Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:38

Хоразмда газ йўқлигидан норози аёллар йўл тўсди


 Шовотдаги норозилик акцияси
Шовотдаги норозилик акцияси

9 декабрь куни Хоразм вилояти, Шовот тумани, Чиғатой қишлоғининг бир гуруҳ аёллари туман ҳокимлиги биноси олдидаги йўлни бир неча соатга тўсиб қўйди.

Воқеа гувоҳларига кўра, ўндан зиёд аёл қишлоқда газ йўқлигига норозилик сифатида ушбу акцияни уюштирган.

Аёллар ички ишлар ходимлари томонидан тарқатиб юборилган.

Туман газ идораси расмийлари шу куни прокуратурага чақиртирилган.

Ҳокимлик норозилик акцияси бўлганини инкор қилиш билан чекланди.

Воқеа 9 декабрь куни эрталаб Шовот тумани ҳокимлиги биноси олдида содир бўлган.

Озодликка йўлланган суратда етти нафар аёлнинг бир-бирини қўлини ушлаган ҳолда автомобил қатнов йўлида турганини кўриш мумкин.

Суратда аёллар пиёдалар йўлагида қаторлашиб тургани улар олдида эса ИИБ машинаси, унинг орқасида ўнга яқин машинанинг тўхтаб тургани акс этган.

Воқеа гувоҳларига кўра, норози аёллар сони ўндан зиёд бўлган.

“Сизга жўнатилган суратда аёллар норозилигининг фақат ярми акс этган. Яъни суратда икки томонлама йўлнинг фақат бир томонини тўсиб турган аёллар тасвирланган. Суратга тушмагани - яна ўнга яқин аёл йўлнинг иккинчи томонини ҳам тўсган. Жами 10-15 аёл эди”, деди воқеага гувоҳ бўлган шовотлик исми очиқланмаслик шарти билан.

Яна бир шовотлик аёлларнинг йўл тўсганига газ муаммоси сабаб бўлганини гапирди.

"Аёллар газ йўқлиги учун ҳокимият олдидаги марказий йўлни тўсиб қўйди. Бу Шовот-Урганч йўлининг ҳокимият ёнидаги, "Давр" чойхонаси олдидаги жой. Аёллар 3-4 соат турди. Кейин ИИБ келиб аёлларни тарқатиб юборди", деди аноним қолиш истагини билдирган яна бир шовотлик.

Шовот туман ҳокимлиги мулозимлари аёлларнинг йўл тўсгани воқеасини инкор қилиш билан чекланди.

"Ҳеч ким йўлни тўсмади. Бўлмаган гап", деди жумладан, Шовот тумани хотин-қизлар бўлими мулозими Инобат Ражабова.

Шовот тумани ИИБининг Озодлик боғланган ходимлари ҳам аёллар акциясини шарҳлашни истамади.

Туман газ идораларидаги Озодлик манбасига кўра, норозилик акциясини уюштирган аёллар туманнинг Чиғатой қишлоғидан.

“Ушбу қишлоқда бир неча хонадон газдан қирқиб қўйилган. Ўша хонадонлардаги аёллар газни қайта улашни талаб қилиб, йўлни тўсган. Бошлиқ билан инженерни прокуратурага чақиртиришди. Ҳозиргина иккаласи ҳам прокуратурага кетишди”, деди туман газ идораларидаги манба ишдан ҳайдалиш хавфи боис аноним қолиш шарти билан.

Норозилик ўтказган аёллар тақдири Озодликка маълум эмас.

Кейинги икки ҳафта ичида газ муаммоси сабаб мамлакатнинг турли ҳудудларида бир қанча норозилик акциялари ўтказилди.

1 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Бўстон шаҳарчаси аҳолиси газ йўқлигидан норозилик билдириб, Ўзбекистон кўчасини бир неча соатга тўсиб қўйди.

Газ йўқлигига норозилар Элликқалъада йўлни тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:06 0:00

Айни шу куни Фарғона шаҳридаги Баркамол маҳалласи аҳли ҳам газ йўқлигидан норозилик билдириб, шаҳар ҳокимлигига​ борди.

28 ноябрь оқшомида Андижон шаҳрининг Далварзин ва Олтинкўл туманининг Қўштепа маҳаллалари орасидан ўтувчи йўл тўсиб қўйилди.

27 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида яшовчи 70га яқин одам табиий газ берилмай қўйилганига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиб қўйди.

Газ билан боғлиқ норозиликлар сони ошгач аҳоли норозилигини бостириш учун Тошкентда тузилган махсус гуруҳ жойларга жўнатилгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG