана нархини 110 рубль даражасида ушлаб туришга имкон беради. 14 апрель ҳолатига 1 USD = 77.25 RUB.

Нархларни тушириш учун нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раис ўринбосари Иномжон Тоғаев маҳаллий журналистлар билан мулоқотда муаммо, ўзбек иқтисодининг бошқа соҳаларида бўлгани каби, монополияда эканига ишора қилди.

"Бундай пайтда ёғ импорт қилувчи ташкилотларга имтиёзлар бериш, улар олиб келадиган маҳсулот учун бож тарифини пасайтириш керак. Ана шунда ички бозор тўйинади. Бу соҳада умуман монополия бўлмаслиги керак. Бугунги кунда танлов имконияти йўқ. Импорт маҳсулот қиммат, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони оз, улар чекланган. Шунинг учун истеъмолчи сифатсиз молни ҳам сотиб олишга мажбур бўлмоқда".

XS
SM
MD
LG