Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:30

Ўзбек фаоллари: Швейцария Каримова пулларининг яна ўғирланишига йўл қўймаслиги керак!


Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган.
Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган.

Муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари, собиқ сиёсий маҳбуслар Швейцария ҳукуматини Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда коррупцион йўллар билан ўзлаштирган активларининг яна ўғирланишига йўл қўймасликка чақирмоқда.

Фаолларнинг бу ҳақдаги мурожаати Швейцария марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иштирокидаги ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида музлатилган пулларнинг бир қисмини қайтариш шартлари тўғрисида Ўзбекистон билан келишувга эришгани ҳақидаги хабар ортидан эълон қилинди.

Ўзбекистон-Германия форуми ташаббуси билан тайёрланган очиқ хат "Uzbekforum.org" сайтида 16 сентябр куни эълон қилинди.

Фаоллар қайтарилажак пул коррупцияга қарши ислоҳотни рағбатлантириш учун ишлатилишини талаб қилмоқда.

Швейцария ҳукумати, Ўзбекистон билан имзолаган келишувга мувофиқ, 2012 йилда пул ювиш ва коррупция юзасидан Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилган тергов доирасида музлатиб қўйилган маблағнинг 131 миллион доллари, "муайян шартлар асосида", Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақда 11 сентябрь куни маълум қилган эди.

Ўнга яқин ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, журналист ҳамда собиқ сиёсий маҳбус 16 сентябрь куни имзолаган очиқ мактубда Швейцария Гулнора Каримованинг жиноят иши доирасида музлатилган пулларини Ўзбекистонга қайтаришда "шаффофлик" кафолатланишини талаб этган.

"Uzbekforum.org" сайтида эълон қилинган мактубда Ўзбекистонда баъзи ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётган бўлса-да, ҳали ҳукумат коррупцияга қарши қатъий курашмаётгани айтилган.

"Шу боис, ўзбек халқининг коррупцион йўллар билан талон-торож қилинган бойлиги яна қайтиб коррупционерларнинг ўзларига қайтарилиши эҳтимоли юқори", - дейилади очиқ мактубда.

Мактуб остига Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова, Қорақалпоғистондаги "Чироқ" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азимбай Атаниязов, ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоли Фарида Шарифуллина, фотожурналист Тимур Карпов, Швейцарияда яшовчи мустақил журналист Алишер Таксанов, мустақил журналистлар Шоҳида Тулаганова ва бошқалар имзо чеккан.

Фаоллар қайтарилажак пул коррупцияга қарши ислоҳотни рағбатлантириш учун ишлатилишини талаб қилмоқда.

Берн ҳам пулни қайтариб бериш эвазига "улардан Ўзбекистон аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш учун фойдаланиш, хусусан, ижтимоий ва экологик аҳамиятга эга лойиҳаларга сарфлаш"ни Тошкент ҳукуматига шарт қилиб қўйган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон юқоридаги шартларнинг бажарилиши шаффофлигини ҳам таъминлаши кераклигини эслатган.

Агар Ўзбекистон қўйилган шартларни бажармаса Каримованинг музлатиб қўйилган маблағларининг қолган (650 миллион швейцар франки, яъни 715 млн доллар) қисми унга қарши давом этаётган жиноят иши доирасида музлатилиб тураверади.

Швейцария ҳукумати қолган пулларнинг тақдири қўйилган шартларнинг бажарилишига боғлиқ, демоқда.

Яъни пуллар Ўзбекистон халқининг манфаатига хизмат қилиши керак.

Лондонда яшайдиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, Швейцария пулларни қайтаришдан олдин Ўзбекистон ҳукуматидан телекоммуникация соҳасидаги улкан миқдордаги порахўрликка сабаб бўлган муаммоларни ҳал этиш йўлида муайян қадамлар қўяётганига оид исботларни талаб қилиши лозимлигини айтади.

Бу ҳақда Илҳомов ўз Facebook саҳифасида ёзди:

"Гулнора активларини ҳеч қандай шартларсиз қайтариб берган Франциядан фарқли Швейцария ҳеч бўлмаганда баъзи шартларни қўйди.
Бироқ, ушбу шартларнинг барчаси умумий ва мавҳум шаклда тузилган.
Аммо энди умид шуки, бу ҳали ҳам фақат "Ўзаро англашув меморандуми" бўлиб, у қонуний жиҳатдан мажбурий эмас. Ушбу меморандумга биноан, ҳозирда қонуний, аммо бир-бири билан боғлиқ бўлган иккита ҳужжат ҳали имзоланмаган. Улардан бири аслида пул ўтказиш тўғрисида (масалан, қабул қилиш ва топшириш акти), иккинчиси эса, активлардан фойдаланиш учун аниқроқ ишлаб чиқилган шартлар. Агар ушбу иккинчи босқичда томонлар келишмаса, унда барча келишувлар меморандум бўлиб қолади. Яъни, ушбу меморандумни имзолашнинг ўзи унинг амалга ошишига ҳали юз фоиз кафолат бермайди".

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева фикрича, бу талаблар йиллардан бери айтиб келинади, лекин ўзбек ҳукумати шу кунгача коррупция билан боғлиқ институционал муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳеч қандай қадамни амалга оширгани йўқ.

- Бу пуллар Ўзбекистонга қайтариладиган бўлса уларнинг яна ўғирланмаслигига кафолат йўқ, - дейди Атаева.

Швейцария Гулнора Каримовани хорижий телекоммуникация компанияларидан йирик миқдорда пора олганликда айблаб келади.

Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида жазо муддатини ўтаётгани айтилади.

Шу йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Суд Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган.

Бундан ташқари Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллирадлик доллар) хорижий валютани яширишда гумонланмоқда. У ушбу маблағни турли шахсларнинг манфаатларини «илгари суриш» учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига «бўнаклар» олиш, улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш орқали яширган.

Прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳнинг 12 та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.

Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.

АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилган.

XS
SM
MD
LG