Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:45

Газ-свет: Мирзиёевнинг Жиззахга сафари арафасида йўл тўсганлар жазоланди


11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида газ-свет талаб қилиб йўлни тўсиб қўйган намойишчилар - видео скриншоти
11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида газ-свет талаб қилиб йўлни тўсиб қўйган намойишчилар - видео скриншоти

Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафар қилган 11 январь куни газ ва электр йўқлигидан норозилик билдириб, йўл тўсган намойишчиларнинг бир гуруҳи судланди.

Норозиликка чиққанлардан 9 нафари судланган, улардан 5 нафари 5 суткага қамалган, 4 нафарига огоҳлантириш берилган.

Қамалган навбаҳорликлар иддаосига кўра, қамоқда уларга босим қилиниб, таҳқирлашган.

Жиззах вилоят ИИБ навбаҳорликлар даъвосини рад қилиб, уларга нисбатан “ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳеч қандай руҳий тазйиқ ёки жисмоний куч ишлатилмаган”ини иддао қилди.

11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғинида (МФЙ) яшовчилар энергетик тақчилликка норозилик билдириб, Навбаҳор-Учтепа-Жиззах йўлини тўсиб қўйганди.

Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Пахтакор туман ҳокими норозилар билан учрашган ва ўша куниёқ аҳолига арзон нархда кўмир етказиб берилган эди.

Ҳодиса қишки таътилдан қайтган президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафар қилган кунга тўғри келган.

Президентнинг Жиззахга сафари куни газ сўраб, йўл тўсган норози аҳоли вакиллари устидан иккита суд жараёни бўлиб ўтган.

25 январь куни Озодлик олган маълумотга кўра, судларнинг бири 12 январда, иккинчиси 17 январда бўлган. Иккала судда жами 9 киши судланган.

Озодликда тўққиз судланувчига оид етарли маълумот мавжуд, бироқ улар илтимосига кўра, судланувчилар шахси очиқланмаяпти.

Биринчи суд: 5 йигит 5 суткага қамалди

Судланган навбаҳорликлардан бири судга оид тафсилотларни Озодликка сўзлаб берди.

Аноним қолишни сўраган навбаҳорлик йигитга кўра, биринчи судда фақат эркаклар судланган:

“Бизни норозиликка чиққан кунимизнинг ўзида туман ИИБсига чақириб, тушунтириш хати олишди. Эртасига эрталаб мени ва яна 4 маҳалладошимни мажбурлаб, машинага босиб, ИИБга олиб келишди. Эрталаб соат 10дан кечгача оч ўтирдик. Аввал ИИБда сўроқ қилиб, кечки соат 6ларда бизни судга олиб боришди. Судда на адвокат, на прокурор бор эди. Судя ва унинг котиби ҳамда бизни олиб борган ИИБ ходимлари бор эди холос”.

Судга оид ҳужжатларга кўра, беш судланувчининг ҳаммаси Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор деб топилган:

  • 194-модда. Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, 1-қисми;
  • 195-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш;
  • 201-модда. Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш, 1- қисми;

Судланган йигитга кўра, суд ярим соатча бўлган ва бешовлон 5 суткага қамалган:

“Ҳаммамиз эътироз билдирдик, бироқ инобатга олишмади. Норозиликка оид видеоларни кўринг, биз бирор жиноят қилганимиз йўқку, дедик. Эшитишмади. Ҳукм ўқилгач, қўлларимизга наручник тақиб, битта-битта олиб, чиқиб, машинага босиб, Жиззахдаги қамоқхонага олиб кетишди. Қамоқхонадан чиқаётган кунимиз яна ИИБ ходимлари келиб, биз билан тушунтириш ўтказди. “Бошқа газ сўраб, кўчага чиқмайман”, деб тилхат ёздириб олишди. 5 сутка ўтириб, 17 январь куни кечқурин уйга қайтдик.”.

Иккинчи суд: 4 аёл огоҳлантирилди

Адвокатсиз судланганини айтган навбаҳорлик аёлнинг айтишича, беш йигит қамоқдан қайтган куни тўрт аёл 201-моддада айбланиб судланган:

“Аввал бизни ИИБда “Нимага газ сўраб, чиқдинг”, деб сўроқ қилишди. Кейин судга олиб келишди. Бизга бу ёпиқ суд, деб айтишди. Бизга судя “Ҳаммангиз 3 суткадан 5 суткагача қамаласиз ёки 13 миллион 800 минг сўм жарима тўлайсиз”, деди. Орамизда бир ҳомиладор аёл, бир ёш болали аёл, бир ёши катта аёл ҳам бор эди. Биз ҳаммамиз, йиғлаб, ялиндик. Бошқа норозилик билдириб, кўчага чиқмаймиз, бизни кечиринг деб йиғладик. Кейин судя “Газ сўраб, умуман кўчага чиқмайман”, деб ҳаммамиздан тилхат ёздириб олди. “Агар чиқсанглар, ҳаммангиз қамаласиз, иккинчи марта кечирмаймиз”, деди. Огоҳлантириш бериб бизни чиқариб юборди”.

Судланувчилар: Бизни таҳқирлашди

Судланган йигитлар Озодлик билан суҳбатда уларга қамоқда пайти куч қўлланганини иддао қилди:

“Қамоқхонага борган кунимиз, бизни биттама-битта чақиришди. Битта хонада 3 киши ўтирганди. Биттаси формали, иккитаси формасиз эди. Қамоқхонадагилар уларни вилоят ИИБсидан келганини айтишди. Ораларида подполковник ҳам бор эди. Лекин улар ўзини таништирмади. Учаласи ҳам мени ҳақорат қилди, сўкди, таҳқирлаб, урди ҳам. Қўлимга китоб бериб, Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 201-моддасини ўқи деди. Ўқидим. Кейин “тушундингми ўқиганингни”, деб китоб билан аввал туртди, кейин қорнимга урди. Сўнгра тиз чўкиб, полга ўтирасан, деди. Мен тиз чўкмайман, муомалангизни тўғриланг, десам, мени ҳақорат қилди. Одам ўрнида кўрмади. Қўлларини бигиз қилиб қорнимга урди. Кейин ёмон сўзлар билан сўкди. Онамдан сўкди. Қўт...қ сўзини ишлатиб ҳам бир неча марта сўкди”. “Сен давлатга нима манфаат келтиргансан ўзи, кўчага газ сўраб, чиқасан”, деб ҳақорат қилди”.

Судланган бошқа тўрт йигитнинг яқинларига кўра, уларга ҳам қамоқхонада босим бўлган. Йигитларнинг ўзи Озодликка бу ҳақда гапиришни истамади.

“Йигитларни уришган. Улар қамоқдан чиққач, газ келмасин илойим, майли совуқда ўлиб кетайлик, бошқа норозилик билдириб, кўчага чиқмаймиз, деб йиғлашди. Уларни ичкарида жуда эзишибди”,- деди исмини очиқламаётганимиз навбаҳорлик.

ИИБ инкори

Озодлик навбаҳорлик судланувчилар иддаоси борасида изоҳ сўраб, Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасига боғланди.

Бошқармадан олинган жавобда жумладан, шундай дейилади:

“Ушбу беш нафар фуқаролар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига қарашли маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қамоқхонада 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаган. Жазони ўташ жараёнида ушбу фуқароларга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳеч қандай руҳий тазйиқ ёки жисмоний куч ишлатилмаган”.

Бошқа вилоятлардаги норозилар вазияти қандай?

Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичида аҳоли норозиликларининг ёйилиши Жиззахдан бошқа ҳудудларда ҳам кузатилди.

Жумладан, Хоразм вилоятининг Хонқа ва Урганч туманлари, Бухоро вилоятининг Бухоро ҳамда Қоракўл, Сурхондарёнинг Музработ, Андижон шаҳри, Фарғона вилоятининг Қўқон ва Олтиариқ туманларида ҳам аҳоли газ муаммоси туфайли йўл тўсди.

Озодликда ҳозирча бу ҳудудлардаги норозиларга нисбатан босим қилингани ҳақида маълумот йўқ.

Озодлик 25 январь куни юқоридаги руйхатда тилга олинган айрим ҳудудлар билан боғланиб, уларда Жиззахдаги каби судловлар бўлмаганини аниқлади.

Жумладан, Хоразмнинг Урганч тумани Чолиш шаҳарчасида 19 январь куни газ ва электр тақчиллигига норозилик билдириб, Чолиш-Урганч трассасини тўсиб қўйганлар сафида бўлган йигитнинг айтишича, ҳозирча унга ёки қўшниларига нисбатан бирор тазйиқ кузатилмаган.

Жиззах вилояти Пахтакор тумани ИИБ ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тумандаги судловларни президент ташрифи билан боғлади:

“Ҳозир нафақат бизда бутун мамлакат бўйлаб газга норозилик бўляпти. Ўзимнинг уйимда ҳам газ йўқ. Навбаҳор маҳалласида норозилик билдириб йўл тўсганларнинг судлангани ўша воқеанинг айнан президентимиз келган кунга тўғри келгани бўлди. Шу воқеа бўлган куни президентимиз Жиззахда эди. Шу куни Тошкентдан бошлиқлар келганди. Улар олдида вилоятдаги раҳбарларимиз юзи қора бўлди. Ҳамма қўрқиб қолди. Вилоят ҳокими вазиятни ўзи назоратга олди. Норозилар суди ҳам УВД назоратида бўлди. Биз тумандагилар фақат буйруқни бажариб турдик. Агар Навбаҳардаги норозилик бошқа куни бўлганда, суд ҳам бўлмасди”.

Энергетик бўҳрон

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудида энергетика инқирози давом этмоқда.

Ҳукумат бу инқироздан чиқиш борасида аниқ режани эълон қилганича йўқ.

Мутасаддилар норози аҳолини кўмир тарқатиш ёки бошқа вақтинчалик чора ҳамда турли ваъдалар билан тинчлантирмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон 2020 йилда 50,4 миллон долларлик газ импорт қилгани маълум бўлди. Газета.уз нашри Давлат Статистика қўмитаси келтирган рақам 2019 йилдагидан 237 баробар кўплигига эътибор қаратган. Нашрнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, газ Туркманистондан сотиб олинган.

16 декабрь кунги ҳукумат йиғилишида президент Мирзиёев мамлакатда суткасига 20 миллион кубметр газ тақчиллиги мавжудлигини айтган эди. У газ экспорти ҳажмини камайтириш ва кунига 7-8 миллион кубметр қўшимча газни аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтириш ҳақида ҳукуматга топшириқ берган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG