Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

UZ/Коронавирус: юқтирганлар 55 киши, 11 нафари ўртача оғир аҳволда. Ниқобсизлар жаримага тортилади


ИИВ ходими ниқобсиз юрмасликдан огоҳлантирмоқда, 24 март, 2020
ИИВ ходими ниқобсиз юрмасликдан огоҳлантирмоқда, 24 март, 2020

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг учинчи қисми. Иккинчи қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

25 март ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда 55 кишида вирус аниқланди. Беморлрнинг қарийб ҳаммаси хорижда бўлганлар ва уларнинг яқинларидир. Булар орасида хорижда бўлмаган 20 яшар қиз ҳам бор, 5 бемор тузалган.

- ССВ: оғир аҳволдаги бемор йўқ, уларнинг яқинлари шифохона ва уйида карантинда. Илк беморлар тузалишни бошлади.

- 24 мартдан бошлаб, Тошкентга кириш-чиқиш тўхтади, 23 мартдан ташкилот ходимлари уйидан ишлай бошлади, 16 мартдан таълим муассасалари ёпилган.

- Италияда вирусга чалинганлар 64 мингга яқинлади, Европа ҳануз COVID-19 пандемияси марказидир, қитъанинг аксар давлатларида фавқулодда вазият амалда.

- Вирус юқтирганлар расмий сони 382 мингдан ортиқ, ўлганлар сони эса 16 минг 500 дан ортиқ, тузалганлар 101 минг кишидан ошди.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусга чалинганлар яна беш нафарга кўпайди

Ўзбекистонда COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар сони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, яна 5 нафарга ошган.

Айни дамда коронавирусга чалинганлар сони 55 нафарга етганини маълум қилган вазирлик сўнгги хасталарнинг вирусни қаерда, қачон ва кимдан юқтириб олганига аниқлик киритмаган.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирган 50-бемор аниқланди

ТОШКЕНТ: шаҳар дарвозаларига ҳарбий техника келтирилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрига кириш-чиқиш постларига келтирилган зирҳли ҳарбий техника кўринган видеолар жойланмоқда.

Тошкентга кириш-чиқиш постларига қўйилган ҳарбий техника, 24 март, 2020
Тошкентга кириш-чиқиш постларига қўйилган ҳарбий техника, 24 март, 2020

Тошкент 24 мартдан карантинга олинди, шаҳарга транспорт воситалари билан кириш-чиқиш тақиқланди.

Фақатгина пиёда кириш-чиқиш мумкин, бу ҳам шаҳарда доимий яшайдиган ва ишлайдиган кишилар учун мумкин.

ЎЗБЕКИСТОН: ўзбек олимлари вирусни аниқлаш тизимини ишлади

Ўзбекистонлик мутахассислар 1 ой ичида COVID-19 коронавирусини аниқлаш тизимини ишлаб чиққани хабар қилинмоқда.

Айтилишича, бундан бир ой олдин, вируснинг дунё бўйлаб тарқалиши авж олган ва Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлиш хавфи ортиб бораётган бир пайтда бошлаган.

ЭЪЛОН: ФҲДЁ ва нотариуслар иш тартиби чекланди

ФҲДЁ бўлимлари ва нотариуслар кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина аҳолини қабул қилиши белгиланди.

Қолган ҳолатларда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий идоралари фуқаролар мурожаатларини электрон почта ёки ишонч телефонлари орқали қабул қилади.

ТОШКЕНТ: ишга пиёда қатнаётганлар

ФАТВО: шу кунда 15 кишилик жаноза шариат талабига мос

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонда барча турдаги оммавий тадбирлар - байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилган.

ЎзА агентлигига интервью берган Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековга кўра, "жаноза намози ва маъракаларини айни кунлардаги оғир касаллик пандемияси даврида ихчам шаклда ўтказиш шариатимизнинг талаби ҳисобланади".

БУХОРО: 293 киши Ситораи Моҳи Хоса санаторийсига жойланди

Жакарта ва Истанбулдан келган 293 киши Бухорода карантинга олинди.

“Истанбул – Бухоро” авиарейси орқали олиб келинган 239 нафар Ўзбекистон фуқаролари Ситораи Моҳи Хоса санаториясида жойлаштирилди.

ЎЗБЕКИСТОН: карантинга олинганлар вилоятлар кесимида

ЎЗБЕКИСТОН: вирус юқтирганлар ҳақида маълумот

Коронавирус инфекциясига чалинган беморнинг 19 нафари эркак, 30 нафари хотин-қизлардир.

ССВ берган маълумотга кўра, беморлардан 11 нафари ўрта оғирликда бўлиб, улардан 5 нафари аввалдан сурункали касалликларга чалинган.

Беморлар орасида 4 нафар 0 - 9 ёш оралиғидаги бола бор.

ТОКИО: Олимпиада қолдирилди

24 март куни Халқаро олимпия қўмитаси коронавирус пандемияси сабаб 2020 йилги ëзги олимпиада ўйинларини бир йилга кечиктиришга қарор қилди.

Бу қарор мезбон Япония ҳукумати сўрови асосида қабул қилинди.

САВОЛ: Норбоева нега ниқоб тақмади?

ЎЗБЕКИСТОН: беморларнинг 30 нафари четдан қайтган

Коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 30 нафари чет элда бўлиб қайтган.

18 нафар фуқаро улар билан яқин мулоқотда бўлиб, “COVID-19”ни юқтириб олган.

ЧАҚИРИҚ: кесаларни асаш учун уйда қолинг!

РАДДИЯГА ЭЪТИРОЗ: ўз хабарини ўз ёлғонга чиқарган ҳокимият

23 март куни Тошкент вилоятида бир ҳамширанинг вирусни юқтириб олгани хабар қилинган эди.

Бироз сўнгра ҳокимият бу хабарни ёлғон, деб рад қилди.

Маҳаллий нашрлар бу хабарни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати берганини ёзганди. Телеграм тармоқларида ўз хабарини ўзи ёлғонга чиқарган ҳокимият матбуот хизматига эътирозлар кузатилмоқда.

ЗАРУР МАЪЛУМОТ: коронавируснинг яшовчанлиги

ЎЗБЕКИСТОН: четда бўлмаган 20 яшар қизда вирус топилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов:

"Афсуски, бор. 20 ёшли қизда шундай ҳолат аниқланган. У хорижга чиқмаган, беморлар билан контактда бўлмаган. Бироқ у ўзи хоҳлаган ва хоҳламаган, билиб-билмаган тарзда жамоат транспортида, иш жараёнида умумий фойдаланадиган буюмлардан фойдаланган бўлиши ва шу орқали касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин".

АҚШ: ихчам тест тизими яратилди

АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (Food and Drug Administration, FDA) беморларни коронавирусга текшириш жараёнини тезлатиш имконини берадиган янги мослама ва тестларни тез суратда маъқулламоқда.

Айни дамда АҚШ аҳолиси сонига нисбатан энг оз тест ўтказаётган давлатлар сафига киради.

БЛОГЕР ФИКРИ: "“Занжирни уз, уйда қол”

ТАКЛИФ: карантинни бузганлар учун жазони кучайтириш керак

Қонунчилик палатаси депутатлари карантин қоидаларини бузган шахслар учун жазони кучайтириш ҳақидаги лойиҳани қабул қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси 2020 йил 24 март куни соат 15.00 да Тошкент шаҳрида Сенатнинг мажлислар залида ўз ишини бошлади.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш 2020 йилнинг 24 март кунидан бошлаб тўхтатилганлиги муносабати билан ялпи мажлис видеоконференцалоқа шаклида ўтказилади”, деб хабар қилди Сенат матбуот хизмати.

ДЎППИ ТОР КЕЛГАНДА: ниқоб ўрнида

ЁРДАМ: АҚШ экспресс-тест жўнатади

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Американинг йирик «Biomedomics», «US Inc.», компаниялари ҳамда Вашингтон университети тиббиёт лабораторияси билан коронавирусни аниқлашга ёрдам берадиган диагностика воситалари, жумладан, экспресс-тестларни Ўзбекистонга жўнатиш бўйича музокаралар ўтказмоқда.

SIZDAN TELEGRAM: хайрия акциялари давом этмоқда

ЭЪЛОН: чартер рейслар жадвали эълон қилинди

Ҳукумат комиссияси, президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан чет элдаги ўзбекистонликларни қайтариш учун чартер рейслар давом эттирилишини маҳлум қилди.

Хабар қилинишича, 24 мартдан 27 мартгача Россиядан ҳар куни 1 тадан, Туркиядан жами 2 та рейс бўлади.

ҚИРҒИЗИСТОН: вирусни юқтирганлар 42 киши бўлди

Қирғизистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ яна 26 та ҳолат аниқланди.

Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Тўлў Исақов Республика штаби мажлисида маълум қилди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 23 март куни коронавирус туфайли жорий этилган фавқулодда вазият чоғида қозоғистонликларга нафақа тўлаш ҳақида топшириқ берди.

РОССИЯ: хостелларга жойланган муҳожирлар

Внуково аэропортида қолаётган 200дан ортиқ ўзбекистонликлар учун Москвадаги хостеллардан жой ажратилди.

Аммо элчихонанинг маълум қилишича, самолётдан қолиб кетмаслик учун кўпчилик муҳожирлар аэропортни тарк этишни истамаган.

НАМАНГАН: карантин постлари ташкил қилинди

Наманган шаҳрига олиб кирувчи йўлларда 8 та карантин постлари ташкил этилди.

ЧЕГАРА: "Маданият" постида ўнлаб одам йиғилди

Озодликка Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасида жойлашган "Маданият" чегара ўтказиш пунктидан мурожаат келди.

"24 март куни эрталаб бери 100дан ортиқ одам йиғилиб кетди чегара постида. Бизни Ўзбекистонга киритишмаяпти. Ўтирибмиз. Илтимос, бизни киритишсин, карантинга олишса ҳам майли. Фақат қўшни давлатда кўчаларда сарсон ўтирмасак бўлди", деб мурожаат қилди исмини ошкор қилмаётганимиз ўзбекистонлик аёл.

У чегарадаги вазият акс этган фото ва видеони ҳам Озодликка йўллади. Қуйида фото, тез орада видеони ҳам чоп этамиз!

ЎЗБЕКИСТОН: Вирус юққанлар яна 3 нафарга кўпайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони айни пайтда 49 нафарни ташкил этмоқда.

Маълум қилинишича, “инфекция Россияда бўлиб қайтган икки фуқаро ва яна бири эса Туркияда бўлиб қайтган беморнинг турмуш ўртоғида аниқланган”.

ТОШКЕНТ: таксилар нархни ошириб олди

23 март оқшомида Қашқадарёга кетадиган таксилар нархни 200 мингдан 400 мингга ошириб олгани ҳақида шикоятар кузатилди.

Телеграм тармоғида ёйилган видеоларда йўловчилар Бош прокуратурага мурожаат қилиб, жавоб ололмганидан шикоят қилишган.

ТОШКЕНТ: 24 мартдан шаҳарга пиёда кириш мумкин

ИИВ матбуот котиби 24 март - сешанба кунидан бошлаб, вилоятдан пойтахтга қатнаб ишлайдиганлар шаҳарга пиёда кириши мумкинлигини аниқлаштирди.

Айни пайтда, 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида вируснинг тарқалиши олдини олиш учун кўрилаётган кучайтирилган чоралар ҳақида қўшимча маълумот берилди:

РАСМАН:карантиндагиларнинг телефонлари олиб қўйилади

РАСМАН: махсус карантин объектлари қурилади

РАСМАН: деҳқон бозорларидан бошқа ҳамма бозор ёпилади

ҚАРОР: Интернет ёки мобил алоқа пулини тўлолмаганларга енгиллик

Вазирлар Маҳкамаси қарори:

- Фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди .

ТОШКЕНТ: вилоятда вирусни юқтирганлар 9 киши

23 март ҳолатига Тошкент вилояти худудида короновирус инфекцияси аниқланган фуқаролар 9 нафарни ташкил этди.

8 мартдан 9 март кунига ўтар кечаси Жанубий Кореядан келган 181 нафар фуқаро Қибрай туманидаги "Бўстон" санаториясига жойлаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати вилоятда вирусга чалинган беморлар ҳақида қуйидаги маълумотни маҳаллий нашрларга берди:

"23 март ҳолатига Тошкент вилояти ҳудудида коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар 9 нафарни ташкил этди.

Коронавирус аниқланган илк бемор Франциядан келган. Унда 15 март куни инфекция аниқланган. Иккинчи беморда 16 март куни аниқланган бўлиб, биринчи бемордан юқтириб олган.

Учинчи бемор 14 март куни Лондондан учиб келган. 17 март куни инфекция аниқланган.

18 март куни инфекция тўртинчи фуқарода тасдиқланди. Бешинчи бемор 20 март куни аниқланди.

Коронавирус аниқланган олтинчи бемор 18 март куни Россия давлатидан келгач, «Сокол» болалар оромгоҳида карантинда турган. Унда 20 март куни инфекция аниқланган.

Еттинчи бемор 18 март куни Москва орқали Швециядан келган. «Сокол» оромгоҳида карантинда бўлган, 21 март куни касаллик аниқланган.

Саккизинчи бемор 14 март куни Дубайдан келган. 22 март куни вирус аниқланган.

Тўққизинчи бемор ҳамшира бўлиб, айни пайтда даволаш ишлари олиб бориляпти".

Аммо, бироз ўтиб, ҳокимликнинг Телеграм каналида 9 бемор ҳамшира экани ҳақидаги хабар рад қилинди:

"Тошкент вилоятида ҳамшира коронавирусни юқтириб олгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмади, бу мазмундаги хабарлар ёлғон. Ҳурматли блогер ва журналистлар, айни мазмундаги хабарларни тарқатмаслигингизни илтимос қиламиз".

РОССИЯ: аэропортда қолаётганларга ёрдам акцияси

Facebook тармоғидаги россиялик ишбилармонларлар ва таниқли шахслар аэропортларда юртига кетолмай тунаётган меҳнат муҳожирлари учун озиқ-овқат етказиш акциясига қўл урмоқда.

"Новая газета" нашрининг ёзишича, Внуково аэропортида 202 нафар ўзбекистонлик ва 70 нафар тожикистонлик чартер рейсларини кутмоқда.

Жуковский аэропортида эса 350 киши - асосан, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари 19 мартдан буён самолёт кутмоқда.

Россияда танилган ресторатор Алексей Ходорковский ижтимоий тармоқ орқали ўз ҳамкасбларига мурожаат қилиб, оғир кунда меҳнат муҳожирларига ёрдам беришга чақирди ва бунинг конкрет йўлини таклиф қилди.

SIZDAN TELEGRAM: ремонтга ёпилган касалхонада карантин

"... На иситилади, на ҳожатхонаси, на врачлари бор! Бир хонада 4та одам ётади. У ерда ҳомиладорлар, кексалар ва гипертонияга чалинганлар бор. Мен қариндошимни карантиндан эмас, ёмон шароитлардан олиб чиқилишини сўрамоқдаман!”

РОССИЯ: Внуково аэропортида ўзбекча эълон

Внуково аэропортида қолиб, чартер рейс қўйилишини кутаётган ўзбекистонликлар учун ўзбекча эълон янгради.

Элчихона ёрдамга тайёрлиги, кутаётган йўловчилар эса ўзлари ҳақидаги маълумотларни Uzbekistan Airways ширкатининг Внуково аэропортидаги ваколатхонага бериши кераклигини сўрамоқда.

Бу ерда ҳозир 150 нафарга яқин ўзбекистонлик ўз юртига кетиши учун самолёт кутмоқда. Аэропорт маъмурияти уларга битта терминалдан махсус жой ажратиб берди.

СУРХОНДАРЁ: ёлғон хабар учун 1 млн. жарима

Расмий хабарга кўра, 20 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси ходимлари Telegram тармоғидаги гуруҳда вилоятда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар қўйган одамни топган.

Вилоятнинг Музработ туманидан бўлган ижтимоий тармоқ фойдаланувчисига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси қўлланган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари - 1.115.000 минг сўм миқдорида жарима солинган.

SIZDAN TELEGRAM: Тошкент вилоятида дезинфекция

РОССИЯ: самолёт кутаётганларни фирибгарлар алдаяпти

Uzbekistan Airways ширкати Москвада самолёт кутаётган ўзбекистонликларни фирибгарлар алдаётганидан огоҳлантирди.

Ширкатнинг Телеграм каналида хабар қилинишича, 2 ўзбекистонликни алдашга улгуришган - фирибгарлар улардан паспорт маълумотлари ва авиачиптанинг 70 фоиз ҳақини алдаб, олишган.

ЖАЗО: карантинни бузганлар учун жарима миқдори

ҚЎШНИЛАР: чегарада қолиб кетганлар

Қирғиз нашрларининг ëзишича, Ўзбекистонга ўтиб-қайтиш 23 мартга ўтар тунда тўхтатилгани ортида “Дўстлик” чегара-ўтказиш пунктида камида 250 нафар ўзбекистонлик тўпланиб қолган.

AKIPRESS нашрининг ёзишича, Ўзбекистонга киритилмаëтганлар орасида ëш болалар¸ кексалар ва ҳомиладор аëллар бор.

Айни пайтда, Қирғизистон ҳукумати асосий истеъмол маҳсулотларини мамлакатдан олиб чиқишга 6 ойлик тақиқ жорий қилди.

ТОШКЕНТ: шаҳардаги ноозиқ-овқат бозорлар ҳам ёпилади

24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча буюм, қурилиш материаллари, автомобиль сотуви, маиший-техника, иккиламчи буюмлар бозорлари ва мулкчиликдан қатъий назар барча савдо комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилади.

ЎЗБЕКИСТОН: ниқоб таққан расмийлар

23 мартдан мамлакат бўйлаб, жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий бўлди.

Шу куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Халқаро пресс-клуб раиси, ЎзЖОКУ ректори Шерзод Қудратхўжаевлар ҳам йиғинга ниқобда келди.

БУХОРО: жамоат транспорти қатнови вақтинча тўхтатилади

Бухоро вилояти ҳудудида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автобус, микроавтобус, “Дамас” русумли ҳамда “Бухоро-Тошкент” йўналишида ҳаракатланувчи йўналишсиз енгил автотранспорт воситалари қатнови вақтинчалик тўхтатилади.

ТАРҒИБОТ: муҳожирларни Россиядан қайтмасликка тарғиб қилиш бошланди

"Россияни тарк этмаслик учун 7 сабаб - Россиядаги ўзбeкистонликларга мурожаат" номи остидаги видеомурожаат тармоқларга жойланди.

Ушбу видеода шу кунда Россияда юрган ўзбекистонлик юрист ҳамюртларини Ўзбекистонга қайтмасликка чақирган.

Унинг айтишича, инфекция ҳамма жойда тарқалмоқда, Россияда эса унга қарши курашиш ва вирусга чалинган тақдирда даволаниш имкони - Ўзбекистондагидан юқорироқдир.

Бу видеони Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорликда ташкил қилган Koronavirus Info расмий Телеграм канали ҳам улашди.

ЎЗБЕКИСТОН: "Сокол" лагерида вирусга чалинганлар бор

Озодлик Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманида жойлашган бу болалар лагерига карантинган жойлаштирилган ватандошлари мурожаатларини ўрганган эди.

Эндиликда хабар қилинишича, бу ерда сақланаётганлардан 2 нафарида коронавирус аниқланган.

СУРХОНДАРЁ: нон бепул тарқатилди

МАРКАЗИЙ БАНК: кредит имтиёзи фақат тадбиркорларгами?

Марказий банк коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш бўйича қарори фақат тадбиркорлик субъектларига амал қилади.

ТОШКЕНТ: ноозиқ-овқат бозорлари ёпилади

Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулоти билан савдо қилишга ихтисослашмаган бозорлар ёпилади.

Карантин талабларига риоя этмай, хўрандаларни қабул қилишда давом этаётган умумий овқатланиш шохобчаларига нисбатан чоралар кучайтирилади.

ЎЗБЕКИСТОН: масофавий таълимни бошлашди

Бугундан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда "Менинг Юртим" телеканали ҳамкорлигида янги лойиҳа бошланди.

“Менинг юртим” телеканалида душанбадан жумагача соат 10:30 дан 12:00 гача инглиз тили ва психология йўналишида теледарслар эфирга узатилиши эълон қилинди.

ЎЗБЕКИСТОН: армияга чақириқ кечиктирилди

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви номаълум муддатга кечиктирилди.

Бу ҳақда маҳаллий матбуот Мудофаа вазирлигига таяниб хабар қилди¸ ҳозирча бу маълумот вазирлик расмий сайтида очиқланмади.

ЎЗБЕКИСТОН: ниқобсиз юрганлар жаримага тортилади

23 мартдан мамлакат бўйлаб, жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланди. Ҳозирча, бундай шахслар огоҳлантирилмоқда.

25 март соат 06:00 дан ниқобсиз юрганлар маъмурий жавобгарликка тортилади. ​

ЧЕЛЛЕНЖ: шоубизнес вакиллари уйда ўтиришга чақирмоқда

Бу галги челленжга киноактёрлар, режиссёрлар қўшилди.

Улар карантин вақтида уйда нима ишлар билан машғул бўлиш ҳақида маслаҳат беришди.

ЭРОН: ёрдам қилмоқчи бўлсангиз, санкцияни бекор қилинг!

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШнинг коронавирус эпидемиясини тўхтатиш мақсадида таклиф қилган гуманитар ëрдамини рад қилди.

- АҚШ раҳбарлари ëлғон гапирмоқда. Агар улар Эронга ëрдам бермоқчи бўлса¸ санкцияларни бекор қилсин¸ бўлди. Ана ундан сўнг коронавирус тарқалишини ўзимиз тўхтата оламиз”¸- деди 23 март куни Эрон халқига қилган телемурожаатида Руҳоний.

ЎЗГАЧА ЁНДАШУВ: 2 қоп ун ва битта сигир

ЎЗБЕКИСТОН: ҳайдовчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилади

Транспорт вазирининг матбуот котиби жамоат транспорти вақтинчалик тўхтагани сабабли ҳайдовчилар ва бошқа транспорт ходимлари ўз ҳисобидан номаълум муддат - вазият барқарорлашгунича таътилга чиқишини маълум қилди.

Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос буни "меҳнат қонунччилигининг қўпол равишда бузилишидир" деб қоралади.

ЯПОНИЯ: Олимпиадани қолдириш зарур

Япония Бош вазири Шинзо Абе коронавирус пандемияси Токио олимпиада ўйинларини кечиктиришдан бошқа йўл қолдирмаëтганини билдирди.

Пандемия вазиятини кузатиб келаëтган Халқаро олимпия қўмитасининг бир неча ҳафта ичида олимпиадани қолдириш-қолдирмаслик ҳақида қарор қабул қилиши кутилмоқда.

ЎЗБЕКИСТОН: ИИВ челленжини кулгуга олганларни изза қилди

Шифокорлар ва ИИВ ходимлари ижтимоий тармоқларда бошлаган "Биз сиз учун хизматда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг!" челленжига кулгу-мутойиба қилган тармоқ фойдаланувчилари жамоатчилик олдида изза қилинди.

Ички ишлар вазирлиги Телеграм каналида берилган видеолавҳадан маълум бўлишича, бир неча шахс бу челленжларга ҳазил-кулгу билан тақлид қилиб, ўз суратларини тармоқларда тарқатган.

Уларнинг пости тармоқ фойдаланувчилари томонидан турлича қарши олинган. Айрим фойдаланувчилар бу икки шахснинг ҳаракатини қораласа, айримлари ҳазилга йўйган.

Аммо, ИИВ бу постларни қўйган шахслардан иккисини топиб, жамоатчиликдан узр сўратди.

ЎЗБЕКИСТОН: 3 ярим минг мактаб дезинфекция қилинди

Расмий хабар: коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида 3 минг 400тадан зиёд мактаблар дезинфекция қилинди.

Ҳозирги пайтда Халқ таълими тизимидаги бошқа мактабларда ҳам дезинфекциялаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

ҚИРҒИЗИСТОН: 1 ойлик фавқулодда вазият бошланди

Қирғизистонда 22 мартдан бошлаб фавқулодда вазият тартиби кучга кирди.

Бир ой давом этадиган ФВ тартиби коронавирус ёйилишига йўл қўймаслик учун қабул қилингани айтилмоқда.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусга чалинганлар сони 46 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган кишилар сони 46 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ССВга кўра, “хорижда бўлиб қайтган яна бир фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган”.

Вазирлик инфекция юқтириб олган шахснинг қайси мамлакатдан, қачон, кимлар билан қайтганига аниқлик киритмаган. Бу шахснинг аввал карантинда бўлган-бўлмагани ҳам ҳозирча маълум эмас.

ЎЗБЕКИСТОН: ИИВ ходимлари ниқоб тарқатмоқда

23 мартдан Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб билан юриш мажбурий бўлди.

Ниқобсиз юрганлар ҳозирча огоҳлантириш олмоқда. 25 мартдан эса жаримага тортилади.

ТОШКЕНТ: 24 мартдан пойтахт ёпилади

24 мартдан бошлаб турли вилоятлардан келаётган автотранспорт воситаларининг Тошкентга кириши тўхтатилади.

РОССИЯ: 24 соатда 71 ҳолат қайд этилди

Россияда ўтган бир кеча-кундузда коронавирус юқтириб олиниши билан боғлиқ 71 та ҳолат қайд этилган.

Бу ҳақда бош вазир Михаил Мишустин маълум қилди.

Шу тариқа инфекцияга чалинганлар сони 438 нафарга етган.

SIZDAN TELEGRAM: #KoronaXayriya

БОШ ПРОКУРАТУРА: карантинни бузган аёлга чора кўрилди

Бош прокуратура коронавирус аниқланган биринчи бемор билан алоқада бўлган аёлда коронавирус инфекцияси аниқланганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, бу аёл тест топширгандан сўнг изоляция қоидаларини бузган ва Қибрай туманига борган.

Ҳозирда бу аёлга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйидаги линкда ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG