Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:30

“Оҳангаронцемент” Кремлнинг АҚШ ва ЕИ санкцияларига учраган Сбербанки қўлига ўтди


Завод акцияларининг 86 фоизидан кўпига эгалик қилиб келган "Евроцемент" гуруҳи олган қарзларини тўлай олмагани ортидан Сбербанк қўлига ўтди
Завод акцияларининг 86 фоизидан кўпига эгалик қилиб келган "Евроцемент" гуруҳи олган қарзларини тўлай олмагани ортидан Сбербанк қўлига ўтди

“Оҳангаронцемент” акцияларининг 86 фоизига эгалик қилган “Евроцемент” ҳолдинги қарзларини тўлай олмай қолгани ортидан тўлалиғича Россия ҳукуматига қарашли Сбербанк қўлига ўтди.

Кремлга қарашли энг йирик банк бўлган Сбербанкка нисбатан 2014 йилда жорий қилинган Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари ҳамон кучда қолмоқда.

Ўзбекистон цемент заводига эгаликнинг АҚШ ва Европа молия бозоридан четлатилган Сбербанкка ўтиши нимани англатиши ҳақидаги Озодлик саволига на “Евроцемент”¸ на Сбербанк ва на “Оҳангаронцемент” раҳбарлари жавоб берди.

Заводнинг 2006 йилда “Евроцемент”га ўтиш жараëнини “криминал” деб атаб¸ йиллардан бери давлат идораларига шу борада мурожаат қилиб келаëтган “Оҳангаронцемент”нинг собиқ мулозимлари заводнинг қўлма-қўл бўлаëтган акцияларини Ўзбекистон қайтариб олиши лозимлигини таъкидлади.

Оҳангарондаги цемент заводи Россиянинг давлатга қарашли банки мулкига айланди

Россиядаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи “Евроцемент” гуруҳи қарзларини тўлай олмагани ортидан тўлиғича Сбербанк назоратига ўтди.

29 октябрь куни "Евроцемент" гуруҳи маркетинг бўлими мулозими Озодликка бу хабарни тасдиқлади.

Сбербанкнинг учинчи квартал бўйича молиявий ҳисоботида 2020 йилнинг 30 сентябрига қадар “Евроцемент” тоза активлари 79¸2 миллиард рубль (985 миллион АҚШ доллари) экани ва “Евроцемент” учун янги инвестор қидириш бошлангани ëзилган.

Қибрисда рўйхатга олинган GFI Investment Limited компанияси орқали тадбиркор Филарет Гальчевга қарашли бўлган «Евроцемент» Россия ва унинг ташқарисидаги жами 19 та цемент заводи¸ шунингдек бетон ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар эгасидир.

Хусусан¸ Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводларидан бири “Оҳангаронцемент” акцияларининг назорат пакети 2006 йилда «Евроцемент»га сотилган. Сбербанк томонидан қарздорлик учун мусодара қилинган «Евроцемент» Тошкент вилоятидаги заводнинг 86 фоиздан кўпроғига эгалик қилиб келаëтган эди.

“Евроцемент”нинг Сбербанкка ўтиши “Оҳангаронцемент”учун нимани англатади?

Озодлик бу саволга жавоб олиш мақсадида «Евроцемент» гуруҳининг Москвадаги бош офиси билан боғланди.

Ўтиш даври тафсилотларидан бехабарлигини билдирган маркетинг бўлими ходими¸ саволларни гуруҳ раҳбариятига ëзма шаклда юборишни сўради. 29 октябрь куни электрон почта орқали юборилган Озодлик саволларига 2 ноябрга қадар жавоб келмади.

Айни шундай Сбербанк матбуот хизматига юборилган Озодлик саволлари ҳам жавобсиз қолди.

«Оҳангаронцемент» бошқарувининг Озодлик гаплашган мулозими корхонанинг Сбербанкка ўтгани ҳақида ҳозирча расмий билдирув олмагани боис бу ўзгариш нимани англатиши ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

«Ҳозирча иш тўхтагани йўқ. Хитой билан ҳамкорликдаги завод қурилиши давом этаяпти. «Евроцемент» синган бўлса¸ бизники сингани йўқ. Завод даромад билан ишлаяпти»¸ деди Озодлик гаплашган маъмурларидан бири.

Оҳангарон заводининг “Евроцемент”га ўтишидан норозиликлар

“Оҳанагронцемент”нинг “Евроцемент”дан Сбербанкк ўтиши муносабати билан Озодликка гапирган заводнинг собиқ мулозим ва ишчилари¸ Ўзбекистондаги иккинчи йирик цемент заводи акцияларининг Россия компанияси ихтиëрига ўтиш жараëнини аввал-бошдан "криминал характерда" бўлганини иддао қилди.

Мақсадали Эргашев ўзини "Евроцемент" фирибгарлиги қурбони деб билади ва ҳолдинг устидан йилардан бери суд ва бошқа идораларга шикоят ëзиб келмоқда.
Мақсадали Эргашев ўзини "Евроцемент" фирибгарлиги қурбони деб билади ва ҳолдинг устидан йилардан бери суд ва бошқа идораларга шикоят ëзиб келмоқда.

1994 йилдан 2007 гача заводнинг қўриқлаш бўлими¸ сўнгра режим бошлиғи бўлиб ишлаган 65 яшар Мақсадали Эргашев 2012 йилгача 9000 та акция эгаси бўлган. Ўзини ишдан бўшатган “Евроцемент” бошлиқлари¸ ишга қайтиш учун акцияларни топширишни талаб қилган. Бу талабга ëн беришга мажбур бўлган Эргашев ҳам акциясидан айрилган¸ ҳам ишсиз қолган.

- Заводнинг катта акционерларини ўшанда МХХ автобусга босиб олиб кетиб¸ ҳаммасини қўрқитиб¸ акцияларини “Евроцемент”га беришга мажбурлаган эди. Менинг акцияларим ҳам алдов йўли билан тортиб олинди. “Евроцемент” “Оҳангронцемент” заводини зулукдай сўриб келди¸ - дейди Эргашев

Заводда 20 йил ишлаб¸ ўғриликлар ҳақида раҳбариятга хабар бериши ортидан ўтган йил ишдан ҳайдалганини айтган Бахтиëр Рисқулов ҳам “Оҳангаронцемент” назорат пакет акциялари “Евроцемент” қўлига ўтгандан кейин унинг ҳамма томондан орқага кетганини иддао қилади.

-2006 йили Зеромаксдан олганида заводда камида 3200 та одам ишларди. Кунига 9000 тонна цемент чиқариш қуввати бор эди. Ҳозир заводда 820 та одам қолган¸ кунлик ишлаб чиқариш 2000-3000 тоннага тушган. Тожикистон ва Қозоғистондан келаëтган арзон ва сифатлироқ цемент билан рақобатга дош беролмаяпти. Ҳозирда 1 200 000 ойликка ишлаëтган битта одам учта одамнинг ишини қиляпти. Ишчилар сони қисқарди¸ ойликлар кесилди¸ 13 ойлик¸ мукофот деган нарсалар йўқолди¸ зарарли муҳитда ишлаганлик учун сут-қатиқ беришлар тўхтатилди ¸ - дея иддао қилди Рисқулов.

Бундай иддаоларни тасдиқловчи ҳужжат тақдим қила олмаслигини эътироф этган иккала суҳбатдош¸ Ўзбекистон ваколатли идоаралари завод фаолияти¸ хусусан, унинг молиявий ҳужжатларини тафтиш қилиши кераклигини таъкидлади.

200 миллион долларлик инвестиция ?

Узоқ йиллар "Оҳангаронцемент"да ишлаган иккала суҳбатдош Россия компаниясининг заводга киритган инвестициялари ҳақидаги хабарларни “чўпчак” деб атади.

2019 йил ëзида Шавкат Мирзиëевнинг заводга қилган ташрифи пайтида “Евроцемент” гуруҳи президенти Михаил Скороход “Оҳангаронцемент” ҳудудида йилига 3 миллион тонна цемент¸ шунингдек замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерига жами 200 миллион доллар инвестиция киритилиши ва шундан 100 миллион доллари ишлаб чиқаришга сарфланганини иддао қилган эди.

-Бир тийин ҳам инвестиция киритгани йўқ. 200 миллион киритамиз¸ шундан 100 миллионини киритиб¸ заводни кенгайтирдик¸ модернизация қилдик, деган гапларнинг ҳаммаси фақат қоғозда¸ ëлғон. Фақат буни текширишга Ўзбекистонда ҳеч кимнинг қўли етмайди¸ ҳамма қўрқади. Ҳозиргача янги технология деб расмийлаштирилган ускуналарнинг ҳаммаси Қозоғистондан келган эски машиналар. Эски машиналар янги деб расмийлаштирилади¸ ўртадаги 10 бараварга яқин фарқ офшорга кетади¸ дейди Мақсадали Эргашев.

Заводнинг иккала собиқ ишчиси акцияларнинг босим ва қўрқитув воситасида тортиб олингани¸ порахўрлик ва пул ювишга оид шикоятлар билан президент порталидан то Бош прокуратурагача мурожаат қилгани¸ аммо ўз аризалари ҳатто кўриб ҳам чиқилмаганини айтади.

"Оҳангаронцемент" ишчилари тоғ бўлиб уюлган кўмир кукунининг нормага зид нисбатда цементга қўшиб келинаëтганини айтади.
"Оҳангаронцемент" ишчилари тоғ бўлиб уюлган кўмир кукунининг нормага зид нисбатда цементга қўшиб келинаëтганини айтади.

- Бу заводда бўлаëтган ишлар яқин келажакда мудҳиш фалокатларга сабаб бўлиши мумкин. Ангрен ГЭСи қурилиш майдонидан миллионлаб тонна кўмир кукуни олиб келиб¸ цементга 50¸ 70 фоизгача қўшиляпти. “Оҳангаронцемент” маҳсулоти республикадаги катта қурилишлар¸Сити ва бошқа катта объектларга ишлатиляпти. Эртага кўмир кукуни қўшилган пойдевор ва деворлар тўкилиб¸ одамлар умрига зомин бўлиши мумкин¸- дейди Эргашев.

Заводнинг қадоқлаш цехида ишлаган Рисқулов ҳам цементга нормадагидан ортиқ кул¸ қум ва бошқа нарсалар қўшилаëтганини тасдиқлади.

-Цементга фосфор уни¸ зала қўшилади¸ габаритни кўпайтириш учун. Айрим маркаларга 10-15 фоизгача қўшиш мумкин¸ лекин булар 70 фоизгача қўшаяпти. Ана шундай цемент ишлатилган уйи тўкилиб кетгани учун судга мурожаат қилганлар борлигини ўзим биламан. Лекин бу шикоятларни ҳеч ким текширмайди¸чунки заводнинг Ўзбекистондаги бошлиқлари Бош прокуратура¸ ИИВ даги собиқ генерал ва полковниклар¸ улар заводни ана шундай текширувлардан ҳимоя қилиш учун қўйилган одамлар¸ - дея иддао қилади Рисқулов.

“Оҳангаронцемент”нинг собиқ ходимлари Ўзбекистон ҳукумати 2014 йили заводнинг хусусийлаштириш жараëнини бекор қилишга уринганини тилга ола туриб¸ “Евроцемент” банкротлиги ортидан унинг Ўзбекистонга қайтиши учун имкон туғилганини айтади.

- Ҳукумат заводни қайта национализация қила оладими¸ йўқми буниси қоронғу. Лекин “Оҳангаронцемент” акциялари сотувга қўйилса¸ балки уни ўзбекистонликларнинг ўзи сотиб олиши бўйича Сбербанк билан музокара қилиш керакдир¸ - дейди ўз меҳнат фаолиятини шу заводда ўтказган суҳбатдошлар.

2014 йил ëзида Тошкент вилоят суди "Оҳангаронцемент" заводининг хусусийлаштирилишини ноқонуний деб топган эди.
2014 йил ëзида Тошкент вилоят суди "Оҳангаронцемент" заводининг хусусийлаштирилишини ноқонуний деб топган эди.

1961 йилда ишга туширилган "Оҳангаронцемент" заводи 1994 йилда хусусийлаштирилган. 2014 йил июлида Тошкент вилоят хўжалик суди ўшандаги Хусусийлаштириш¸ монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг бу жараëнни бекор қилиш сўровини қондирган эди. "Евроцемент" асосий мулкдори бўлган заводнинг кўчмас мулки ва банк ҳисоблари суд қарори билан музлатилган эди. Аммо 2014 йил декабрида апелляция суди хусусийлаштиришни бекор қилиш ҳақидаги суд қарорини "ноқонуний" деб топган эди.

Кремль қўлидаги молиявий восита

Россиядаги давлатга қарашли энг йирик банк бўлган Сбербанк активлари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажмидан камида беш баравар катта.

2020 йилнинг июнь ойида чиқарилган расмий ҳисоботига кўра¸ банк активлари 29.9 триллион рубль ëки 370 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади. (Қиëс учун¸ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми 2019 йили 57.9 миллиард долларни ташкил қилган -таҳр.)

Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролининг Кремль томонидан аннексия қилинишидаги роли боис 2014 йил 31 июлида Европа Иттифоқи Сбербанкка нисбатан санкция жорий қилган.

Сбербанкка нисбатан Қрим аннексияси ортидан киритилган ЕИ ва АҚШ санкциялари ҳамон кучда қолмоқда.
Сбербанкка нисбатан Қрим аннексияси ортидан киритилган ЕИ ва АҚШ санкциялари ҳамон кучда қолмоқда.

Жорий йил июнида 2021 йил 31 январга қадар узайтирилган бу санкциялар ортидан Сбербанк лойиҳаларини молиялаштириш ва қарз бериш тақиқланди. Айни 2014 йил сентябрида АҚШ Сбербанкнинг халқаро капитал бозорига киришини чеклади. АҚШ Молия вазирлиги 2018 йил ноябрида Сбербанкка қарашли компания «Гарант-СВ» компанияси ва Ялтадаги Mriya Resort & Spa меҳмонхонасини санкцилар рўйхатига киритди. Бу отель учун Сбербанк 300 миллион доллар кредит ажратган. Америкадаги жисмоний ва юридик шахсларнинг бу компаниялар билан ҳамкорлик қилиши тақиқланди¸ акс ҳолда уларнинг АҚШ юриспруденциясидаги кўчмас мулк ва маблағи музлатиб қўйиладиган бўлди.

АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (Office of Foreign Assets Control) 2020 йил январида эълон қилган баëнотда Россиядаги 13 компания¸ улар филиаллари ва бу компанияларга қарам ширкатларга жорий қилган санкциялар рўйхатида Сбербанк ҳам қолаëтгани кўрилади.

Санкцияларга берилган изоҳда¸ Кремль назоратидаги Сбербанкнинг Путин ҳукуматининг сиëсий мақсадларига эришишидаги қудратли молиявий восита экани айтилган.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчилар ҳам мамлакатдаги энг йирик цемент заводининг Сбербанк қўлига ўтгани ҳақидаги хабар ортидан айнан шу жиҳатга эътибор қаратди.

«Сбербанк нафақат тижорат ташкилоти, Россияда ва унинг геосиёсий манфаатлари мавжуд ҳудудларда давлат сиёсатини ёйишдаги қудратли инструмент ҳам.

Сбербанкнинг молиявий, техник ва ахборот ресурслари бугун собиқ совет ўлкаларидаги исталган давлатнинг имкониятларидан улканроқ.

Бошқачароқ айтганда, Сбербанкнинг армияси йўқ холос
”¸ деб ëзди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи.

“Оҳангаронцемент” мулкдори бўлган “Евроцемент”га инвестор топиш жараëни¸ АҚШ ва ЕИ санкцияларининг янги харидор топишга таъсири ҳақидаги Озодлик саволига Сбербанк матбуот хизмати “no comment” дея жавоб қайтарди.

XS
SM
MD
LG