Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:12

COVID-19: Ўзини ўзи эҳтиётлашга маҳкум кексалар (ВИДЕО)


6 ойдан бери "ўз ўзини яккалаб" яшаётган пенсионер Маҳбуба Қосимова, 28 сентябрь, 2020, Тошкент
6 ойдан бери "ўз ўзини яккалаб" яшаётган пенсионер Маҳбуба Қосимова, 28 сентябрь, 2020, Тошкент

Ўзбекистон тиббиёт тизимининг бор имкониятлари COVID-19 беморларига йўналтириларкан, бошқа тоифа беморлар, жумладан, сурункали хасталиги бор кексалар эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Республика Махсус комиссияси пандемия пайтида 65 ёшдан ошган кексалардан, зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликни сўраган.

Уларга тиббий ёрдам кўрсатиш вазифаси оилавий поликлиника, ижтимоий ёрдам етказиш вазифаси эса, маҳалла фуқаролар йиғини зиммасига юклатилган.

Давлат Статистика қўмитасига кўра, 34 миллион аҳолининг 1 миллион 600 мингдан ортиғини 65 ва ундан катта ёшдаги кексалар ташкил қилади. 6 ойдан буён улар “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзида яшамоқда.

1 октябрь - Халқаро кексалар кунида Озодлик коронавирус таҳликаси остида яшаётган тошкентлик пенсионерлар ва уларнинг яқинлари ҳамда буларга масъул оилавий поликлиника шифокорлари билан суҳбатлашди.

Ўзини ўзи эҳтиётлашга маҳкум пенсионерлар

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшайдиган 71 яшар пенсионер Маҳбуба Қосимова апрель ойидан бери, зарурат бўлмаса, кўчага чиқмай ўтирганини айтади.

У кўп қаватли уйдаги хонадонда набираси билан яшайди, егуликни фарзандлари олиб келиб беради.

Қосимова, ҳозир асосан ўзини ўзи эҳтиётлаб яшашга уринаётгани, чунки бир неча сурункали хасталиги борлигини айтади.

Бунинг устига коронавирус юқтириб олиб, фарзандларига ортиқча муаммо туғдиришдан қўрқиши ҳақида гапиради.

Унинг айтишича, оилавий поклиника ходимлари ҳар замонда бир қўнғироқ қилиб, хабар олмоқда, аммо шу кунга қадар уни йўқлаб, ҳеч ким келмаган.

“Поликлиникадан ҳар замонда бир қиз телефон қилиб туради, уйингизда иссиғи чиққанлар борми, деб сўрайди. Кейин 2 марта келиб, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар бериб кетишди пакетда. Шу, бошқа ҳеч ким хабар олгани йўқ. Иложи борича ўзимни ўзим эҳтиёт қилиб ўтирибман. Чунки, қон босимим баланд, қанд касаллигим бор, унинг устига бу касални юқтириб олишдан қўрқаман”.

Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманида яшайдиган яна бир пенсионер, 60 яшар Гулнора Файзиева ҳам поликлиникаси вақти-вақти билан ундан телефон орқали хабар олиб туришини айтади.

“Телефон қилиб, уйингизда иссиғи чиққанлар борми, касаллар борми, деб сўраб туришади. Шунақа ёши катталарга оилиавий поликлиникаси қарайди, деб эшитганман. Агар касал бўлиб, қон босим ошиб ёки ёши катталарда юраги оғриса, уйига келиб текшириб кетишяпти”, дейди Файзиева.

Ҳар икки пенсионерга кўра, улар ўзларини эҳтиёт қилишади, зарур юмуш бўлмаса, кўчага чиқишмайди. Иш ёки мактабга борадиган оила-аъзолари бўлмагани учун COVID-19 касаллигидан бир амаллаб сақланиб турганликларини айтишади.

Болалари мактабга бораётган оилалар қўрқувда

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшайдиган 32 яшар ҳамширанинг Озодликка айтишича, унинг оиласида бир кекса пенсионер - 72 ёшли қайнонаси бор, 3 хонали квартирада мактаб ёшидаги 2 фарзанди, ўзи ва турмуш ўртоғи билан бирга яшайди.

“Мен ва хўжайним ҳар куни ишдамиз. Хўжайним банкда, мен оилавий поликлиникада ишлайман. Карантин бошлаганидан бери ойижонни ўйлаб, қўрқувда яшаяпмизда. Ёши катта, қон босими баланд. Ўзларига алоҳида идиш-товоқ, телевизори билан алоҳида хона қилиб берганмиз. Ишдан келиб, кийимларни тўлиқ алмаштириб, ювиниб, кейин бундоқ узоқдан ҳол-аҳвол сўрашиб қўямиз. Энди болалар мактабга чиқди, 2-синфда ўқийдиган қизим, 5-синфдаги қизим мактабга боряпти. Ҳозир бутун қўрқув шу болаларданда. Биз масофани сақлаб турибмиз, лекин айниқса кичкина қизим билан жуда қийин бўляпти”, дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган ҳамшира.

Унинг айтишича, ўзи ишлайдиган поликлиникада патронаж ҳамширалар зиммасига оила-аъзолари кўп бўлган оилаларда яшаётган кексаларнинг ижтимоий аҳволига ҳам эътибор қаратиш вазифаси қўйилган.

"Олдин соғлигини сўрардик, ҳозир оиласидаги аҳволи, неча киши билан яшайди, ёрдамчиси борми-йўқми, шуларни ҳам маълумотномага киритиш сўраляпти. Мана 28 сентябрдан шунақа топшириқ келди. Масалан, бизни поликлиника ҳудудида 2700 нафар қариямиз бор, 65 ёшдан ошган. Кунига навбатчи ҳамширалар ўтириб, шуларга телефон қилиб хабар олади. Қарияларни алоҳида хонага жойлаштиринглар, идишини ажратинглар, қўлдан келганча изоляция қилинглар, деб тавсия қиламиз. Тўғри, баъзи оилаларда хонадонлари тор. Масалан, уларга қариянгизни бирорта қариндошингизда шароит бўлса, у ёққа жўнатинглар, деб тавсия қиляпмиз”, - дейди тошкентлик ҳамшира.

Унинг айтишича, барча поликлиникаларда 65 ва ундан катта ёшдаги кексаларнинг махсус рўйхатлари тузилган.

Кексаларга бепул ажратилган COVID-19 дорилар пакети берилмайди

Сергели туманидаги оилавий поликлиника бош врачига кўра, унинг масъулиятида 40 мингга яқин аҳоли бор ва бунинг 2 ярим мингга яқинини 65 ёшдан катталар ташкил қилади.

Унинг айтишича, ёндош касалликлар эҳтимоли катта бўлгани учун COVID-19 аломати кўринган беморлар орасида биринчилик кексаларга қаратилган:

“Уларни биринчи бўлиб госпитализация қиляпмизда. Лекин, энди пандемия кучайган пайтда, биринчи эътибор шикояти бўлган беморларга қаратилган. Шикояти бўлмаганларда ҳозирча фақат телефонда хабар олиб турибмиз, очиғи. Лекин, ёлғиз қарияларни алоҳида рўйхати бор, уларга ҳар куни телефон қилиб, хабар оламиз. Дориларини ҳамширалар олиб кириб беради”.

Поликлиника бош врачига кўра, катта ёшли кексаларга COVID-19 хасталарига мўлжалланган бепул дори-дармон қутилари ҳам ажратилмаган:

“Чунки, уларнинг аксарида ёндош касалликлари бор - қон босими баланд, юраги касал, қанд касали бор, ревматизми бор. Бунақа касалликларга COVID-19 пакетидаги дориларни ҳаммаси ҳам тўғри келмайди, ҳар бирига индивидуал ёндашиш керак. Кейин бир дорини беришдан олдин албатта кўрикдан ўтказиш керак. Карантин пайтида, уйма-уй юриш бизга тақиқлангани учун, асосан телефонда хабар олдик , мобил гуруҳларимиз махсус чақириқ бўлгандагина бориб, касал бўлиб қолган қарияларимизни кўриб туришди”.

Кексалар орасида пневмония ҳоллари кўпайган

Тошкентнинг Олмазор, Сергели ва Юнусобод туманларидаги оилавий поликлиникалардан олинган маълумотга кўра, кексалар орасида пневмония касаллигига чалиниш ҳоллари кўпайган.

"Кексаларда иммунитет заиф бўлиб қоладида, пневмония касаллиги уларда тезроқ ривожланиб кетяпти. Ўпкада иккитомонлама пневмония сал кўпайган қарияларимизда. Кўпчилигини уйидагилари рентгенга оборяпти – "полисегментар пневмония" диагнози билан врачларимизга келишяпти. Биз уларни дарров касалхонага ётқизишга ҳаракат қиляпмиз. Кўпинча уйда даволаниб юришгани учун, пневмония сал кучайганда келишяпти. Шунга ўлимлар ҳам бўлиб турибди, лекин кўп эмас", дейди жумладан Юнусобод туманидаги оилавий поликлиника катта ҳамшираси.

Сергели ва Олмазор туманидаги поликлиника ходимлари ҳам 65 ёшдан катталар, COVID-19 ёки пневмония касаллиги симптомларидан шикоят қилса ёки оғир аҳволда мурожаат қилса, уларни зудлик билан шифохонага ётқизишга ҳаракат қилинишини айтишди.

“Масалан, бизда 37 минг аҳолига 3 та мобил гуруҳ бор, 3 та машинаси билан. 15 та шифокор бор, 40 та атрофида ҳамшира. Биринчи галда, шунақа ковид шикояти бўлган кексаларга қараймиз. Чунки, уларда ёндош касалликлар борда. Тезроқ шифохонага ётқизилмаса, аҳволи бир кунда оғирлашиб кетиши мумкин. Ҳозир ўзи COVID-19 билан зарарланиш ҳоллари сал босилгандай, ёздагидаймас. Бизда масалан, кеча 16 та чақириқ бўлди, ҳамма касалликлар аралаш. Ундан олдинги кун 32 та бўлган. Ундан олдин 10 та. Лекин, октябрь-ноябрь ойларида яна мавсумий касалликлар бошланади. Ҳозир бутун эътибор шу мавсумга тайёргарликка қаратилган, аҳолини гриппга қарши эмлаяпмиз”, деди Олмазор туманидаги оилавий поликлиникалардан бирининг шифокори.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна жим

Ўзбекистонга илк коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилганидан буён ўтган 6 ой ичида бу касалликка чалинган ёки вафот этганларнинг ёш категорияси, кексалар сонига оид бирор расмий рақам Озодликка маълум эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (ССВ), мамлакатда коронавирус тарқалиши олдини олиши, хасталарни даволаши ва юритаётган статистикаси жиддий саволлар, кучли эътирозларга сабаб бўлиб қолмоқда.

ССВ Озодликнинг мурожаатларини муттасил жавобсиз қолдириб келади.

Хусусан, касалликдан ўлаётганларнинг асл сони яширилаётгани ҳақида аввалига Озодлик суриштирув ўтказди. Сўнгра қатор маҳаллий нашрлар ҳам ўз суриштируви натижаларини эълон қилди.

Оқибатда, вазирлик шу йилнинг 21 сентябридан вафот этганлар статистикасини жамоатчиликка эълон қилишни ҳеч бир изоҳсиз тўхтатиб қўйди.

21 сентябрда эълон қилинган рақамга кўра, Ўзбекистонда COVID-19 касаллигидан жами ўлганлар сони 438 нафарга етган.

АҚШдаги Жонс Хопкинс университети 1 октябрь кунги рақамга кўра, шу кунгача жами 471 ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этган.

Аммо Озодликка ўзбекистонлик аҳоли, шифокор ва мустақил манбалардан келаётган мурожаатларга кўра, ўлим ва касалликка чалиниш ҳоллари расмий рақамлардан анча юқори, асл вазият эса, расмийлар айтаётганидан кескин фарқ қилади.

COVID-19 касаллигидан ўлим хавфи кексаларда каттароқ

Вашингтондаги Жонс Хопкинс университети берган рақамларга кўра, 1 октябрга келиб, дунёда вирусга чалинганлар сони қарийб 34 миллионга етган, вирусдан ўлганлар сони 1 миллион 14 минг 500дан ошган.

Халқаро кузатувларга кўра, COVID-19 касаллигини қўзғатув коронавирусга чалиниш хавфи ҳамма ёшдагилар учун бирдек, аммо ундан ўлим хавфи:

- 45-60 ёшлилар орасида тақрибан 20 фоиз,

- 65-75 ёшлилар орасида тақрибан 24 фоиз,

- 75 ёшдан катталар орасида эса тақрибан 48 фоиздан ортиқдир.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, 2020 йил 1 январига келиб мамлакатдаги 34 миллиондан ортиқ аҳолининг 1 миллион 613 минг 763 нафарини 65 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ташкил қилмоқда.

1 октябрь - Халқаро кексалар кунида Озодлик коронавирус таҳликаси остида яшаётган тошкентлик кексалар билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатлар асосида тайёрланган видеолавҳани томоша қилишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG