Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:44

Президентга шикоят қилган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчилари босим остида қолганини айтмоқда


Ўзбекистондаги энг йирик заводлардан бири бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи даромади мустақилликдан сўнг биринчи оила назоратида бўлиб келган.
Ўзбекистондаги энг йирик заводлардан бири бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи даромади мустақилликдан сўнг биринчи оила назоратида бўлиб келган.

20 апрель куни Ўзбекистон президенти номига шикоят мактуби ëзган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 280 дан ошиқ ишчиси¸ улар вакилларининг Озодликка айтишича¸ босим остида қолган.

Президент порталига йўлланган бу хатга 280 нафардан ошиқ ишчи имзо чеккан ва улар заводнинг Jizzakh Petroleum МЧЖга беш йиллик ишончли бошқарувга берилгани ортидан бошланган кескин ўзгаришларга ўз норозилигини билдирган.

Мактубга қўл қўйган аëл ишчилардан бири Озодликка ўзининг Фарғона ИИБ терговчиси томонидан сўроқ қилинганини айтса¸ бошқалари завод маъмурлари томонидан ишдан бўшатилиб¸ жиноят ишига тортилиш билан қўрқитилаëтганини айтмоқда.

Нафақат Ўзбекистон¸ балки Марказий Осиëдаги энг йирик заводлардан бири саналган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 2020 йилнинг 7 февраль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан (бенефициар) Jizzakh Petroleum МЧЖга беш йиллик ишончли бошқарувга берилган.

Шикоят хати

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) ишчиларидан 287 нафари қўл қўйган шикоят мактуби 20 апрель куни Президент Халқ қабулхонасига топширилган.

Нусхаси Озодликка юборилган бу мактубда заводнинг бир гуруҳ ишчилари ФНҚИЗга 2019 йил ноябрида Адҳамжон Исомов директорликка келганидан сўнг¸ “ишчилар юзига табассум келгани”¸ улар ойлиги оширилиб¸ мукофот пуллари ва турли ижтимоий ëрдам берила бошлагани¸ ишлаб чиқариш ҳам жонланганини ëзган.

Президент порталига юборилган мактуб нусхаси.
Президент порталига юборилган мактуб нусхаси.

Мактубда ëзилишича¸ ишчиларнинг бу шодлиги ФНҚИЗ 2020 йилнинг 7 февраль куни Jizzakh Petroleum МЧЖ бошқарувига берилганидан сўнг тугаган.

Ишчиларга кўра¸ янги бошқарувчи директорликка тайинланганига 6 ой ҳам бўлмаган Адҳамжон Исомовни ишдан кетишга мажбурлаган ва дарҳол кенг кўламли қисқартишларга киришган.

Янги бошқарувчилар Тошкентдан келди. Бизни умуман одам ўрнида кўрмайди. Заводдаги бешта цех – 2¸ 8¸ 9¸ 11 ва 12 цехнинг 32-қурилиш монтаж цехига қўшиб юборилишини айтишди. Булар коксовий¸ асбобсозлик¸ алоқа¸ электр ва ремонт цехлари. Завод жуда катта ва бу цехлар ëпилса¸ у қандай ишлайди¸ тушунмаяпмиз. Завод Jizzakh Petroleumдан катта қарз бўлгани учун¸ гўë шуларга берилганмиш. Лекин билишимизча¸ завод Jizzakh Petroleumга олган маҳсулотлари нархини предоплата шаклида тўлаб келган. Ҳозир ойлик беришга пул йўқ эмиш ва шунинг учун ишчиларни Сардоба¸ Тошкент¸ Андижондаги қурилишларга мардикор қилиб юборишар экан. Бу эса¸ заводнинг минглаб ишчисини аввалига вақтинча ишга чиқариб юбориб¸ кейин бутунлай бўшатиш деганидир”¸ дейди ФНҚИЗнинг Озодлик гаплашган ишчиларидан бири.

Бундай ўзгаришлардан норози бўлган ишчилар 20 апрель куни президент порталига мактуб билан мурожаат қилиб¸ унда Jizzakh Petroleum бошқарувига норозилигини ифодалаган ва Исомовни завод раҳбарлигига қайтаришни сўраган.

287 нафар ишчи ўз исми шарифи ва табель рақами билан қўл қўйган бу мактуб расман қабул қилинганидан бир ҳафта ўтиб¸ Озодлик гаплашган ишчиларга кўра¸ ФНҚИЗ янги раҳбарлари мактубга қўл қўйганларни биттама-битта сўроқ қилишни бошлаган.

Худди кинолардаги Гестаподек¸ биттадан олиб кириб гаплашишди. Кўпчиликни хатлар бўлимининг бошлиғи Ихтиëр сўроқ қилди. Ишдан кетасан¸ устингдан жиноят иши очтираман¸ деб қўрқитди. Битта ишчимизни заводнинг янги директори Латипов ва Jizzakh Petroleum бош директори Файзуллаев савол-жавоб қилди. Хатни уюштирганликда айбланган бу аëлни директор урмоқчи ҳам бўлди. Кейин бу аëл касал бўлиб ëтганида уни Фарғона ИИБнинг коррупцияга қарши курашиш бўлими терговчиси Солиев допрос қилиб¸ “сан олдинги директордан пора олгансан¸ қаматвораман”¸ деб роса пўписа қилган”¸ дейди ФНҚИЗ нинг Озодлик гаплашган ишчиларидан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ бу аëл - Феруза Умирзоқова заводнинг ҳозирги раҳбари томонидан тазйиққа учраётгани, директор ўзини ҳақорат қилиб урмоқчи бўлганидан очиқ шикоят қилган.

Хусусан¸ у 9 июнь куни “Ўзбекистон 24” радиоканалининг “Ҳуқуқий маслаҳат” дастурида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Фаррух Жўраевдан ëрдам сўраб мурожаат қилган.

Озодлик билан суҳбатда Феруза Умирзоқова Jizzakh Petroleum олиб бораëтган қисқартиш ва бошқа ҳаракатларнинг ишчилар норозилигига сабаб бўлаëтгани боис президентга ëзилган хатга қўл қўйгани ва бунинг учун ўзининг янги директор тазйиқига учраганини тасдиқлади.

Завод мулозими муаммони тан олди¸ лекин тазйиқларни инкор қилди

Озодлик президентга шикоят қилган ФНҚИЗ ишчиларининг янги маъмурият томонидан қаттиқ босимга учраëтгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ олиш учун Кадрлар бўлими билан боғланди.

7000 дан ошиқ ишчи ишлаëтган ФНҚИЗ мулозими¸ заводдаги қисқартишлар ва хат ëзганлар билан биттама-битта гаплашилганини инкор қилмади.

Булар президентга хат ëзганидан кейин¸ ҳақиқатан ҳам хатлар ва мурожаатлар билан ишлайдиган масъулларимиз улар билан суҳбатлашди. Нимадан норозилигини суриштирди. Лекин уларга қўрқитиш¸ таҳдид бўлгани йўқ. Ҳаммаси ишлаб юрипти. Заводнинг молиявий аҳволи оғир бўлгани учун¸ ишламай турган цехларни қурилиш-монтажга қўшяпмиз. Одамларни кўчага ҳайдамаслик¸ уларни жилла қурса қурилишларда ишлатиб туриш учун шундай қилиняпти. Ойликлар кам¸ мукофотлар бекор бўлгани ҳам бор гап. Лекин ҳозирча ҳеч ким ишдан бўшатилгани йўқ”¸ деди завод мулозими.

Ялпи аттестация

Озодликка боғланган ФНҚИЗ ишчилари янги бошқарувчи – Jizzakh Petroleum раҳбарлари ўз ҳатти-ҳаракатларига эътироз билдираëтганлардан “қонуний йўл” билан қутулиш учун завод тарихида учрамаган янги жараëн – ялпи аттестация ўтказилишини эълон қилганини айтди.

Бу аттестациядан¸ президентга ëзилган хатга қўл қўйганлар¸ албатта¸ ўтказилмайди. Шундай қилишса¸ гўë Меҳнат қонунчилигини бузмаган бўлади булар. Заводда бўлаëтган ўғриликлар ҳақида биз янги бошлиқларга очиқ айтганмиз. Бу заводни Гулнора Каримова¸ Акбар Абдуллаев¸ яъни Мирзиëев айтган “Фарғона каламушлари” қандай талаганини бутун республика яхши билади. Лекин ҳозиргиси ундан ўтиб тушди. Бизни ана шу ўғриликларга кўз юммаëтганимиз учун ҳам жазолашмоқчи”¸ дейди ФНҚИЗнинг шахсини очиқламаслик сўрови билан гапирган яна бир мутахассиси.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ялпи аттестация ўтказиш ҳақидаги буйруқ 9 июнь куни берилган.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ялпи аттестация ўтказиш ҳақидаги буйруқ 9 июнь куни берилган.

Озодлик билан суҳбатда ишчилар¸ хусусан¸ "заводдан ҳар куни 25 та 30 тонналик бензовознинг ҳеч қаерда қайддан ўтмасдан номаълум йўналишда чиқиб кетиши ҳақида янги раҳбариятдан изоҳ сўрагани ва бундай савол ҳам улар қаҳрига учраганини" иддао қилди.

Завод Кадрлар бўлими расмийси¸ ФНҚИЗ янги раҳбарияти 7000 дан ошиқ ишчининг ҳаммасини аттестациядан ўтказишга қарор қилгани ва бунинг завод яқин тарихидаги биринчи ялпи аттестация бўлажагини тасдиқлади.

Энди заводнинг янги бошқарувчиси уни фойда келтирадиган қилмоқчи. Ишламай турган цехларни қисқартириб¸ кераксиз ишчиларни бўшатмоқчи. Бу исталган компаниянинг ҳаққику! Ҳозир ҳеч ким эртага аттестациядан ким ўтиб¸ ким қолишини билмайди. Ишини яхши билса¸ заводга фойда келтирса¸ қолади. Бўлмаса¸ у ëғи қонунчиликка кўра ҳал бўлади”¸ деди завод бошқарувига алоқадор масъул.

Марказий Осиëдаги энг катта завод янги эгаси ким?

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи¸ унинг ўз расмий сайтида ëзилишича¸ ëнилғи-сурков материаллари ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиëдаги энг йирик корхоналардан биридир.

Бу завод узоқ узоқ йиллар Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қайинсингли Тамара Акбарова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаевлар орқали биринчи оила назоратида бўлиб келган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага қўйган расмий айблар орасида айни заводнинг 40 миллиард сўмдан ортиқ пулини ўзлаштирганлик ҳам бор.

ФНҚИЗ ва бошқа муҳим стратегик объектлардан қарийб 1 миллиард долларга яқин давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланган Акбарали Абдуллаев Миризëев ҳукумати томонидан қидирувга берилган ва ҳозирда чет элда бекиниб яшаб юрипти.

Шавкат Мирзиëев бу завод акцияларининг 100 фоизини Индонезияда рўйхатга олинган «РТ Trans Asia Resources» компаниясига 16 миллион АҚШ долларига сотиш ҳақида қарор чиқарган эди. Мирзиëевнинг 2019 йилнинг 10 апрель кунги 4275-сонли қарорида асли ўзбекистонлик ота-бола Аслановларга тегишли бўлган Индонезиядаги ширкатнинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга катта инвестия киритиши белгиланган эди.

2019 йил 6 май куни президент матбуот хизмати ФНҚИЗни 16 миллион долларга сотиб олгани айтилган Аслановнинг Мирзиëев билан бирга заводда тушган суратини чоп қилган эди.
2019 йил 6 май куни президент матбуот хизмати ФНҚИЗни 16 миллион долларга сотиб олгани айтилган Аслановнинг Мирзиëев билан бирга заводда тушган суратини чоп қилган эди.

Мирзиëевнинг ФНҚИЗга қилган сафари ҳақида ëзган президент матбуот хизмати¸ 2019 йилнинг 6 май куни президентнинг Асланов билан бирга тушган суратини эълон қилган ва “PT Trans Asia Resources” компаниясининг заводга 2022 йилгача камида 875 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритишини хабар қилган эди.

Аммо Озодлик гаплашган завод ишчиларига кўра¸ ота-бола Аслановлар президент билан заводда кўринганидан сўнг яна бир ойдан кўпроқ ФНҚИЗ иши билан танишган ва шундан сўнг қайтиб келмаган.

2020 йилнинг 7 февраль куни¸ президентнинг 4275-сонли қарори ҳали кучда қолаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги ФНҚИЗ ва Jizzakh Petroleum МЧЖ билан уч томонла келишув тузди (рус тилидаги бу ҳужжат нусхаси Озодликда мавжуд). Мазкур келишувга кўра¸ ФНҚИЗ беш йиллик ишончли бошқарувга Jizzakh Petroleum МЧЖга олиб берилди.

Озодлик Jizzak Petroleum МЧЖсининг кимга оидлиги¸ Ўзбекистондаги энг йирик ëқилғи заводининг қайси асос ва қайси йўл билан нега айнан шу МЧЖга берилганига оид саволлар билан Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат қилди.

Бу жараëн ва Jizzakh Petoleum МЧЖ фаолиятига оид маълумот ва расмий изоҳ билан яқин кунларда алоҳида мақолада танишишингиз мумкин бўлади.

Агар сиз бу жараëндан хабардор бўлсангиз¸ихтиëрингизда унга оид ҳужжатлар бўлса¸ уларни Озодлик орқали жамоатчилик билан баҳам кўришингиз мумкин.

Бунинг энг қисқа йўли - Telegramдаги +420 724 951 539 рақами орқали @ozodnewsга алоқага чиқишдир.

XS
SM
MD
LG