Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Гўшт 14% га қимматлади - қорақалпоғистонлик фермерлар уни ярим нархда сотишга мажбурланмоқда


Қорақалпоғистонлик фермер Саламат Кенжаев хўжалигида қорамоллар ҳокимлик талаби билан сўйдирилмоқда
Қорақалпоғистонлик фермер Саламат Кенжаев хўжалигида қорамоллар ҳокимлик талаби билан сўйдирилмоқда

Тошкент бозорларида бир кило гўштнинг нархи 70 минг сўмдан ошаркан, Қорақалпоғистоннинг чекка вилоятларидаги чорвадор фермерлар гўштнинг килосини 36 минг сўмдан сотишга мажбурланаётганликларини айтишмоқда.

Расмийлар эса буни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг буйруғи билан изоҳлашди.

Уларга кўра, ҳукумат Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлар бозорларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш орқали нархларнинг "асоссиз" кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик ҳақида махсус топшириқ берган.

Фермерлар маҳаллий ҳокимликларнинг ҳаракатини нафақат бозор қонунлари¸ балки амалдаги ҳуқуқий нормаларга ҳам зид, дея баҳолашмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, йил бошидан буён мамлакатда гўшт 14,2 фоизга қимматлаган.

Қўмита 13 октябрда эълон қилган маълумотга кўра, суякли мол гўштининг энг арзони "Нукус деҳқон бозори"да - килоси 45 минг сўмдан, энг қиммати Тошкентдаги "Миробод деҳқон бозори"да 65000 сўмдан сотилмоқда.

Аммо 15 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда бўлган тошкентликларга кўра, шаҳар бозорларида суякли гўшт нархи 70 минг сўмдан ошиб кетган.

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидан бўлган чорвадор фермер Саламат Кенжаевнинг Озодликка айтишича, у 12 октябрь куни Нукус шаҳрига, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига чақиртирилган.

"Ташкентдан бозорлар бошлиғи келди, келинг, деб мени унга рўбарў қилишди. Ўзини Лазизхон Акбархўжаев, Тошкентдаги бозорларнинг энг каттасиман, деб таништирган одам "ҳукумат вазифаси билан келдим" деб, тезда фермер хўжалигимга олиб боришимни айтди. Олиб бордим. Қорамол, сигир ва ғунажинларим 180тадан ошиқ. Кўриб, "30 та қорамол сўйдирасан" деди, "нархи 36 минг сўмдан" деб қўшимча қилди. Мен 52 минг сўмдан сўйдиришимни айтдим. Охири 18 та молни 36 мингдан сўйишга мажбур бўлдим. Билсам, бизни қишлоқдаги бошқа фермерлардан ҳам 68та молни килосини 36 минг сўмдан сўйдириб кетибди", - дейди Саламат Кенжаев.

Қорақалпоғистонлик фермер Саламат Кенжаев хўжалигида қорамоллар ҳокимлик талаби билан сўйдирилмоқда.
Қорақалпоғистонлик фермер Саламат Кенжаев хўжалигида қорамоллар ҳокимлик талаби билан сўйдирилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги "Ахун ота" фермер хўжалиги раҳбари Азамат Ажимуратов ҳам туман ҳокимлиги босими билан 12 та қорамолини 36 мингдан сўйишга мажбур бўлганини айтади.

“36 минг сўмга гўшт борми, десам, йўқ шу пулда сўясан, дейишди. Йўқ деб бўлмайди. Рози бўлмай кўринг-чи¸ бир кун ҳам ишлатмайди, ем-ҳашакдан қирқади, ерни олиб қўяди. Солиқчилар босиши билан қўрқитади”¸ дейди исми очиқланишини истамаган қорақалпоғистонлик фермерлардан яна бири.

Фермерларга ўзини "Тошкент бозорларини каттасиман", деб таништиргани айтилган Лазизхон Акбархўжаевнинг кимлиги, фермерлар молини арзон нархда соттириш учун унга ким ваколат бергани, фермерлардан килоси 36 минг сўмдан олинган гўшт қайси манзилга олиб кетилгани Озодликка маълум эмас.

Аммо Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги учун масъул расмийси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлар бозорларидаги нарх-навони жиловлаш мақсадида фермерлардан маҳсулотларини арзон нархда етказиб бериш сўралганини айтди.

У келган одам Тошкент ҳокимлигидан эканини Озодликка тасдиқлади.

"Энг арзон гўшт ҳозир Қорақалпоғистонда. Шунинг учун Тошкент ҳокимлигидан келиб, у ердаги бозорларда махсус ташкил этилган расталарга арзон нархда гўшт чиқариб туришимизни сўрашди. Ҳар йили ташкил этиб келинади, аҳоли бундан мамнун бўлади. Энди фермерлар ҳам норози бўлаётгани йўқ. Ўз ихтиёри билан қилишяпти буни”¸ - деди Озодлик гаплашган туман ҳокимлиги расмийси.

Аммо Тошкентдан белгиланган нархда ўз зарарига маҳсулотини сотишга мажбурланган қорақалпоғистонлик фермерлар бундан асло "мамнун" эмасликлари, ҳокимликларга эътироз билдиришга ожиз эканликларини айтишади.

Шу кеча-кундузда Тошкент шаҳрида мол гўшти суяги билан 70000-75000 сўмдан, лахм гўштнинг бир килоси эса 85000 сўмдан сотилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тошкентликларга кўра, шаҳар бозорларида суякли гўшт нархи 70 минг сўмдан ошиб кетган.

Бу бир ой аввалги нархдан 5 фоизга, йил бошидагисидан эса қарийб 15 фоизга қиммат.

"Мажбурлаб арзон гўшт сотдиришдан фойда йўқ"

Хўжайли туманилик фермер Азамат Ажимуратов маҳаллий раҳбарлар гўшт нархини маъмурий-буйруқбозлик йўли билан жиловлашга уринишларини бозор қонунларига ҳам, Ўзбекистондаги амалдаги қонунларига ҳам зид эканини айтади

“Бозорни буйруқ билан тартибга солиб бўмайди. Нархларни бозор иқтисодиёти шароитида талаб ва таклиф белгилайди. Шунинг учун мажбурлаб арзон гўшт сотдиришдан фойда йўқ. Аслида ,фермерга мана бу нархда сотасан, деб мажбурлаш қонунларимизга ҳам тўғри келмайди. Қолаверса, чорвачиликнинг ўзига яраша харажатлари бор. Гўшт нархи ошиши баробарида омухта ем, кунжара нархлари ҳам ошяпти. Ҳозир 1 тонна ем нархи 800 минг сўмдан кўп. Кунжара нархи ҳам 1 миллион 200 минг сўм, булар гўштни килосини 36 минг сўмдан ҳисоблаяпти", - дейди Ажимуратов.

Тошкент бозорларида шу кунларда гўшт нархи 70 минг сўмдан юқорилаган
Тошкент бозорларида шу кунларда гўшт нархи 70 минг сўмдан юқорилаган

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли реал даромадларининг тушиб кетиши манзарасида асосий истеъмол маҳсулотлари нархининг муттасил қимматлаб бораëтгани кузатилади.

Ҳукумат ўтган йилларда бўлгани каби, аҳоли норозилигига маъмурий босим воситасида нархларни сунъий тушириш билан жавоб қайтариб келади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги деҳқон бозорларининг марказий ҳудудларидан озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун жойлар ажратган.

Уларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини бозордагидан арзонлаштирилган нархларда сотилади.

Ўтган йил июлида гўшт нархининг 60 минг сўмга чиқиши ортидан Тошкентда нархни сунъий равишда тушириш учун махсус ташкил этилган "Элга хизмат" расталарида 1 кг мол гўшти 32 минг сўмдан сотилганди.

Аммо кўп ўтмай, арзонлатилган маҳсулотлар тақчиллашди ва чайқовчилар қўлига ўтиб, нархлар янада кўтарилди.

Фарҳод бозорига арзон гўшт етказиб берган тадбиркорлар рўйхати
Фарҳод бозорига арзон гўшт етказиб берган тадбиркорлар рўйхати

Бундан олдин Сурхондарё ва Қашқадарёдан бўлган фермерлар "Элга хизмат" расталарига бозор нархидан арзон нархда картошка етказиб беришга мажбурланганликлари ҳақида Озодликка айтишганди.

Нарх-наво бир йилда 11.7 фоизга, гўшт эса 14 фоизга ошди

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг марказий деҳқон бозорларидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Статистика қўмитасига кўра, 13 октябрь куни суякли мол гўштининг энг арзони "Нукус деҳқон бозори"да килоси 45 минг сўм, энг қиммати Тошкентдаги "Миробод деҳқон бозори"да 65000 сўм сотилган.

Расмий ҳисоботда айтилишича, лаҳм, яъни суяксиз гўшт ҳамда суякли қўй гўштининг килоси Тошкентда 85 минг сўмни ташкил этмоқда.

Статистика қўмитасининг билдиришича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида Ўзбекистонда нарх-наво ўртача 6,3 фоизга қимматлаган. Бу 2019 йилнинг сентябрь ойига солиштирганда ўртача 11,7 фоизга кўпдир.

Қўмита эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, гўшт, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотлари нархларининг энг кўп ўсиши сентябрда қайд этилган - бир ой ичида нарх 3,8 фоизга кўтарилган.

Йил бошидан буён эса гўшт 14,2 фоизга қимматлаган.

XS
SM
MD
LG