Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:35

Ғафур Ғулом боғининг Сингапур ширкатига берилиши норозилик уйғотди


Ғафур Ғулом боғи Тошкентинг энг сўлим ва гавжум боғларидан бири
Ғафур Ғулом боғи Тошкентинг энг сўлим ва гавжум боғларидан бири

Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат (олдинги Мирзо Улуғбек) боғини бузиш ва қурилишга ҳозирлаш ишлари бошланган.

Боғнинг янги эгаси у ердаги ошхона ва ресторан эгаларини ўн кун ичида иморатларини бузиб олиб чиқиб кетиши, акс холда "бульдозер тушиб, ҳамма ёқни текислаб ташлаши" ҳақида огоҳлантирган.

Салкам 14 гектар майдонни эгаллаган Ғафур Ғулом боғи ўтган йил ёзида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Сингапурда рўйхатдан ўтган “BMP Smart Decision Private Limited” ширкатига берилган эди.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорларнинг айтишича¸ Ғафур Ғулом боғида йиллардан бери ишлаб келган ўнлаб тадбиркор¸ улар қўлида ишлаëтган ходимлар ишсизлар сафига қўшилиш таҳдиди остида қолган.

Ғафур Ғулом боғида ошхона очиб, олти йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келган Дилрабо Маткаримова боғнинг бошқа қўлга берилиши ортидан ўзи ва ўнлаб тадбиркор бизнеси барбод бўлиш ёқасида қолганини айтади:

- Мани ошхонам бор. Йиллар давомида ўн минглаб доллар сарфлаганман. Уч томонлама шартнома асосида шаҳар кадастрида шу ошхона бизни мулкимиз сифатида турибди. 78 квадрат майдонга ошхона. Ҳозир боғни янги эгаси ошхонангни бузиб чиқиб кет, бўлмаса бульдозер билан текислаб ташлайман, деяпти. Мени ўзимда тўртта одам ишсиз қоляпти, - дейди Маткаримова.

Ғафур Ғулом боғида бузиш ишлари бошланган
Ғафур Ғулом боғида бузиш ишлари бошланган

1934 йилда ташкил этилган боғ Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани марказида жойлашган. Дастлаб Эрнст Тельман номи билан аталган боғга 1994 йилда Мирзо Улуғбек номи берилди. 2018 йилдан эса "Ғафур Ғулом боғи" деб ўзгартирилди.

Ғафур Ғулом боғининг ўтган йил Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан шаффоф бўлмаган тарзда Сингапурда рўйхатга олинган BMP Smart Decision Private Limited ширкатига 49 йилга 10 миллион долларлик сармоя киритиш шарти билан берилгани тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлди.

"Ғафур Ғулом" боғини янги инвесторга бериш ҳақидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори
"Ғафур Ғулом" боғини янги инвесторга бериш ҳақидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори

Боғда фаолият юритиб келган тадбиркор иддаосича¸ Тошкентдаги сердаромад бизнес объектлари ва истиқболли ер ҳудудлари янги бошқарувга алоқадор шахслар қўлига ўтмоқда ва Миллий боғ¸ унинг ортидан Ғафур Ғулом боғининг “янги инвестор”га берилиши ана шу жараëннинг бир кўринишидир.

- Пандемия пайти ими-жимида шу одамга бериб юборишди. Сингапурдаги ширкат, хорижлик инвестор дейишди, ўзбекистонлик бўлиб чиқди. Ҳисобида пули ҳам йўқ экан. Ҳақиқий рейдерский захват бўлди. Кимнидир қизиқиши бор бўлса керак бу ишда. Шаҳар ҳокимияти шу ишни устида турибди. Хориж инвестори деб туриб, бериб юборишди, ҳали бир тийин ҳам ётқизилгани йўқ, қайтанга, йиллар давомида обод қилган боғимизни вайрон қилишди, - деди Ғафур Ғулом боғида фаолият юритувчи яна бир тадбиркор.

Ғафур Ғулом боғида бузиш ишлари бошланган
Ғафур Ғулом боғида бузиш ишлари бошланган

Суҳбатдошларга кўра¸ улар боғни ношаффоф тарзда янги инвесторга беришга қарор қилинганига норозилик билдириб Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига арз қилишган, аммо, натижа бўлмаган.

Ғафур Ғулом боғи янги инвесторга берилиши ортидан ишсиз қолаëтган 40 дан ошиқ тадбиркор ва уларнинг ишчилари Тошкент ҳокимига йўллаган мурожаат
Ғафур Ғулом боғи янги инвесторга берилиши ортидан ишсиз қолаëтган 40 дан ошиқ тадбиркор ва уларнинг ишчилари Тошкент ҳокимига йўллаган мурожаат

Озодлик очиқ маълумотлар базасида ўтказилган қидирув натижасида бор йўғи икки нафар ходимига эга ва 700 АҚШ доллари миқдорида устав капитали билан рўйхатга олинган Сингапурдаги BMP Smart Decision Private Limited ширкатининг эгаси ўзбек ватандоши бўлган Шерзод Ҳалимов исмли шахс эканини аниқлади.

Ширкатлар реестридан унинг 2019 йил февралида, боғнинг унга берилишидан сал олдин рўйхатга олинганини кўриш мумкин.

Озодликнинг Сингапурда рўйхатдан ўтган ширкат телефон рақамларига қилган қўнғироқлари кун давомида жавобсиз қолди – гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Ғафур Ғулом боғи қандай тендер асосида бу ширкатга 49 йилга ижарага берилгани ҳақида Озодлик Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ҳам изоҳ ололмади.

Бундан олдин Тошкент марказидаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий боғининг «Stargate Systems» хусусий ширкатига берилиши ижтимоий тармоқларда норозиликка сабаб бўлганди.

XS
SM
MD
LG