Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:54

Мирзиёевнинг Жиззахга сафари арафасида газ-свет талаб қилиб йўлни тўсган аёлларга кўмир тарқатилди


11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида газ-свет талаб қилиб йўлни тўсиб қўйган намойишчилар - видео скриншоти
11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида газ-свет талаб қилиб йўлни тўсиб қўйган намойишчилар - видео скриншоти

11 январь куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғинидан (МФЙ) ўтувчи бетонка йўлни тўсиб қўйган аёллар билан туман ҳокими учрашди.

Ҳокимликдан олинган маълумотга кўра, энергетик тақчилликдан норози аёллар билан Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Пахтакор туман ҳокими шахсан учрашган. Уларга шу куниёқ арзон нархда кўмир етказиб берилган.

11 январь куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ норози, асосан аёллар газ ва электр энергияси тақчиллигидан норози бўлиб, магистрал йўлни тўсиб қўйгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ҳодиса қишки таътилдан қайтган президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафар қилган кунга тўғри келди.

Пахтакор тумани ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, туманнинг "Навбаҳор" МФЙда катта йўлни тўсиб қўйган аёллар билан ҳоким Шукрулло Бабаев шахсан учрашган.

"Вилоят ҳокими ўринбосари, туманимиз ҳокими бориб, шахсан учрашишди. Туманга бугуннинг ўзида 1 тоннасига 300 минг сўмдан кўмир етказиб берилди. Газ таъминоти масаласини катталар билади", - деди ҳокимлик вакили Озодлик мухбири билан микрофонсиз мулоқотда.

Пахтакор туман ҳокимлиги вакилининг тасдиқлашича, "Навбаҳор" МФЙ ҳудудига 5 йилдан буён табиий газ бормайди, аммо бу ҳудуд электр энергияси билан "узлуксиз таъминланган".

11 январь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир гуруҳ норози аҳолининг автомобил йўлини тўсиб қўйгани акс этган.

PAXTAKORLIKLAR🇺🇿 Телеграм каналининг хабар қилишича, "газ ва свет йўқлигидан норози бўлган аҳоли машина йўлларини тўсиб қўйган".

Пахтакор тумани ҳокимлигида ишлайдиган Озодлик манбаларидан бирига кўра, норозиликка чиққанларнинг асосий қисми аёллардир.

"Ҳоким аёллар билан жуда яхши гаплашди, вилоят ҳокимлигидан борганлар ҳам яхши гаплар билан тарқатишди. Бугун президент Жиззахга борган. Шунга тезда тарқатиб юборишди, ортиқча ваҳима қилмасдан. Бу аёллар президент келишини эшитиб чиқмагандиров, масалан, мен ҳокимиятда туриб, у киши келишини эшитмагандим", - деди ҳокимликдаги манба.

Унинг айтишича, Пахтакор тумани марказида табиий газ таъминоти яхши, электр токи узилиб туради, аммо мутлақ ўчиб қолиш ҳоллари қарийб кузатилмайди.

Туманнинг "Акмал Икромов" МФЙда яшайдиган боғча тарбиячисига кўра, у яшайдиган туман ва норозилик чиқиши содир бўлган "Навбаҳор" маҳалласида табиий газ умуман йўқ, электр токи муттасил узилади:

"Ульяновск ("Навбаҳор" МФЙнинг аввалги номи) томонларда қишда аҳвол оғир, газ ҳам йўқ, свет ҳам кўп ўчади. Аёллар чиқибди, деб эшитдим мен ҳам. Мана бизда ҳам ҳозир свет йўқ, бир соат ёнади, 2 соат ўчади - шунақа электр таъминоти", - деди исми ошкор қилинишини истамаган боғча тарбиячиси.

5 январь куни Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар ортидан Ўзбекистондаги бешта иссиқлик электр станциясида энергоблоклар ўчирилганди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, бу авария оқибатида Тўрақўрғон ИЭСда қувват 750 мегаваттдан 500 мегаваттгача, Тахиатош ИЭСда 280 мегаваттдан 150 мегаваттгача, Навоий ИЭСда 450 мегаваттдан 230 мегаваттгача, Тошкент ИЭСда эса 370 мегаваттдан 180 мегаваттгача камайган.

“Айни пайтда Талимаржон ИЭСда қурилмаларни ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда, қолган электр станцияларда иш режими қайта тикланган”, дейилган эди вазирлик баёнотида.

Аммо шундан буён республиканинг турли ҳудудларида электр таъминоти ҳануз барқарорлашмагани, аксинча узилишлар кўлами янада ортгани ҳақида шикоятлар кўпайди.

2020 йилнинг 18 ноябридан ҳаво ҳарорати кескин совиб, қор ёғиши билан мамлакат бўйлаб ҳар йили кузатиладиган қишки энергетик бўҳрон эртароқ бошланди.

Ҳатто Тошкентнинг қатор туманларида қозонхона ва қувурлар ишдан чиққани, аксар вилоятларда электр токи узилган, суюлтирилган газ учун навбатлар узайгани кузатилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентликка сайланишидан олдин аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди.

Аммо бу йилги куз-қиш мавсуми мамлакат энергетика тизимидаги инқироз кўлами катта эканини кўрсатди. Ноябрь ойидан буён электр узилиши ва табиий газ йўқлигидан норози бўлган аҳоли вакилларининг норозилик чиқишлари кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG