Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:49

UZ/Коронавирус: Кучайтирилган карантин, автотранспортлар ҳаракати икки кунга тўхтатилди


uzbekistan -covid-19
uzbekistan -covid-19

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 2020 йил 8 август соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони расман 29225 нафар, тузалганлар 17262 нафар. Аммо, норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда.

- Дорихоналарда коронавирусга қарши воситалар тақчиллиги кузатилмоқда. Ҳукумат фармацевтика маҳсулотлари экспортини вақтинча тўхтатди, ОТБ ва ОИИБдан $200 млн кредит олишини билдирди.

- Карантин 15 августгача узайтирилди. Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда. Оммавий тадбирлар тақиқланган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар 29 652, қурбонлар 195 нафар

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 август Тошкент вақти билан 17.00 холатига кўра мамлакатда коронавирусга чалинганлар 29 652 нафарни ташкил қилган.

Тузалганлар 21 мингдан кўпроқ. Короанвирусдан ўлганлар сони эса 195 нафар.

Аммо, норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда.

Дам олиш кунлари кучайтирилган карантин амалда бўлади

Ўзбекистонда 8-9 август — шанба-якшанба кунлари бутун мамлакат бўйича автотранспортлар ҳаракати тўхтатилади.

Аҳолидан ўзини ўзи яккалаш, ўз уйларида қолиш сўралган.

Бу кунларда давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга ходимларни ишга жалб этмаслик, уларнинг уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилган.

Ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);

Томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;

Тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;

ССВ: Касалланганлар сони 30 мингга яқинлашди

Ўзбекистонда 7 август соат 23:30 дан 7 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 690 та ҳолат қайд этилди. 31 июлдан 6 августгача ҳар куни кунлик касалланиш ҳолати 700 тадан юқори бўлаётганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 29225 нафарга етди.

Коронавирусга чалинган беморлардан 1151 нафарининг аҳволи оғир ва ўта оғир, деб баҳоланмоқда

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 3 август соат 23:30 ҳолатига кўра, 26301 нафарни ташкил этмоқда.

Душанба куни мамлакат бўйлаб 748 та касаллик ҳолати қайд этилган, шуларнинг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Айни пайтда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Андижон, Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Навоий ҳамда Фарғона вилоятларида жами 755 нафар бемор соғайган. Тузалганларнинг умумий сони эса, ССВ маълумотига кўра, 17262 нафарга етган.

Қолган 8880 нафар бемордан 927 нафарининг аҳволи оғир, 224 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.

Бугун Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида 2 нафардан, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган. Шу тариқа COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 159 нафарга етган.

ЖССТ раҳбари “узоққа чўзиладиган” пандемияга тайёр туришга чақирди

Коронавирус инфекцияси пандемиясининг “узоққа чўзилиб кетиши” эҳтимоли бор, унинг таъсири эса яқин ўн йиллар ичида сезилиб туриши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус билдирди.

ЖССТнинг фавқулодда қўмитаси Хитойда коронавирус инфекцияси ёйилиши соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилингани ортидан олти ой ўтгач, вазиятни баҳолаш учун 1 август куни йиғилган.

Бир қатор экспертлар ва сиёсатчилар (шу жумладан АҚШ президенти Дональд Трамп) “эпидемия ривожланишига реакцияси жуда секин бўлди” дея ЖССТни танқид қилганди. ЖССТ раҳбари шанба куни фавқулодда вазият Хитой хорижида ҳали бир нафар ҳам одам ўлмаган пайтда эълон қилинганини билдирди.

Ҳозирда қурбонлар сони, АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон бўйлаб 690 минг нафардан, коронавирус юқтириб олганлар сони эса 18 миллион нафардан ошган. Пандемия вирус Европада тез тарқала бошлаган март ойи бошида эълон қилинган.

Жаҳондаги кўплаб мамлакатларда март ойида киритилган карантин чоралари хасталикка чалиниш кўрсаткичи бироз пасая бошлагани ортидан май-июнь ойларида юмшатилган. Бироқ қатор мамлакатларда сўнгги пайтларда коронавирус қайтадан тезлик билан тарқала бошлади. Бунинг ортидан чеклов чоралари ҳам қайта киритилмоқда. Австралиянинг аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳри бўлган Мельбурнда одамларга оқшомги соат 8 дан тонгги соат 5 гача уйдан узрли сабабсиз чиқиш тақиқлаб қўйилди. Бу тартиб олти ҳафта давом этиши керак. Испания ва Буюк Британиянинг айрим ҳудудларида ҳам шу ҳафтадан қатор чекловлар қайта киритилган.

Коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Андижонда 63 ёшли эркак, Тошкентда 56 ёшли аёл коронавирус асоратлари сабаб вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, андижонлик эркак “COVID-19” тасдиқлангач, нафас етишмовчилиги белгилари кучайган ҳолатда вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 56 ёшли аёлда “COVID-19” тасдиқлангач, тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабаб Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шишидан вафот этган.

ССВ ҳисоб-китобига кўра, коронавирус қурбонлари сони 151 нафарга етган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 296 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, жами коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 336 нафарга етган.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 833 нафар бемор соғайган.

Covid-19: Беморлар сони расман 25 мингдан ошди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мамлакатда яна 257 кишида коронавирус аниқлангани ва жами беморлар сони 25 мингдан ошгани ҳақида хабар берди:

«2020 йил 2 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 040 нафарни ташкил этмоқда».

Расмий маълумотга кўра, 1 август куни 774 кишида вирус аниқланган бўлиб, бу пандемия бошланганидан буён Ўзбекистондаги энг юқори кунлик кўрсаткичдир.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 299 нафар бемор соғайган, 148 бемор оламдан ўтган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Президент Мирзиёев Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди

Коронавирусга чалингач 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги "Шорша баба" қабристонига дафн этилди.

Минглаб қорақалпоғистонлик, ҳукумат вакиллари, марҳум яқинлари, Ерниязовни сўнгги йўлга кузатган.

1 август куни Нукусга борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

"Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади", деган Мирзиёев.

Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Тойлоқ тумани прокурори коронавирусдан оламдан ўтди

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов 58 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

«Бош прокуратура раҳбарияти ва жамоаси Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси Абдухолиқов Фарҳод Мусиновичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади Бош прокуратура томонидан эълон қилинган таъзияда.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, 1962 йилда туғилган Фарҳод Абдухолиқов бир ҳафтадан буён коронавирусдан даволанаётган бўлган. 1 август куни эса ҳаётдан кўз юмган.

Тойлоқ тумани прокурорининг ўлими бўйича ҳозирча Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берганича йўқ.

ССВ Қорақалпоғистон раҳбарининг коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади.

Вазирликка кўра, Нукус шаҳрида яшаган 73 ёшли Муса Ерниязов 24 июнь куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган.

"Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир, полиорган, ўткир жигар ва буйрак етишмовчиликлари, бош мия шиши, инсульт каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган", дейилади баёнотда.

Аввалроқ Нукусдаги шифохонада даволанаётган арбобнинг вафот этгани ҳақидаги хабар рад этилганди.

Хабарни Телеграм каналларига жойлаштирган бир гуруҳ қорақалпоғистонлик журналистлар 25 июль куни ярим тунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан орлиб кетилиб, сўроқ қилинган, уларнинг мобил телефонлари олиб қўйилганди.

ССВ: Коронавирус юқтирганлар бир кечада 295 кишига кўпайди

Ўзбекистонда 1 август соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 295 кишига кўпайиб, касалланганларнинг умумий сони 24 304 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг

  • 191 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 53 нафари Тошкент вилоятида;
  • 18 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 16 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 13 нафари Фарғона вилоятида;
  • 4 нафар Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 14 464 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро (59 фоиз) соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобига кўра, мамлакатда коронавирус қурбонлари сони 143 кишига етган.

Ҳозирда мамлакатда 9697 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 594 нафари оғир, 197 нафари эса ўта оғир аҳволда.

COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 21,5 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 28 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 21506 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент шаҳрида, 68 нафари Тошкент вилоятида, 32 нафари Бухоро вилоятида, 21 нафари Сирдарё вилоятида, 18 нафари Наманган вилоятида, 11 нафари Навоий вилоятида, 10 нафари Фарғона вилоятида, 9 нафари Андижон вилоятида ҳамда 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 11674 нафари соғайган, 9710 нафар беморнинг муолажаси давом этяпти. Улардан 215 нафарининг аҳволи оғир, 81 нафарининг аҳволи эса ўта оғир, дея баҳоланмоқда.

Пандемия даврида соғлиқни сақлаш Ўзбекистонда энг кам маош тўланадиган соҳа бўлиб қоляпти

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси энг кам ҳақ тўланадиган соҳа бўлган. Давлат статистика қўмитаси томонидан 27 июль куни эълон қилинган ҳисоботдан ана шундай хулосага келиш мумкин.

Қайд этилишича, бу соҳада жорий йилнинг илк олти ойи ичида ўртача ойлик маош 1 миллион 700 минг сўмни ташкил этган. Бу умумреспублика даражасидан 30,4 фоизга пастдир.

Ушбу соҳадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичидан паст бўлди. Хусусан, иш ҳақининг нисбатан паст кўрсаткичлари Жиззах вилояти (97,6 фоиз), Тошкент вилояти (96,6 фоиз), Самарқанд вилояти (95,5 фоиз), Фарғона вилояти (92,8 фоиз) ҳамда Қашқадарё вилояти (75,6 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткичлари эса Бухоро вилояти (128,4 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (111,6 фоиз), Тошкент шаҳри (110,8 фоиз), Сирдарё вилояти (108,5 фоиз), Хоразм вилояти (107,1 фоиз) ҳамда Навоий вилояти (102,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон бўйлаб ўртача ойлик маош миқдори 2 миллион 551 минг сўм бўлган. Бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 21,6 фоизга кўпдир.

Ойликларнинг энг кўп ошиши, банк, суғурта, лизинг ҳамда кредит ва воситачилик фаолиятида (33,4 фоиз) ҳамда ташиш ва сақлаш соҳасида (28,5 фоиз) кузатилган. Банк, суғурта, лизинг ҳамда кредит ва воситачилик соҳасида ўртача ойлик 5 миллион 450 минг сўмни, ахборот ва алоқаси соҳасида эса 4 миллион 140 минг сўмни ташкил қилган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида ўртача маош 3 миллион 640 минг сўмни, Навоий вилоятида 3 миллион 360 минг сўмни, Тошкент вилоятида эса 2 миллион 790 минг сўмни ташкил қилган.

Хитойдан мингта кислород концентратори келдирилди

"Ўзбекистон24" телеканалининг хабар қилишича, Хитойдан минг дона кислорол концентратори келтирилган:

"Кеча кечқурун (26 июль куни - таҳр.) яна 1000 та кислород концентратори олиб келинди. Умуман, жами 20 млн долларлик тиббиёт ускуналари, дори ва ҳимоя воситалари ҳудудларга етказилади" деб хабар қилди телеканал.

Тошкент аэропортидан узатилган лавҳада айтилишича, ўпка яллиғланганда фойдаланиладиган кислород концентраторлари мамлакат бўйлаб ҳудудларга тақсимланади.

Кислород концентратори - очиқ атмосферадаги ҳаво оқимидаги кислородни жамлаб, тозалаб, тоза кислород оқими ҳолида узатадиган мосламадир.

Ҳозир нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг аксар мамлакатларида COVID-19нинг оғир ва ўта оғир кўринишига чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўпкани сунъий нафас олдирадиган қурилмалар, бу қурилмаларга уланадиган кислород баллонлари ва концентраторлар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Коронавирусдан соғайганлар сони 11 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 27 июль соат 11:30 ҳолатига кўра, 20 820 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ маълумотига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 134 нафари Тошкент шаҳрида, 79 нафари Тошкент вилоятида, 22 нафари Бухоро вилоятида, 18 нафари Сирдарё вилоятида, яна 18 нафари Наманган вилоятида, 13 нафари Андижон вилоятида, 3 нафари Жиззах вилоятида ҳамда 2 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Айни пайтда мамлакатда 11105 нафар коронавирус инфекциясига чалинган киши соғайган, 9598 нафар бемор муолажаси давом этмоқда. Улардан 152 нафарининг аҳволи оғир, 65 нафарининг эса аҳволи ўта оғир.

26 июль куни мамлакат бўйлаб 579 ҳолатда касаллик қайд этилди, барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани боис намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

Қарши шаҳри карантинга ёпилди

Қашқадарёда вилоят махсус комиссияси қарори билан карантин чекловлари кучайтирилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил 27 июль соат 00:01 дан бошлаб 15 августгача вилоятда қуйидаги қўшимча чекловлар жорий қилинади:

Қарши шаҳрига барча турдаги транспорт воситаларининг кириши ва ҳаракатланиши (фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориш-келиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, ташиш билан шуғулланувчилар, қурувчи ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли жиҳоз, хом-ашё материалларини ташишга мўлжалланган автомашиналари бундан мустасно) чекланади.

Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туманлар марказларида хизмат кўрсатаётган йўналишсиз такси автомашиналари сони 3 бараваргача қисқартирилади.

Республика махсус комиссиясининг жорий йил 16 июлидаги йиғилиш баёни талабларига қатъий риоя қилган ҳолда вилоятдаги рўйхатга олинган ваколатли транспорт ташкилотлари томонидан аниқ давлат рақами кўрсатилиб, рухсат берилган йўналишсиз такси автомашиналаригина ҳаракатланади.

Вилоят транспорт бошқармаси ва вилоят Санитария-эпидимиологик назорати маркази йўналишсиз таксиларга ҳар 4 соатда дезинфекция қилишни қатъий назоратга олиш мақсадида махсус дезенфекциялаш нуқталарини ташкил этиш ва дезенфекциялашни рўйхатга олиш мезанизимини шакиллантиради.

3 давлатдаги талабалар 10 августгача қайтарилади

Транспорт вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, 3 давлатдаги ўзбекистонлик талабалар август ойининг биринчи декадасида қайтарилади.

"Республика махсус комиссияси топшириғига биноан, август ойининг биринчи декадасида Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Томск, Қозон, Ростов-Дон, Киев, Қоҳира шаҳарларидан махсус чартер рейслари орқали Ўзбекистонлик талабаларни олиб келиш ишларини ташкил этиш масаласида хоржий давлатлар авиация маъмуриятлари билан ишлар олиб борилмоқда", дейилади расмий баёнотда.

Баёнот қайтарилиши режаланаётган талабалар сони ҳақида бирор маълумот берилмади.

Бундан ташқари, бугунга қадар ҳам Россия, Украина ва Туркиядаги талабалар қайтарилгани айтилди, аммо, айнан қанча талаба қайтарилгани ҳақида маълумот берилмади.

ССВ: даволанаётганлар сони 10 мингга яқинлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 26 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб коронавирусдан даволанаётган беморлар сони 9 минг 283 нафарга етган.

Бу беморлардан 133 нафари оғир, 63 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Тошкентда бир кечада яна 242 кишида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда 25 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 293 кишига кўпайиб, касалланганларнинг умумий сони 19 653 нафарга етди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг

  • 242 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 36 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 8 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 7 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

ССВ маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатда 9 074 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 138 нафари оғир, 40 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 19 минг нафарга етиб қолди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 24 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 18 986 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 64 нафари Тошкент шаҳрида, 31 нафар Самарқанд вилоятида, 18 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Айни пайтда мамлакатда 10 149 нафар бемор соғайган, 8 734 нафар беморнинг эса муолажаси давом этмоқда. Улардан 118 нафарининг аҳволи оғир, 30 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Президент карантин муддати узайтирилишига розилик билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев COVID-19 инфекцияси юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирган. Бу ҳақда, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбари раислигида 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган.

Президентга кўра, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.

Айни пайтда йиғилишда Ўзбекистонда карантин чекловлари қайси кунгача узайтирилишига аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ мамлакатда карантин чекловлари 2020 йил 10 июлидан 2020 йил 1 августига қадар узайтирилгани ҳақида хабар қилинганди.

Пайшанба кунги йиғилишда коронавирусга қарши курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимлари муносиб тақдирланиши ҳам таъкидланган. Президент хасталикни даволашда нафақат ўзбекистонлик шифокорлар, балки видеоалоқа орқали хориждаги етакчи мутахассислар консультацияга жалб қилинаётганини қайд этган.

Тўққизта ҳудудда 351 нафар бемор соғайди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 22 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 18379 нафарни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, чоршанба куни мамлакат бўйлаб 498 та касаллик ҳолати қайд этилган, уларнинг барчаси вирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган кишилар орасида аниқланган.

Ўтган кеча-кундузда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида жами 351 нафар бемор соғайиб, ССВ маълумотига кўра, коронавирус инфекциясидан соғайганлар кўрсаткичи бўйича рекорд натижа қайд этилган. Соғайганларнинг умумий сони эса 9872 нафарга етган.

Қолган 8409 нафар бемордан 102 нафарининг аҳволи оғир, 27 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.

Дори-дармонларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш вақтинча тақиқланди

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши (реэкспорт божхона режими бундан мустасно) 2020 йил 1 октябрига қадар вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 22 июль куни қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилади.

Бунда айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга рухсат Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентликнинг қўшма хулосаси асосида рухсат берилади.

Ҳужжат билан Давлат божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Ўзбекистон ҳудудидан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган.

Беморлар сони 8 ярим мингдан ошди - даволаниш кўрсаткичи 53 фоизга тушди

22 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 18 324 (+153) нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, сўнгги аниқланган беморлардан 60 нафари - Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Сўнгги баёнотда ССВ ҳозир 8 минг 561 нафар бемор даволанаётганини маълум қилди.

21 июлги кунлик статистикага кўра, тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони 8 265 нафарга етган, даволаниш кўрсаткичи 53 фоизни ташкил этганди.

Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 62 минг 513 нафар, стационар карантинда эса 23 минг 754 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 18 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 22 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 18171 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг қайд этишича, сўнгги 10 соат ичида 290 кишининг COVID-19 инфекциясига чалингани аниқланган.

Аввал хасталикка чалинганлардан 9 521 нафари соғайган, 8554 нафар беморнинг эса муолажаси давом этмоқда.

Тошкентдаги 74 та поликлиника 24 соатлик иш режимига ўтказилди

Тошкент шаҳридаги 74 та кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиника аҳолига кечаю кундуз хизмат кўрсатиш тизимига ўтди. Бунда тиббиёт ходимлари 12 соатлик иш режимига ўтказилди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши штаб аъзоси Барно Одилова АОКА ҳузуридаги штабда 21 июль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Мулозимага кўра, ҳар бир поликлиникада микроучасткалар ташкил қилиниб, масъуллар бириктирилган ва уларнинг асосий вазифаси сифатида қуйидагилар белгиланган:

- хонадонларга телефон қўнғироқ қилиш, ҳолидан хабар олиш;

- касалликларни эрта аниқлаш ва саралаш (амбулатор ёрдам учун, лабораторияга, шифохонага);

- аниқланган муаммоларни жойида ҳал қилиш.

Бунинг учун Тошкент шаҳар поликлиникалари 750 дона мобил телефон билан таъминланган ва ҳар бир оилавий поликлиникада туну кун фаолият юритадиган CALL-марказ шароити яратилган.

Ҳар бир поликлиникада амбулатор даволанишга олинган беморлардан хабар олиш ва уй-шифохона шароитида даволаш учун мобил бригадалар ташкил қилинган. Мобил бригадалар томонидан беморлар учун дори-дармон етказиб берилаётгани айтилмоқда.

Коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 17,5 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 21 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 17590 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Қайд этилишича, сўнгги 10 соат ичида 276 кишининг COVID-19 инфекциясига чалингани аниқланган.

ССВ аввал хасталикка чалинганлардан 9463 нафари соғайгани, 8035 нафар беморнинг эса муолажаси давом этаётганини билдирган. Мазкур беморлардан 76 нафарининг аҳволи оғир, 28 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.

"Тез ёрдам" ходимлари рағбатлантирилади

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг 20 июль куни “Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, мазкур қарор билан 2020 йил 20 июлдан:

коронавирус эпидемияси даврида нормативга қўшимча равишда кечаю-кундуз навбатчилик қиладиган 1 нафар тиббиёт ходими ва 1 нафар ҳайдовчидан иборат ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади;

кучайтирилган тартиб даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига қуйидаги миқдорларда қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланади:

  • врач ходимларга – 2,5 млн сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 млн сўм;
  • ҳайдовчиларга – 1,0 млн сўм.

Коронавирусга чалинганлар сони 17 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 20 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, 17149 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 29 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 154 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Шу кунгача беморлардан 9387 нафари соғайган, 7672 нафар бемор муолажаси давом этмоқда.

Қашқадарё СЭОМ раҳбарлари 918 млн. сўмни талон-торож қилгани аниқланди

Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Қашқадарё санитария-эпидемиология осойишталик маркази қарийб 918 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Терговга қадар текширувда Қашқадарё вилоят санитария-эпидемиология осойишталик марказининг собиқ раҳбари Ш.Ш, бўлим бошлиғи Б.Б. мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани аниқланган.

Вилоят СЭОМнинг бир гуруҳ масъуллари, марказ ҳисобига тушиши лозим бўлган 480,1 миллион сўм маблағларини, марказда ишламаган фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаб тўлаб борган.

Шунингдек, «Гипохлорид кальций» дезинфекция воситаси ҳақиқий баҳосидан 166,1 миллион сўм қиммат нархларда сотиб олинган.

Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилнинг I ярим йиллигида 81,7 миллиард сўм миқдоридаги бюджет пуллари ноқонуний сарфлангани аниқланганини билдирган эди.

Бунга қадар, Навоий, Бухоро ва Наманган вилоятларида коронавирусга қарши кураш учун берилган пуллат ўзлаштирилгани аниқлангани айтилган эди.

"Ўзэкспомарказ" беморларни йиғиб, шифохонага тақсимлайдиган масканга айлантирилмоқда

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Ўзэкспомарказ" павильонлари COVID-19 беморларини даволайдиган вақтинчалик шифохонага айлантирилмоқда.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, павильонларда инфекцияни юқтириб олган беморларни жойлаштириш учун койка-ўринлар тайёрланмоқда.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизматига таянган нашрга кўра, бу ерда беморлар касалликдан даволанмайди, балки "Тез ёрдам"га мурожаат қилган беморлар вақтинча сақланиб, ташхис қўйилганидан кейин керакли тиббиёт муассасаларига йўлланади.

Тошкентда яна шундай иккита вақтинчалик марказ очилиши маълум қилинди.

13 июль куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимов Тошкентда 16 та касалхона коронавирус беморлари билан тўлгани, жами ўринлар сони эса 3 минг 580 та эканини билдирган эди.

Бир ҳафта муқаддам Зангитота туманида очилган 2 минг ўринлик шифохона ҳам тўлгани расман айтилган.

15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.

Унда президент Шавкат Мирзиёев бу ҳудудларда вазият ачинарли ҳолга келиб қолганини таъкидлаган ва бунинг учун Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан эълон қилганди.

19 июль соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда шифохонада қолаётган беморлар сони камида 7 ярим мингдан ошиқни ташкил қилмоқда.

Аммо, Озодликка келаётган маълумотларга кўра, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони расмий рақамлардан бир неча баробарга кўп бўлиши мумкин.

Аксар ҳудудларда иситмаси борлар тест топшира олмаётгани, уйларига вақтида "Тез ёрдам" хизматлари келмаётагани, тестга таҳлил топширганлар эса жавоби узоқ кутилаётганидан шикоятлар кўпайган.

Бирданига 9 ҳудудда коронавирусга чалинган беморлар аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 19 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 16429 нафарга етган.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 45 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида,

- 77 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида,

- 36 нафари Андижон вилоятида,

- 22 нафари Наманган вилоятида,

- 18 нафари Тошкент вилоятида,

- 17 нафари Бухоро вилоятида,

- 15 нафари Сирдарё вилоятида,

- 9 нафари Самарқанд вилоятида,

- 3 нафари Сурхондарё вилоятида,

- 1 нафари Жиззах вилоятида

коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Аммо, Озодликка келаётган маълумотларга кўра, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони расмий рақамлардан бир неча баробарга кўп бўлиши мумкин.

Аксар ҳудудларда иситмаси борлар тест топшира олмаётгани, уйларига вақтида "Тез ёрдам" хизматлари келмаётагани, тестга таҳлил топширганлар эса жавоби узоқ кутилаётганидан шикоятлар кўпайган.

Карантин 31 августгача узайтирилганига оид маълумотлар рад этилди

Телеграм тармоғидаги Koronavirus Info расмий канали Ўзбекистонда карантин 31 августга қадар узайтирилиши ҳақидаги хабарларни "ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди" деб рад қилди.

Бунга қадар ижтимоий тармоқлар ва Telegram каналларида шу мазмундаги хабарлар тарқалаётган кузатилганди.

Расмий Телеграм канали яна бир бор аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жазо борлигидан огоҳлантирди.

Бундай ҳаракат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробарига қадар - 4 миллион 600 мингдан 6 миллион 400 минг сўмга қадар жарима ёки 11 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Наманганлик шифокор: ахир одамлар ўлмоқда, ҳар бир одам касаллик ўчоғини билишга ҳақлидир!

Наманганлик шифокор Камолилид Рафиқов орнавирусга карши кураш республика махсус комиссиясига мурожаат йўллади.

Ушбу мурожаатда шифокор, ўзбекистонликларни COVID-19 инфекциясидан ҳимоя қилиш учун вирус тарқалган ўчоқларга оид маълумотларни жамоатчиликка очиқлашни сўради.

Қуйида шифокор мурожаати таҳрирсиз чоп этилмоқда, имло ва стилистика муаллифга оид:

"Маълумки, юртимизда хам коронавирус тарқалиб асоратидан одамлар ўлмоқда.

“ФУҚАРОЛАР СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА” Қонуннинг 45-моддсига асосан юқумли касалликлар тарқалиши, ялпи заҳарланиш ва зарарланиш хавфи таҳдид солганида шифокор сири очиқланиши мумкин.

Яъни, қонунда асослар бор, дейилган экан, хўш коронавирусдан одамлар ўлаётган экан, вирусни тарқашини олдини олиш учун фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар нега очиқланмаяпти? Нега яширилмоқда?

Хўш нима учун касалланган фуқаролар тўғрисида маълумот очиқ айтилмай яширилмоқда?

Ахир ўша ўчоққа борган одам вирус чиққанини билса, оиласидагилар ва бошқаларга юқтирмай вақтида мурожаат қиладику, нега касаллик тарқалишига йўл қўйиб беряпсизлар?

Ахир хар бир одам касалликдан сақланиш, яшаш ҳуқуқига эгаку?!

Эшитишимча Жанубий Кореяда касал чиққан заҳоти аҳоли телефонига касалга оид барча маълумотлари келиб тушар экан.

Хулоса қилиб айтганда, 49-моддага ўзгартириш киритинг ёки бошқа қарор билан очиқланишини таъминлаб беринг!

Ахир одамлар ўлмоқда, ҳар бир одам касаллик ўчоғини билишга ҳақлидир.

Ҳар бир одам вакцина келгунича касалланмаслик, яшаш ҳуқуқига эгадир.

Ёки яна бир таклиф: хўп бўлмаса, касаллардан розилик олишни йўлга қўйиб беринглар! Ҳеч бир касал йўқ, демаса керак. Бошқаларга юқмаслик учун маълумотингизни ошкор қиламиз, деса!"

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Блогнинг аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

Алоқадор

XS
SM
MD
LG